В статье автор пишет, что постановлением Великого Меджлиса в 1957 году в Турции был создан университет имени Ататюрка, который на сегодняшний день является одним из крупных университетов в стране. В настоящее время в университете обучаются более 320 тысяч студентов, в их распоряжении имеются 23 различных факультета. Библиотека университета была основана в 1958 году и располагает площадью более 7300 кв.м. В 2017 году было введено в эксплуатацию дополнительное новое здание со всеми современными технологическими возможностями. При этом в четырёхэтажном здании одновременно могут заниматься, более 1500 пользователей. Общий книжный фонд составляет около 200 000 единиц хранения и 197 тысяч электронных книг.
Туркия Буюк Миллат мажлиси мамлакат шарқидаги энг йирик шаҳарлардан бири ҳисобланувчи Эрзурумда 1955 йили Отатурк университетини ташкил этиш ҳақида тавсия қарорини қабул қилди. 1957 йилда Мажлис қарорига биноан Туркиянинг олтинчи университети сифатида Отатурк университети расман ташкил топди. Отатурк университети ҳам кампуси, ҳам талабалари сони жиҳатдан Туркиянинг энг йирик университетларидан бири ҳисобланади. Университетнинг марказий кампуси (шаҳарчаси) 6,5 млн. квадрат метрдан иборат бўлиб, шундан 1 млн. квадрат метри ёпиқ майдон ҳисобланади. Айни пайтда 320 минг талабаси бор. Университетда жами 8 та институт 23 та факультет, 13 та касб-ҳунар олий мактаби, 1 та консерватория ва 29 та тадқиқот маркази мавжуд.
Ўқув ва илмий фаолиятлари билан Туркия университетлари орасида доимо юқори ўринларни эгаллаб келган Отатурк университети олий таълим муассасаларининг дунё рейтингида илк мингталикка киришга муваффақ бўлди. Халқаро алоқаларга алоҳида аҳамият берадиган Отатурк университетининг 180 та университет билан ҳамкорлик келишуви мавжуд. Ўзбекистон билан муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратувчи университетимиз ҳамкорликни йўлга қўйган олий таълим муассасаларидан бири Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳисобланади. Ўзбекистондаги бошқа университетлар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатилиши қўллаб-қувватланади. Отатурк университетида 1996 йилдан бери Ўзбекистон билан алоқали ҳамкорликда илмий ишлар амалга оширилаётган бўлиб, 2008 йилдан буён ўзбек тили, ўзбек адабиёти, ўзбек фольклори, Ўзбекистон тарихи дарслари ўқитилмоқда. Бу йўналишларнинг ҳар бирига йилига 100 нафар талаба қабул қилинмоқда.
Отатурк университетида ҳар бир факультет, институт ва олий мактаб ҳузурида кутубхона мавжуддир. Мазкур кутубхоналар ўзларига тегишли бўлган жойнинг йўналиши билан алоқадор бўлганлиги сабабли китоб адади 5-10 минг билан чегараланган махсус кутубхоналар ҳисобланади. Университетнинг катта кутубхонаси Отатурк университети марказий кутубхонаси деб аталади.
Отатурк университети марказий кутубхонасига 1958 йилда асос солинган. Кетма-кет икки марта биноси ўзгарган ва ҳозирги биносига 1970 йилда кўчиб ўтган. 2017 йилда кутубхонага қўшимча бино барпо этилди.
Отатурк университети Марказий кутубхонасининг асосий биноси 3 қаватли бўлиб, жами 7330 квадрат метри ёпиқ майдонга эга. 6550 квадрат метр қисмидан китоб заллари, архив бўлими ва ўқиш заллари сифатида фойдаланилмоқда. Қолган қисмида ошхона, интернет зали, ксерокопия маркази, намозхона сингари ижтимоий бўлимлар мавжуд. Асосий бинода 588 та фойдаланувчи ўрни бор. 4 қаватдан иборат қўшимча бинонинг ёпиқ майдони эса 8 000 квадрат метрдан иборат. 6 376 квадрат метридан ўқиш заллари сифатида фойдаланилмоқда. 1 158 ўринли ўқиш залларида тадқиқотчилар ва талабаларнинг барча эҳтиёжларига жавоб бера оладиган қулайликлар яратилган.
