Автор статьи пишет об уникальной работе ремесленников Узбекистана, о развитии соломенного искусства, которое передается из поколения в поколение от мастеров свего дела. Неосведомлённые люди не понимают, как можно создавать такие произведения из соломы. Искусство соломы является одним из древних видов ремесленным искусства, которое практически возникает от богатого воображения. Солома по своим физическим качествам бывает лёгкой, эластичной с нежным золотистым оттенком. Для сбора соломы самое выгодное и лучшее время – это осенний период в разгар уборки пшеницы, ячменя и  других злаков, где при сортировке можно будет различить около сотни разновидностей этого уникального материала.

Асрлар давомида амалий санъат халқнинг моддий ва маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилувчи омилга айланди. Айниқса, Ўзбекистонда бу санъат давримиз талабига мувофиқ намуналар билан бойимоқда. Ўзбек халқи ижодкорларининг кейинги йилларда самарали ижод қилиб, янгидан-янги ютуқларни қўлга киритаётганликлари, бу соҳага кўплаб ёш истеъдод эгаларининг кириб келиши унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради. Бу ҳолатни миллий ҳунармандчилигимизнинг бошқа турлари қатори, сомон санъатида ҳам кўриш мумкин. Кўз илғамас оддийгина сомондан ноёб санъат асарини яратиш мумкинлиги баъзи инсонларнинг ҳатто тасаввурига ҳам сиғмаса керак. Сомон санъати амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири ҳисобланади. Унинг енгил, букилувчан ва тилла рангда ноодатий тарзда товланиши ҳунармандларни ўзига оҳанрабодек тортади.

Сомон текис ва силлиқ юзага эга бўлиб узунасига ингича ипаксимон йўлга эга бўлади. Ушбу хомашё аниқ бир йўналишда товланади. Сомондан яратилган ҳар бир амалий санъат безагига нур қай йўсинда тушишига қараб товланиб ўзгача жило касб этади. Санъат асари учун дон маҳсулотлари бўлган буғдой, арпа сомонлари ва ботқоқ, кўллар атрофида ўсувчи ўсимликлар сомони яроқли ҳисобланади. Сомон ёз ойлари мобайнида йиғиб олинади, аммо олий навли сомон куз ойлари бошида йиғилади, сабаби буғдой ғарқ пишиб тилла рангли тус олади. Бугунги кунда уста ҳунармандларимиз фойдаланаётган сомоннинг қадимги номи курз бўлиб, ҳозирда эса усули, оқ бош ва сомон номи билан аталиб келинмоқда.

Аслида сомон табиий кўринишда 100 дан ортиқ рангларга эга. Тилларанг бўлган сомоннинг рангини янада ёрқин қилиш мақсадида иссиқ ва илиқ рангларда бўяш мумкин. Сомон ўзига бўёқни тез сингдирувчи хусусиятга эга. Сомонга ранг беришнинг 3 хил усули мавжуд:

1.Рангли бўёқ суюқликда қайнатиш. Бунда сомон рангли бўёқларни ўзига сингдиради ва бир    текисда чиқади;

2.Уй шароитида маиший анил бўёқлардан фойдаланилган ҳолатда бўяш мумкин, аммо бу услубда бўялган сомонлар табиий тусини йўқотиб, нотабиий рангга киради;

3.Сомоннинг тусини табиий бўёқлар ёрдамида ўзгартириш, бунда эса сомон ўз табиийлигини йўқотмаган ҳолда ўзга рангда товланади.

Шунингдек, сомонни, асосан, куйдириш йўли билан ҳам ранглари ўзгартирилиб композицияга мос тарзда нур соя ўйини яратилади.

Замонавий ўзбек сомон санъатининг тарихий муқаддимаси узоқ ибтидоий даврларга бориб тақалади. Қадимги даврларда сомон ва қамишлардан турли буюмлар, жумладан, гуруч, гўшт, мевасабзавотлар сақланадиган инсон эҳтиёжлари учун керакли идишлар тўқилган.

Шу билан бир қаторда, сомондан тўқилган қабрлар археологик тадқиқотлар натижасида топилган бўлиб, қамиш жуда секин емирилиш хусусияти мавжудлиги сабабли кўмилган инсонларни жасади, либослари, безак буюмлари нисбатан яхши ҳолатда сақлангани аниқланган. Шунингдек, сомондан тўқилган бўйра ва шу каби буюмларни яратиш санъат намунаси сифатида Кавказорти давлатлари ва Россия Федерацияси ҳудудларида ривож топганлиги бизга маълум.

