Ҳазрат Навоий инсоният, туркий халқлар, унинг узвий ҳалқаси – ўзбек халқи учун Худо йўлида қилган чексиз яхшиликлари билан, завол билмай, олти юз йил оша бизнинг ажабтовур илм-фан, техника, иқтисодиёт тараққиёти босқичларини ўтаётган замонамизга етиб келмоқда, кўп ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, инсонийлик иш-юмушларимизга рўй-рост раҳнамолик, мададкорлик қилмоқда. Навоий ўлим билмайдиган нарса, вақтнинг қудратига тобе бўлмаган ҳодиса – яхшилик эканлигини тўла-тўкис инсониятга исботлади. Навоийнинг яхшилиги ХХ-ХХI асрда ҳам тўла давом этмоқда. У Чўлпонда ҳам, Абдулла Қодирийда ҳам, Эркин Воҳидовда ҳам, бутун адабиётимиз, санъатимиз, бағримиз кенгайиб, ўпкани тўлдириб нафас олишимиз, Хитойдан то Хуросонгача кўзларимизни тўлдириб, назар солишимизда ҳам, ўзимизни эркин халқлар қатори ҳур одобикром билан тутишимизда ва яна бошқа кўп-кўп олижаноб кор-ҳолларимизда ҳам давом этмоқда. Олти юз йил оша том маънода замонавий шоир ва мутафаккир эканлигига нишон анъаналарини ижодий давом эттирмоқда.
2015 йилдан чиқа бошлаган Эркин Воҳидовнинг саккиз жилдлик асарлари шоир ҳаётлигида, табаррук қўллари билан ўзи тартиб берган ҳолда ёруғ оламни кўрди. Не бахту, не масаррат бўлди шоир учун! Яна бир ажойиб томони, шоир саккиз жилдликнинг тўрт жилдини Ҳазрат Навоий девонларига ҳамоғуш қилди, худди «Хазоин ул маоний» девонлари каби тақдим этди ва уларга Навоийдан улги олиб, ажиб маънодор, мазмундор номлар қўйди: «Баҳор таровати», «Ёз ҳарорати», «Куз саховати», «Қиш ҳаловати»... «Қалб садоқати», «Эрк саодати».
Эркин Воҳидов қирқ ёшига тўлганда нашр этилган 1976 йилги илк танланган асарларини «Муҳаббат» деб атаган, ундан кейин чиққан икки томлик асарларини (1986) «Муҳаббатнома» ва «Садоқатнома» деб номлаганди. Уларнинг ҳар бири 25 минг нусхадан чиққан, давр ўқувчилари ўртасида талашиб ўқилган, шоирга жуда катта шуҳрат келтирган. Эркин Воҳидовнинг китобхонлар билан мулоқотлари шундан сўнг беҳад қизиб кетган, овозаси дунёга ёйилган эди.
Бу гаплар ҳозир фантазия бўлиб туюлади. Мен бу томликларни «зумрад шеър дафтарлари» деб атаб юрардим. Чунки уларнинг муқоваси зумрад ранг. Эркин Воҳидов зумрад яшилликни жуда севар, кейинги 2001 йиллардан чиқа бошлаган тўрт томлик асарлар китобларини ҳам «Ишқ савдоси», «Шеър дунёси», «Умрим дарёси» каби эътиборли, соф шоирона номлар билан номлаб, уларнинг яшил зумрад муқовада босилишига эришганди. У ҳаётга, шеър дунёсига баҳорларнинг зумрад рангларида кириб боришни севарди. Илк минган машинаси ҳам зумрад рангли «Москвич» эди. У шеър сўзининг тиниқлиги, мазмундорлигида зумраднинг шаффофлигига эришарди. Унинг сўзлари зумрад булоқлардан отилган оламни оби ҳаёт билан сероб қилган сўзлар бўларди. Шеърлари, достонларига кўк кўзли булоқлардан, уларнинг мусаффолигидан тимсол оларди. Унинг шеър булоқларини тагида олтин зарралари кўзга кўринмас нейтрино каби сочилиб ўйнарди. Бу азал-абад поёнсиз қувватли нейтрино унинг ҳар бир шеъри, ҳар бир асарини сочилиб кетишига йўл қўймас, уларга ажиб бир гўзал яхлитлик бағишларди. Унинг севган, алқаган образи булоқ, чашма эди. Иложи бўлса, ҳар шеърида албатта булоқни эсларди, булоқ қатнашган янги-янги образлар - тароватли ташбеҳлар топарди. Улар ичида «Ўзбегим»даги ҳар қандай одамнинг юрагини ўртаб юборадиган, ҳар қандай шоирнинг ҳавасини келтирадиган «Икки дарё - икки чашминг, чашми гирён, ўзбегим» сингари ўхшатишлар ҳам бўларди.
