Abstract. This article analyzes the causes of the decline in children’s reading culture in the context of the modern digital environment and explores practical ways to overcome it. The study examines the impact of gadgets and the media space on children’s attention, reading habits, family communication, and reading motivation at school. As a solution, the article proposes viewing the book not as a competitor to media, but as a cultural experience that should be consciously managed. It substantiates such approaches as cooperation among the family, school, library, and local community; respect for the child’s right to choose; the selection of books aligned with the child’s interests; read-aloud practices; transforming reading into a form of social activity; and the balanced and purposeful use of digital tools. The article is based on dissertations, scholarly articles, and books, and is enriched with practical recommendations.

 

Keywords: children’s reading culture, reading motivation, digital environment, gadgets, family reading, school, library, media literacy, book selection, reading culture.

 

Аннотация. Ушбу мақолада замонавий рақамли муҳит шароитида болалар китобхонлигининг сусайиш сабаблари ва уни бартараф этишнинг амалий йўллари таҳлил қилинади. Тадқиқотда гаджет ва медиа майдоннинг болалар диққатига, ўқиш одатларига, оилавий мулоқотга ҳамда мактабдаги ўқиш мотивациясига таъсири ёритилади. Муаммо ечими сифатида китобни медиа билан рақобатчи эмас, балки онгли бошқарилиши лозим бўлган маданий тажриба сифатида кўриш таклиф этилади. Оила, мактаб, кутубхона ва маҳалла ҳамкорлиги; боланинг танлов ҳуқуқи; қизиқишга мос китоблар; овоз чиқариб ўқиш; китобхонликни ижтимоий фаолиятга айлантириш; рақамли воситалардан меъёрли ва мақсадли фойдаланиш каби йўллар асослаб берилади. Мақола диссертация, илмий мақола ва китоб манбалари асосида ёзилди ҳамда амалий тавсиялар билан бойитилди.

 

Калит сўзлар: болалар китобхонлиги, ўқиш мотивацияси, рақамли муҳит, гаджетлар, оилавий мутолаа, мактаб, кутубхона, медиа саводхонлиги, китоб танлови, ўқиш маданияти.

 

Аннотация. В данной статье анализируются причины снижения детского чтения в условиях современной цифровой среды и рассматриваются практические пути преодоления данной проблемы. В исследовании освещается влияние гаджетов и медиапространства на внимание детей, их читательские привычки, семейное общение и учебную мотивацию к чтению в школе. В качестве решения предлагается рассматривать книгу не как конкурента медиа, а как культурный опыт, который требует осознанного управления. Обосновываются такие подходы, как сотрудничество семьи, школы, библиотеки и махалли; признание права ребёнка на выбор; подбор книг в соответствии с его интересами; чтение вслух; превращение чтения в форму социальной активности; а также умеренное и целенаправленное использование цифровых средств. Статья написана на основе диссертаций, научных статей и книжных источников и дополнена практическими рекомендациями.

 

Ключевые слова: детское чтение, мотивация к чтению, цифровая среда, гаджеты, семейное чтение, школа, библиотека, медиаграмотность, выбор книги, культура чтения.

 

 

Бугунги кунда болалар китобхонлигининг камайиши кўп ҳолларда фақат битта омил телефон ёки планшетнинг кўпайиши билан изоҳланади. Аслида эса масала бундан мураккаброқ. Рақамли қурилмалар болаларнинг вақтини эгаллаётгани рост, бироқ китобдан узоқлашишнинг асосий сабаби техниканинг ўзи эмас, балки болани ўқишга етаклайдиган маданий муҳитнинг заифлашувидир. Оила ичида биргаликда мутолаа қилишнинг камайиши, катталарнинг ўзлари китобни кундалик амалиётга айлантирмагани, мактабда ўқишни баъзан фақат баҳо ва топшириқ билан боғлаш, болага танлаш имконининг кам берилиши, кутубхона ва жамоавий ўқиш майдонларининг сустлиги натижада гаджетлар табиий равишда кучлироқ тортиш марказига айланмоқда. Шунинг учун муаммони ҳал этиш йўли ҳам тақиқдан эмас, ўқиш муҳити ва ўқиш мотивациясини қайта қуришдан бошланиши керак.

