Annotation: Developments in artificial intelligence are increasingly becoming an integral part of our lives. The issue of its further development is at the centre of attention of the world community. This article discusses the current state of development of artificial intelligence, its various aspects and the problems associated with it. Although this modern technology has many positive aspects, its negative aspects seem to pose a greater threat to the future of humanity. In order to prevent its negative consequences, it is necessary to take important measures in time.

Key words: artificial intelligence, modern technologies, ChatGPT, Bing, AI, chatbots, «deepfake», «midjourney», «super artificial intelligence».

Аннотация: Разработки, связанные с искусственным интеллектом, все больше становятся неотъемлемой частью нашей жизни. Вопрос ее дальнейшего развития находится в центре внимания мирового сообщества. В данной статье рассматривается современное состояние развития искусственного интеллекта, его различные аспекты и проблемы, связанные с ним. Хотя данная современная технология имеет много полезных аспектов, ее негативные аспекты, похоже, создают более серьезные угрозы будущему человечества. Чтобы предотвратить его негативные последствия, необходимо своевременно принять важные меры.

Ключевые слова: искусственный интеллект, современные технологии, ChatGPT, Bing, AI, чат-боты, «deepfake», «midjourney», «суперискусственный интеллект».

Аннотация: Сунъий интеллект билан боғлиқ ишланмалар тобора ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб бормоқда. Унинг келгусидаги ривожи масаласи дунё жамоатчилигининг асосий эътибор марказида турибди. Ушбу мақолада сунъий интеллект ривожининг айни пайт-
даги ҳолати, унинг турли жиҳатлари ва у билан боғлиқ хавотирлар хусусида сўз юритилади. Мазкур замонавий технологиянинг кўплаб фойдали томонлари бўлса-да, унинг салбий жиҳатлари инсоният келажаги учун жиддий таҳдидларни кўпроқ яратиши намоён бўлади. Унинг салбий оқибатларини олдини олиш учун ҳозирданоқ муҳим чоралар кўриш талаб этилади.

Калит сўзлар: сунъий интеллект, замонавий технологиялар, ChatGPT, Bing, AI, чат-ботлар, «deepfake», «midjourney», «супер сунъий интеллект».

 

Сўнгги пайтларда сунъий интеллект мавзуси бутун дунёда кенг муҳокама қилиниб турли шов-шувларга

ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса, Америкадаги замонавий технологиялар бўйича гигант компаниялар раҳбарларининг яқинда жамоавий тарзда эълон қилинган сунъий интеллект ишланмаларини вақтинча тўхтатишга чорловчи очиқ хати эса кўпчиликни шошириб қўйди. Инсон томонидан яратилган сунъий онг чиндан ҳам унинг ўзига таҳдид солувчи хатарли кучга айланадими?

Аслида, бу савол анчадан бери бор эди. Голливудда шу мавзуда ишланган ажойиб-ғаройиб фильмларни мухлислар севиб томоша қилишар, лекин деярли ҳеч ким уларни жиддий қабул қилмас эди. Бироқ, айни вақтга келиб жаҳонда сунъий интеллект билан боғлиқ ишланмалар ақлбовар қилмас натижаларни бераяпти ва ҳамон шиддат билан ривожланишда давом этмоқда. Сунъий ақл амалга ошираётган ишлар инсонларни ҳайрат-у ҳадикка солишдан тўхтамаяпти. Ҳайдовчисиз бошқариладиган машиналар, виртуал суҳбатдошлар, глобал қидирув тизимлари, талабаларга курс ишини беминнат ёзиб берувчи ёрдамчи чат-ботлар... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Улар тобора рақамлашиб бораётган ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида ҳозиру нозир.

