В статье приводится информация о достижениях и перспективах развития информационно-ресурсного центра Ташкентского института инженеров железнодорожного транспорта и его деятельности как единственного вуза в Центрально – Азиатском регионе по подготовке специалистов для железнодорожной отрасли.
Китоб инсоният ижодиётининг ҳайрат ва эътиборга лойиқ кўринишидир. Китобларда кечмиш замонларнинг ақлидроки яшайди. Хоки тупроқлари туш сингари аллақачон тўзғиб кетган одамларнинг овози бурро ва аниқ янграб туради. Инсоният асрлар давомида яратган, тафаккур этган ва эришган нарсаларнинг бари – худди сеҳрли сандиқдай китоблар саҳифасида сақланиб қолаверади. Бундан неча минг йиллар илгари китоб инсоният илғор вакиллари қўлида ҳақиқат ва адолат учун олиб борган курашда асосий қурол бўлган.
Ҳозир ҳам тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китоблар сони билан белгиланади. Бу оддий ҳақиқат. Ўзбек халқи ўз тарихини, маънавиятини, руҳий-маданий қадриятларини англашга янгича ёндашиш жараёнида яққол сезилди. Мустақиллик йиллари ёшларнинг маданий юксалиши, миллий ва илмий тафаккурининг такомиллашувини таъминлаш мақсадида босма ва электрон нашриётлар соҳаси ривожлантирилди.
Тошкент темир йўл муҳандислари институти илмий техник кутубхонаси 1931 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг китоб фонди 4 800 нусхадан иборат эди. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб институт кутубхонасининг фонди анча кенгайиб, 400 000 нусхани ташкил этди. 80-йилларга келиб ушбу фонд 500 минг нусхада ўқув, илмий, бадиий адабиётлар билан бойитилди. Мустақилликдан кейин ахборот-ресурс марказидаги адабиётлар фонди 600 000 дан ортиқ нусхани ташкил этади.
Институт кутубхонаси республикамиз олий таълим муассасалари тизимидаги йирик ахборот марказларидан бирига айланди. Кутубхона ўз фаолияти давомида институтдаги ўқув жараёни, илмий-тадқиқот, илмий-педагогик фаолият, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиради ва улар жадаллашувига хизмат қилади. Шу билан бирга, кутубхона нафақат институт ва унинг жамоаси эҳтиёжлари учун, балки ўз тарихий тараққиёт йўли давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимининг илмий ахборот маркази сифатида ҳам хизмат қилади.
Ҳозирги кунда ахборот-ресурс марказида: Илмий-услубий, Адабиётларни жамлаш ва қайта ишлаш, Адабиётларни сақлаш ва хизмат кўрсатиш, Ўқув адабиётлари, Ахборот ва электрон ресурслар бўлимлари бўлиб, 124 ўринли талабалар ўқув зали, 16 ўринли профессор-ўқитувчилар ўқув зали китобхонларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
АРМ да ягона ўқув билети орқали рўйхатга олинганлар сони 5 585 тани ташкил қилиб, шу жумладан, 3 909 нафар талаба, 301 нафар профессор-ўқитувчи, 1375 та ходим ва бошқа китобхонларни ташкил қилади.


Бугунга келиб институт АРМ хизмат кўрсатиш тизими тубдан ўзгартирилиб, моддий техник база замонавий техник жиҳозлар билан тўлдирилди. АРМ фондини электрон адабиётлар билан бойитиш учун кўп функцияли тезкор сканерлар мавжуд бўлиб, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, профессор-ўқитувчилар маъруза матнларининг электрон нусхаларини институт сайтига қўйиш имконияти яратилган. Шу билан бирга, якка тартибдаги адабиётлар, альбомлар, нодир, ноёб ва хориждан келтирилган адабиётлар нусхалари кўпайтирилиб, институт сайтига ва АРМ электрон кутубхонасига жойлаштирилмоқда.
Электрон ресурслар бўлимида аудиовизу-ал ҳужжатлар картотекаси жамланган, аудиовизуал ҳужжатлар кафедралар бўйича тақсимланган.
Ахборот-ресурс марказида электрон маълумотлар базага киритиб борилади. Бугунги кунда 73 276 та адабиётларнинг библиографик тавсифлари, 3 032 та электрон ресурслар маълумотлар базасига киритилган. Профессор-ўқитувчилар, магистр ва талабалар, Ахборот-ресурс марказидан фойдаланувчилар учун Интернет зали фаолият кўрсатмоқда.
Ахборот-ресурс марказида ноёб адабиётар фонди мавжуд бўлиб, у темир йўл транспортига оид 1844 – 1940 йиллардаги адабиётлар, альбомлар ва ҳужжатлардан ташкил топган.

Жумладан, 1868 йили «Журналъ Министерства путей сообщения» журнали Санкт-Петербургда эски рус ёзувида чоп этилган. Унинг расмий бўлими буйруқлар, ҳисоботларни, норасмий бўлими эса, темир йўл соҳасидаги тадқиқот ва лойиҳаларни ўз ичига олган.
1895 – 1899 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган «М.П.С. Управленiе желъзных дорогъ отчеть начальника работъ по постройкъ Самаркандъ-Андижанской желъзной дороги съ вътвями на Ташкентъ и Новый Маргеланъ» журналида қурилиш бошлиғининг ҳисоботлар баланси ва йўл қурилишининг сарф-харажатлари берилган.
Жамиятимизда бугундаги мавжуд хилма-хил фикрлар ва ғоялар, эркин қарашларнинг ривожланиш жараёни, ахборот ва маълумотларни етказишнинг замонавий усулларининг пайдо бўлиши кутубхона фаолиятини ислоҳ этилишини талаб этди.
Ахборот-ресурс марказининг асосий мақсад ва вазифаси – ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топтириш, уларни маънан етук бўлиб етишишларида намунали хизмат кўрсатиш, керакли адабиётлар, ўқув қўлланмалар билан таъминлаш, адабиётларнинг маълумотлар базасини эшакллантириш, кутубхона фондини янги адабиётлар билан тўлдириш саналади.