Болалар китобхонлиги масаласида энг муҳим нуқта шундаки, ўқиш индивидуал кўникма бўлиш билан бирга ижтимоий ҳодисадир. K.A. N’Namdi «Китобхонликни ривожлантириш жараёнида болалар, ота-оналар, ўқитувчилар ва бутун жамоатчиликнинг иштироки муҳим аҳамият касб этади» деб таъкидлайди1. Мазкур фикр китобхонликнинг табиатан жамоавий таянчга эга эканини кўрсатади: бола якка ҳолда китобхон бўлиб қолмайди, уни бунга олиб борадиган катталар, муассасалар ва қадриятлар тизими бўлади. Демак, болалар китобхонлигининг камайишини фақат боланинг хоҳишига юклаш илмий жиҳатдан тўғри эмас. Агар оилада экран дам олишнинг ягона шаклига айланса, мактабда китоб фақат назорат воситаси сифатида кўринса ва ижтимоий муҳитда китоб ҳақида суҳбат бўлмаса, ўқувчи ўқишни ички эҳтиёж даражасига олиб чиқа олмайди.

Рақамли медиа майдон болага жуда тез ва узлуксиз рағбат беради: қисқа видео, ўйин, тасвир, овоз, дарҳол реакция, алгоритмик тавсия. Китоб эса сустроқ, сабр ва давомий диққатни талаб қиладиган маданий фаолиятдир. Шу боис болалар кўпинча «ўқиш қийин, экран осон» деган яширин хулосага келади. Лекин бу ерда ҳам ечим гаджетни бутунлай чиқариб ташлаш эмас. N.Kucirkova тадқиқотида «Болаларнинг эртакни англаш даражасида сезиларли фарқ аниқланмади» деган хулоса айнан катталар иштирок этган вазиятда қайд этилади2. Бу жуда муҳим далил: мазмунли катталар ҳамроҳлиги бўлса, восита ўзи ҳал қилувчи омил бўлмай қолади. Демак, гаджетга қарши курашишдан кўра, болани рақамли ва босма матн билан тўғри ишлашга ўргатиш, айниқса уйда биргаликда ўқиш тажрибасини кучайтириш самаралироқ.

Шу нуқтада катталарнинг воситачилик роли очилади. A.R. Lauricella ва ҳаммуаллифлар «ҳикоя китоби барибир ҳикоя китобидир» дея, муаммо кўпроқ платформада эмас, ота-она ва бола ўртасидаги мулоқот сифатида намоён бўлишини кўрсатади3. Бошқача айтганда, китоб қоғозда бўладими ёки экранда, бола билан бирга савол бериш, воқеани муҳокама қилиш, қаҳрамонларга муносабат билдириш, тахмин айтиш каби фаол мулоқот бўлмаса, ўқиш чуқур китобхонлик тажрибасига айланмайди. Аксинча, ота-она болага матнни «бирга яшаш» имконини берса, китоб экрандан устун бўладиган ҳиссий ва маънавий қиймат касб эта бошлайди. Шундай экан, биринчи ва энг зарур чорадан бири уйда кунлик ёки камида ҳафталик оилавий мутолаа вақтини жорий этишдир. Бу вақт мажбурий назорат соати эмас, сукунат, суҳбат ва яқинликка қурилган маросим бўлиши зарур.

