ИБЦ «TURON» был основан в 1913 году просветительским обществом «TURON» под руководством выдающегося деятеля науки Абдуллы Авлоний и его соратниками. За более 100 лет существования ИБЦ «TURON» общий фонд составляет около 400 000 книжных экземпляров. За прошедшее время в читальных залах  библиотеки занимались и становились деятелями науки, культуры и искусства много замечательных личностей нашего времени. В настоящее время ИБЦ «TURON» оснащен современными информационными технологиями для оптимизации информационно-библиотечного обслуживание пользователей.

Китоб – комиллик кўзгуси, уни эъзозлаган миллатнинг келажаги порлоқ бўлади. Аҳолининг ахборот-кутубхона ресурсларидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш, давлатимизнинг жаҳон ахборот оқими билан тўлақонли ҳамкорлиги ўтган асрнинг 80 йиллари охири – 90 йиллар бошларида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масалалари Республика даражасида ҳал қилина бошланган даврдан ривожлана борди. Қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатлар соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги билан эътиборлидир.

1913 йили таниқли ўзбек маърифатпарварлари Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Юсуф Алиев сингари машҳур ёзувчи, шоирлар ва бошқа зиёлиларнинг шахсий китоблари асосида ҳамда машҳур маърифатпарвар, шоир, драматург ва журналист Абдулла Авлоний бошчилигидаги «TURON» номли маърифат жамияти томонидан ташкил этилган ахборот-кутубхона маркази мисолида ҳам кўришимиз мумкин. «TURON» кутубхонаси 100 йиллик тарихга эга бўлган қутлуғ маскан, маърифат ва маънавият ўчоғидир. Чунки у бир асрлик фаолияти мобайнида ўзининг 400 мингдан ортиқ адабиётлар жамғармаси билан вилоятнинг услубий, ташкилий маркази сифатида шаклланиб бориши жараёнида жуда катта йўлни босиб ўтди.

Ўша даврдан бошлаб ҳозирги кунгача Ўзбекистоннинг илм-фан, санъат, маданият арбоблари ва ёзувчиларнинг бир неча авлодлари ушбу зиё масканининг маънавий-маданий меросидан баҳраманд бўлиб етишиб чиққан.

Ёш китобхонлар маънавиятини ҳар томонлама юксалтириш, уларни илмий дунё маданияти ва адабиёти хазинасига эътиборини жалб этиш учун Ўзбекистоннинг атоқли зиёлилари билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш кутубхонанинг асосий оммавий ишларидан ҳисобланган.

Мамлакатнинг маданий ҳаётидаги муҳим саналарга бағишлаб ўқув заллари тўлган ҳолда ўтказилган учрашув ва бошқа маънавий-маърифий тадбирларга телевидение, радио ва матбуот жалб этилган. Услубий марказ сифатида «TURON» илмий, универсал кутубхонаси Тошкент вилоятидаги кутубхоналар тизимини ривожлантиришда мунтазам иштирок этиб келган. Вилоятдаги кутубхоналарнинг ишларини такомиллаштириш учун кутубхона томонидан семинар-тренинглар, амалий машғулотлар, кўрик-танловлар ўтказилган, услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, иш фаолиятида қўллашлари учун тарқатилган ҳамда жойлардаги кутубхона муассасалари иш фаолиятини замон талаби даражасига кўтариш мақсадида услубий-амалий ёрдам кўрсатилган ва ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Кутубхонанинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, илк очилган йилларда кутубхона жамғармаси

3 000 нусхадаги адабиётлар би-лан тўлдирилиб, ушбу адабиётларни юқорида номлари тилга олинган таниқли ўзбек маъри-фатпарварларининг ўз шахсий китобларидан совға қилишлари эвазига барпо этилган. 1915 йилдан бошлаб кутубхона Россия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан обуна бўлиш йўли билан газета ва журналлар ола бошлади. 1917 йилга келиб кутубхона фонди Шарқ халқлари тарихи ва маданиятига оид энг нодир китоблар билан бутланди.

1918 йилда эса кутубхона «TURON» номи билан мустақил оммавий кутубхона сифатида иш юритишни бошлади.

