В статье представлена информация об изученных исторических документах Хивинского ханства, о политическом и экономическом положении ханства. По статистическим данным в Академии Мамуна в Хорезме имеются более 150 000 тыс.  исторических архивных документов, которые предоставляют возможность научным работникам проводить научная и исследовательские изыскания.

      Ўтмишда ўнлаб тарихчилар қалами билан битилган ва турли даврларга оид қўлёзма, тошбосма асарлар юртимиз тарихини ўрганиш учун асосий манба бўлиб хизмат қила олади. Аммо улардан бошқа яна кўплаб манбалар, ашёвий буюмлар, тангалар, муҳрлар, тарихий аҳамиятга эга меъморий обидалар ва улардаги эпиграфик ёзувлар ҳам борки, улар берадиган маълумотлар халқимиз тарихини янада тўлиқроқ ва аниқроқ қилиб бойитади.

Бирламчи асл манбаларга таянмасдан, бу маълумотларни чуқур ва илмий тадқиқ этмасдан туриб, ҳақиқий тарихни ёрқин ифодалаб бериш мумкин эмаслиги аён. Собиқ шўролар даврида ўтмиш ёдгорликларини авайлаб-асраш ва ўрганиш тўғрисида ҳам кўпгина ҳаракатлар қилинди, лекин атеизм байроғи остида бир қанча обидалар, дахмалар бузиб ташланди, қабртошлардаги ва бошқа обидалардаги ёзувларга диний сарқит сифатида қаралди. Натижада, бу бирламчи манбалар давр тақозоси билан назардан четда қолди.

Эндиликда, тарихни холисона ўрганиш мақсадида бу манбаларга муносабат ўзгарди, чунки булар ўтмишдан қолган ёдгорлик бўлибгина қолмай, балки, тарихдан гувоҳлик берувчи асл ҳужжатлар ҳамдир. Бу ёдгорликлар жумласидаги манбалар қаторида ёзма манба – ҳужжатлар энг муҳимлари саналади.

Ёзма манба ­– ҳужжатларни ўрганиш, уларни илмий муомалага киритиш ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошланган десак, хато қилмасмиз. Бу иш билан мамлакатимизда мустақилликдан кейин кенг миқёсда шуғулланиш бошланди. 2007 йилда ЎзРФАШИ фондида сақланаётган ҳужжатлар асосида нашр қилинган каталогда ёзилишича, Республикамиз архив фондларида 150 000 дан зиёд тарихий ҳужжатлар сақланар экан.

       Япониялик тадқиқотчи Шиоя Акифуми Хива хонлиги даврида чиқарилган хон ёрлиқларидан 123 тасини ўрганган. (62 таси ЎзР Давлат архивида, 19 таси ЎзРФА ШИ да ва 42 таси Хива Давлат «Ичан-қалъа» музей-қўриқхонасида). Шиоя сан фикрича, ёрлиғ деб номланган ҳужжатларни асосан тўрт гуруҳга бўлиш мумкин: 1) Тархон (озодлик) ёрлиқлари, 2) Мансабга тайинлаш ҳақидаги ёрлиқлар, 3) Олди-сотди ҳақидаги ёрлиқлар ва 4) Ҳар хил бошқа ёрлиқлар.

Ёрлиқларнинг ўзига хос ёзилиш қоидаси бўлиб, унга кўра, аввал ҳукмдорнинг исми, унвонлари (айрим ҳужжатларда эса, унданда аввал Аллоҳга мақтовлар билан бошланиб, Унинг ердаги вакили – пайғамбарнинг оиласига ва унинг саҳобаларига салавотлар билан давом этиб, асосий мақсад – мамлакатдаги барча амалдор, давлат хизматчилари ва фуқарога Ёрлиғи Олийнинг мазмунини етказиш эканлиги маълум қилинади.

Тархон ёрлиғи асосан саййидлар, хожалар, шайхлар ва эшонлар авлодларига, шунингдек, хоннинг махсус кишиларига берилганлиги маълум. Бундай ёрлиқлар отадан болага мерос бўлиб ўтиб, ўз кучини йўқотмаган. Агар ҳукмдор ўзгарса, кейинги тахтга кўтарилган хон аввалги ҳукмдор ёрлиғини қайта тасдиқлаган. Тархонлик имтиёзини олган киши хон, подшоҳ олдига бемалол кира олар ва барча солиқлардан озод этилар эди. Ҳатто айрим манбаларда бундай ёрлиқли киши жиноят қилса ҳам жавобгарликка тортилмаганлиги тўғрисида маълумотлар бор.

