Abstract. Based on the journalistic heritage of the Turkestan Jadids, the article analyzes the processes of establishing printing, publishing, and press activities in the Turkestan Governor-Generalship, as well as in Bukhara and Khiva, in the late 19th and first quarter of the 20th century. It is well known that during this period, the press served as the primary tool in the Jadids’ struggle to liberate Turkestan from colonial oppression and to bring the region into the ranks of developed nations. However, pressure from the colonial administration, censorship, and constant bans restricted the Jadids’ ability to express their views freely. Newspapers and journals, established with great effort, were often closed under artificial pretexts such as a «lack of funds» or «few subscribers.» The article highlights these obstacles and their consequences.
Keywords: Jadidism, press, newspaper, M. Behbudi, «Sadoi Turkiston», «Sadoi Farg’ona», «Oyina».
Аннотация. Мақолада ўн тўққизинчи юз йиллик охири – йигирманчи юз йилликнинг биринчи чорагида Туркистон генерал-губернаторлиги, Бухоро ва Хивада босмахона, нашриёт ҳамда матбуот ишларининг йўлга қўйилиши жараёнлари таҳлил қилинган. Шунингдек, мазкур соҳада дуч келинган муаммолар Туркистон жадидларининг публицистик мероси асосида кўрсатиб берилган. Маълумки, ушбу даврда Туркистонни мустамлака зулмидан қутқариб, тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишга киришган жадидларнинг курашида матбуот асосий восита вазифасини ўтаган. Бироқ мустамлакачи ҳукуматнинг тазйиқи, цензура ва доимий тақиқлар жадидларга матбуотда эркин фикр юритиш имконини бермаган. Машаққат билан ташкил этилган газета ва журналлар «маблағ етишмовчилиги», «обуначиларнинг озлиги» каби сунъий важлар билан ёпиб қўйилган. Мақолада айнан шу каби тўсиқлар ва уларнинг оқибатлари ёритилади.
Калит сўзлар: жадидчилик, матбуот, газета, М. Беҳбудий, «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Ойина».
Аннотация. В статье на основе публицистического наследия туркестанских джадидов анализируются процессы становления типографского, издательского и печатного дела в Туркестанском генерал-губернаторстве, а также в Бухаре и Хиве в конце XIX — первой четверти XX века. Известно, что в этот период печать служила основным инструментом в борьбе джадидов за освобождение Туркестана от колониального гнёта и его вхождение в число развитых государств. Однако давление колониальной администрации, цензура и постоянные запреты ограничивали возможности джадидов в свободном выражении мнений. Газеты и журналы, созданные с большим трудом, закрывались под искусственными предлогами, такими как «нехватка средств» или «малое количество подписчиков». В статье освещаются именно эти препятствия и их последствия.
Ключевые слова: джадидизм, печать, газета, М. Бехбуди, «Садои Туркистон», «Садои Фергана», «Ойина».
Йигирманчи юз йиллик бошига келиб Туркистон миллий тараққийпарварлари ўз тилида матбуоти ва босма адабиёти бўлмаган миллатни маданий тараққиёт омилида «йўқ қавм ва йўқ миллат» саналади, деб ҳисоблай бошладилар. Улар газетани бутун дунёдаги маданий миллатларнинг турмуш тарзи, оламдаги даражаси ва инсоният тараққиёти учун лозим бўлган саъй-ҳаракатлар тўғрисида ўзаро маслаҳатлашиш ҳамда кенгашиш учун зарур восита эканлигига урғу берганлар. Шу сабабли, жадидлар мақсадларининг амалга ошувида мактаблардан кейинги асосий ўринни матбуот эгаллайди. Бу ҳақда Абдулла Авлоний «1904 йилда рус-япон уруши чиқиб, бизнинг ҳам кўзимиз очилди. 1905 йилдаги Русияда бошланган инқилоб тўлқини бизга ҳам зўр таъсир қилди. Бизнинг ташкилотимиз сиёсий маслакларга тушуниб, биринчи навбатда қора халқни оқартирмоқ ва кўзни очмоқ чорасига киришди. Бу мақсадга эришмоқ учун газета чиқармоқни муносиб кўриб, уюшманинг ҳаракати билан ўзбек тилида газеталар чиқарилди» деган фикрларни билдиради1.
