Annotation: This article shows the historical significance of the work «Tarikhi Alfi» written during the reign of the Babur ruler Akbar Shah. The work was written by a group of Persian, Indian and Turkish scholars during the reign of Akbar Shah. As its title sugGESts, the work contains thousands of historical events in one book. This work contains information about the brief history of Arabia, Iran, Turan and India from ancient times to the Baburids dynasty. Also, this source is one of the valuable sources that reflects the events of the creation period of the work, the scientific environment, cultural and political processes in Akbar Shah’s palace.
Keywords: Akbarshah, Mulla Ahmed Tattavi, Asif Khan Qazvini, Naqib Khan Qazvini, Mir Fathullah Shirazi, Hakim Ali Gilani, Abdul Qadir Badauni.
Аннотaция: Ушбу мақолада бобурий ҳукмдор Акбаршоҳ даврида ёзилган «Тарихи Алфий» асарининг тарихий аҳамияти кўрсатиб берилган. Асар Акбаршоҳ даврида бир қанча форс, ҳинд, туркий олимлар уюшмаси томонидан ёзилган. Асарда ўз номидан кўриниб турганидек, минг йиллик тарихий воқеалар бир китобга жамланган. Бу асарда Арабистон, Эрон, Турон, Ҳиндистоннинг қадимги даврлардан бошлаб бобурийларгача бўлган қисқача тарихи ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, бу манба асарнинг яратилиш даври воқеалари, Акбаршоҳ саройидаги илмий муҳит, маданий ва сиёсий жараёнларни ўзида акс эттирган қимматли манбалардан биридир.
Калит сўзлар: Акбаршоҳ, Мулло Аҳмад Таттавий, Осифхон Қазвиний, Нақибхон Қазвиний, Мир Фатҳуллоҳ Шерозий, Ҳаким Али Гилоний, Абдулқодир Бадауний.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан 1526 йил Ҳиндистонда асос солинган империя (1526 – 1858), кейинги ҳукмдорлар даврида юксалишда давом этди. Ҳумоюн, Акбаршоҳ, Жаҳонгир, Шоҳжаҳон, Аврангзеб ҳукмронлиги даврларида империя ўзининг юксалиш босқичини яшаган. Бу давр обайнида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳаёт ҳар томонлама ривожланган. Мамлакатга бошқа давлатлардан олим, ёзувчи, шоирлар оқими энг кўп кузатилган даврлар ҳисобланади. Бобурийлар даврида минтақа нафақат сиёсий ўзгаришлар, балки фаол маданий алмашинувлар даврини бошдан кечирди. ХVI асрда империя ҳудудида яшовчи халқларнинг ранг-баранглиги, маданий ҳаётда ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Хусусан, туркий, форсий, арабий, санскрит тилларида янги тарихий асарлар, шеърлар, маснавийлар, қиссалар яратилган. Бу даврда яратилган тарихий асарларнинг салмоқли қисми форс тилида ёзилган бўлиб, бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.
Бу даврда ёзилган энг муҳим манбалардан бири «Тарихи Алфий» ҳисобланади. Асар турли ислом мамлакатлари тарихи ҳақидаги китоб бўлиб, унда пайғамаримиз вафотларидан кейинги воқеалар тасвирланган.
Асарни ёзишда бир қанча олимлар иштрок этган. Китоб устида 993/1585 йилда Акбаршоҳ буйруғига кўра ҳинд ва форс тарихчилари ишлаган, аммо кейинчалик бу вазифани Аҳмад Таттави зиммасига олган. У 996/1588 йилда қатл этилгандан сўнг, Осифхон асарни давом эттирган ва 1000/1592 йилда ёзиб тугатган. Кейинчалик Абдулқодир Бадауний билан бирга асарни кўриб чиққан.
Мулло Аҳмад Таттави – китобнинг асосий муаллифи ҳисобланган Мулло Аҳмад басралик бўлган. 22 ёшида Эронга келган ва Машҳад, Язд, Шероз каби муҳим илм марказларида таълим олган. Таълимини тугатгач, Қазвинда Шоҳ Тахмасп саройида ишлайди. Тахмасп вафотидан кейин 989/1581 йилда Акбаршоҳ ҳузурига келади. 993/1585 йилда мусулмонларнинг минг йиллик тарихи ҳақидаги китоб ёзиш топшириғини олади. Китоб тугатилмасдан 996/1588 йилда Лаҳорда Мирзо Фавлад томонидан ўлдирилади.
Осифхон Қазвиний – 996/1588 йилда Аҳмад Таттави томонидан тугатилмаган китобни ёзиш вазифаси Мирзо Қавомиддин Жаъфарбекка топширилади. У асарни 1000/1592 йилда ёзиб тугатади. У шоҳ Тахмасп даврида Кошон вазирлигини бошқарган Мирзо Бадиуззамон Қазвинийнинг фарзанди бўлган. Унинг амакиси Мирзо Ғиёсиддин Акбаршоҳ саройида ишлаган ва Осифхонни тарбиясига олган. Кейинчалик Осифхон Акбарнинг невараси Парвизни тарбиялаган. Осифхон ўз даврининг таниқли уламоларидан бири бўлган. У 1021/1612 йилда Жаҳонгир даврида Бурҳампурда вафот этган.