Француз адибаси Жорж Санднинг «Мопра» романида ёш севишганлар тақдири тасвирланади. Ёш қаҳрамон жуда гўзал бир қизчани севади. Лекин севгида висолга етолмайди. Васлсизлик қийноқларига чидолмай, қоронғи ўрмонларга бориб, хилватларда йиғлайди. Худога мурожаат қилгиси келади. Аммо мурожаат қилмоқчи бўлган сўзлари паришон, шунда у Худога нола қилишдан уялади. Ана шунда йигитчанинг ишқи комил эмаслиги билиниб қолади. Мана шундай комил бўлмаган ишқлар одамлар орасида қанча! Аммо Эркин Воҳидовнинг ҳар бир сўзида ишқнинг комиллиги – аввало унинг самимийлиги, юракнинг қаъриларидан булоқ каби отилиб чиқаётгани сезилиб туради: «...оқибат хум ичра бўлди маҳкуми зиндон узум...» Асли комиллик сари интилаётган бу дунё мана шу шоир куйлаган хум ва унинг ичида одам юраги, бир пиёла тўла май ва шуни ҳис қилолган киши комил. Яна нима бўлиши мумкин? Бари шунинг жилолари... Навоий «Ҳайрат ул аброр»нинг ХV бобида ўзидан олдин туркий тилда ёзган шоирлар ўтмаганидан армон қилиб сўзлайди. Навоийнинг армонли сўзлари коинотда эшитилдими?! Сўнг қанчадан-қанча туркий тилли даҳо забонлар ҳиммати дунёни латиф садоларга тўлдирди.
Улуғ шоир «Бир дона эрдим, минг дона бўлдим» деганида, дунё ҳақиқатини баён этган экан, Чўлпонда акс садо топди, сўнг анъаналар уланиб бораверди, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом! Қандай фасоҳат ва бадоатлар жўш урди бу анъана акс садоларда! Ҳабибий, Чустий, Чархий! Фурқат, Муқимий, Завқий, Ҳувайдо! Келиб етди ул садолар бизга ҳам! Эркин Воҳидовда давомат топди, Абдулла Орипов бул оламшумул давоматда жўр бўлди! Булар Ҳазрат Навоийнинг давом этаётган ва ҳали асрларча давом этажак яхшиликлари! Яхшилик анъаналарининг асло ўлмаслиги!
Муқаддас Ўзбекистон заминида файзу камол топган улуғлар! Эҳ-ҳе! Яна қанчалаб саф-саф улуғлар, саф-саф носирлар, саф-саф шоирлар! Ўзбекнинг тупроғи шоир туғадиган тупроқ! Эркин Воҳидов севган, олтин зарралари ўйнаган Ўзбекистон булоқларининг илҳомларидан шоир гўзал ғазаллари, қасидалари, мухаммаслари жамланган, ғазалга янги забаржад кунгура бағишлаган «Ёшлик девони» туғилди. «Нидо» туғилди. «Буюк ҳаёт тонги» туғилди (унда шоир янгича алангали шеър оҳангларини топди ва истифода қилди).