Дастлаб, Туркистон жадидлари рус ҳукуматининг расмий нашри ҳисобланган «Туркистон вилоятининг газети» да мақолалари билан қатнашиб турган. Бу ҳолатни М.Беҳбудий «Бизим учун онжак беш-олти йилға ғазетаси даркор эди» деб изоҳлайди. «Бундан сўнг-ра, яъни «Ҳуррият»дан сўнг кандларимизнинг-да ғазета чиқармоқ ниятимиз вордур»2. – дея илк матбуотнинг пайдо бўлишига шароит яратилаётганлигини келтиради.
Матбуотнинг аҳамияти ҳақида Обиджон Маҳмудов шундай фикр билдиради: Жамият аъзолари, ким бўлишидан қатъи назар, норози бўлган ишларини далиллар билан газета воситасида халққа етказиши салбий воқеаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ислом динида мусулмонларга саёҳат қилиш буюрилганлиги сабабли, хорижий мамлакатлардан олинган таассуротларни газета орқали бўлишиш яхши ишлардан ибрат олишга, ёмонларидан эса тўғри хулоса чиқаришга ёрдам беради. Муаллиф мусулмонларга ҳар бир ишни машварат (маслаҳат) билан қилиш буюрилганини ва бу йўлда матбуот асосий минбар эканлигини таъкидлаган3. Бироқ ўша даврда халқнинг матбуотга бўлган муносабатини Ҳожи Муин афсус билан шундай тасвирлайди: «Бизнинг халқ аксарият ила ғазета ўқумайлар. Ғазета ўқувчиларидан ҳам ўн нафаридан тўққизи ғазетадан лозим даражада истифода қила олмайдур». Бундай фикрлар М.Беҳбудийнинг «Газет надур?» номли мақоласида ҳам учрайди4. Унга кўра: «Туркистон, Бухоро, Хивага газет нима эканлигини ҳануз мингдан бир киши билмайдур. Агарда мингдан биргина билса эди, ўн уч миллион Туркистон ва Бухоро ва хивалик қариндошларимиздан «Туркистон» ва «Тужжор» газеталарини бир минг уч юз нафардан, албатта, муштарийси бўлур эди. Ҳолбуки, бу уч мамлакати азима аҳлидан ик(к)и газетни мазкур ададга баробар муштарийси бўлмаса керак».
1905 йилги инқилобдан кейин Туркистонда турли миллий газета ва журналлар нашр этила бошланди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу нашрларда хилма-хил мавзулардаги мақолалари билан фаол иштирок этди. Унинг ташаббуси билан 1913 йилда Самарқандда илк бор «Самарқанд» газетаси ташкил этилди. Бироқ мазкур газета моддий қийинчиликлар туфайли 44-сонидан сўнг фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Шундан сўнг Беҳбудий «Ойина» номли ҳафталик мажмуа (журнал) нашр этди. Ушбу мажмуа икки йил давомида чоп этилиб, яна шундай иқтисодий танқислик сабабли 68-сонидан кейин тўхтатилди. Мақолада ушбу тарихий жараёнлар атрофлича ёритиб ўтилган. «Самарқанд» газетасининг ёпилиши ҳақида Тавалло ҳам афсус билан шундай деган эди: «Худонинг қудрати ила биз шўринг қурғурлар учун Самарқанддин бир газит «Самарқанд» номинда вужудга келган эди. Биз, ғафлатзодалар, анга аҳамият бермадук, ўқимадук ва қадрига етмадук». Бизларнинг касофатимизга учраб, 44-номерида бир минг сўм зарар қилиб тўхтаган эди. Бир неча адабиёт мухиблари бу ишга хафа бўлған бўлуб, тилигром-хатлар юбориб газитани тўхтатманг, юргузинг, бизлар ёрдам этамиз, оқча бирлан ҳам муштарий кўпайтирамиз, деб илтимос қилдилар. Хайр, бу иш мундоқча бўлиб турмади, жаноб Маҳмудхўжа муҳаррир ғайрат этдилар. «Самарқанд» исмидаги газит ўрнига «Ойина» номлик ҳафталик журнал чиқардилар»5. Ҳожи Муин бу журнал ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Ойина» халқни уйғотиш учун яхшиғина хидмат этди... «Ойина» Туркистондан бошқа Татаристон, Кавказ, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисргача тарқалар ва ҳар ерда суйиб ўқилур эди»6.
