Abstract. By the beginning of the 16th century, relations between Turkestan and the Ottoman Empire entered a new phase. The representatives of the Shaybanid dynasty, who seized power in Turkestan at the beginning of this century, engaged in a fierce struggle over the region of Khorasan with the Safavid dynasty established in Iran. In their conflict against the Safavids, the Shaybanid rulers sought to forge an alliance with the Ottomans. The Ottoman Empire was equally interested in such cooperation with the Shaybanids, as the Safavid state posed a direct threat to its eastern borders. Consequently, active diplomatic relations were maintained between the two dynasties throughout the 16th century. Ottoman sources provide crucial data regarding the reception ceremonies of ambassadors arriving from Turkestan. Based on Ottoman source material, this article analyzes the reception and audience processes at the Ottoman court of the ambassador sent by the Khan of Bukhara, Abdullakh Khan II, who visited the Ottoman Empire in 1594.

 

Keywords: Shaybanids, Ottomans, Safavids, Ubaydullah Khan, Sultan Selim II, Sultan Suleiman, Abdullakh Khan II, Ertosh Bahadur.

 

Аннотация. 16-юзйиллик бошларига келганда Туркистон ва Усмонли давлати ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Ушбу даврда Туркистонда ҳокимиятни қўлга олган Шайбонийлар сулоласи вакиллари Эронда қарор топган Сафавийлар сулоласи билан Хуросон ҳудуди учун кескин кураш олиб борди. Шайбоний ҳукмдорлар Сафавийларга қарши курашда Усмонийлар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилдилар. Шайбонийлар билан ўртадаги бундай ҳамкорликдан Усмонийлар ҳам манфаатдор бўлиб, Сафавийлар давлати уларнинг шарқий ҳудудларига бевосита таҳдид солаётган эди. Шу сабабли икки сулола ўртасида 16-юзйиллик давомида фаол дипломатик алоқалар олиб борилди. Усмонли манбаларида Туркистондан келган элчиларни кутиб олиш маросимлари билан боғлиқ муҳим маълумотлар келтирилган. Ушбу мақолада 1594-йили Усмонийлар давлатига ташриф буюрган Бухоро хони Абдуллахон II элчисининг кутиб олиниши ва қабул қилиниши жараёнлари Усмонли манбалари асосида таҳлил қилинади.

 

Калит сўзлар. Шайбонийлар, Усмонийлар, Сафавийлар, Убайдуллахон, Султон Салим II, Султон Сулаймон, Абдуллахон II, Эртош Баҳодир.

 

Аннотация. К началу XVI века взаимоотношения между Туркестаном и Османским государством вышли на новый уровень. Представители династии Шейбанидов, пришедшие к власти в Туркестане в начале этого столетия, вели ожесточенную борьбу за регион Хорасан с утвердившейся в Иране династией Сефевидов. В противостоянии с Сефевидами шейбанидские правители стремились заключить союз с османами. В подобном сотрудничестве со Шейбанидами была заинтересована и Османская империя, поскольку Сефевидское государство представляло непосредственную угрозу её восточным рубежам. По этой причине на протяжении всего XVI века между двумя династиями поддерживались активные дипломатические связи. В османских источниках содержатся важные сведения об аудиенциях и церемониях встреч послов, прибывавших из Туркестана. В данной статье на основе османских источников анализируются процессы торжественного приема и аудиенции при османском дворе посла бухарского хана Абдулла-хана ИИ, посетившего Османское государство в 1594 году.

Ключевые слова: Шейбаниды, Османы, Сефевиды, Убайдулла-хан, Султан Селим II, Султан Сулейман, Абдулла-хан II, Эртош Бахадур.

 

Тарихдан маълумки, дипломатия давлатларнинг сиёсий ва ҳарбий қудратини намоён этишнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб, элчиларнинг зиммасига қарши томонга сиёсий ҳамда психологик таъсир ўтказиш вазифаси ҳам юклатилган. Шу боис туркий давлатчилик анъанасида элчи сифатида юбориладиган шахсларни саралаш қоидаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билиг” асарида мукаммал элчи қиёфасини тавсифлар экан, унинг билимдон, босиқ, фасоҳатли (гапга чечан) ва тадбиркор; кўзи ҳамда кўнгли тўқ, андишали ва одобли бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Шунингдек, муаллиф элчининг астрономия, математика, геометрия каби илмлар билан бир қаторда, ақлий салоҳиятни шакллантирувчи шахмат ва нард ўйинларини мукаммал билиши, чавгон, ёй отиш ҳамда овчилик каби ҳарбий-амалий кўникмаларга эга бўлиши зарурлигини алоҳида қайд этади [6: 84-86].