«Руҳлар исёни», «Палаткада ёзилган достон», «Олтин девор», «Истамбул фожиаси», неча замонлардан бери жаҳон булбулларини масту ҳайрон қилган Гёте, Есенин, Блок, Светлов, Расул Ҳамзатов, Шиллер, Муҳаммад Иқбол, Шерозий, Бедилдан жонсўз бадиий таржималар. Жуда маъюс ва жуда ҳазин кулгили Матмусанинг латифалари. Теран донишмандона «Ўзбекистон», «Инсон», «Ўзбегим», «Қўллар» сингари инсон ва даҳри дун манзараси яратилган қасидалар. Уларда Эркин Воҳидов анъанавий қасида жанрига тамомила янги мундарижа, янги мазмун ва образлар шалолаларини олиб кирди, шеъриятда бошқача янги маҳорат қирраларини очди.
Эркин Воҳидовда шеърий мажозий образлар, тимсоллар мисоли юксак дурафшон шалолалар каби қуюлиб келди ва жуда юксак чўққиларнинг шукуҳларини ўзбек адабиётига олиб кирди. У қасида ва ғазал мундарижасига, мавзу, мазмун йўналишига кўра қанчалар асл, янги, оригинал бўла олиши мумкинлигини кашф қилди.
***
Хаёлим мени узоқ болалик йилларига олиб кетади. У чоғларда Эркин Воҳидов бошида гулдор дўппи, эгнида кул ранг каламинка куртка, оқ кўйлак кийиб, бошини бир ёнга бироз эгиб, доим хаёл ичида юрарди.
Эркин Воҳидовнинг инсон ва шоир сифатида шакллана бориш йўлларига яна ва яна назар ташлагим келади.
У ғоятда тушунчали бола эди, тушунчалари эрта ривожланганди. Унинг жуда ёш ота-онаси ўттизинчи йилларнинг муаллимлари, омманинг ташкилотчилари эдилар. Илм-фан, маърифатни, мактабда болаларни ўқитишни севардилар. Эркин беш ёшларга тўлар-тўлмас уларнинг ҳаёт ришталари узилди. Эркин тоғалари қўлида қолди. Тоғалари кўзга кўринган юрист ва журналист эдилар. Эркин Маъруф тоғаларидан ҳаёт маромлари ва улгиларини олди. Улар Эркинни ҳам устоз, ҳам ота, ҳам она ўрнида тарбияладилар. Етимлик заҳрини заррача билдирмадилар.
Эркин Тошкентда, Тахтапулдаги 22-мактабда ўқиди. Ўнинчини битирди. Эркин ўқиган синфни мактабда аълочи синф деб аташарди. Аълочи бўлмаган бола йўқ эди бу ерда, ҳаммаларининг пешонасидан ақл-идрок нурлари ёғилиб турар, улар мактабда барча ўқувчилик иш-юмушларида пешқадам эдилар. Эркин шу пешқадамлар ичида ҳам пешқадами эди. У бешинчи синфдан бошлаб мактаб ўқувчилик давраларида шеърлар ўқир, драмтўгаракда қатнашар, спектаклларда роллар ўйнарди.
Мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар жамоаси Эркинни доим ўзларига яқин тутар, ғамхўрлик кўрсатардилар. Эркин юқори синфларнинг пешқадам ўқувчилари Сайёрпўлат Файзуллаев, Эркин Қосимовлар билан бирга юрарди, улар уни тўгаракларга олиб боришар, йўл-йўриқ кўрсатишар, бўлиши мумкин бўлган турли тазйиқлардан ҳимоя қилишарди. Мажлисларда қандай гапириш, қандай шеър ўқишни ўргатишарди. Мактабдаги барча ўқитувчилар Эркинни ўз соҳаларига тортишга интилишар, бири уни математик қилмоқчи бўлса, бошқаси йўқ, бундан улуғ физик, улуғ кимёгар, улуғ адабиётчи чиқади деб, ўз томонларига оғдирмоқчи бўлишарди.
