In the article, the author addresses the study of the cultural spiritual, handwritten heritage of the Turkic peoples. It is well known that the Turkic peoples made a great contribution to the history of the development of human civilization. Many libraries in the world and in our country keep manuscripts written in Turkic languages (with Arabic graphics) and these works are waiting for their readers (researchers) to use. Today, the Institute of Oriental Studies of the Academy of Sciences of Uzbekistan contains more than 74 thousand (74 000) unique manuscript and lithographic publications, and among them, many works are written in Turkic languages. The subjects of these books are diverse, they are devoted to the field of theology, medicine, natural sciences, chemistry, biology, architecture, mathematics, geometry, history and philosophy. In the future, all these unique manuscript heritage in digital form will be copied using modern information technologies, and they can be distributed to a wide audience of users.
В статье автор затрагивает вопросы изучения культурного духовного, рукописного наследия тюркских народов. Общеизвестно, что тюркские народы внесли большой вклад в историю развития человеческой цивилизации. Во многих библиотеках мира и в нашей страны хранятся рукописи, написанные на тюркских языках (с арабской графикой) и эти произведения ждут своих читателей (исследователей) для пользования. На сегодняшний день в Институте востоковедения АН Узбекистана хранится более 74 тысяч (74 000) уникальных рукописных и литографических изданий и среди них очень многие работы написаны на тюркских языках. Тематика этих книг разнообразна, они посвя-щены области теологии, медицины, естествознании, химии, биологии, архитектуре, математике, геометрии, истории и философии. В будущем, все эти уникальные рукописные наследия в оцифрованном виде скопируются с помощью современной информационной технологий, и их можно будет распространять для широкой аудитории пользователей.
Дунёдаги ва мамлакатимиздаги қўлёзма ва тошбосма асарлар фондларида сақланаётган араб графикасида битилган китобларнинг қарийиб 1/3 қисмини туркий тилда ёзилган асарлар ташкил этади. Совет даврида ва ундан кейинги даврларда ҳам араб ва форс тилида арабий графикада ёзилган қўлёзма ва тошбосма асарларга кўпроқ эътибор қаратилди, аммо туркий тилда ёзилган асарлар бирмунча эътибордан четда қолган. Бу ходисанинг ўз ижтимоий ва сиёсий сабаблари бор. Биз ҳозирча бу масалани кўтармаймиз.
Бизнинг ушбу мақоладан асосий мақсадимиз, инсониятни туркий цивилизация маънавий бойликларидан бахраманд қилишга даъват этиш. Маълумки, тарихда туркий тилли халқлар инсоният цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшганлар. Бу уларнинг ёзма манбаларидан кўриниб турибди. Қўлёзма асарлар сақланаётган кутубхоналарда жуда кўплаб туркий тилларда ёзилган асарлар ўз китобхонларини кутиб ётибди.
Тадқиқотчилар инсониятга маълум бўлган ёзма манбалардан туркий тилда араб имлоси билан ёзилган дастлабки йирик асарлардан бири сифатида Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билиг» китобини айтишади. Юсуф Хос Хожиб 1020 йили Боласуғин шаҳрида туғилган, Қорахонийлар саройида хожиблик вазифасини адо этган, йирик мутафаккир файласуф олиб бўлган. Унинг «Қутадғу билиг» («Саодатга йўлловчи билим», 1069—70) асари исломий туркий адабиётни бошлабгина бермай, уни янги тараққиёт босқичига ҳам кўтарган [1]. Икинчи йирик асар Маҳмуд Кошғарий ибн Ҳусайн ибн Муҳаммаднинг (1030–1127) жаҳон туркийшунослигини бошлаб берган машҳур асари «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони») бўлиб, бу асар Абдуваҳоб Мадвалиевнинг маълумотига қараганда 1072 (айрим манбаларда 1075) йилда ёзиб тугалланган [2].
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Абдулла Носировнинг маълумотларига кўра, «Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида 74324 нусха қўлёзма ҳамда тошбосма асар бор. Шундан 42736 таси тошбосма асар» [3] сақланмоқда. Шу ноёб китоблар қаторида кўплаб туркий тилда битилган асарлар ҳам учрайди.