Болалар китобхонлиги нега камайишини тушунтирувчи иккинчи омил танлов эркинлигининг чекланишидир. Мактаб ва оилада кўпинча «фойдали китоб» мезони катталар томонидан қатъий белгиланади; боланинг қизиқиши эса иккинчи планга тушиб қолади. Ҳолбуки, кўплаб тадқиқотлар айнан танлов ҳисси ўқиш мотивациясини оширишини кўрсатади. Ўқиш бўйича тадқиқотларни умумлаштирган диссертацияда N.Almutawa «рағбат берувчи ва қўлловчи китобхонлик муҳити танлаш имконияти ва мустақил қарор қабул қилиш» мотивациянинг муҳим таркибий шартлари эканини кўрсатади4. Бу хулоса амалиёт учун аниқ йўл-йўриқ беради: болага фақат «мана шу китобни ўқи» демасдан, бир неча яхши вариант таклиф этиш, унга ўз қизиқишига мос матнни танлаш имконини бериш керак. Саргузашт, детектив, комикс, илмий-оммабоп, тарихий ҳикоя, фантастика ёки ҳайвонлар ҳақидаги китоб қайси жанр болани қизиқтирса, китобхонлик ўша нуқтадан бошланади. Аввал одат шаклланади, кейин дид ва мураккаблик босқичма-босқич кенгаяди.

Болага танлов бериш билан бирга, китобни унинг ёшига, психологик эҳтиёжига ва тажриба даражасига мослаштириш ҳам зарур. Ўқишга энди кириб келаётган бола учун жуда мураккаб, ҳажман катта ёки тил жиҳатидан оғир матн китобдан бездириши мумкин. Шунинг учун мактаб ва ота-она «энг яхши китоб»
ни эмас, «айнан шу бола учун айни пайтда энг тўғри китоб»ни қидирмоғи керак. N. Kucirkova «Ҳар хил рақамли китоблар турли болалар ҳамда ота-оналарнинг эҳтиёж ва хусусиятларига кўра мос бўлади» деб ёзади5. Мазкур фикрни босма китобга ҳам татбиқ этиш мумкин: ҳар бир бола учун бир хил ўқиш модели бўлмайди. Кимдир овозли ўқишга, кимдир қисқа ҳикояларга, кимдир тасвирли нашрларга, яна кимдир серияли асарларга тезроқ киришади. Шундай ёндашув китобни жазога эмас, шахсий топилмага айлантиради.

Муаммонинг учинчи жиҳати мактабдаги китобхонлик фаолиятининг кўпинча баҳо, режа ва назорат билан ортиқча боғланиб қолишидир. Ўқувчи учун китоб фақат синовдан ўтиш қуроли бўлиб қолса, унда китобдан завқ олиш ҳисси сўнади. Мактаб ўқишни фақат дарслик билан чекламаслиги, эркин мутолаа вақтини ҳам ташкил этиши лозим. N.Almutawa диссертациясида юқори синфларда ўқиш мотивациясининг пасайиши ўқувчига етарли ўқиш вақти берилмаслиги, муҳитнинг қизиқарли эмаслиги ва қизиқишлар инобатга олинмаслиги билан боғланади6. Демак, дарс жараёнида камида
ҳафтасига бир-икки марта «эркин ўқиш дақиқалари»ни жорий этиш, ўқувчиларга танлаган китоби ҳақида қисқа суҳбат қилиш, «энг тўғри жавоб» эмас, шахсий таассуротни қадрлаш керак. Ўқитувчи китобни тушунтирувчи эмас, китобга элтувчи кўприк бўла олганида натижа кучаяди.

Бундан ташқари, бугунги болага китобни ёлғиз фаолият эмас, ижтимоий тажриба сифатида кўрсатиш жуда муҳим. Чунки медиа майдоннинг жозибаси унинг ижтимоийлигида: лайк, изоҳ, улашиш, бирга ўйнаш, трендга қўшилиш. Китоб ҳам шундай ижтимоий майдонга айлантирилса, у рақобатда ютқазмайди. C. Webber ва ҳаммуаллифлар ўқиш мотивациясини қўллаб-қувватловчи фаолиятлар қаторида ўқувчиларнинг ўз китобини танлаши, ўқиш орқали бошқалар билан алоқа ўрнатиши, бир-бирига тавсия бериши, жамоат жойларида ўқиши ва тенгдошлар модели муҳим эканини кўрсатади7. Демак, синфда «мен тавсия қиламан» дақиқалари, китоб алмашув бурчаги, муаллиф билан учрашув, китобхонлик клуби, ўқилган асар асосида кичик саҳна кўриниши ёки подкаст ёзиш каби шакллар болалар учун жуда фойдали. Бунда мақсад китоб атрофида ижобий ижтимоий нуфуз яратишдир. Бола китоб ўқигани учун ёлғиз эмас, аксинча фаол ва қизиқарли жамоанинг аъзоси эканини ҳис қилиши керак.

