Автор статьи пишет об участии в VIII Международном научном семинаре, который проводился в г. Ереване (Армения). Это ежегодное мероприятие собирает специалистов из стран СНГ и зарубежных стран. Основной целью и задачей семинара является сохранение и восстановление рукописного и печатного наследия. Матенадаран – это научно-исследовательский центр Армянский Республики, организованный в 1920 году, где собрана уникальная коллекция, относящаяся к V веку. Там имеется первый армянский алфавит, который создал Месроп Маштоц. Фонд Матенадарана насчитывает около 17 000 экземпляров редких изданий и более 100 000 древних уникальных архивных документов. Кроме этого в Матенадаране ведутся научно-исследовательские работы по сохранности памятников и культурного наследия.
Республикамиз ахборот-кутубхона муассасаларининг фондларида ўзбек ва турли халқларнинг моддий-маданий меросига оид кўпгина, қўлёзма, тошбосма китоб ва ҳужжатлар сақланиб келинмоқда. Ушбу нашрларни эҳтиётлаб сақлаш, уларни консервация ва реставрация қилишнинг замонавий методларини жорий қилиш, босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарларини, қўлёзма ва график ҳужжатлар, нодир нашрларнинг электрон фондини шакллантириш бугунги кунннинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ахборот-кутубхона фаолиятини янада ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорларда МДҲ ва хорижий давлатларнинг тажрибаларини ўрганиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қолаверса мутахассисларни хорижий давлатларга тажриба ўрганиш учун юбориш ҳам белгилаб қўйилган.
Шу жумладан, жорий йилнинг 11–16 сентябрь кунлари Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида «Қўлёзма ва босма меросларни тиклаш, сақлашнинг янги технологиялари» мавзусида VIII Халқаро илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Семинар Арманистон Республикаси Маданият вазирлиги, Арманистон туризмни ривожлантириш фонди ҳамда МДҲ давлатлари иштирокчилари ижтимоий ҳамкорлик фонди (МФГС) кўмагида бўлиб ўтди.
Семинарда МДҲ давлатлари, Европа, Грузия ва Болтиқбўйи давлатларидан 80 дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди.
Семинарнинг мақсади реставраторларнинг, музей, кутубхона ҳамда архив фонди ходимларининг малакасини ошириш, энг зарур билим ва кўникмаларини эгаллаш орқали нодир, ноёб ва алоҳида қимматга эга нашрларни узоқ муддат сақлашга эришишдан иборатдир.
Семинар 3 та шўъбада олиб борилди. Биринчи ва иккинчи шўъбалар реставраторлар учун мўлжалланган бўлиб, унда мутахассислар учун маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Юқори технологиялар ёрдамида фондни сақлаш бўйича 3 шўъба Арманистон Миллий галериясида ташкил этилган бўлиб, унда музей, архив ва кутубхоналарда ҳужжатларни сақлаш, турли хил зарарли ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларни рақамлаштириш масалалари ва тажрибалар муҳокама қилинди.
3 та шўъба йиғилишида дастур бўйича 20 дан ортиқ маърузалар тингланди. Унда Германия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Латвия, Грузия давлатларидан келган мутахассислар маъруза қилдилар. Ҳар бир давлатдан келган иштирокчи соҳа бўйича амалга оширилган ишлар, тажрибалар, келгуси режалари ва муаммолари хусусида фикр алмашишди.
Германиялик мутахассис қўлёзма нашрларни ўқиш, зарарланган қисмларни қайта тиклаш, зарур техника ва дастурлар тўғрисида, россиялик мутахассислар эса, зарарланган материалларни дезинфекция қилиш қоидалари, архив, кутубхона материалларини реставрация қилиш, муқовалаш, сақлаш масалалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Халқаро семинар доирасида Арманистон Республикасидаги Матенадаран илмий-тадқиқот марказига экскурсиялар ташкил этилди. Шу ўринда Арманистон Республикасидаги йирик илмий-тадқиқот маркази қадимий арман қўлёзмаларидан иборат очиқ музей ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш жоиз.
Матенадаран Арманистон Республикасидаги йирик илмий-тадқиқот марказидир. «Матенадаран» сўзи арман тилидан олинган бўлиб, қўлёзмалар деган маънони англатади. У 1920 йилда Эчмиадзин монастирининг коллекцияси асосида ташкил этилган. Ушбу коллекциянинг яратилиши V асрга тўғри келади ва арман алифбосини яратган Месроп Маштоц билан боғлиқ.
Матенадаран фондида 17 мингдан ортиқ қадимий қўлёзмалар, 100 мингдан ортиқ қадимий архив ҳужжатлари мавжуд. Арман тилидаги қўлёзмаларидан ташқари рус, яҳудий, лотин, араб, грузин, ҳинд япон, форс, озарбайжон тилларида 3 мингдан ортиқ қўлёзмалар мавжуд. Музейда 1800 йилгача бўлган 2281 та китоб сақланмоқда.
Матенадаранда арман алифбоси ёдгорликларини ўрганиш ва нашр этиш, матншунослик муаммолари бўйича тадқиқотлар ва бошқа илмий ишлар олиб борилади.
Семинарда иштирок этган мутахассисларнинг маъруза ва иш-тажрибалари билан танишиш орқали Миллий кутубхонада, қолаверса, республикамиздаги йирик ахборот-кутубхона муассасаларида қатор ишларни амалга ошириш лозим деб ўйлайман.
Юртимиз ахборот-кутубхоналарида жуда кўп қимматли, ҳеч бир юртда топилмайдиган нодир ва ноёб нашрлар сақланмоқда. Уларни авваламбор, кўз қорачиғидек асраш билан биргаликда, ўқиб ўрганиш зарур. Бунинг учун нодир нашрларда берилган маълумот ва ёзув, тилларни ўқий оладиган малакали мутахассислар зарур. Ахборот-кутубхона муассасаларида сақланаётган ноёб нашрларга хорижий давлатларнинг қизиқишлари жуда кучли. Бунинг учун қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:
- нодир фондлари мавжуд бўлган ахборот-кутубхона муассасаларига реставратор мутахассисларни жалб этиш;
- реставрация ва консервация ишлари учун керакли жиҳоз ва ускуналарни харид қилиш;
- реставрация ва консервация иши (лабораторияси)ни ташкил этиш;
- Миллий кутубхонадаги реставратор мутахассисларининг малакасини ошириш;
- нодир, ноёб ва алоҳида қимматга эга нашрларни ўқий оладиган мутахассисларни ишга қабул қилиш;
- аҳолида сақланаётган нодир китобларни тизимли сотиб олиш бўйича тегишли меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаб, амалга ошириш механизмини қисқа фурсатларда йўлга қўйиш зарур.
Нодир китоблар, алоҳида қимматга эга нашрлар ҳар бир халқнинг тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этган бебаҳо манбалар ҳисобланади.Уларни асраб-авайлаш, ўрганиш келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