Юқорида қайд этган тадқиқотчининг маълумотларига қараганда, «туркий қўлёзмалар жуда катта географик ҳудудда яратилган ва кўчирилган. Булар: Ўрта Осиё, Ғарбий Сибирь, Урал, Волга бўйи, Шимолий Кавказ, Кавказ орти ўлкалари, Қрим, Туркия, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Кашмир, Миср, Ироқ, Сурия, Болгария, Руминия, Югославия ўлкаларидир» [4]. Туркий қўлёзмаларнинг бир қанчаси ўзбек тилида ёзилган бўлиб, улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қўқон, Наманган, Марғилон, Хива, Қошғар, Истамбул, Қозон, Боку, Москва, Санкт-Петербург, Париж ва Ҳиндистонда нашр этилгандир. Бу китобларда фалсафа, тарих, география, астрономия, математика, хандаса (геометрия), меъморчилик (арихитектура), адабиёт ва санъатга оид билимлар мужассамлашгандир. Жумладан, Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида фалсафага оид 1983та, адабиётга оид 4428та, тарих ва географияга оид 2021та, медицинага оид 479, физика, математика ва геометрияга оид 526та, ислом динига оид 3883та қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланмоқда [4]. Уларни ўрганиш, тадқиқ этиш – туркий цивилизация тараққиёти тарихини ўрганишда муҳим ахамиятга эгадир. Қўлёзмалар ичида “Мўғул дин китоби”, “Китоби Дада Қўрқут”, “Бўз йигит”, “Таранчилар тарихи”, “Бурнумотир”, “Эдика” номли асарлар ҳам мавжуд бўлиб, улар дунёнинг бошқа тилларига ҳам таржима қилинган. Бу китоблардан ташқари ҳам кўплаб туркий тилдаги ноёб қўлёзмалар ҳам борки, уларни ўрганиш туркий халқлар тарихини тадқиқ этишда тарихчилар эътиборидан қолган янги маълумотларни очиш имконини беради.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида кўплаб туркий тилдаги қўлёзмалар мавжуд [6][1]. Масалан, Алишер Навоийнинг «Арбаъийн ҳадис» асари. Асарда Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)нинг халққа машҳур бўлган қирқ дона ҳадислари арабча матни билан келтирилиб, унинг туркий тилда назмий услубда таржимаси ва муножотлари берилган. Фондда Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садр аш-Шариъа ас-Сани ал-Маҳбубий (ваф. 747/1346 й.) мухтасар асарининг туркий таржимаси ҳам мавжуд. Бу асардан Марказий Осиё мадрасаларида фиқҳ илми бўйича дарслик сифатида фойдаланилган.Сўфи Оллоҳёр Оллоҳқули Каттақўрғонийнинг «Саботу-л-ожизийн» асари эса диний, фалсафий, панд-насиҳат асосида ёзилган рисола бўлиб, унда ислом шариат аҳкомлари ва фиқҳий масалаларни шеърий услубда содда тилда тушунтириб берилган.Булардан ташқари фондда Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Фузулий, Ҳувайдо, Собир Сайқалий каби шоир ва адибларнинг шеърий ва назмий рисолалари ҳам сақланмоқда. Шунингдек, Муҳаммад Аваз ибн Мавлоно Садриддин Қорақосий (Қорақоший)нинг юлдузларнинг ўрнини аниқлашга оид астрономик асари «Мажмуат ал-аҳком» ҳам марказимиз манбалар хазинасидан жой олган.
Қадимги туркий хоқонликлар тарихига оид китоблар ҳам Самарқанд давлат университети қўлёзмалар фондида мавжуд. Таниқли турколог-олим Лев Гумилев ўзининг ”Қадимги турклар” номли китобида мана шу қўлёзмалардан рус ва инглиз тилларига таржима қилинган манбалардан самарали фойдаланган[5]. Лекин, тадқиқотчиларимиз кўпроқ араб ва форс тилидаги манбаларга қизиқиб, туркий тилдаги манбаларни эътибордан четда қолдирмоқда.
Қадимги турк тилидаги араб имлосидаги қўлёзмалар, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод шаҳарларидаги қўлёзма фондларида, Уйғуристоннинг Хутан, Қашғар, Ёркент шаҳарларида Мўғилистон ва Хитойдаги қўлёзма фондларида сақланмоқда. Бу қўлёзмаларда ҳам халқимиз тарихи ва урф-одатларига оид қимматбаҳо манбалар мавжуд. Уларни олиб ўрганиш тадқиқотчилар олида тургам муҳим вазифалар жумласига киради.