Йигирманчи юз йиллик бошларида чиққан яна бир газета «Садои Туркистон» ҳақида ҳам жадидлар томонидан бир қанча маълумотлар бериб ўтилади. Жумладан, совет ҳокимиятининг миллий зиёлиларга ўтказган зулми ва истибдоди сабаб хорижга кетишга мажбур бўлган Абдулваҳоб Ўқтой «Турк газетачилиғи» номли мақоласида қуйидагича қайд этади: «Ҳафтада икки маротаба чиқадирган адабий, иқтисодий, фанний ва маиший туркча жарида» бўлғон «Садои Туркистон» газетасининг муҳим ишларини Мунаввар қори қиларди. «Садои Туркистон» туркистонликларни хабардор этувчи турли масалаларга – табиий у замонғи вазиятнинг йўл берганича – ҳаракат қилмишдир. Диний масалаларга эса халқнинг ҳаяжонини қўзғатмайдиган тарзда, мамлакатимиздаги мутаассибликни йўқотишға ҳаракат қилмишдир. «Садои Туркистон» рус ҳукумати тарафидан «кўп қўрқинчли» бир газета ўлароқ танилмишди. Бу газетанинг сиёсий раҳбари бўлғон Убайдуллахўжа Русиянинг Туркистондаги умумий волийси томонидан бир неча маротаба сургун қилиниш билан таҳдид этилмишди. «Садои Туркистон» саҳифаларида турк газетачилиги тарихида муҳим ўрин тутғон ва бошида Фотиҳ Каримийбек бўлғони ҳолда замоннинг энг кучли қалам эгаларининг қатнашишлари ила Оренбургда чиқарилиб, Идил-Урал, Туркистон, Сибирия, Қрим ва Кавказияға қадар ёйилиб, ҳар томонда севилиб ўқилғон «Вақт» газетаси билан бунинг нашриётидан бўлғон «Шўро» журналидан олиниб босилғон мақола ва хабарларни ҳам учратасиз. Бу газета Туркия, Миср, Ҳиндистон ва Арабистон аҳволидан ҳам туркистонликларни хабардор этиб турмишдир. «Садои Туркистон» 1915 йилнинг май ойигача давом этиб, 67 та сони дунё юзига чиқмишдир. Масъул муҳаррири Убайдуллахўжа Асадуллахўжа бўлғон бу газета саҳифаларида бошида Мунаввар қори бўлмоқ узра Абдулла Авлоний («Индамас» тахаллуси билан), Абдурауф Музаффар, Тўлаган Хўжамёр («Тавалло» тахаллуси билан), Саййидносир Миржалил, Ҳамза Ҳакимзода, Холид Саид, Абдулҳамид Сулаймон («Чўлпон» тахаллуси билан), Мўминжон Муҳаммаджонов, Абдулла Эрғози, Нўширвон Явушев, Сиддиқий, Лутфулло Олимий, Мулла Саидаҳмад Васлий, Фозил Жонбой, мударрислардан Мулла Муҳаммаджон, Бадриддин Аъламий, Ҳожи Муин, Шокиржон Раҳимий, Н.Азизий ва бошқаларнинг мақолалари босилмишдир»7.
Убайдулла Хўжаев «Садои Туркистон»нинг маърифий нашр сифатида давом этажагини англатиб газетанинг шу йўналишдан ташқари чиқмаслигини таъкидлайди. Шу билан бирга, у адвокат бўлгани сабабли, мавжуд мураккаб вазиятни теран ҳис қилган ҳолда, «шахсий ғаразлардан ҳоли бўлган мактуб ва мақолаларгина газетада босилишини» эслатма сифатида белгилаб қўйган.