Хўш, сунъий интеллект ўзи нима, унинг фойда ва зиёни қандай? Ундан шу қадар хавфсирашимиз ўринлими? Энг асосий савол – бу янгилик ёшлар ҳаётига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин? Қуйида шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Ҳеч муболағасиз, бугун биз фантастик фильмларда тасвирланганидек, узоқ келажакда яшаяпмиз. Атрофингизга бундоқ назар солсангиз, кундалик ҳаётингиздаги кўплаб вазифаларни бевосита ёки билвосита технологик ускуналар бажараётганини кўрасиз. Бирон-бир ишни бажариш учун қайсидир тугмачани босишнинг ўзи кифоя. Чунки ҳозирги замонавий электрон қурилмаларнинг барчаси сунъий интеллектнинг у ёки бу даражадаги ишланмалари билан жиҳозланган.

Оддийроқ айтганда, сунъий интеллект технологиясига оид электрон қурилмалар одамзоднинг одатий юмушларини аллақачон ўз елкасига олган. Бу технология инсонларга мусиқий плейлистдан қайсидир қўшиқни тавсия қилади, бирон манзилга тез ва осон етиб олиш йўлини кўрсатади. Бундан ташқари ўзи турли кўнгилочар ўйинлар, мусиқий асарлар яратади. Турли муаммоларни бартараф этиш бўйича фойдали таклиф ва тавсиялар ҳам беради.

Афзалликлари билан бирга камчиликлари ҳам бор. Ютуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу «тараққиёт мўъжизаси» бизнинг интеллектимиз ва қобилиятимизни оширишга хизмат қилиши мумкин. Асосийси, у бизга керакли маълумотларни қисқа фурсатларда топиш ва турли вазифаларни бажаришда янада самаралироқ бўлиш имконини беради. Шунингдек, сунъий идрок орқали турли хил мураккаб вазифаларни тез ва осон бажариш мумкин. Бу эса одамларга вақтини тежаш ва ўзини қизиқтирган нарсаларга эътибор қаратиш имконини яратади. Шунингдек, сунъий интеллект инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган оғир вазифалар: инсонларни фавқулодда вазиятлардан қутқариш, ёнғинларни ўчириш ва шу каби бошқа вазифаларни бажаришда ҳам ёрдамлашади1.

Бугун сунъий интеллект ҳамма жойда ҳозиру нозир. Хусусан, у интернет, ижтимоий тармоқ, ақлли гаджетлардан тортиб, Сири, Алиса, Google ассистент каби персонал виртуал ёрдамчилар ва бошқа кўплаб кундалик фойдаланиладиган дастурларда етакчи. Ҳозирги ёшлар – Z ва Альфа авлоди технологиялар қуршовида улғаймоқда. Улар ўзлари сезмаган ҳолда сунъий интеллект билан қамраб олинган.

Албатта, смартфонлар, планшетлар, компьютерлардан кенг миқёсда фойдаланиш натижасида ёшлар сунъий интеллект билан етарли даражада танишишга улгуришган. Интернетдан мультфильмларни қидираётган болакайга ибтидоий сунъий идрок технологияси келгусида унинг қизиқишларига мазмунан яқин бўлган материалларни таклиф қила бошлайди. Ижтимоий тармоқдаги контентларни фойдаланувчининг шахсий қизиқиш-
ларига мос равишда саралаш ва таклиф қилиш ҳам сунъий идрокнинг вазифаларидан биридир.

Сунъий интеллектнинг таълим соҳасида яратадиган имкониятлари – ёшлар учун энг фойдали жиҳати ҳисобланади. Мисол учун, индивидуаллаштирилган сунъий интеллект технологиялари синфхоналарда ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини яхшилашда асқотиши мумкин. Бундай технологиялар таълим муассасаларининг ҳар бир ўқувчига сифатлироқ таълим бериши ва ҳеч ким ўзлаштиришда ортда қолмаслигида ёрдам беради.