Марказий кутубхонада барча фанлар бўйича жами 197 369 (195 572 босма ва 1 797 қўлёзма) китоб, 7 750 жилдли даврий нашр (газета, журнал), 179 760 электрон китоб,
12 425 диссертатсия мавжуд. Кутубхонада обуна бўлинган 172 та илмий журналнинг электрон маълумотлар базасига боғланиш мумкин.
Марказий кутубхонадан ўрин олган туркча асарларнинг тахминан 1 500 донаси тўғридан-тўғри Ўзбекистон ва бошқа Туркий республикалар билан алоқадор ҳисобланади. Отатурк университети 1991 йилдан эътиборан туркий республикалардан ҳам тил, адабиёт ва тарих соҳаларига тегишли китобларни йиғмоқда. «Туркий тиллар ва адабиётлар» кафедраси талабалари янада қулай илм олиши учун бу китоблар Марказий кутубхонада эмас, адабиёт факультети кутубхонасида сақланмоқда. Адабиёт факультети кутубхонасида қарийб 500 та ўзбекча китоб мавжуд.
Отатурк университети китоб таъминотини ўз моддий имкониятлари, шунингдек, ҳадя қабул қилиш усулида амалга оширмоқда. Ташаккур сифатида залларга ёки ҳадя этилган китоблар ўрин олган бўлимларга совға қилганларнинг исмлари берилган.
Марказий кутубхонада китоблар Library of Congress (LC) таснифлаш тизимига кўра таснифланган. Китоблар мавзуларига кўра турли залларда қўйилган. Кутубхонанинг асосий биноси ертўла қаватида Умумий маълумот манбалари зали, кириш қаватида Даврий нашрлар ва маслаҳат манбалари зали жойлашган. Шунингдек, кириш қаватида Эрзурум ҳақида Туркияда ва хорижда чоп этилган китоблар намойиши этилади. Биринчи қаватдаги Тил ва адабиёт залида турк тили ва адабиёти, жаҳон тиллари ва адабиётларига оид туркча ва хорижий тиллардаги асарлар ўрин олган. Шу қаватдаги М. Мухтор Қорахон ўғли залида умумий асарлар, фалсафа, мантиқ, психология, тарих ва географияга оид манбалар мавжуд. Иккинчи қаватдаги З. Фахри Финдиқ ўғли залида ижтимоий фанлар, сиёсий фанлар, ҳуқуқ, таълим, мусиқа ва тасвирий санъатга тегишли манбалар, табиий фанлар, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ҳарбий фанлар ва ахборот фанлари бўйича манбалар мавжуд.
Марказий кутубхонанинг учинчи қаватида Сайфиддин Ўзеге совға қилган китоблар ҳам ўрин олган архив жойлашган. Бу ерда қўлёзма асарлар ва нодир босма асарлар мавжуд.
Сайфиддин Ўзеге 1902 йилда Истанбулда туғилган, шу ерда таълим олган. Китоб ошиғи бўлган Ўзеге бу севгиси туфайли уйланмаган ва умрини китобларга бағишлаган. Усмонийлар давлатида илк бор матбаа қўллана бошлаган давр. 1728 йилдан тортиб Туркияда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилган 1928 йилгача бўлган 200 йил давомида матбааларда босилган китоб, журнал, газета, брошюра ва бошқа нашрларни йиққан, «Эски алифбода босилган туркча асарлар каталоги»ни тайёрлаган. Сайфиддин Ўзегенинг мутлақо шахсий моддий имкониятлари билан ташкил этилган бу бебаҳо коллекцияда 200 йил давомида матбааларда араб алифбосида босилган туркча асарларнинг 90 фоизи мавжуд. Йиққан жами асарларини аввалига Анқарадаги Миллий кутубхонага совға қилмоқчи бўлган, аммо негадир бу фикридан воз кечиб, 1961 йилда икки шарт билан Отатурк университетига ҳадя қилган. Шартларидан бири – совға қилинган китоблар бўлинмай, битта залда сақланиши, иккинчиси – бу асарлардан илм-фан олами фойдалана олиши учун мутахассислар томонидан замонавий усулларда зудлик билан каталогини тайёрлаш. Отатурк университети бу шартларни қабул қилади ва китоблар жойлаштирилган хонага Сайфиддин Ўзеге мутолаа зали номини берди.