Оила, мактаб ва жамият ҳамкорлиги масаласи бу ерда яна марказга чиқади. H. Değirmenci Gündoğmuş рақамли даврда ўқиш маданиятини шакллантириш вазифаси «оила, таълим муассасаси ва жамият» зиммасида эканини таъкидлайди8. Муаллиф шунингдек «ўқув клублари, адабий кечалар ва ёзувчилар билан суҳбатлар» сингари майдонлар яратилиши кераклигини қайд этади9. Бу фикрлар Ўзбекистондаги амалиёт учун ҳам ниҳоятда долзарб. Маҳалла марказлари, мактаб кутубхоналари, болалар марказлари, ёшлар кутубхонаси, театр ва музейлар билан ҳамкорликда «китоб ҳафталиги», «оилавий мутолаа куни», «битта маҳалла битта китоб», «севимли қаҳрамоним» каби лойиҳаларни кўпайтириш мумкин. Бундай тадбирлар тантанавор ҳисобот учун эмас, боланинг китоб билан учрашувини мунтазам ва қувончли қилиш учун хизмат қилиши керак.

Китобхонликни тиклашда кутубхона масаласига алоҳида эътибор зарур. Кўпинча кутубхона фақат китоб сақланадиган жой деб тушунилади, ҳолбуки у ўқиш мотивациясини уйғотадиган маданий марказ бўлиши керак. Болалар учун қулай ўқиш бурчаклари, юмшоқ муҳит, рангли кўргазмалар, ёшга мос фонд, кичик муҳокама жойлари, ота-она билан бирга келиш имконияти, ҳафталик қизиқарли тавсиялар китобнинг жозибасини оширади. Замонавий кутубхона қоғоз китоб билан чекланиб қолмай, аудио китоб, электрон каталог, муаллиф видеолари, мавзули кўргазма ва ўйинли топшириқларни ҳам уйғунлаштириши мумкин. Муҳими, буларнинг барчаси болани китобдан узоқлаштирмаслиги, аксинча китобга олиб кириши керак.

Рақамли воситалардан фойдаланишни бутунлай тақиқлаш амалий жиҳатдан ҳам, тарбиявий жиҳатдан ҳам тўлиқ самарали эмас. Болага гаджетдан меъёрли ва мақсадли фойдаланиш маданиятини ўргатиш муҳимроқ. Масалан, телефон ёки планшетдан китоб триллерини кўриш, муаллиф ҳақида қисқа маълумот топиш, ўқилган асар юзасидан аудиофикр ёзиш, электрон луғатдан фойдаланиш, электрон китобнинг қисқа парчаси билан қизиқишни уйғотиш мумкин.

Аслида технологиянинг салбий таъсири бўлсада, у болаларда ўқиш кўникмаларини ривожлантириш учун ишлатилиши зарурдир. Бунинг учун ота-оналар фарзандлари технологиядан қандай фойдаланишини назорат қилишлари, шунингдек, болаларда самарали мутолаа маданиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг илмий ютуқларини яхшилашга ёрдам беришда ўқитувчилар ва таълимнинг бошқа мутахассислари билан  ҳамкорликда ишлаш кераклигини тақозо этади10.