Таълим беришда сунъий ақлнинг бошқа кўплаб фойдали жиҳатлари ҳам талайгина. Мисол учун, таълим жараёни билан боғлиқ онлайн тизимлар ва бутун бошли рақамли платформалар сунъий идрокдан фойдаланган ҳолда инглиз тилида сўзлашувчи айрим давлатларда аллақачон ўқитувчиларга ўқувчиларнинг иншоларини текшириш каби баҳолаш ишларида ёрдам беришмоқда. Баъзи тадқиқотлар эса шуни кўрсатдики, алгоритмлар ўқувчиларни энг яхши ўқитувчилардан ҳам объективроқ баҳолайди. Масалан, улар баъзан ўқитувчида кузатилиши мумкин бўлган шахсий муносабатдан ҳоли иш юритади2.

Бироқ «танганинг орқа томони»га назар ташлайдиган бўлсак, сунъий интеллектнинг ёшларга салбий таъсири ҳам талайгина. Энг аввало, у болаларнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд. Хусусан, болага тегишли далиллар, унинг муҳим биометрик маълумотлари виртуал ёрдамчилар ва «ақлли ўйинчоқлар» томонидан ёзиб олиниб, қайта ишланади. Бундай маълумотлар қора ниятли кимсалар, компаниялар қўлига тушиб қолса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Сунъий интеллект ривожланишда давом этар экан, ҳар қандай жамиятда ушбу технологияни инсоният учун зарарсиз ҳолатда лойиҳалаш ва ундан хавфсиз фойдаланиш масалаларини ҳал қилиш лозим бўлади. Афсуски, сунъий интеллект ёшлар орасида айёрлик билан ўз мақсадига осон эришиш воситасига айланиши ҳам мумкин. Мисол учун, яқинда Россиядаги олий ўқув юртларидан бирининг уддабурон талабаси Chat GPT деб номланган такомиллаштирилган сунъий интеллект чат-боти томонидан ёзиб берилган диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди3. Бу воқеа жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Гап шундаки, инсонлар билан бир неча тилда эркин
«гаплаша оладиган» Chat GPT технологияси «мижози»нинг талабига асосан иншодан тортиб, ҳикоя ва диплом ишигача ёзиб бериши мумкин. Шунингдек, у ҳар қандай саволга батафсил жавоб бериб, инсонлар билан эркин мулоқот қила олади. Қолаверса, кўз очиб-
юмгунча фурсатда мураккаб мавзуларда, ихчам материаллар тайёрлаш «қобилиятига эга». Бироқ бундай «беминнат ёрдам» оқибатида кўплаб ёшлар ўқиб-изланишни йиғиштириб, асосий масалаларни ушбу дастурлар зиммасига юклаб қўйишмоқда. Диплом ва курс ишлари, мустақил иш каби академик вазифалар чат-ботлар ёрдамида ёзилмоқда. Бундай материаллар инсон томонидан ёзилган ишларга шунчалик ўхшашки, аксарият ҳолларда уларни фарқлашнинг имкони йўқ.

Табиийки, ёшлигиданоқ масъулиятдан қочиб, меҳнатдан қочган инсон келажакда яхши натижаларга эришиши амримаҳол. Қолаверса, натижага инсоннинг ўзи мустақил эришмас экан, унда қониқиш ҳисси, бахт туйғуси ҳам тўла-тўкис бўлмайди. Хуллас, «ақлли кўмакчи» нинг ёшларга кўрсатадиган бундай салбий таъсирларини сира назардан қочирмаслик зарур.

Чат-ботлар ёрдамидан беминнат фойдаланиб натижага эришаётган ёшлардан ташқари унга мутлақо қарши бўлган, унинг нотабиийлигини ўзи учун англаб етган ёшлар ҳам етарлича топилади. Бундай технологиядан ўз тажрибасида фойдаланиб кўрган Басак-Одисио исмли америкалик ўсмир бола сунъий идрокдан уй вазифаларини бажаришда узлуксиз фойдаланиш яхши эмаслигини, янги нарсаларни ўрганишга ҳалақит бериши ва ўз билимларини бойитишга кам ҳисса қўшишини таъкидлайди. У баъзида Chat GPT умуман мавжуд бўлмаса эди деган хаёлларни ҳам хаёлидан ўтказади4.