“Элчи” сўзининг келиб чиқиш асоси “халқ, улус, давлат” маъноларини англатувчи “эл” сўзига бориб тақалади. Илк даврларда ҳукмдор, бошлиқ (бошбуғ) мазмунларини ифодалаган ушбу сўз, вақт ўтиши билан маъно эврилишларига учраб, ҳукмдорнинг хабар етказувчиси деб талқин қилинган. Кейинги босқичларда араб тилининг таъсири натижасида туркий тилда “элчи” сўзи ўрнига “сафир” атамаси ҳам қўлланила бошланди. Даврлар ўтиши билан ҳам маъно, ҳам тушунча (истилоҳ) жиҳатидан ўзгаришларга юз тутиб, элчи ҳукмдорнинг вакили сифатида элчилик (дипломатия) вазифаларини ўз зиммасига олади ва ислом фиқҳига кўра, дахлсизлик ҳуқуқига эга ҳисобланади [10: 3].

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асарида элчи “ялавор” шаклида келиб, уларнинг дахлсизлиги таъминланиши, уларни ўлдириш мумкин эмаслиги ёзилади [9: 340]. Хусусан, Гелиболу Мустафо Алининг “Кунҳул аҳбор” асарида келтирилишича, Султон Боязид Амир Темур элчиларини ўлимга ҳукм қилганида,  Саййид Шамсуддин Муҳаммад Бухорий, Саййид Муҳаммад Фанорий ва бошқа нуфузли вазирлар ҳамда амирларнинг барчаси иттифоқ бўлиб, “Ҳукмдорлар одатига кирмаган бундай ишнинг, яъни элчиларни ўлдиришнинг хотимаси хайрли бўлмайди”,  дея элчиларни ўлимдан қутқариб қолишгани қайд этилади [4: 332-333].

Усмонли салтанатида хорижий элчиларни қабул қилиш ва уларни жойлаштириш тартиби, умуман олганда, давлат анъаналари ҳамда дипломатия концепциясига мувофиқ шаклланган бўлиб, бу жараён ўзига хос элчилик тизимининг қарор топишини таъминлаган. Усмонли тарихчиси Ўручбекнинг қайд этишича, элчиларга иззат-икром кўрсатиш ва эҳтиром бажо келтириш “подшоҳлар одати” (âdet-i pâdişâhân) ҳисобланиб, ҳукмдорлик мақомининг асосий талабларидан биридир. Шунингдек, Хўжа Садиддин афанди ҳам элчиларга юқори баҳо бериш ва уларга илтифот кўрсатишни подшоҳлик анъанаси сифатида баҳолайди. Ушбу омиллар нуқтаи назаридан ёндашилганда, Усмонли давлатида хорижий элчиларни кутиб олиш ва уларни қабул қилиш маросимлари ўта юқори даражадаги изчиллик ҳамда қатъий тартиб-интизом асосида амалга оширилганлиги маълум бўлади.

Элчиларнинг Усмонли тупроқларида кутиб олиниши ва ҳукмдор ҳузурига қабул қилиниши, салтанатнинг элчилик (дипломатик) қарашлари ҳамда давлат анъаналари доирасида белгиланиши билан бир қаторда, омонлик тушунчаси, устунлик руҳияти, имтиёзлар (капитуляциялар) ва аҳдномалар каби омилларга ҳам боғлиқ бўлган. Шунингдек, элчилар келган давлат билан мавжуд бўлган сиёсий муносабатлар, элчилик ҳайъатининг мусулмон ёки ғайридин эканлиги, уларнинг мансаби ва даражалари ҳам қабул маросимларининг қандай тартибда ўтишини белгиловчи бошқа муҳим жиҳатлардан ҳисобланган [11: 221 – 222].