Ёрлиқларнинг иккинчи тури мансабга тайинлаш ҳақида бўлиб, унда ҳоким, қози, муфти, аълам, мутавалли, оқсоқол, раис ва бошқа мансабларга тайинлаш ҳақидаги ҳукмдор фармони битилган.

Ёрлиқнинг мазмунидан қозиларнинг тайинланган жойи номи, вазифалари, маошлари ва бурчлари маълум бўлади. Бу жойдаги аҳолининг тайинланган кишига бўйсуниши, у билан бамаслаҳат иш қилишлари ва шариат ишларида унга мурожаат қилишлари кўрсатилган. Шунингдек, қозиларга етимларнинг молини ҳимоя қилиш, уларга васийлар тайинлаш, меросхўрларнинг меросларини тақсимлаш, инсонлар ўртасида яхшилик, эзгуликни тарғиб қилиш, шариат таъқиқлаган ишларни қилмасликка ундаш, мактаблардаги қоидаларни ва жамоат намозини назорат қилиш каби ишлар юклатилган.

Ёрлиқнинг мазмунидан қози ва раисларнинг қандай вазифаларни бажаришгани ва айрим ишлари учун халойиқдан ҳақ ҳам олишгани маълум бўлади. Уларга бу ишларни бажариши шартлиги хоннинг фармонида белгиланган. Фармонлар деярлик бир хил шакл ва тартибда ёзилган бўлиб, фақат исмлар ва бажарилиши лозим бўлган ишга қараб матн мазмунида ўзгариш бўлган. Демоқчимизки, аниқ бир қоида амалда бўлиб, буни кўплаб ёрлиқларни қиёсий ўрганиш натижаси кўрсатмоқда.

Ёрлиқда яна қозиларнинг ёзган ҳужжатлари учун оладиган, никоҳ ўқийганда оладиган ҳақи тўғрисида алоҳида уқдирилган. Агар қози Ёрлиқда кўрсатилгандан кўпроқ ҳақ олса, қоидани бузган ҳисобланиб, ишидан озод қилинган. Бу қоидалар Хива хонлигидагина эмас, бутун Ўрта Осиё давлатларида амалда бўлган.

Ўтмиш ҳақидаги тарихий ва бадиий асарларда хонлик давридаги «бой»лар ҳақида жуда кўп маълумотлар берилган. Лекин «бой» атамасини тасаввуримизда қандай қабул қилганмиз? У амалдор, бадавлат шахсми ёки мансаб, лавозими? Бой атамаси ҳақида илмий асарларда ҳам, энциклопедияларда ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган. Аммо бу сўз шўролар замонида бадавлат кишига нисбат берилиб, Бой деганда бадавлат киши тушунилган холос. Аслида ҳам шундайми? Бой ўзи ким эди?

Аваз Муҳаммад бойнинг ўғли Қобил бой ва унинг авлодларига 1830 йилда Оллоқулихон, 1857 йилда Саййид Муҳаммадхон, 1865 йилда Муҳаммад Раҳимхон II томонидан ёрлиқлар берилган. Қуйидаги ёрлиқда жумладан шундай ёзилган: «Қобилбойнинг ўғли Ҳожи Муҳаммадбойни Урганч балдасиға Қаровул (қишлоқ номи) халқиға Юсуф бой ўрниға Бой қилиб Нишони Олийшон суюрғол қилдуқ. То ихлос ва эътиқодиға лойиқ фуқаро аҳволидин огоҳ бўлуб, мазкура балда дарвозалари истеҳкоми ва онинг бурж ва деворларининг йиқилған ва емрулган ерлари биноси иҳтимомиға иштиғол кўргузсун ва мазкур жамоанинг яхши ва ёмони ҳолидин хабардор бўлуб, даргоҳи олий мулозимларидин ҳар турлук хизматиким содир бўлса, биткарсун ва давлати олий салоҳи бўла олғудек ишларга саъй қилиб, эл ва фуқаро манофиға кўвшиш этиб, беважҳи шаръи зарар ва озор еткурмасун. Эм-ди, бу Ёрлиғи Олий мазмуниға огоҳ бўлғоч, мазкура балда аҳли ва Қаровул халқи машори алайҳни ўзлариға бой билиб, даргоҳи олий мулозимларидин судур топған хизмат этмаги бобида, онинг тилин олиб буюрилған хизматни биткарсунлар ва давлати олий салоҳи бўла олғудек кенгашидин чиқмай маорик ва мажолисда бурунғи бойлариға не навъ иззат ва ҳурмат қила келган бўлсалар, мунға доғи ҳамул йўсунда иззат ва ҳурмат қилсунлар. Ва Ёрлиғи Олийни мазмуниға амал қилмоқни ўзлариға лозими билвожиб билиб, мухолифат кўргузмакни сиёсати подшоҳи мавжи англасунлар». 04.06.1276 ҳижрий (29.12.1859) йил.