Aсосий қоида шуки, экран ўқишни бўлиб юбормаслиги, аксинча уни чуқурлаштириши керак. C.Vargas ва ҳаммуаллифлар тадқиқотида ўқувчиларда умумий ўқиш частотаси пастлиги, босма ихтиёрий ўқишнинг матн тушуниш билан ижобий, академик рақамли ўқишнинг эса салбий боғлиқлиги кўрсатилади11. Бу далил бизга шуни англатадики, экран борлиги эмас, ундан қандай мақсадда ва қандай режимда фойдаланиш ҳал қилувчи омилдир. Чуқур мутолаа учун босма китобнинг афзаллиги сақланиб қолади; рақамли восита эса ёрдамчи бўлиши керак.

Болалар китобхонлигини тиклашнинг амалий жиҳатлари орасида уй шароитидаги китоб ресурслари алоҳида аҳамиятга эга. C. Clark va A.Teravainen таҳлилида «Шахсий китобларига эга болалар ўқишга кўпроқ қизиқадилар» деган хулоса келтирилади12. Худди шу манбада ўқишдан завқланишни шакллантиришда «саралаш» муҳим омил экани алоҳида кўрсатилади13. Бу икки далил жуда содда, аммо кучли амалий тавсияга олиб келади: бола учун уйда шахсий китоб жавони ёки ҳеч бўлмаса ўзига тегишли кичик китоб бурчаги бўлиши зарур. Ўзига тегишли китоб боланинг мулкий ҳиссини, қайта-қайта варақлаш одатини ва китоб билан яқинликни кучайтиради. Ҳар ой камида битта янги китоб олиш, туғилган кунларда китоб совға қилиш, эски китобларни алмаштириш ярмаркаларини йўлга қўйиш, кутубхона аъзолигини оилавий одатга айлантириш каби кичик чоралар вақт ўтиши билан катта самара беради. Энг муҳими, бола китобни «мактаб вазифаси» эмас, ўзига тегишли қимматли предмет ва шахсий макон сифатида қабул қила бошлайди.

Шунингдек, китобхонликни ёш хусусиятларига қараб ташкил этиш лозим. Бошланғич ёшда расмли китоблар, такрорланувчи сюжетлар, овоз чиқариб ўқиш ва қисқа суҳбатлар устун бўлса, ўрта ёшда саргузашт ва қаҳрамонлик мотивлари, тенгдошлар тавсияси, серияли асарлар, викторина ва ижодий топшириқлар кўпроқ ишлайди. Ўсмирлик даврида эса шахсий танлов, дахлсизлик ҳисси, муҳокама ва ўз фикрини эркин айта олиш муҳим бўлади. C.Webber ва ҳаммуаллифлар ўқувчининг ўз тажрибаси ва қараши ҳисобга олиниши зарурлигига урғу беради14. Демак, барча ёш гуруҳига бир хил китобхонлик модели тавсия этиш кутилган натижани бермайди. Ўқитувчи ва ота-она боланинг ёшига мос равишда аввал қизиқишнинг «кириш эшиги»ни топиши, кейин аста-секин мураккаброқ ва бадиий жиҳатдан бойроқ асарларга йўналтириши керак.

Яна бир муҳим масала китоб ҳақида савол бериш усули. Кўпинча катталар ўқилган асардан фақат воқеани қайта айтиб беришни сўрайди. Бу эса китобни текширув воситасига айлантиради. Аслида «қайси қаҳрамон сенга яқин бўлди?», «нима учун шу жойи ёқди?», «агар сен бўлсанг қандай йўл тутардинг?» каби очиқ саволлар болани матн билан шахсий алоқага киришга ундайди. Китоб ҳақидаги суҳбат баҳоловчи эмас, тингловчи оҳангда олиб борилганда бола фикрини яширмайди ва кейинги китобга нисбатан ички тайёргарлиги кучаяди. Шундай қилиб, китобхонликни тиклаш фақат ўқиш сонини ошириш эмас, балки ўқишнинг мазмунли, мунтазам ва ижобий тажрибага айланишини таъминлашдир.