Эркин олтинчи синфдан кейин биз «тополоқ» деб атайдиган жажжи шеърларини ёза бошлади. Бояги камтарлик ҳақидаги шеърига ўхшаган. Чойнак-пиёлага қараб туриб, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган инсон камтарлиги ҳақидаги шеърини ёзди ва унда ўз мустақил фикрида етилган инсон камтарлиги ғоясини ифодалади. Қойил қолмаган одам қолмади: ўша пайтларда бу камтарлик ҳақидаги мўъжаз шеърни ҳамма давраларда ёд айтиб юрарди. Эркинга ҳам уни тинмай ўқитишарди. Мен ўша болалик чоғларимиздаёқ сезганман: Эркин Воҳидов жуда эрта, ёш чоғлари-даноқ тушунча олиш ва айниқса тушунтиришга жуда катта табиий эҳтиёж сезарди. Унинг ёшлик даври, хусусан, университет даври шеърлари шундай тушунча олиш ва ҳодисаларни тушунтиришга бўлган инсоний интилиш ҳамда ҳеч туганмайдиган қизиқишлардан дунёга келган. Ёш йигитчанинг ёзаётган шеърига қаранг: «Мен жилғаман, Дарё бўлгим келади. Она юртим, Сенга ўғлон бўлгим келади». Бу ажойиб аҳду паймон боғланаётган пайтда Эркин Воҳидов ўн олти ёшга тўлган, Ғайратий домладан сабоқлар оларди. Ёнида қанчадан қанча Сайёру Хайриддин Салоҳу, Юсуф Шомансуру Тўлқинлар, Анвар Эшону Анвар Исроиловлар тўда бўлишиб, парвозга отланиб туришарди. Аммо энг тополоқ шеърлар, энг гўзал аҳду паймонлар ифодаланган шеърларни Эркин Воҳидов ёзарди. Ул шеърлари шул замоноқ ёд олиниб, барча давраларда, барча шакарханд оғизларда янграрди.
Эркин жуда тез ва жуда эрта халқ орасида танилди, машҳури замон бўлди. Олимлар, нуронийлар, болалар, талабалар уни ғоятда севар эдилар. Бу севгилар Эркинни беҳад завқ-шавққа тўлдирарди: яна ва яна жўшиб шеърлар ёзар, янгидан янги мавзулар топар, «олимлар, шоиру шоирлар – олим» деганга ўхшаш топилмалари билан замон ўқувчиларини лол қиларди. «Гумбази мийно билан ўйнар» дегандек, Эркиннинг илҳомларида сўзлар мисоли рақсга тушиб, фусункорлик билан ўйнарди.
Шундай қилиб, Эркин Воҳидов 1960 йилда университет таҳсилини тугатди. Ва бир йилдан сўнг, 1961 йилда унинг «Тонг нафаси» деган биринчи китоби чиқди. Бу китоб олтмишинчи йиллар бошланишида ўзбек адабиётида янги давр, янги шеър, янги ибора, чин самимият даври кираётганидан дарак берди.
Ҳақиқатан, бу шеърларнинг барчасида навқирон ва ниҳоятда тоза тароватли нафас уфуриб турарди. Замондошлар сезиб юрган эдилар бу янги талантнинг нималигини ва энди, «Тонг нафаси»дан сўнг аниқ ишондилар, саҳарларгача ухламай чиқиб, шеър ёдлайдиган одамлар пайдо бўлди. Айниқса ёшлар волиҳу ҳайрон бўлдилар ва эргашдилар. Айниқса олтмишинчи йиллар ўрталарида «Ёшлик девони» туркумлари пайдарпай мунтазамлик билан пайдо бўла бошлагач, бу эргашиш тенденция тусига кирди. Ғазаллар Эркин Воҳидовча шаклда ёзиладиган бўлди.