16-юзйилликда Шайбонийлар ва Усмонийлар ўртасидаги элчилик алоқалари ўзаро ҳурмат ва юксак тартиб-қоидалар асосига қурилган. Усмонли архивидаги фармон ва ҳужжатлар шуни тасдиқлайдики, Шайбонийлар элчиларининг йўл давомидаги хавфсизлигини кафолатлаш ҳамда уларни доимий кузатиб бориш давлатнинг муҳим бурчи саналган. Шунингдек, элчилик ҳайъати аъзоларини йўл бўйи ва пойтахтда озиқ-овқат билан таъминлаш, уларга муносиб қўнимжойлар ажратиш ҳамда сафар якунида ҳукмдорнинг қимматбаҳо инъомлари билан сийлаш ўзига хос анъанага айланган.

Шайбонийлар ва Усмонлилар давлати ўртасидаги дастлабки элчилик алоқалари 16-юзйиллик бошларида, яъни Убайдуллахон ва Султон Салим даврида шаклланди. Убайдуллахон 1514-йил август ойида элчиси Хуршид баҳодир орқали Султон Салимга юборган жавоб мактубида султоннинг элчиси Низомиддин Муҳаммадбекка кўрсатилган илтифотларда камчиликлар бўлган бўлса, узр сўраб, Усмонийлардек буюк давлат элчисига муносиб хизмат кўрсатиш мушкуллигини баён қилади [5: 349]. Фаридунбек муншоатида Усмонли салтанатига ташриф буюрган элчиларга қайтиш ижозати берилгач, Ширвон элчисига 7 минг ақча ва бир чатма1, Убайдуллахоннинг элчисига эса 20 минг ақча ва бир кафтан2 берилгани қайд қилинади [5: 474].

Шайбонийлар ва Усмонийлар ўртасидаги дипломатик алоқалар Абдуллахон Искандархон ўғли даврида ўз чўққисига чиқади. 1568 – 1598-йилларда мунтазам равишда икки сулола ўртасида элчиларнинг келиб-кетиши юз берган. Усмонли манбаларида Туркистондан келган элчилар тўғрисида батафсил маълумотлар учрайди. Ушбу мақолада ҳам 1594-йили Бухородан Истанбулга келган Абдуллахон элчилари Усмонли манбалари асосида таҳлил қилинади.

1594-йили Бухородан келган элчилар ҳақида Усмонли ёзма манба ва архив ҳужжатларида маълумотлар қайд қилинган. Айниқса, бу элчилик ҳақида Салоник Мустафо Афандининг “Тарихи Салоники” асарида батафсил маълумотларни учратамиз. Хусусан, ушбу асарда қайд қилинишича, ҳижрий 1002-йил шаҳри рабиул охир ойининг 12-кунида3 Абдуллахоннинг элчиси Эртош Баҳодир Оға Абдуллахоннинг номаси билан келади. Усмонийларнинг қадимий қонунлари асосида Яничар Оғаси, рикоби ҳумоюн оғалари, човушбоши ва жебачибоши бирликлари қурол-яроғлар билан зийнатланиб бандаргоҳда элчини кутиб олишади ҳамда Қасри Олийда элчиларни сайр қилдиришади [7: 350].

Саййид Луқмоннинг “Зубдат ут-таворих” асарида ҳам ушбу элчиларни кутиб олиш билан боғлиқ муҳим маълумотлар келтирилади. Хусусан, Абдуллахон элчилари Ускудорга келишганида яничар оғаси билан узанги оғалари(рикоби ҳумоюн оғалари) ва човушбоши уларни кутиб олиб, қадирға4 орқали бандаргоҳнинг нариги тарафига ўтказишади. Сўнг Қосим Пошо чашмаси қаршисидаги назарайи ҳумоюн шоҳнешини5 олдидан ўтилиб, Оқсарой мавзесига жойлаштирилади. Дастлаб, элчилар шарафига зиёфат уюштирилиб, ундан сўнг келтирилган совғалар қабул қилинади. Элчилар султоннинг қўлини ўпиш одатини бажаргач, Абдуллахон номасини топширишади. Шундан сўнг султон томонидан ҳам жавоб мактуби ёзилиб, элчиларга ўз мамлакатига қайтишга рухсат берилади [8: 518].