1923 йилда оренбурглик олим Аҳмад Исҳоқов ўзининг араб, форс ва турк тилларидаги 5 минг нусхадан иборат китобларини кутубхонага совға қилди. Кутубхона 10 йил ичида 20 мингдан зиёд тарихий ва замонавий мавзудаги китоблар билан ўз хазинасини бойитиб, ўзбек зиёлиларининг маърифий марказларидан бирига айланди. Алломалар, илм-фан, маданиятнинг турли соҳаларини эгаллаб бораётган ёшлар ҳам бу табаррук даргоҳда ўз билим уфқларини кенгайтирдилар, ёзажак бадиий ва илмий асарлар учун муҳим манбани топдилар ҳамда ушбу зиё масканида ижод қилдилар. Шу тариқа, «TURON» кутубхонаси 1920 йилларнинг ўрталарида номи таралган обрўли маданият масканига айланган эди.

Кутубхона шаклланганидан бошлаб, у ерда атоқли маърифатпарварлар, машҳур олимлар, ёзувчилар, артистлар, жамоат арбоблари билан учрашувлар мунтазам ўтказиб келинган, шунингдек, катта анжуманлар, адабий кечалар, ўзбек ва жаҳон адабиёти сиймоларининг таваллуд кунлари нишонланган. Кутубхонада И. Ҳусанхўжаев, Т. Содиқов, Ю. Шампурин сингари кутубхоначилик ишининг энг тажрибали мутахассислари фаолият кўрсатардилар ва кутубхонага янги келган ёшларга ўз тажрибаларини улашардилар.

1927 йили кутубхонага «Октябрь» номи берилди.

«Маориф ва ўқитувчи» журналининг 1929 йилги сонларида эълон қилинган мақолаларнинг бирида шундай маълумотга дуч келамиз: «Инқилобдан сўнг бутуниттифоқнинг бутун газета ва журналлари тамом олиниб тўпланғон. Ижтимоий ўзгариш «Октябрь» кутубхонаси фаолиятига машҳур шарқшунос олим академик В.В. Бартольд ҳамда профессор Чўпонзода юксак баҳо бердилар. Чўпонзода ёзади: «Кутубхонанинг келгуси порлоқ, унда илмий, тарихий, қимматли, нодир асарлар бор» («Маориф ва ўқитғувчи» журнали 1929 йил, 6-сон).

1938 йили «Октябрь» кутубхонасига Тошкент вилояти кутубхонаси мақоми берилди ва у ушбу минтақадаги 501 та кутубхона учун тажриба улашадиган услубий марказ ҳамда илмий-тадқиқот муассасасига айланди. Кутубхона вазифаларига минтақадаги кутубхоналарга услубий ёрдам кўрсатиш учун услубият хонаси ташкил этилиб, унга мудир лавозими жорий этилди. Кутубхона ходимларининг умумий сони 10 нафарга етди.

Вилоятда биринчи марта бошланган ташкилий-услубий ишлар 1941 йили уруш бошланганлиги туфайли тўхтаб қолди. Уруш йилларида ходимларнинг умумий сони қисқариб 5 киши ишлаган. Бироқ китобхонларга хизмат кўрсатиш давом эттирилди. Кутубхонанинг китоб фонди 33 минг нусхани ташкил этиб, ҳар йили кутубхонага 40 номда газета ва журналлар олинган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин кутубхонада яна ҳаёт жонлана бошланди. Айниқса, 50-йилларда ўқув зали илмга чанқоқ ёшлар билан тўлди. Миркарим Осим сингари ёзувчилар қироатхонани тарк этмай, шу ерда янги адабиётлар билан танишиб, ўз асарлари устида иш олиб борар ва атоқли адибнинг кўплаб тарихий қисса ва ҳикоялари шу ерда яратилган. Кутубхона том маънода Тошкент шаҳри ва вилоятининг маданий-маърифий марказларидан бирига айланди ва ўша йили кутубхона ходимларининг умумий сони 14 нафарга етди.

1960 йилларга келиб вилоят кутубхонасининг китоб фонди 178 000 нусхани ташкил этган бўлса, ундан ташқари, кутубхона 34 номдаги журналлар ва 52 номдаги рўзномалар олган.