Нақибхон Қазвиний – Мир Ғиёсиддин Али ибн Абдуллатиф ибн Мир Яҳё Қазвиний «Лаб ут-таворих» асари муаллифи. Дастлаб Нақибхон «Тарихи алфий» муаллифлар кенгашининг раиси бўлган. 963/1556 йилда отаси билан Акбаршоҳ саройига келган. Акбар унга «Нақибхон» унвонини берган. У ҳадисшунос олим ва шоир бўлган. У 1023/1614 йилда Жаҳонгир даврида вафот этади1.
Мир Фатҳуллоҳ Шерозий – у тарих, тиббиёт, астрономия фанлари билимдонини бўлган. У Шероздан келиб, Бижапур ҳукмдори Али Одилшоҳ саройида ишаган. 991/1583 йилда Акбаршоҳ хизматига киради. У «Хулосат ул минҳаж», «Иқболномайи Акбарий», «Ҳолоти Кашмир». «Зижи Акбарий» каби асарлар муаллифи2.
Ҳаким Али Гилоний – Акбаршоҳ саройида хизмат қилган тиббиёт ва тиббиёт илмлари билан шуғулланган олим. Акбаршоҳ даврида 700 отлиқ қўшин қўмондони бўлган. Акбаршоҳ ўлим тўшагида ётганда, унга хизмат кўрсатган. Жаҳонгир даврида 1017/1608 йил 2 минг қўшин қўмондони бўлган. У ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарига шарҳ ёзган. 1018/1609 йилда вафот этган3.
Ҳаким Ҳумом Гилоний – Ҳаким Абдулфаттоҳ Гилонийнинг4 укаси ва Акбаршоҳ даврининг етук олимларидан бири. Акбар саройида муҳим лавозимларда ишлаган, Эрон ва Туронга элчи бўлиб ҳам борган. 1004/1595 йилда Лаҳорда вафот этган ва Ҳасан Абдолда катта акаси қабри ёнига дафн этилган5.
Иброҳим Сирҳиндий – Акбаршоҳ даврининг билимли алломаларидан бири бўлиб, диний баҳс ва мажлисларда қатнашган. 994/1586 йилда вафот этган6.
Акбар бошида асарни ёзиш етти кишига топширган. Улар: Нақибхон Қазвиний (1610 йилдан кейин ўлган), Фатҳуллоҳ Шерозий (вафоти1587), Ҳаким Ҳумом (вафоти 1595), Ҳаким Али Гилоний (вафоти 1619), Иброҳим Сирҳиндий (вафоти 1584), Низомиддин Ҳиравий (вафоти 1594), Абдулқодир Бадауний (вафоти 1615), Мулло Аҳмад Таттавий (вафоти 1586), Жаъфарбек Асафхон (вафоти 1612) бўлган. Бадауний асарни таҳрир қилиб чиққан, Абул Фазл Алломий эса муқаддима ёзган7.
Ушбу гуруҳнинг тарихий вазифа учун бирлашиши оддий ҳолат эмас эди. «Тарихи Алфий» асари шунчаки тарихий асар ёзиш лойиҳаси эмас эди. Ёзувчилар гуруҳи ижтимоий-маданий келиб чиқиши билан бир қаторда, илмий соҳаларда ҳам турлича эдилар. Бу таркибга Эрон сафавийлардан келган муҳожир зиёлилар ва турли соҳаларда фаолият олиб борувчи ҳинд ва туркий олимлар киритилган. Улар турли тафаккур мактабларининг вакиллари эди. Улар орасида диншунослар, файласуфлар, мунажжимлар, математиклар, тарихчилар, тиббиёт олимлари ва бошқа соҳаларнинг вакиллари бор эди. Бундан ташқари, уларнинг мафкураси ҳам ҳар хил бўлган. Акбаршоҳ ҳукмронлиги йилларида аҳолига виждон эркинлиги яратиб бериб, ҳеч қайси динни камситмаган. Бу унинг сиёсатининг бир қисми бўлган. Асардаги ёзувчилар гуруҳининг турли дин вакилларидан йиғилиши ҳам унинг диний бағрикенглик сиёсатини кўрсатиб беради.
Асарни ёзишда муаллифлар Байҳақийнинг «Тарихи Байҳақий», Мирхонднинг «Равзат ус-сафо», Хондамирнинг «Ҳабиб ус СИяр», Рашидиддиннинг «Жоме ут-таворих», Зиёвуддин Баранийнинг «Тарихи Ферузшоҳий», Ибн ал-Асирнинг «Ал комил фи-т-тарих» асарларидан манба сифатида фойдаланишган.