Болалар китобхонлигини ошириш бўйича яна бир самарали йўл катталарнинг шахсий намунасидир. Бола кўп ҳолларда айтилган насиҳатдан кўра кўрган одатни қабул қилади. Уйда ота-она фақат телефон билан банд бўлиб, боладан эса китоб ўқишни талаб қилса, бу талаб ишончли кўринмайди. Шунинг учун оилада «жим ўқиш вақти», «ҳафтанинг бир китоби», «ухлашдан олдинги ўқиш», «китоб совға қилиш куни» каби одатлар пайдо бўлиши керак. Муҳим жиҳат китобни соврин эмас, муносабат воситаси сифатида беришдир. Бола учун китоб завқ, яқинлик, суҳбат ва кашфиёт билан боғлана бошласа, у медиа майдоннинг тезкор жозибасига қарши ички таянч ҳосил қилади.

Хулоса қилиб айтганда, болалар китобхонлигининг пасайиши гаджетлар кўпайганининг оддий натижаси эмас; у ўқиш маданиятини ушлаб турган оилавий, мактабий ва ижтимоий механизмларнинг сустлашуви билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли муаммонинг ечими ҳам кўп қатламли бўлиши лозим: оилада биргаликда мутолаа қилиш, мактабда эркин ўқиш ва танловни кучайтириш, кутубхонани жозибадор маданий майдонга айлантириш, китобхонликни клуб ва суҳбатлар орқали ижтимоийлаштириш, рақамли воситалардан меъёрли ва мақсадли фойдаланиш, бола қизиқишига мос сифатли китоблар таклиф этиш, ўқитувчи ва ота-онани китобга элтувчи ҳамроҳ сифатида тайёрлаш зарур. Шунда китоб гаджетга ютқазадиган эски шакл эмас, боланинг тафаккури, тасаввури ва ички дунёсини бойитадиган замонавий эҳтиёжга айланади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Almutawa N. Reading Motivation: A Survey of Elementary, Middle, and High School Students: Doctoral dissertation. Gainesville: University of Florida, 2019. 130 p.

2. Clark C., Teravainen A. Research Evidence on Reading for Pleasure. London: Department for Education, 2017. 33 p.

3. Değirmenci Gündoğmuş H. Children and Reading Culture in the Digital Age // Journal of Social Sciences and Education. 2024. Vol. 7, No. 1. P. 170–181.

4. Kucirkova N. Children’s Reading With Digital Books: Past Moving Quickly to the Future // Child Development Perspectives. 2019. Vol. 13, No. 4. P. 208–214. DOI: 10.1111/cdep.12339.

5. Lauricella A.R., Barr R., Calvert S.L. Parent–child interactions during traditional and computer storybook reading for children’s comprehension: Implications for electronic storybook design // International Journal of Child-Computer Interaction. 2014. Vol. 2, No. 1. P. 17–25. DOI: 10.1016/j.ijcci.2014.07.001.

6. N’Namdi K.A. Guide to Teaching Reading at the Primary School Level. Paris: UNESCO, 2005. 85 p.

7. Vargas C., Altamura L., Blanco-Gandía M.C., Gil L., Mañá A., Montagud S., Salmerón L. Print and digital reading habits and comprehension in children with and without special education needs // Research in Developmental Disabilities. 2024. Vol. 146. Art. 104675. DOI: 10.1016/j.ridd.2024.104675.

8. Webber C., Wilkinson K., Duncan L., McGeown S. Approaches for supporting adolescents’ reading motivation: existing research and future priorities // Frontiers in Education. 2023. Vol. 8. Art. 1254048. DOI: 10.3389/feduc.2023.1254048.

9. To‘ychiyeva Sh. Bolalar kitobxonligiga rahbarlik qilishda oila, ta’lim muassasasi va kutubxonaning roli/ monografiya/. –Qo‘qon.: «ART PRESS» nashriyot 2024, 86 bet.