1970 йиллардаги муҳим воқеа кутубхоналарни марказлаштириш бўлиб, ўша даврнинг бошида бунга фаол тайёргарлик олиб борил-ди. 1974 йили Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида биринчилардан бўлиб марказлашган кутубхона тизими ташкил этилди. Бу тизим вилоят ва республика кутубхоналари учун ҳам семинарлар ўтказадиган ўқув таълими учун база бўлиб хизмат қилди. Вилоят кутубхоналарини марказлаштиришнинг 1976 – 80 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинди. Семинар машғулотлари, маслаҳатлар, услубий қўлланмалар ва фондларни ҳисоблаш бўйича жойларда амалий ёрдам ва иш ўрин жадвалларини ишлаб чиқиш, янги шароитларда ишларни тайёрлаш ва бошқа шу каби кенг миқёсда ташкилий-услубий юмушлар йўлга қўйилган. 1980 йили вилоятдаги кутубхоналарнинг марказлаштирилиши тугалланди ва вилоятда 2006 йилгача фаолият кўрсат-ган 21 та марказлашган кутубхона тизими ташкил этилиб, улар билан фаол равишда ташкилий-услубий ишлар олиб борилди.

Вилоят кутубхонасининг китоб фонди 1980 йилнинг охирида 258 100 нусхани ташкил этган, китобхонларнинг сони 3 600 нафарга етган, китобларни бериш 118 700 нусхага етган эди. Шу билан бирга, ахборот-кутубхона хизмати ривожлана бошланди. Кутубхонанинг маълумот-библиография бўлими қошида оммавий ва гуруҳли ахборот ишлари олиб борилган ва ахборот тарқатувчи ҳамда раҳбарларга якка хизмат кўрсатиш (ИРИ ва ДОР тизими бўйича) ахборот шўъбаси ташкил этилган.

1992 йилда вилоят «Октябрь» кутубхонаси 40 йилдан зиёд вақт мабайнида фаолият юритиб келаётган Тошкент вилояти болалар кутубхонаси билан бирлаштирилиб, у ерда «Ёшлар билан маънавий-маърифий ишлар олиб бориш шўъбаси» ва «Вилоят алмашув-резерв фонди» бўлими ташкил этилди. Иккита кутубхона бирлаштирилгандан сўнг «Октябрь» кутубхонаси илмий универсал кутубхона мақомини олди ва 50 нафар кутубхона ходимига мўлжалланган янги иш ўрни тасдиқ-ланди.

1992 йили кутубхонага, унинг азалий тарихий номи «TURON» қайтарилди.

Тошкент вилояти «Турон» илмий-универсал кутубхонаси раҳбарияти ва унинг жамоаси ҳамиша кутубхоначилик соҳасидаги янгиликларни ўз иш фаолиятига татбиқ этиб, кутубхона ва вилоятдаги марказлашган кутубхоналар тизими фаолиятини замон талаби даражасида ташкил этиш ишларини бажаришди.

XIX асрда чоп этилган нашрлар ва XX аср бошларидаги газета-журналлар тахламлари, жаҳон адабиёти намуналари, энциклопедиялар ва луғатлар, 370 000 нусха китоб фондига ва 200 номдаги доимий даврий нашрларга эга бўлган «TURON» илмий-универсал кутубхонаси Республикада биринчилардан бўлиб ишларни автоматлаштиришни бошлаб юборди.

1997 йилда «TURON» илмий-универсал ку-тубхонаси фаолиятида янги босқич бошланди. Инновацион услубларни қўллаш, меценатлар ва ҳомийларни кутубхонага жалб қилиш билан бирга, хорижий кутубхоналар ҳамкорлигида бир қатор ишларни амалга оширди. Шу вақтдан бошлаб кутубхона фаолиятини автоматлаштиришда биринчи қадамлар қўйилди. Ўзбекистондаги 10 та йирик кутубхона қаторида «TURON» илмий-универсал кутубхонаси томонидан «ИРБИС» ахборот қидирув кутубхона тизими дастурида ишлаш ходимлар томонидан ўзлаштирилди ва 2001 йили Республикада биринчи бўлиб, 60 000 нусхадан зиёд китоблар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига қамраб олган ўзбек адабиётлари жамғармасига тўлиқ электрон каталог тузилди.