Бу даврда газета ишини юритиш осон бўлмаган. Фақатгина Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхоновларнинг саъй-ҳаракатлари билангина бу ишни самарали йўлга қўйиш мушкул эди. Шу боисдан ҳам муаллиф мақола сўнггида замондош зиёли ижодкорларни газета ишида фаол иштирок этишга даъват этиб, шундай ёзади: «Муҳтарам аҳли қаламларимиз қаламлари ила, аҳли сарватларимиз сарватлари ила ва ёшларимиз ҳиммат ва ғайратлари ила ёрдам ва муованатда бўлиб турсалар, биз ҳам тез фурсатда жаридамизни кунлик қилмак фикри ва орзусинда ўлдиғимизни ожизона арз ва эълон этмак ила хатми калом қилурмиз»8.
Давр матбаачилиги ва мухбирлик фаолиятининг ҳолати ҳақида Ашурали Зоҳирий афсус билан шундай ёзган эди: «Фарғонада бирдан-бир чиқиб турган «Фарғона» газетасига кўзга кўриниб турган кўп кишиларни вакил, мухбир тайин қилдик. Шундан баъзи бирлари вазифаларини ўтаганлари ҳолда, бошқаларининг парвойиларига ҳам келмайди. Маҳаллаларда мазкур турли воқеа ва ҳодисалар бўлиб турса ҳам, «қўл сансабитка ичида, бош бўлса телпак остида» дегандек, жимжитгина турадур»9.
Фарғонада чиққан газеталар ҳақида Ашурали Зоҳирий шундай деган эди: «Ҳаммаси ҳам бўлсин жуда етиб борса, эллик номер чиқди. Нари бора олмади. Тўхтамоққа мажбур бўлди. Инқилоб даврида Фарғона музофотида бир неча газеталар чиқди. Масалан, 18 йилда «Халқ газети» 19 йилда «Янги Шарқ», 20 йилда «Меҳнат байроғи» мана буларнинг кейинида Фарғона газетаси чиқди. Аввалги учови ҳам сизларнинг матбуот нима эканлигидан хабарсизлигингиздан газета керакми йўқми давом эттирсинми, этмасинми деб ўйлаганлигингиздан ётди. Тарих саҳифаларида уларнинг арвоҳи сизларни қарғайди. Шунинг учун Фарғона газетасининг соф ўзбек тилида 100 номер чиқиши билан қувониб, фавқулодда номер чиқарамиз»10.
Ашурали Зоҳирий яна бир мақоласида Туркистондаги матбуотнинг аҳволи ҳақида: «Бугун Туркистонда чиқиб турган уч адад ўзбекча (Туркистон, Зарафшон ва Фарғона) газеталаримиз ўлим тўшагида. Туркистон ижроия қўмитаси ва Туркистон марказий иштирокиюн фирқа қўмитасининг нашри афкорлари бўлғон Туркистон газетаси бугун бир неча ҳафталардан бери пулсизлиқдан чиқа олмайдур. Зарафшон газетаси ҳам бўлса зўрға турубдур. Фарғона газетаси ҳам анчайин гадойлик билан давом этмакда. Шу аҳвол билан ҳам ўзбек матбуоти яшайдими?»11.
Матбаачиликнинг 1920 йиллардаги ҳолатини таҳлил қилиб Ашурали Зоҳирий, рус тилида чиқаётган газеталар, ўзбек ва қирғиз нашри афкоридан моддий жиҳатдан яхши таъминланганлиги ва адади кўплигига эътибор қаратади: «Туркистон иштирокиюн фирқа қўмитаси ва Туркистон марказий ижроия қўмитасининг ўзбек ва қирғиз тилларида нашр афкори бўлиши нуқтайи назаридан Фарғонада бу икковининг ёнига русча «Турк правда»ни ҳам қўшиб, моддий жиҳатдан ҳар тўғрида таъмин этилган бўлишлари керак деймиз. Бириси оқсаб, бириси тўхтаб, яна бириси дадил оёқ отлаб туриши, матбуотга эндигина ўрганиб келаётган қавмларнинг тараққийсига катта зарба берадур. Бу тўғрида ўзимизда ҳам айб бор. «Турк правда» газетаси бир ҳовуч Овруполилар орасида 10.000 нусха тарқалғон ҳолда «Туркистон» газетаси 2.800 нусхадагина тарқаладир»12. Муаллиф мақолада ҳар бир музофот учун ўзининг газетаси бўлишига эътибор қаратади. Бунда ҳар бир музофот ўзбек тилида ўз газетасини чиқариши, унда шу ҳудудда содир бўлаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий масалалар ёритиб турилиши керак деб ҳисоблайди.