Мен «Ёшлик девони» туркумлари қандай ёзилганидан хабардорман. Эркин Воҳидов тинмай туғёнли тўлқинлар мавжларида оқарди. Давлат нашриётида ишлардик. Одил Ёқубов билан рўпарама-рўпара бир хонада ўтирардик. Эркин Воҳидов соат ўн бирларда қўлида бир даста оқ варақлар билан кириб келарди. Булар янги ёзилган ғазаллар туркумлари бўларди. Эркин Воҳидов ўқий бошлар ва биз жон қулоғини қўйиб, тинглардик.
Эсимда: «Даврон юки», «Узум», «Замон», «Дўст билан обод уйинг» каби ғазаллари шундай, илк бор шоирнинг ўзи ўқиганда, даврадаги баъзи тингловчилар ҳаяжонланиб, оҳ-воҳ қилиб, ўрниларидан туриб кетгандилар. Шунчалар янги, шунчалар кутилмаган эди бу шеърлар. Уларнинг радифлари, қофияларида дунёнинг кору бори ҳайратланарли тарзда мужассамлашган эди. Эркин Воҳидов шеърида ҳайратга солишни жуда севарди. Ҳаётида, қизиқишлари, ижтимоий фаолияти, муомала, муносабат, суҳбатларида ҳам оғишмай шундай йўл тутарди. Бу яшаш тарзининг зуҳуротига айланиб қолганди.
Айниқса шеърда ва шахматда ҳайратлантириш интилишлари доим сезилиб турар, шахматда оддийгина мот қилиш эмас, ҳайратланарли тарзда, кутилмаганда мот қилишга ғоятда ишқибоз эди. Ҳайратлантириб, мот қиламан деб, баъзан ўзи кутилмаган тузоққа тушиб қолар, шунда «оббосиз-ей, оббосиз-ей!» деб, бошини қашиб ўтирарди. Лекин барибир кутилмаган фавқулодда йўллар қидираверарди. Инсон ўз табиатига ҳеч қарши боролмас эканда аслида. Ажойиб феълу табиатли инсон эдида Эркин Воҳидов!
У қисқа бир вақт нашриётга директор бўлган пайтларида ҳам фақат талантли, муносиб қаламкашларнинг китобларини чиқариш йўлини тутди. Китоблари чиқмай қолган анча-мунча ёзувчи ва шоирлар норози бўлиб юрдилар. У ҳатто Сайёр ва Тўлқин, Баротларни ҳам аямади. Улар анчагача «қадрдонлик шу бўлдими», деб, ранжиб қолдилар. У «Ёшлик» журналига раҳбарлик қилган пайтларида ҳам шу йўлни тутди: аввало ҳақиқий талантларга йўл берайлик деди, уларнинг асарларини ҳеч тўхтатмай эълон қилиб турди. Ўртамиёналар кўпчиликда, анча вақт Эркин Воҳидовнинг жиғига тегиб, уни мувозанатдан чиқаришга уринишди... Шундай аччиғи чиққан кезларда Эркин Воҳидов алами келиб, «Иброҳим, мен журъатсиз, ҳаваскор адабиётдан тўйиб кетдим!» дерди.