Ушбу Ёрлиғи Олийдан маълум бўлишича, Хива хонлигида Бой ҳукмдорхон томонидан ҳужжат билан тасдиқланадиган мансаб экан. Унинг юқорида кўрсатилгандек, асосий вазифаси «фуқаро аҳволидин огоҳ бўлиши, шаҳар дарвозалари истеҳкоми ва қалъа деворларининг шикастланган жойларини таъмирлаши, аҳолининг яхши ва ёмони ҳолидан хабардор бўлуб, ҳукумат томонидан буюрилган хизматларни бажарувчи давлати олий ҳимоячиси, эл ва фуқаро манфаатини кўзловчи каби вазифаларни зиммасига олган мансабдор экан.

Ёрлиқларнинг яна бир тури олди-сотди ҳақидадир. Аслида, фуқаро ўртасидаги олди-сотди ҳужжатларини қозилар ёзишган. Лекин подшоҳ мулки ёки давлат мулки сотилганда ҳукмдорнинг муҳри билан ёрлиғ чиқарилган. Бу ёрлиқлар аксар вақтда қози муҳри билан ҳам тасдиқланган, яъни ҳужжат тепасида хон муҳри, пастида қозининг муҳри бўлган. Ана шундай ёрлиқлардан бирида, жумладан, шундай дейилади: «Муҳаммадамин баҳодирхон сўзимиз,

Мароҳими шоҳона ва илтифоти хисраво-намиздин сарбаланд ва аржуманд қилиб Янгиариқ мавзеидағи мамлакаи подшоҳиға тааллуқ топған ердин 30 таноб ерни мувожиби навкария учун Тойлоқ юзбошининг ўғли Мусо юзбошиға 150 тиллага сотдуқ», – деб битилган. Ҳужжатда сотилган ернинг чегаралари кўрсатилган ва Ёрлиғи Олий мазмунидан огоҳ бўлғач, шу ер сотиб олган кишининг мулки холиси бўлгани, ўзидан сўнгра абадул-абад ворисларининг мулки бўлиб қолиши тайинланган.

Хулоса қилиб айтганда, ёрлиқларнинг ўрганилиши натижасида тарихнинг очилмаган ёки тўлиқ очилмаган бир қанча саҳифалари ойдинлашади. Масалан, «тинч кўнгил ва осуда хотир бўлиб, дуои давлати абад» билан машғул бўлиши лозим бўлган шайх ва эшонларнинг жарибу жарибона, бож тўлови каби солиқлардан озод этилиши, уларнинг деҳқончилик, савдо-сотиқ билан ҳам шуғулланганидан далолат беради.

Ёрлиқлар кўпчилик ҳолларда оддий оқ қоғозга қора туш билан ёзилган бўлса, аксар ҳолларда устига геометрик ва ўсимликсимон нақшлардан иборат рангдор, чиройли унвонлар ясалган ва қоғозлари чит, матога ёпиштириб умри узайтирилади.

Ўзбек давлатчилиги ва давлат бошқаруви тарихини ўрганиш юзасидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ана шу ҳужжатларни чуқур ўрганиш асосидагина мукаммал бўлиши мумкин. Бу ҳужжатлардаги айрим унут бўлган ва шевамизга хос атамалар эса чуқур ўрганилишни талаб қилади.