«Фарғона жадидларининг пешқадами» деб ном олган Обиджон Маҳмудов Туркистон мустамлакачиликнинг ёрқин намунаси эканлигини янада чуқурроқ англаб етиб, ўзгаришларни халққа етказишнинг энг яхши усулини матбаачиликда деб ҳисоблайди. Унинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида Қўқонда босмахона ташкил этилиб, 1914 йил апрель ойидан эътиборан, Фарғона водийсидаги ўзбек тилидаги биринчи газета – «Садойи Фарғона» нашр этила бошлади13. Бунгача Фарғона вилоятида тўлалигича миллий руҳдаги бирон-бир нашр йўқ эди. Обиджон Маҳмудов ушбу газетанинг ношири ва муҳаррири бўлган. Бокуда чиқадиган «Янги иқбол» газетасидаги мақолаларининг бирида Чўлпон бу ҳақида шундай деб хабар берган эди: «...1914 йил сана апрель ойи биз туркистонликлар учун бир «миллий байрам» дейинилмага лойиқ бир ой эди. Чунки апрелнинг 2 ёки 3 нда Хўқанд тужжорлариндан муҳтарам Обиджон афанди Маҳмудов ҳиммати ила «Садойи Фарғона» исминда ҳафтада 3 дафъа нашр қилинур бир ғазита чиқа бошлади. Бутун Туркистон бу ғазитани буюк бир шодлиқ ва суюнч ила қорши олдилар»14.
Туркистон миллий матбуотининг ривожланмаслигига асосий сабаб цензура бўлса иккинчи муҳим жиҳат моддий жиҳат, маблағнинг етишмаслиги ва муштарийларнинг бўлди. Бу тўғрида Убайдулла Хўжаев «Садойи Туркистон» газетасида қуйидагича изоҳ беради: «Жаридамиз ҳафтада бир мартаба давом этмакда бўлса ҳам ихлосу муштарийларимизнинг икки мартаба чиқмоғин орзу қилмаклари табиийдир. Лекин маал таассуф, жаридамизнинг моддий жиҳати бунга йўл бермайдир. Бунинг ила баробар матбааларимиз ва онда хизмат қиладургон мукаммал ишчиларимиз йўқдир. Биноан алайҳа, мунтазам суратда иш юритмак учун доимам оқчага эҳтиёж тушадир. Эҳтимол, баъзилар Қозонда ва Оренбургда чиқадургон татар жаридалари 4-5 сўмдан обуна пули ила ҳар кун мунтазам давом этадирлар, нимага Туркистон жаридалари ҳафтада икки мартабагина бўлса ҳам, чиқа олмайдирлар? – деб таажуб қилурлар… Русияда чиқадургон кунлик татар жаридаларининг тақрибан 15 минг муштарийлари бор. Обуна баҳоси 5 сўмдан бўлганда ойлик хусуллари 75000 сўм бўладир. Бунинг ила баробар матбаалар жаридаларнинг ўзига махсус бўлиб, доима ҳар турли заказлар қабул этмакдадирлар. Бу матбаалар ҳимматли ва маърифатпарвар бойлар тарафидан таъсис қилинуб, жариданинг моддий жиҳати таъмин этилмишдир….. Бизим Туркистон жаридаларига келсак, муштарийлари ҳозирда мингдан ошмайдир. Матбаа эса жаридага хос бўлиш у ёқда турсин, ҳатто бутун шаҳар мусулмонлари учун матбаа бўлмаган ўринлар кўпдур. Масалан, бизим Тошкандда мусулмонлар тарафидан очилган ва жарида бостирмакға арзийдиргон ҳеч бир матбаа йўқдир… Иш ва ҳол бу тариқа бўлганда Туркистондагина эмас, ҳеч бир ерда жаридалар мунтазам давом эта олмайдирлар. Ҳозирда миллий матбуотни тараққий этдурмак учун матбуот мухиблари ва маориф ошиқларига таянамиз. Туркистонда матбаалар очиб, матбуот нашр қилишни ёлғуз бир ҳовуч зиёлиларимиздангина умид этмакға йўл қолди... Ваъдамизга мувофиқат учун икки мартаба чиқармакга қанча ғайрат этсак ва кўп ташвишлар қилсак ҳам, мумкин бўлмади. Энди икки мартаба ё ондан ошиқ чиқармоқ учун муштарий кўпайтирмакдан бошқа чора кўрилмайдир»15.