Сайфиддин Ўзеге Отатурк университетига совға қилган коллекцияда қарийб 57 000 нодир ва қимматли асарлар мавжуд. Барчаси араб алифбосидаги (усмонийча) асарлардан иборат бўлиб, кейинчалик бошқа кишилар совға қилган асарлар билан бирга ҳозирда
70 000 га яқин асар мавжуд. Буларнинг 1 797 донаси қўлёзмалардир. Қўлёзмаларнинг
1 417 таси усмонийча, 370 таси арабча, 10 таси форсча ҳисобланади.
Сайфиддин Ўзеге мутолаа залида йил давомида хона ҳароратига амал қилинади. Залнинг бир бурчагида ўта нодир қўлёзма асарлар ойнаванд жавонларда намойиш этилмоқда. Қолган китобларнинг бари ёнмайдиган, сув ўтказмайдиган, нам ва қуёш нуридан ҳимояланган пўлат токчаларда сақланмоқда. Ушбу пўлат токчаларнинг тагига махсус релсли тизим жойлаштирилган. Махсус механизм ёрдамида пўлат токчалар исталган жойдан очилиб, ёпилади.
Сайфиддин Ўзеге мутолаа залида мавжуд асарларнинг бари сўнгги русумдаги сканерлар ёрдамида электрон шаклга ўтказилган. Архивдаги қўлёзма асарлардан фойдаланишни истаган тадқиқотчилар шахсан мурожаат қилиши ва архивда ишлаши зарур. Архивдаги босма асарлар эса тадқиқотчилар фойдаланиши учун кутубхонанинг www.atauni.edu.tr wеб-саҳифасида тақдим этилган. Саҳифага аъзо бўлгандан кейин дунёнинг исталган жойидан архивдаги босма асарларнинг PDF шаклидан бепул ва чекловларсиз фойдаланиш мумкин.
Марказий кутубхонанинг энг юқори қаватида алоҳида Нодир асарлар зали жойлашган. Мазкур залда хорижий тилларда босилган ва дунёда ўта нодир ҳисобланадиган қадимий асарлар сақланмоқда. Бу асарларнинг жами адади 3 мингга яқин. Худди шу залда «Отатурк университети нашрлари» бурчаги мавжуд. Бу ерда «Отатурк университети нашрлари» томонидан чоп этилган 1250 китобдан бир нусхадан сақланмоқда. Нодир асарлар залида ҳам мунтазам равишда хона ҳароратига риоя қилинади ва бу ерда махсус хавфсизлик тизими ўрнатилган.
Кутубхонанинг асосий биноси ҳафта давомида беш кун соат 0900–1645 орасида ишлайди. Отатурк университетида мутахассислар ва фойдаланувчилар университет идентификация карточкалари ёрдамида бинога кира олишади. Меҳмон тадқиқотчиларга эса вақтинчалик электрон идентификация карточкаси берилади. Кириш қаватида ва бошқа қаватларнинг йўлакларида каталог қидириш компьютерлари мавжуд. Фойдаланувчилар ушбу компьютерларда қидирувни амалга ошириб, асарнинг қайси залда ва токчада жойлашганини, унинг тартиб рақамини топа оладилар. Очиқ токча тизимида ишловчи кутубхонада фойдаланувчи ҳеч бир ходимнинг ёрдамисиз тегишли залга бориб, ўзи токчадан керакли китобни олиши мумкин. Қоидага мувофиқ фойдаланувчилар фойдаланган китобларини токчага қўйишмайди. Ўзлари ўтирган столнинг устида қолдиришади. Китобларни жойига қўйиш кутубхона ходимларининг вазифаси ҳисобланади. Асарларнинг барчасида хавфсизлик тасмаси мавжуд бўлиб, фойдаланувчи китобни рухсатсиз ташқарига олиб чиқмоқчи бўлса, хавфсизлик сиреналари ишга тушади.