ХVIII асрда Европа ҳунармандлари сомондан турли хил безаклар ясаб улар билан қути, елпиғич ва соябонларни безашган. Японияда сомондан ясалган безакларни хоналар орасидаги тўсиқ (ширма)ларни безашда, безакли паннолар ва ўйинчоқларни ясашда фойдаланишган. Араб мамлакатларида, Европанинг Польша, Чехия, Украина каби давлатларида безакли панноларга эстетик завқ беришда буғдой сомонидан кенг фойдаланилган.

 Сомон санъати Белоруссияда халқ амалий санъати ҳисобланиб, азалдан ривожланиб келаётгани тарихий манбалардан маълум. Улар, асосан, қўғирчоқлар, ҳайвонлар ясашган. Бироқ бу давлатда сомондан яратилган энг ноёб санъат асари ХVIII аср охири – ХІХ аср бошларига оид қироллик дарвозалари ҳисобланади. Дарвоза синчлари ёғочдан ясалган бўлиб, унинг устки қисми сомон пояларидан ўраб, тўқиб чиқилган. Ушбу санъат асари бугунги кунда Белоруссия халқлари санъати музейи экспонатлари қаторида сақланмоқда. Мазкур ҳунар турида сомон хом ашёсининг аҳамияти катта. Сомон санъатида, асосан, турли ҳажвий, тарихий, севги каби ижодий образлар акс эттирилиб, унда ижодкорнинг истеъдодини дунёга ўз муносабатини турли композицион образлар орқали ифодалашга интилишни белгилаб беради. Бу каби ноёб санъат намуналарини яратиш учун сомон мураккаб жараёндан иборат бўлган йўлни босиб ўтади.

Сомон дастлаб сувга солиб қўйилади, маълум вақт ўтгач сувда ивиган сомон қайчи ёки пичоқ ёрдамида ўртасидан кесиб ёйилади, ички тарафидан эҳтиёткорлик билан дазмолланади.

 Текис ҳолатга келган сомонлар ўзининг рангига қараб ажратиб олинади ва яратилажак композиция учун керакли шаклларда кесиб, кетма-кетликда жойлаштириб чиқилади.

Тасвир янада жонли чиқиши учун эса сомоннинг юза қисми махсус мослама ёрдамида керакли жойларигина куйдириб чиқилади ва натижада қўл меҳнати орқали сомоннинг ясси текислигида уч ўлчамли тасвир яратилади. Мана шундай мураккаб жараёнлардан ўтган оддийгина сомондан бетакрор санъат асарлари яратилади.

Ижодкор аҳли борки, ўз тасаввуридаги гўзалликни бошқаларга ҳам намоён қилар экан, энг аввало, ўзи ҳис қилган, қалбини жумбишга келтирган кечинмаларни асосий ғоя деб билади. Мана шу туб бурилишлар ва янгиланишлар бўсағасида ижодкор янгилик яратади. Шу зайлда у қўлидаги оддийгина сомонга ўзининг олтин қўллари билан жон киритиб, ундан буюк санъат асарларини яратади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун одамлар оддийгина сомондан ишланган асарларга шу қадар мафтун бўладилар. Ҳайрат билан боқиб, таажжубланадилар. Бунинг биргина сабаби – ижодкорнинг маҳорати, қалб ҳарорати ва фикр кенгликлари мана шу биргина асарда мужассам бўлганидадир.

Дастлабки йиллардаги ижодий изланишлар, муаммолари, янгидан-янги мавзулар ва образлари сомон санъати усталари бўлмиш Отабек Йўлдошев ва Анвар Назаровларнинг ижодий асарларида намоён бўлди. Уларнинг маҳорати натижасида сомон санъатини юртимизда чуқур ёйилишига сабаб бўлмоқда. Мазкур соҳа шу қадар нозик ва мураккабки, унда ҳар бир қисм, ҳатто энг майда бўлиб кўрилган масалага ҳам жиддий эътибор қаратишни талаб этади. Бундан ташқари, сомон санъати ўзининг стилистик усуллари билан жуда содда мавзулар мажмуаси репертуарлари билан етарли даражада чегараланган. Ана шундай жараён ўзбек сомон санъатини бугунги кунга келиб аста-секинлик билан шаклланиб боришига замин яратмоқда.

Тажриба ва малакаларнинг ўсиши, замонавий мавзулар, яъни ижобий қаҳрамон образларига нисбатан эътибор кучайиб боришига туртки бўлди. Халқ амалий безак санъатининг ажралмас қисми ҳисобланган бетакрор сомон санъати ўзининг асарлари орқали, яъни аждодларимиздан қолган афсона ва ривоятлар асосида қаҳрамонлар образининг яратилиши, бетакрор тарихий обидаларимиз, гўзал табиатимиз манзаралари, давлат рамзларимизни, халқимиз қаҳрамонларининг қиёфаларини яратилиши кишиларнинг маънавий оламини бойитади, шунингдек бадиий-эстетик дид, инсон руҳиятини шакллантиради ва уни тарбиялашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам ўзбек халқ амалий санъати кишиларни, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни бадиий, ахлоқий, умуминсоний жиҳатлари билан тарбиялаб, уларнинг илмий ва ижодий дунёқарашини, маданий даражасини ривожлантиради.