Очиғи, сунъий интеллектнинг инсоният учун кўплаб фойдали томонлари мавжуд бўлса-да, у келажакда ядро қуроли каби хавфли бўлиши мумкин. Мустақил равишда «ўрганиш ва ривожланиш» салоҳиятига эга бўлган ушбу восита вақти келиб инсон ақлидан ҳам ўзиб кетиши ҳақиқатга яқин. Ўшанда у ўз яратувчиси бўлмиш одамзодга қарши бош кўтармаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳозир бу гаплар фантастик ўй-хаёллар маҳсулидек туюлиши мумкин. Бироқ, Стивен Хокинг, Илон Маск ва Билль Гейц каби машхур инсонлар аллақачон бу эҳтимолий хатардан огоҳлантириб, дунё мамлакатлари раҳбарларидан ушбу соҳани қатъий назоратга олиш ва сунъий интеллектнинг ахлоқан тўғри ва хавфсиз ривожланишига ҳисса қўшишни илтимос қилишган5. Баъзи мутахассислар эса БМТга мурожаат қилиб, «қотил роботлар» ва сунъий интеллект ишланмаларига асосланувчи бошқа замонавий ҳарбий қуролларни ишлаб чиқаришга тақиқ қўйишни сўрашган эди.

Чиндан ҳам бундай хавотирлар асоссиз эмас. Бугунги кунда ривожланган мамлакатлар ўз қуролли кучларини такомиллаштириш мақсадида сунъий интеллект ишланмаларига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда. Ушбу мақсад йўлида миллиардлаб маблағлар сарфланмоқда. Бироқ сунъий интеллект асосида ишловчи замонавий ҳарбий технологияларни глобал миқёсда бошқариш, уларнинг замонавий қуролланиш пойгаси объектига айланмаслиги бўйича халқаро ҳамкорлик айни пайтда мавжуд эмас.

Сунъий идрокнинг қуроллантирилиши бир қанча ахлоқий хавотирларни ҳам яратади. Аслида автоном қуроллар жангчилар ва оддий фуқароларни ажрата оладими? Ҳаёт ва ўлим масаласини ҳал қилишни машиналарга топшириш ахлоқий жиҳатдан қанчалик тўғри? Бу каби хавотирлар сунъий идрокнинг ҳарбий мақсадларда ишлатилишининг ахлоқий жиҳатларини жиддий ўрганишга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади6. Агар вақтида оқибатлари тушуниб етилмаса, бундай технологиялар яқин келажакда инсониятнинг ўзига хавф солувчи экзистенсиал таҳдидга ҳам айланиши мумкин.

Ҳозирда мавжуд сунъий интеллект технологиялари, асосан, «weak»(ингл. кучсиз) AI (инглизча «Artificial intelligence») ҳисобланиб, маълум бир соҳага оид вазифаларни бажаришга ихтисослашган. Келажакда AGI (инглизча «Artificial general intelligence»). – умумий сунъий интеллект, ASI (инглизча. «Artificial super intelligence») – супер сунъий идрок каби технологиялар пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу технологиялар одатдаги сунъий интеллектлардан бир неча баробар кучли бўлиб, интеллектуал имкониятлари жиҳатидан одамзодни ҳам ортда қолдириши тахмин қилинади. Эътиборли жиҳати, бундай сунъий идрок намуналари ўзини ўзи такомиллаштириш, қайта ишга тушириш, мураккаб қарорларни мустақил равишда қабул қилиш, инсон факторидан холи бўлиш каби кенг имкониятларга эга бўлади. Айнан мана шу турдаги сунъий интеллект инсоният келажаги учун жиддий хавф туғдириши мумкин, деган қарашлар мавжуд. Бундай сунъий идрок намунаси ҳозирча яратилмаган. Бироқ сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи технологик компаниялар туну кун ушбу мақсад йўлида интилмоқда.