“Тарихи салоник” асарида ёзилишича, Бухородан келган элчиларни Султон ҳузурига қабул қилиш мақсадида рабиул охир ойининг ўрталарида девон чақирилиб, элчи Эртош Баҳодир олиб келган пешкаш ва ҳадялар қабул қилинади. Сўнг олий зиёфат берилиб, элчига кунлик харажатларини таъминлаш мақсадида масроф(харажат) улуфаси ажратилади. Элчилар орқали юборган номасида Абдуллахон Хоразмга юриш қилиб, ўттиздан ортиқ қалъани эгаллагани ҳамда Хоразм хони Ҳожи Муҳаммадхон бир неча хос яқинлари билан Сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Аббос ҳузурига қочганини баён қилади. Келган элчилар Усмонли ҳукуматидан бир неча тўнлик ҳамма рангдан чухо6 ва баласон ёғи хоҳлашади. Бундан ташқари элчилар олиб келган туҳфа ва ҳадяларнинг номлари ҳам зикр қилинади: 2 жилд Мусҳафи шариф, 1 жилд Низомий “Ҳамса”си, 1 жилд “Шоҳнома”, 2 тахта7 собол (Камчатка сувсари) мўйнаси, 1 тахта олмахон мўйнаси, 1 тахта чилкафа мўйнаси, 2 тахта Хуросон пўстини кабилар [7: 352].

Жумодил аввал ойининг охирларида8 элчиларга қайтиш изни берилиб, улар истаган чуҳа ва баласон ёғи каби нарсалар Фарҳод пошо томонидан олиб берилади9.

Усмонли ҳукумати томонидан хорижий элчиларнинг хоҳиш-истаклари ҳамиша ҳам
қондирилавермаган. Бу ўринда элчиларнинг эътиқоди ва икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муносабатлар асосий мезон бўлган. Хусусан, 5-муҳимма дафтарида ғайридинлар ўлкасига соғлом(ҳужжатларда ярор сўзи келади) от бериш қонунан тақиқланганлиги сабабли, Беч10  ва Леҳ11 қироллари элчиларига от сотиб олишни ман қилиб, вилоят ҳокимларига уларга улов сифатида фақат боргир12 берилиши буюрилади [1: 72 – 73-ҳ.]. Аммо мусулмон ва иттифоқдош давлат вакилларига яхши муомала кўрсатилиб, истаклари қондирилган. Масалан, 7-муҳимма дафтарида Яман бекларбегисига ёзилган ҳукмда Аче13 подшоҳи элчилари ўзлари билан от, қурол-яроғ, мис каби ашёларни олиб кетишни истасалар моне бўлмай, олган ашёларини йўлларда бирор ким томонидан талон-тарож қилинишига йўл қўймай, соғ-солим мамлакатларига етказишни буюради [2: 237-ҳ.].

1594-йили Бухородан келган Абдуллахон II элчилари ҳақида 72-муҳимма дафтарида ҳужжатлар мавжуд. 72-муҳимма дафтарининг 48-ҳужжати Арзирум бекларбегиси, дафтардори ва қозисига юборилган ҳукм бўлиб, унда Бухородан келган Абдуллахон элчилари ўз мамлакатларига қайтиш чоғида пешкаш учун олинган ашёлардан ундирилган бож пуллари ва матоларни қайтариб бериш буюрилади [3: 48-ҳ.]. Бу ҳужжат Усмонли ҳукуматининг асосий иттифоқчиси бўлган Абдуллахон элчиларига кўрсатган ҳурмат-эътиборни ҳамда бухоролик элчилар фойдаланган ҳаракат йўналишини ойдинлаштиради. Туркистондан келган элчилар, асосан, Қора денгизнинг ғарбий қирғоғи бўйлаб Истанбулга келган. Лекин 1590-йили Усмонийлар ва Сафавийлар ўртасида имзоланган тинчлик сулҳига кўра жанубий Кавказ Усмонийлар қўлига ўтгач шарқ тарафдан ҳам хавфсиз йўл очилади.

72-муҳимма дафтарининг 29-ҳужжати ҳам Бухородан келган элчилар тўғрисида бўлиб, ушбу ҳужжат Истанбулдан Шамоҳигача бўлган вилоят бекларбегилари, санжоқбегилари, қозилари, бандаргоҳ ва божхона аминларига юборилган ҳукмдир. Унга мувофиқ, Абдуллахон элчиси Баҳодирга(тарихий асарларда Эртош Баҳодир деб ёзилган бўлса, ҳужжатда фақат Баҳодир исми келади) қайтиш изни берилиб, Шамоҳигача бўлган қайси вилоятга етиб борса, элчи ва одамларига манозил-у мароҳилда ҳусни тадбир ва бошқа лавозим-у муҳиммотларини ҳозирлаш, молларини талон-тарождан асраш, бож ундирмай соғ-солим етказиш, агар мазкур элчи ва одамларидан бирор ким вафот этса, молларига байтулмолчилар ва бошқаларни дахл қилдирмаслик буюрилади [3: 79-ҳ.].