Ижодкор ўз ватанининг ранг-баранг нуқталарини ўзига сингдиради, табиат муҳитидаги, тарихий анъаналар, меъморий обидалар, ранглар жилосининг ўзига хослиги унинг ижодига бевосита таъсир этади. Уларга ҳажвия, панд-насиҳат, оддийлик муҳрланган, халқ қахрамонига айланган «Хўжа Насриддин» каби турли образларда қариялар айрим жиҳатлари ҳажвияни эслатса-да, ҳаётий таассуротлар орқали муҳрланган образлар билан киришув мосланган. Мазкур санъатдаги ҳар бир тасвирга юқори даражада чуқур, фалсафий ёндошиш натижасида шартлилик, услублаштириш, нисбийлик, рамзийликка асосланган бадиий безак асарларини яратиш тобора кучаймоқда.

Ҳамма жабҳаларда бўлгани каби, сомон санъатида ҳам йиллар ўтгани сайин турли ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда. Инновацион янгиланишлар санъатнинг мазкур турига ҳам кириб келмоқда. Эндиликда дунё ижодкорлари одамларни ҳайратга соладиган санъат асарларини яратиш учун астойдил бел боғлаганлар. Бунинг учун эса улар ўзларининг билим ва маҳоратларини ишга солиб, соҳага янги ғоя ва қарашлар билан кириб келмоқдалар. Сомон санъатида қадим-қадимдан давом этиб келаётган анъаналар янгича замон руҳи билан суғорилиб, нодир дурдоналар дунё юзини кўрмоқда. Ахир бежизга замон талабига ҳамоҳанг бўлиш кераклиги айтилмайдида. Замонавий дунёдаги одамларни ҳайратга солиш учун замонавий руҳдаги ижод намуналарини яратиш керак. Бугун буни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Юртимизнинг гўзал қадимий маҳобатли меъморий обидаларидан мадрасалар, миноралар, масжид-у, мақбаралар сомон оркали уйғунлаштирилган асарларда нафис қиралари ёритиб берилган. Миллий тарихий жойлар сомон аппликация услубдаги тажрибалар амалий санъат билан уйғунлигида юксакликка эришишга интилиш, деталларга ажратиб ушбу тарихий жойлар бадиий-услубий жиҳатдан амалий санъат йўналишга айланди. Ёш ижодкорлар, яъни сомон санъатида фаолият олиб бораётган ва янгиликлар яратиб келаётган иқтидорли ижодкорларимиз бугунги кунда сомон санъатида ўзбекона урф-одатлар, қадриятлар, халқ меросига айланган фольклор ва миллий маданиятимизни кўрсатиб, янги услублар устида қатор изланишларни амалга оширишмоқда. Уларнинг сай-ҳаракатлари ўлароқ сомон санъати тобора халқ ҳунармандчилиги намунаси сифатида усталар, санъатшунослар ва ижодкорлар томонидан тан олинаётгани эътиборга молик ҳолат десак муболаға бўлмайди. Улар томонидан сомон орқали яратиб келинаётган кичик ҳажмдаги асарлар ёки маҳобатли сомон иши намуналари хоҳ хорижда, хоҳ Ўзбекистон шаҳарларида ёки шахсий тўпламлардан ўрин олиб улгурганлиги эътиборга лойиқ ҳолат десак асло муболаға бўлмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий сомон санъати намоёндалари жаҳон ва мамлакат тарихи ва эстетикасига мос келадиган ўз ифода тилини топишга уринмоқда.

Юқоридаги фикрларнинг мантиқий давоми сифатида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, халқ амалий безак санъати нафақат бетакрор санъат, балки сермашаққат ҳунар ҳамдир. У асрлар давомида аждодларимиз томонидан асраб-авайлаб келинган миллий ҳунармандчиликнинг дурдонаси ҳисобланади. Тарихда ва айни кунларга қадар сақлаб келинаётган сомон санъати келгусида янада қадри ва қиймати ортади, ардоқланади. Зеро, кесиб, жойлаштириб, куйдириб, шакл бериб, бўяб ишланган такрорланмас асарлар инсон идрокининг, ҳис-туйғуларининг ифодасидир. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан замонлардан-замонларга, аждодлардан-авлодларга ўтиб, янада юксалиб бораверади.

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Булатов С. Ўзбек халқ амалий безак санъати. – Т.: «Меҳнат», 1991 й.

2.https://news.tut.by/culture/466853.html