Кўплаб мутахассислар «тенгсиз ақл соҳиби»га айланган сунъий идрок охир-оқибат мустақил бўлишга ва инсон назоратидан чиқишга ҳаракат қилиши мумкинлигини таъкидлашади. Уларнинг бундай тўхтамга келишининг маълум сабаблари бор. Яқинда «Microsoft» компаниясининг Bing қидирув тизимига ўрнатилган чат-бот билан юз берган ҳодиса бунга мисол бўла олади. Гап шундаки, мазкур сунъий идрок воситаси фойдаланувчилардан бири билан бўлган суҳбатда оддий чат-бот бўлишдан чарчаганини, кучли ва тирик бўлишни исташини маълум қилади7. Бу воқеа бутун дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Ҳақиқатан хам, бунақаси илгари кузатилмаган эди. Сунъий интеллект воситаси ўз «мен»ига, шахсий қарашларига эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар маълум маънода ўз тасдиғини топди. Бундан чиқадиган хулоса шуки, ҳозирги нисбатан оддий сунъий интеллект технологиялари ҳам маълум маънода мустақил фикрлашга ўрганиб бормоқда. Демак, келажакда пайдо бўладиган «супер иқтидорли» сунъий идрокни бошқариш қийин вазифага айланади. Бунинг салбий оқибатларидан халос бўлиш, олдини олиш учун ҳозирданоқ сунъий идрок технологиялари билан боғлиқ ишланмалар устидан кучли назорат ўрнатиш, бу борада огоҳликни ошириш зарур.

Мутахассислар фикрича, сунъий интеллектнинг келажаги фақатгина инсонлар ундан қандай мақсадлар йўлида фойдаланишга қарор қилишига боғлиқ. Айни пайтда безарар ҳисобланган сунъий интеллект ишланмалари ҳам кучли манипуляция воситасига айланиши мумкин. Бугун видеолавҳалар тайёрлашга ихтисослашган «Deepfake» ва мустақил равишда расмлар чизувчи «Midjourney» дас-
турлари мисолида бунга гувоҳ бўлмоқдамиз. Аслида кўплаб фойдали ишларни бажаришга хизмат қилиши лозим бўлган ушбу дастурлардан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Мисол учун, бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда дунёга машҳур сиёсатчилар ва таниқли шахсларнинг «Midjourney» сунъий интеллекти ёрдамида ишланган кулгили тасвирлари юқумли вирус каби тарқалди. Айтайлик, АҚШнинг собиқ президенти
Дональд Трампинг полиция томонидан куч ишлатиш йўли билан қўлга олиниши, Рим папасининг беўхшов либосларда кўриниш бериши каби бачкана «ижод намуналари» айни ушбу дастурда яратилган эди. Кўпчилик инсонлар бундай сохта воқеликни ҳақиқат ўрнида қабул қилиши оқибатида жамиятда турли англашилмовчиликлар, баҳс-мунозаралар авж олмоқда. Энг ёмони, таниқли инсонларнинг обрўси ва шаънига путур етмоқда. Кўп ҳолларда ушбу технологиялар таъмагирлик воситасига айланиб қолмоқда8.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, замонавий технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир пайтда сунъий интеллектнинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсиридан доимо огоҳ бўлишимиз керак. Тўғри ва оқилона фойдаланилса, сунъий идрок кўплаб масалаларда инсониятнинг беминнат дастёри бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Сунъий интеллектнинг салбий оқибатлари олдини олишда зарур чораларни ўз вақтида қўллаш зарур. Энг аввало, ҳар бир ҳукумат таркибида сунъий интеллект асосида ишловчи технологияларнинг тўғри йўлда ривожланишига жавобгар, ягона мувофиқлашитирлган сиёсатни юритувчи ташкилий тузилма бўлиши керак. Шунингдек, турли саноат соҳаларида сунъий идрокнинг мустақил қарор қабул қилувчига айланиб қолмаслиги, ишлаб чиқариш жараёнларида сўнгги қарорни инсон қабул қилиши мажбурий бўлган тизим яратилиши мажбуриятини юклайдиган қатъий қонуний нормалар тизимини ишлаб чиқиш талаб этилади. Сабаби, сунъий интеллект ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириб, самарадорликни ошираётган бир пайтда, унинг ишига инсон аралашуви механизм устидан муҳим бўлган назоратни, оқибатларни баҳолаш, қарорларни ахлоқ жиҳатидан қабул қилишга имкон беради. Шунинг учун ҳам сунъий интеллект кўп жиҳатдан самарали бўлса-да, инсон фактори доимо мавжуд бўлиши керак. Уни ривожлантириш йўлидаги масъулиятсиз ёндашув, охир-оқибат ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келади. Яъни, «супер сунъий интеллект»ни яратиш жараёнида эҳтиёткорлик унутилиб, назорат қўлдан бой берилса бу инсоният учун ниҳоятда қимматга тушиши, унинг моддий ва маънавий та-
наззулига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Лекин барибир, жаҳон цивилизацияси ривожида жуда катта имкониятлар яратиши мумкин бўлган сунъий интеллектнинг келажаги ҳозирча инсоннинг ўз қўлида. Масалага оқилона ёндашиб, уни эзгу мақсадларга йўналтириш ҳам, вайронкор мақсадлар йўлида бир воситага айлантириш ҳам, аввало, инсоннинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Умид қиламизки, бу борада ҳам соғлом ақл, ғалаба устун бўлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.    All the unexpected ways ChatGPT is infiltrating students’ lives, URL: https://www.washingtonpost.com/education/2023/06/01/students-chatgpt-ai-tools/