Хулоса қилиб айтганда, жадид матбуотида 1906 – 1913 йилларда маърифатпарварларнинг сиёсий қарашлари ёритилиб, унда Туркистон учун алоҳида маданий мухторият олиш ғояси ўртага ташланган. Замонавий давлат бошқарув шакллари, республика, парламент, партия каби сиёсий институтлар тўғрисида маълумотлар таҳлилга тортилган. 1914 – 1917 йиллар жадидларнинг маърифий соҳадан фаол тарзда сиёсий ҳаракатга ўтиш босқичи бўлиб, унда сиёсий қарашлар очиқ ифодаланиб туркистонликлар ҳуқуқини янада кенгайтириш, Туркистонда бўлажак сиёсий элитани ягона ғоя атрофида бир ташкилот байроғи остида бирлаштириш ҳолатлари кузатилган. Тенглик, мухторият ва тараққиёт ғояси жадидчилик ҳаракатининг асосий мазмунига айланган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Абдулла Авлоний. Таржимаи ҳолим. // «Миллий уйғониш ва ўзбек филологияси масалалари». Тошкент, 1993. Б. 108.
2. Ашурали Зоҳирий. Бизникилар қачон вазифасини англарлар // «Фарғона» газетаси. 1923 йил 16-ноябрь
3. Ашурали Зоҳирий. Тушуниш керак // «Фарғона» газетаси. 1923 йил 8-октябрь.
4. Ашурали Зоҳирий. Ўйлаш керак эди // «Фарғона» газетаси. 1923 йил 16-август.
5. Ашурали Зоҳирий. Фарғонанинг 100-номери чиқиши муносабати билан // «Фарғона» газетаси. 1923 йил 4-сентябр.
6. Маҳмудхўжа Беҳбудий. «Газет надур» // «Тужжор» газетаси. 1907 йил 11 ноябрь. 11-сон.
7. Обиджон Маҳмудов. Газета на давр ва на учун лозим // «Садои Фарғона» газетаси. 1914. 2-сон.
8. Сирожиддин Аҳмад. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тошкент, 2024. Б. 320.
9. Тўқтамиш ўғли (Абдулваҳоб Ўқтой). Турк газетачилиғи // «Ёш Туркистон» журнали. 1933-йил октябрь. № 47.
10. Тўлаган Хожамёрф. Туркистонли қардошларима очиқ хат // «Ойина» журнали 6-сони. 4. – Б. 138.
11. Убайдулла Хўжаев. Садои Туркистон, 1914 йил, 12 ноябрь.
12. Убайдуллоҳ (Убайдулла Хўжаев). Маслак ва мақсад // «Садои Туркистон» газетаси. 1914 йил 4 апрель. 1-сон.
13. Ҳожи Муин. Ғазета ўқимоқ манфаати // «Туркистон вилоятининг газети». 1911 йил 24 ноябрь.
14. Ҳожи Муин. Самарқанд матбуотининг тарихи // «Зарафшон» газетаси. 1923 йил 23 июнь;
15. Ҳожи Муин. Хидмати қаламияси // «Зарафшон» газетаси, 1923 йил 25 март.
16. Чўлпон. Туркистон мактуботи // «Янги Иқбол» газетаси. 1915 йил 24-ноябрь.
17. Қозоқов Т. Фарғона водийсида жадидчилик ҳаракати. Наманган. 2018. Б.47.