Хулоса қилиб айтганда, 16-юзйилликда Шайбонийлар ва Усмонийлар ўртасидаги муносабатлар самимий ва дўстона руҳда кечди. Бунинг бош омили, бир томондан, Шайбонийлар ва Усмонийларнинг ашаддий рақиби бўлган Сафавийларга қарши биргаликда курашиш зарурати бўлса, иккинчидан, диний бирлик омили эди. Чунки Шайбонийлар ҳам, Усмонийлар ҳам ислом динининг аҳли сунна вал-жамоа йўналишига эътиқод қилишган. Шу сабабли Туркистондан келган элчилар, шайхлар, ҳожилар ва бошқаларга Усмонли ҳукумати томонидан юксак ҳурмат-эътибор кўрсатилган. Айниқса, Макка ва Мадина каби ислом динининг муқаддас шаҳарлари Усмонли султонлари қўлига ўтгач, султон расман бутун мусулмонларнинг халифасига айланади. Бу эса Усмонли ҳукмдорлари зиммасига нафақат ўз фуқаролари, балки бутун ислом олами муаммоларига масъулият билан ёндашиш мажбуриятини юклар эди.

 

----

1   Usmoniylarda ipakli, qabartma gullar tushirilgan mashhur yumshoq mato va undan tikilgan kiyim

2   Usmoniylarda bezatilgan va qimmat matodan uzunligi tizzagacha va ba’zan topiqgacha tushib turadigan, oldi ochiq, ba’zilarining yengi tirsakkacha kesilgan, astrasiz yengil ust kiyimi

3   1594-y 5 yanvar

4   Ham yelkanli ham eshkakli, tez suzadigan hamda boshqarish oson bo‘lgan 25 kishilik kema

5   Nazarayi humoyun shohneshi iborasi Usmonli turkchasida sulton uchun maxsus barpo etilgan kuzatish ko‘shki, xon-balkon yoki saroy lojasi ma’nosini anglatuvchi izofali birikmadir.

6   Chuqo chuha so‘zining eski matinlarda uchraydigan shakli bo‘lib, chuha zich to‘qilgan yungli matodir.

7   Тахта – матолар учун узунлик ўлчови

8   1598-yil fevral oyi o‘rtalari

9   Tarixi salonik, 356-bet

10 Bech – Avstriya

11 Leh – Polsha

12 Borgir beygir so‘zining eski matnlarda uchraydigan shakli bo‘lib, beygir yoki borgir yuk tashish uchun mo‘ljallangan otdir.

13 Ache sultonligi – Indoneziyadagi Sumatra orolining shimoliy qismida, Malakka bo‘g‘ozi va Hind okeani o‘rtasida joylashgan va 1496 yildan 1903 yilgacha mavjud bo‘lgan musulmon davlatlardan biri.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.  T.C. Cumhurbaşkanlığı Devlet Arşivleri Cumhurbaşkanlığı Osmanlı arşıvı (COA), 5 Numaralı Mühimme Defteri

2.  COA, 7 Numaralı Mühimme Defteri

3.  COA, 72 Numaralı Mühimme Defteri

4.  GELİBOLULU MUSTAFA ÂLÎ. KÜNHÜ’L-AHBÂR, 4. RÜKÜN. Hazırlayan Suat Donuk. TÜRKİYE YAZMA ESERLER KURUMU BAŞKANLIĞI. İstanbul, 2024.

5.  Mecmua-yı münşeat üs-Selâtîn Feridun Bey v. 1. Istanbul, 1854

6.  Yusuf Xos Hojib. Qutadg‘u bilig. Toshkent, 2007.

7.  Selaniki Mustafa Efendi - Tarih-i Selaniki 1, 2. Hazırlayan Prof. Dr. MEHMET IPŞIRLI. TÜRK TARIH KURUMU BASlMEVl - ANKARA, 1999.