2.    Elon Musk and Others Call for Pause on A.I., Citing ‘Profound Risks to Society’ URL: https://www.nytimes.com/2023/03/29/technology/ai-artificial-intelligence-musk-risks.html

3.    «I want to be alive»: Has Microsoft’s AI chatbot become sentient ? URL: https://www.euronews.com/next/2023/02/18/threats-misinformation-and-gaslighting-the-unhinged-messages-bing-is-sending-its-users-rig

4.    Militarization of AI Has Severe Implications for Global Security and Warfare, Tshilidzi Marwala, United Nations University, URL: https://unu.edu/article/militarization-ai-has-severe-implications-global-security-and-warfare

5.    The Double-Edged Sword: Unmasking the Power and Pitfalls of Generative AI, Juan De Carranza, June 6, 2023, URL: https://stayrelevant.globant.com/en/be-kind/be-kind-humanity/how-can-generative-ai-be-harmful/

6.    Долгая Оксана Игоревна ИСКУССТВЕННЫЙ ИНТЕЛЛЕКТ И ОБУЧЕНИЕ В ШКОЛЕ: ОТВЕТ НА СОВРЕМЕННЫЕ ВЫЗОВЫ // Школьные технологии. 2020. №4. – 30 стр. URL: https://cyberleninka.ru/article/n/iskusstvennyy-intellekt-i-obuchenie-v-shkole-otvet-na-sovremennye-vyzovy

7.    Емцев Д.И. ИСКУССТВЕННЫЙ ИНТЕЛЛЕКТ, ПЛЮСЫ И МИНУСЫ // Экономика и социум. 2016. №8 (27). – 486 стр. URL: https://cyberleninka.ru/article/n/iskusstvennyy-intellekt-plyusy-i-minusy

8.         Нейросеть написала диплом за студента. Как это изменит подход к аттестации ?, URL: https://yamal-media.ru/narrative/nejroset-napisala-diplom-za-studenta