Эркин Воҳидов узоқ вақт парламентда қизғин фаолият олиб борди. Давлат тили мақоми учун жон-жаҳди билан курашди. Президент билан тинмай мулоқотларда бўлди. Унга ҳақиқатларни айтди. Ўзбекистон парламентининг дунёдаги обрўси учун тинмай тер тўкди. Акмал Саидов, Нуриддин Исмоилов сингари ёрқин истеъдод эгалари ундан кўп ўргандилар ва ўрнак олдилар. Эркин Воҳидов, кези келганда, жаҳон парламентарийлари билан энг нозик масалаларда, энг юксак адолатли позицияларда туриб, мулоқотлар олиб борар ва масалаларнинг тўғри ҳал қилиниши ва тўғри тушунилиши учун бор куч-иқтидорини сарфларди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва қабул қилган салмоқли қарори билан Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги мамлакатимизда жуда катта обрў-эътибор, шон-шавкат билан кенг нишонланди. Юртимизда Эркин Воҳидовнинг янги ўқувчилар авлодлари вояга етди. Шавкат Мирзиёев халқ билан, давлат ходимлари билан мулоқотлари, суҳбатлари, учрашувларида Эркин Воҳидов ижоди, фаолияти қирраларига тез-тез мурожаат қилади ва ундан ўрнак олишга чақиради. Бу бежиз эмас. Зеро Эркин Воҳидов ижодиёти, унинг мамлакатнинг тараққиёти йўлларига дахлдор фикр-мулоҳазалари, ўткир ижтимоий, маданий, маърифий масалалар кўтарилган асарлари замонамиз ва келажак замонларга ҳам уйғун, фикрчан ва оташиндир. Улар ислоҳотларни заррача чекинмай давом эттириш, халқни маънан-ақлан кўтаришга илҳом бериб, рағбатлантириб туради. Унинг асарлари миллат ва инсон қадр-қимматини доим баланд кўтаради, ҳар доим кураш ва ғалаба қозонишга ундайди.
Эркин Воҳидов «Фауст»нинг таржима жараёнида бир қанча рус тилидаги таржималарни, айниқса Пастернак ҳамда Холодковский таржималарини синчиклаб ўрганиб чиққан эди. У ўзбекча таржима чоғида сон-саноқсиз муаммоларга дуч келди. Уларни ечиш устида узоқ, қунт билан ишлади. Пастернак таржимасида, мисол учун, у «вечная женственность» деган иборага дуч келди. Ўзбек тилида бунга яқин ибора бўлмаган. Рус тилига ҳам уни Пастернак олиб кирган. Эркин Воҳидов шундан ўтолмай, кўп изланди. Анчагача тополмади. Қидира-қидира, ниҳоят «мангу назокат» деган иборани топди. Ва уни «Фауст» ўзбекча таржимаси матнига киритди.
Ибора яхши топилмага ўхшарди. Аммо ўзбек ўқувчиси уни қандай қабул қилади ва қандай тушунади, умуман тушунадими? Бу - мангу гўзаллик ҳақида қадим юнон мумтоз адабиёти, фалсафасидан келаётган осон бўлмаган бир тушунча. Биз уни мангу гўзаллик деб тушундик. Лекин шунинг ўзигинамикин? Араблар (уларнинг шеър санъати истилоҳлари дунёда энг мукаммал ишланганлардан) буни майин, майинлик (мутмайинна) деб атасалар керак. Мана шу мангу майинлик ҳақида охирига келиб, сўз юритаётганимизнинг боиси, ижод аввало мангу изланиш, иккинчидан, мангу майинлик инсон борлиғининг асоси, майинлик бўлмасайди, ҳеч тирик жонзот ва инсоният ҳам бўлмас эди. Қолаверса, нейтрино шу майинлик ичидадир. Биз ана шундай мангу майинлик ичида ва муҳитидамиз. Шу муҳит-шароит йўқолса, инсоният, тирик мавжудот ўз маконини йўқотади. Эркин Воҳидовнинг бутун ижодиёти мана шу мангу майинлик ичида, унга тобе, уни яратувчилардандир.
Эркин Воҳидовнинг мангу майинлиги бизнинг ақл-идрокимиз, заковатимиз. Инсоний иродамиз, аҳду бахтимизни чархлаб, сайқаллаб, доим чиниқтириб туради. Буюк шоиримизнинг чорлови ҳам шундай. Зеро:
«Меҳр уйин кенг очсанг, Эркин, дўст бўлур бегона ҳам...»