Кейинги асрларда туркий тилдаги ноёб асарларни босиб чиқариш жонлана бошлаган эди. Жумладан, Хоразм хони Абулғози Баҳодирхоннинг (1603-1664) Ўрта Осиё тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи «Шажараи турк» номли асари Қозон шаҳрида император университети тарафидан 1824 йил ўзбек тилида нашр этилган биринчи босма асар ҳисобланади[3].
Шунингдек, кўпчилик туркий тилдаги арабий қўлёзмалар Европа мамлакатларида Англия, Франция, Германия, Швейцария, Югославия, Болгария, Италия ва Испания кутубхоналарида сақланмоқда. Уларни аниқлаш, электрон нусҳаларини кўчириб олиш, тадқиқ этиш, таржима қилиш ҳам бугунги куннинг зарурий тадқиқотчилик вазифалари қаторига киради. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, А.Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси кутубхонаси, Адабиётшунослик музейи, Самарқанд давлат университети, Қорақалпоғистон, Бухоро давлат университетлари, Бухоро халқаро нақшбандия илмий-тадқиқот маркази, Хоразм Маъмун академияси, Тошкент халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар ичида ҳам туркий тилда ёзилган жуда кўплаб асарлар бор. Уларнинг махсус каталогларини ишлаб чиқиш, электрон-онлайн интернет каталогларини ишлаб чиқиш ва тадқиқ этишга киришиш лозим.
Низомий Ганжавий, Мавлоно Лутфий, Фузулий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг туркий тилда битилган асарларининг ўзи катта бир хазина. Бу йўналишдаги тадқиқотларни амалга оширишда Ўзбекистон, Қозоғизтон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Афғонистон, Туркия ва Уйғуристон олимлари бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамкорликда тадқиқот ишларини тизимли режа асосида амалга оширишлари лозим. Бу туркий халқлар тарихини ўрганишда, жаҳон маънавий хазинасини бойитишда катта амалий ва назарий аҳамиятга эгадир.
Жаҳон қўлёзмалар фондларида сақланаётган туркий тилдаги манбаларни ўрганишни тартибга солиш мақсадида қуйидаги таклифларни тавсия этамиз:
1.Ўзбекистонда туркий тилда ёзилган қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусҳали махсус кутубхонасини ва тадқиқот марказини ташкил этиш зарур.
2. Жаҳон кутубхоналари ва коллекционерлар қўлида сақланаётган туркий тилдаги қўлёзма ва тошбосма асарларининг умумий каталогини ишлаб чиқиш лозим.
3. Туркий тилда ёзилган қўлёзмаларни ўқиш, ўрганиш ва тадқиқ этиш билан шуғулланувчи мутахассисларни тайёрлаш. Бу вазифани бажаришни Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети зиммасига юклаш мақсадга мувофиқ.
4.Ҳар йили туркий тилда гаплашувчи давлатлар ҳамкорлигида туркий тилдаги қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганиш натижалари ва ютуқлари билан жаҳон жамоатчилигини таништириш мақсадида халқаро симпозиумлар ўтказиш керак.
5.Туркий тилда ёзилган асарларни тадқиқ этишга замонавий фалсафий методология ютуқларини, айниқса ночизиқли ёндашувга асосланган синергетик методологияни тадбиқ этиш тадқиқотлар самарадорлигини оширган бўлар эди.
6.Туркий тилда ёзилган қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганишни рағбатлантириш ҳамда бу соҳада мутахассислар тайёрлашни тизимли йўлга солиш мақсадида халқаро жамғарма ташкил этиш.
7. Туркий тилда ёзилган қўлёзма ва тошбосма манбаларни тарғиб этишга бағишланган махсус электрон сайт ва қўлёзма манбаларнинг онлайн-электрон каталоги бўлган рақамлаштирилган халқаро кутубхона ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу таклифлар туркий тилда гаплашувчи давлатлар тарихини, этнографиясини, урф-одат ва анъаналарини ўрганишда муҳим рол ўйнашига ишонамиз.
- [1] Имом Бухорий халқаро маркази Қўлёзмалар каталоги. –Самарқанд: ИБХМ нашриёти, 2018.688б.