Кутубхонадан узоқ муддат фойдаланмоқчи бўлган тадқиқотчилар учун махсус хоналар мавжуд. Фойдаланиш вақти давомида хусусий буюмларини ҳам қўя оладиган хонанинг калити ўзида қолади.
Нодир ҳисобланмайдиган асарлар фойдаланувчиларнинг уйига бериб турилади. Талабаларга бир пайтнинг ўзида учта китоб 15 кун муддатга берилади. Фойдаланиш муддатини 15 кундан икки марта узайтириши мумкин. Китобдан фойдаланиш муддатини узайтиришни кутубхонага келмасдан, автоматлаштирилган тизим орқали амалга ошириш мумкин. Фойдаланиш муддати тугагани ҳолда китобни қайтармаганларга ҳар кунига 50 қурушдан жарима ҳисобланади. Магистратура ва докторантура талабалари 21 кунга бешта китоб, университет ўқитувчилари эса 30 кунга бешта китобни фойдаланишга олишлари мумкин. SelfCheck деб аталувчи тизим шарофати билан фойдаланишга китоб олиш учун ҳам кутубхона ходимига эҳтиёж йўқ. Фойдаланувчи токчадан олган китобларни бинодан чиқаверишда жойлаштирилган махсус жиҳозларга идентификация карточкаси билан бирга босиб, кодни киритгач, китобларни олиб кетиши мумкин.
Кутубхонада турк дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган ёрдам деб аталувчи автоматлаштирилган тизимдан фойдаланилади. Бу тизимда каталог қидиришни интернет орқали ҳам амалга ошириш мумкин (www.kutup-hane.atauni.edu.tr). Ҳаттоки фойдаланувчи истаган асарни токчада ёки бошқа фойдаланувчида эканини ана шу тизим орқали кўра олади. Агар китоб бошқа фойдаланувчида бўлса, шу тизим орқали навбат рақамини олиш мумкин. Китоб қайтарилганида, фойдаланувчига хабар жўнатилади. Навбат рақамини олган фойдаланувчи китобни 3 кун ичида олмаса, китоб бошқа фойдаланувчига берилади ёки токчага жойлаштирилади.
Кутубхона ақлли тизимлар билан жиҳозлангани учун кўп сонли ходимларга эҳтиёж йўқ. Асосий бино ва қўшимча бинонинг барча бўлимларида жами 35 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Ходимлар каталоглаш, жилдлаш, умумиш ишлар хизматида ишлайди. Кутубхонага олинган ҳар бир китоб аввал каталоглаш хизматига жўнатилади. Бу ерда китобнинг библиографик маълумотлари «Анго-американ каталоглаш қоидалари-2»га кўра тизимга киритилади ва орқасига каталог рақамлари ёзилади. Шунингдек, бу ерда китобнинг ичига махсус хавфсизлик тасмаси жойлаштирилади. Шундан кейин жилдлаш хизматига жўнатилади. Бу ерда китобнинг муқоваси шаффоф, йиртилмайдиган модда билан қопланади ва жойлаштириладиган токчага олиб борилади.
Қўшимча бино 7 кун давомида соат 0900– 2300 орасида ишлайди. Қўшимча бинода китоб йўқ, тамомила мутолаа ва дарс тайёрлаш учун ажратилган. Тўрт қаватнинг ҳаммасида мутолаа заллари мавжуд. Ҳар қаватда алоҳида дам олиш жойлари бор. Қаватларда 12 дона-дан жами 48 дона телефон бўлинмаси мавжуд. Қўл телефонига қўнғироқ келган фойдаланувчи ташқарига чиқмасдан, буткул иҳотали (овоз ўтказмайдиган) бўлинмага киради ва бемалол гаплаша олади. Шунингдек, гуруҳ бўлиб шуғулланиш учун 12 кишилик учта хона мавжуд. Биргаликда лойиҳа ёки вазифа тайёрлаш ёхуд бирга дарс тайёрлашни истаганлар мазкур хоналардан фойдаланиши мумкин. Енгил овоздан ҳам безовта бўладиган, диққатини жамлай олмайдиган фойдаланувчилар учун ўттизта бир кишилик бўлинмалар бор.
