Museums at all times have served as a source of knowledge and knowledge of the world both in their historical perspective and in the modern one. Museums serving as a hotbed of high culture and spirituality nourish a person with the aesthetics of beauty, enrich his worldview, show interest in history, art, in a word, help to develop comprehensively. The author of the article gradually brings the reader to the acquaintance with the State Museum of the History of the Temurids. Briefly dwelling on its history, it tells in more detail about the inner life of the museum, in other words, about the activities carried out at the present time of the global development of society. As the author emphasizes, the museum, in accordance with the time and its «relatives» here and abroad, actively adopts the experience of -innovations in the field. Of course, one goal is pursued – to be in demand, as time requires.

Музеи во все времена служили источником знания и познания мира как в историческом их ракурсе, так и современном. Служажа очагом высокой культуры и духовности, музеи питают человека эстетикой прекрасного, обогащают его мировоззрение, проявляют интерес к истории, искусству, словом, помогают всесторонне развиваться. Автор статьи постепенно подводит читателя к знакомству с Государственным музеем истории Темуридов. Вкратце останавливаясь на его истории, более подробно рассказывает о внутренней жизни музея, иначе говоря, о деятельности, осуществляемой в нынешнее время глобального развития общества. Как подчеркивает автор, музей, сообразно времени и своим «родственникам» здесь и за рубежом, активно перенимает опыт инноваций в сфере. Безусловно, в том преследуется одна цель – быть востребованным, как того требует время.

Таянч сўзлар:  Амир Темур ва Темурийлар даври, музейлар инфратузилмаси, халқаро маданий алоқалар, «Азрети Султон», NazzAR – инновацион илова, 3D визуализация ва голограмма, «Smart» технологиялар, www.temurid.uz.

Музейлар инсониятнинг тарихий тараққиёт жараёнида ривожланиб бориши, қўлга киритган ютуқлари, бой маданий-маънавий мероси ҳақида кўп билим беради. Юксак маданият учоғи бўлмиш музейлар билан танишиш орқали инсонларда эстетик идрок қобилияти ошади, бунинг натижаси ўлароқ каттаю кичик оламни ўрганади, воқеа-ҳодисаларни, атроф муҳитдаги жараёнларни турфа шакл-шамойилда кўради ва ҳис этади...

XXI аср музейлари ички дунёсига назар ташласак, улар кечаги экспозиялардаги бир хиллик, ўзгармас кўргазмалар, зерикарли экскурсиялардан воз кечиб, ташриф буюрувчиларга манзур келадиган янги йўналишларда фаолият юритаётгани, халқаро алоқалар кенг йўлга қўйилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ўзбекистонда ҳам бу борада саъй-ҳаракатлар давом эттирилиб, музейларимиз жаҳонга танилиб борилмоқда дейишга ҳақлимиз.

Темурийлар тарихи Давлат музейи республикамизнинг етакчи музейлардан биридир. Музей Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттирган. Илмий тадқиқотлар кенг йўлга қўйилган, мунтазам равишда фондларни бойитиш, сақлаш, таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилади, кенг ва тор доирадаги кўргазмалар ҳам ташкил этиб келинади.

Амир Темур ва Темурийлар даври бой тарихини ўзида акс эттирган ушбу музей халқаро маданий алоқаларни ўрнатишда асосий воситачи вазифасини ўтамоқда. Ўтган йиллар давомида Франция, Германия, Австралия, Ҳиндистон, Эрон, Бельгия, Уммон, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланиб бормоқда. Турли давлат музейлари, халқаро илмий тадқиқот марказлари билан бирга кўргазмалар, анжуманлар ва симпозиумлар ташкил этиб келмоқда. Чунончи, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши муносабати билан Туркистон шаҳрида «Темурийлар тарихи Давлат музейи дурдоналари» номли кўргазма очилди. 2019 йилда республикамизда ўтказилган «Қозоғистон йили» доирасида Қозоғистон Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди филиали, Туркистон шаҳри «Азрети Султон» музейи билан ҳамкорликда «Буюк дашт мероси» номли кўргазмалар ташкил этилди.

Музей илмий тадқиқот олиб борувчи маскан сифатида халқаро алоқаларни кенгайтирмоқда. Бу борада ТИКА ва Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда «Темурийлар даврида илм-фан ва маданият» (2017 йил), «Ўзбекистон-Афғонистон» дўстлик жамияти билан ҳамкорликда «Темурий малика Гавҳаршодбегим ҳаёти ва фаолияти» (2018 йил) мавзуларида халқаро илмий-амалий конференция ва симпозиумлар ўтказилди. 2019 йилнинг 10-16 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган «Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан ва маданият» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

«Замонавий Озарбайжондан тарихий Ширваншоҳлар давлатига саёҳат» – ушбу мавзудаги халқаро конференция (2018 йил) доирасида «Ширваншоҳлар саройи» Давлат тарихий-меъморий қўриқхонаси ва Темурийлар тарихи Давлат музейи ўртасида меморандум имзоланди.

Беларусь Республикасининг Миллий-бадиий музейи билан шартнома (2019 йил), Ўш шаҳри (Қирғизистон)даги «Сулаймон Тоо» миллий тарихий-археологик музейи билан меморандум (2020 йил)га эришилгани ҳамкорликда музейшунослик соҳасида экспертлар ҳамда маълумот материаллари билан алмашиш, музей иши йўналишидаги илмий конференция ва семинарлар ташкил этиш борасида тўғридан-тўғри алоқаларга замин яратилди.