2005 йили кутубхонани ташкил топган кунидан бошлаб кейинги йиллардаги фаолиятини акс эттирувчи 6 бўлимдан иборат «TURON кутубхонаси тарихи» музейи очилди ва у ҳозир ҳам ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Жамиятни ахборотлаштириш жараёнидан кутубхоналар ҳам четда қолмай, ҳукумат қарорига асосан, Тошкент вилояти «TURON» илмий универсал кутубхонаси негизида Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази ташкил этилди. Шу боис марказнинг техник жиҳозланиши сезиларли даражада ошди.

Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази универсал мазмундаги 387 500 нусхадан ортиқ адабиётлар жамғармаси, жумладан 7 800 нусхадан ортиқ электрон форматдаги адабиётлар фонди ва 1918 йилдан буён нашр қилинаётган газета ва журналлар жамғармаси ва ҳозирги кунда чоп этилаётган 100 га яқин номдаги даврий нашрлари билан фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатади.

АКМ адабиётлар жамғармасини 63% дан ортиғини турли соҳаларга оид адабиётлар ташкил этса, шулардан 20,6% – ижтимоий-сиёсий, 13 % – техника ва қишлоқ ҳўжалигига оид, 13,8% – табиий фанлар, 8% – адабиёт-шунослик ва тилшунослик, 7,3% – санъат ва спортга оид ҳамда қолганлари бадиий адабиётлардир.

Бундан ташқари, жамғармада 4 500 нусха ноёб ва нодир нашрлар ҳам сақланади.

Нодир фонддаги мавжуд 1921 – 1929 йил-лардаги «Қизил Ўзбекистон» газетаси саҳифаларида эълон қилинган мақолалар библиографиясидан иборат «Миллий матбуот саҳифаларида», «Миллий матбуот фиҳристи» ва бошқа тўпламлар ишлаб чиқилиб, мамлакатимизнинг кўпгина кутубхоналарига тарқатилмоқда. Шунингдек, 1921 – 1926 йилларда-ги «Қизил байроқ», «Туркистон» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида эълон қилинган мақолалар библиографиясидан иборат «Миллий матбуот саҳифаларида» номли рисола ва ундаги мақолалар библиографияси кутубхонанинг веб-сайтида акс эттирилган. Маълумотлар базаси 26 бўлимдан иборат бўлиб, турли библиографик мавзуларни ўз ичига олган, жумладан, Ўзбекистоннинг тарихи, географияси, иқтисодиёти, маданияти, адабиёти, санъати, саноат корхоналари ҳақидаги маълумотлардир.

Бундан ташқари, «Миллий матбуот фиҳристи» номли библиографик кўрсаткич узоқ йиллар мобайнида Республикамизнинг етакчи газетаси бўлиб хизмат қилган «Иштирокиюн», «Қизил байроқ» ва «Туркистон» газеталарининг 1918 – 1924 йиллардаги сонларида эълон қилинган мақола ва хабарларнинг изоҳли библиографиясини ўз ичига олган.   

АКМнинг «Йиғма электрон каталоги шўъбаси»сида ва КаДаТа дастури асосида электрон каталогини ташкил қилиш ишлари фаол олиб борилиб, у бугунги кунда жамғармадаги барча адабиётлар электрон каталогга киритилган ва Республика интеграл ахборот-кутубхона тармоғига уланди ҳамда фойдаланувчилар учун янада кенг имкониятлар яратилди.

Вилоятдаги барча ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари учун «Ахборот-ресурс марказларида ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш» мавзусида йил мобайнида ҳафталик ўқув курслари ташкил қилиш ва ахборот ресурсларини КаДаТа, ИРБИС, КАРМАТ ва АРМАТ автоматлаштириш дастурларидаги электрон каталогига киритиш бўйича АРМ ходимлари учун ҳар йили 4 та ўқув амалий машғулотлари ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, вилоятдаги барча ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналари иш фаолиятини яқиндан ўрганиб, таҳлил қилиб, керакли услубий-амалий ёрдам бериш ишлари олиб борилади.