Абдулқодир Бадаунийнинг маълумотларига кўра асар уч қисмга бўлинган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан кейинги биринчи йил воқеаларни тузиш вазифаси Нақибхон Қазвинийга, иккинчи йил воқеалари Фатҳуллоҳ Шерозийга юкланган. Шу тариқа, пайғамбаримиз вафотидан кейинги 35 йиллик тарих бир ҳафта ичида ёзилди. Абдул Фаттоҳ Гилоний таклифига кўра, 36 йилдан бошанган воқеалар мулло Аҳмад Таттавий томонидан ёзилган. Чингизхоннинг келишигача бўлган давр Осифхонга берилган. Абул Фазл томонидан ёзилган муқаддима эса йўқолган. Китоб қисмларида расмий боблар ва қисмлар мавжуд эмас, лекин унинг мазмуни хронологик тартибланган. Яъни пайғамбаримиз вафотларидан бошлаб 1000/1592 йилгача. Асар Арабистон, Эрон, Ҳиндистон, Кичик Осиё, Шимолий Африка, Турон ва бошқа ислом малакатлари тарихини ўз ичига олади8.
Биринчи жилд Пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотидан ҳижрий 849 йилгача, иккинчи жилд ҳижрий 36 йилдан Чингизхон давригача, учинчи жилд Чингизхон давридан 1592 йилгача бўлган тарихий воқеаларни ўз ичига олган.
Асарда ислом, турк ва мўғул тарихига оид маълумотлар асосий ўринни эгаллаган. Ушбу асарда Турон тарихи билан боғлиқ бошқа манбаларда келтирилмаган кўплаб маълумотларни учратиш мумкин. Масалан, Ғазнавий султонлар Маҳмуд, Маъсуд, Иброҳим даврларида Ҳиндистонга уюштирилган ҳужумлар ва Ҳиндистонда марказлашган мусулмон давлатининг қурилиши, ғазнавийлар сулоласи ҳукмдори султон Масъуд билан салжуқийлар ўртасидаги жанг, Султон Масъуднинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеалар, Қутбиддин Ойбек томонидан султонликнинг тузилиши, афғонлар томонидан Ҳиндистонда бошқарилган ҳудудлар, музаффарийлар, низомшоҳлар, одилшоҳлар, ануштегинийлар сулоласи ҳукмдори хоразмшоҳ Муҳаммаднинг аббосийлар халифаси Носир Лидийниллаҳ ва мўғуллар ҳукмдори Чингизхон билан дипломатик ва ҳарбий муносабатлари, бобурийларнинг Ҳиндистонда империяга асос солишлари, ҳукмдорларнинг ҳарбий юришлари кенг ёритилган9.
Асарнинг баъзи қисмлари инглиз тилига таржима қилинган ва форс тилида нашр этилган10. Асарнинг қўлёзма нусхалари кўп, лекин ҳаммаси тўлиқ эмас, саҳифалар сонида ҳам номутаносибликлар мавжуд. Ҳайдарободда сақланаётган асарнинг биринчи қисми 1336 саҳифа, саҳифалар 19 қаторлик матндан иборат. Иккинчи қисми 2066 саҳифа, 31 қаторлик матн. Муршидобод навоби кутубхонасидаги нусха энг яхшиларидан бири ҳисобланади. У ерда сақланаётган асарнинг иккинчи қисми 976 саҳифа, 20 қаторлик матн (127 – 500); учинчи қисми 640 саҳифа, 20 қаторлик матн (501 – 672); тўртинчи қисми 1092 саҳифа, 21 қаторлик матн (673 – 974)дан иборат. Учта нусхаси Эронда мавжуд. Улар: Мажлис кутубхонасида 1244/1828 йил, Малак кутубхонасида XVIII асга тегишли, Остон Қудс кутубхонасида сақланади.
«Тарих-и-Алфий» бобурийлар империясига тарихига оид муҳим манбалардан бири ҳисобланиб, унда ўша даврининг тарихий фони, жумладан, сиёсий маданияти,
Ҳиндистонда мусулмонлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва тарихий контекстни тушуниш учун муҳим манбадир. Бу асар бобурийлар ва ундан олдинги даврларда Жанубий Осиёнинг сиёсий эволюциясини ўрганувчи олимлар учун муҳим манбадир.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. آفتاب اصخر. تاریخ نویسی فارسی در هند و پاکستان. . لاهور. ۱۹۸۵
2. Abul Fazl Allami. The Aini Akbari. Calcutta. 1873.
3. Said Reza Huseini. The First Islamic Millennium and the Making of the Tarikh-i Alfi in the Sixteenth Century Mughal India. Leiden University. 2017.
4. Elliot and Dowson. History of India of its own historians. London. 1873.