Жаҳон музейлари амалиёти ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон музейлари фаолияти тубдан ўзгариб бормоқда. Музейларни ахборотлаштириш тизими, ахборот мониторлар, сенсор инфокиосклар, мультимедия дастурлари, смарт-технологиялар жорий қилиниши саёҳатчилар учун кўп ва кенг қулайликлар яратмоқда. Демоқчимизки, музей бугунги кунда замон талаби ҳисобланган инновацион усуллардан фойдаланишни изчил йўлга қўймоқда. Ўз навбатида, бундай ёндашув музейнинг ҳам жамиятдаги мавқеини тобора ошириб, дунё музейлари қаторидан жой эгаллашига замин яратилмоқда.

Бугунги кунда музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматлар интерфаоллигини ошириш, шу жумладан «smart»-технологиялар (ахборот дўкончалари, 3D-визуализация ва голограмма, QR-кодлар, хорижий тиллардаги электрон гидлар ва ҳоказолар)ни жорий этиш, аҳоли, энг аввало, ёш авлод қизиқишини ҳисобга олиб, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда музейлар фаолиятига инновацион ахборот технологияларини кенг киритиш, экспонатларнинг рақамли шаклларини яратишга эътибор кучайтирилиб, музейшунослик ва музейлар тарихига доир тадқиқотлар ҳам янада кенгайтирилиб борилмоқда.

2019 йилда Темурийлар тарихи Давлат музейининг мобиль иловаси яратилди. Амир Темур ва Темурийлар даврига қизиқувчилар учун иловани мобиль воситаларига юклаб, музейда сақланаётган экспонатлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши мумкин. Ўзбекистон музейлари тизимида илк маротаба 150 дан ортиқ экспонат QR-коди (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) яратилди. Интерфаол сенсор монитор ҳам ташриф буюрувчилар, айниқса, ўқувчилар учун амалий имкониятларни кенгайтириб бераётганини кузатмоқдамиз. Чунончи, музейнинг виртуал шакли ва экспонатлар тасвири намойиш этилиши умумий экспозициялар фондини бойитишга ва, шубҳасиз, ўзига жалб этишга хизмат қилмоқда.

2020 йилда музейда «smart»-технологиялар жорий қилинди. Ташриф буюрувчилар замонавий интерфаол воситалар ёрдамида турли экспонатлар ва музей ҳақида қўшимча маълумотларни олиш имкониятига эга бўлмоқда. Экспонатлар ҳақидаги маълумотлар NazzAR – инновацион илова ёрдамида реал элементлар билан бойитилди. Смартфонни музейнинг 21 та нуқтасига ўрнатилган экспонат тасвири тушурилган AR-белгили махсус тахтачаларга йўналтириб, экспонат ҳақидаги маълумотларга ўзбек, рус, инглиз, француз тилларидаги аудио-видеогид ёрдамида эга бўлиш мумкин. 3D-динамикли голограммалар ҳам акс этиб, турли эффектлар билан тўлдирилди. Бунинг учун фойдаланувчи ўз смарт-фонига Android ва iOS қурилмалари учун ишлаб чиқилган NazzAR иловасини юклаб олиши лозим. Ушбу нновацион лойиҳа Aмир Темур ва темурийлар тарихини янада кенгроқ ёритиб беришга хизмат қилмоқда. «Smart» технологияларни жорий қилиниши музейга республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрувчиларга, бевосита сайёҳларга ҳам катта қулайликлар яратмоқда. Шубҳасиз, бундай имкониятларни янада кенгайтириш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида жаҳон ахборот тизимига шиддат билан кириб келган халқаро интернет тармоғи ҳозирги кунда глобаллашув жараёнида бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан катта ўрин эгаллайди. Музейлар ахборотлаштирилиши ва интернет тизимида маълумотлар базаси яратилиши виртуал томошабиннинг музей билан танишишида ўзаро мулоқот кўринишини беради. Экспонатлар ҳақида тўлиқ маълумот олишда ўзаро виртуал мулоқотлар янгича замонавий-маданий муҳитни яратади.

Шуни инобатга олган ҳолда, музейимизнинг www.temurid.uz деб номланган веб-саҳифаси яратилди. Электрон саҳифамиз орқали музейда кечаётган қизғин ҳаёт – илмий янгиликлар, намойиш этилаётган экспозициялар, тадбирлар, музейга ташриф буюраётган расмий меҳмонлар ҳақидаги маълумотлар матн ва видео кўринишда мунтазам бериб борилади. Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтамизки, веб-саҳифа ёрдамида музейга виртуал саёҳат қилиш имконияти бор, қолаверса, онлайн тарзда чипталар буюртма қабул қилиш хизмати ҳам амалда. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, музейлар ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк, беқиёс маънавий-маърифий манбалар жамланган даргоҳ. Ўзбекистонда фан, маданият, санъат ва тарих соҳаларига оид ноёб экспонатлар йиғилган юзлаб музейлар самарали фаолият кўрсатмоқда деб бемалол айта оламиз. Музейлар бўйлаб ўтказиладиган экскурсиялар, конференциялар, тадқиқотлар халқимиз, айниқса, ёшларга таълим-тарбия беришда ўзига хос усул сифатида намоён бўлиб келмоқда.

Музейшуносликда жаҳон тажрибаларига асосланган ҳолда музей педагогикаси, унинг туризмдаги ўрни, музей коммуникациясида замонавий экспозициялар, инновацион технологияли кўргазмалар, музей менежмент ва маркетинги, музей рекламасига оид фаолият кенгайиб бормоқда. Республикамиз музейлари жаҳон тажрибасидан ўрнак олган ҳолда такомиллаштирилиб борилмоқда. Глобал ривожланиб бораётган замонда музейларда ҳам инновацион технологиялар кенгайтирилиб, янгича ёндашув асосида кўргазмалар ташкил этилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аудитория кенгайишига, янги илмий лойиҳалар ва нашрларнинг кўпайишига имкон бериб келмоқда.