Abstract. This article examines the source-study characteristics, classification, and verification issues of oral memories and testimonies. The theoretical foundations of oral history, the distinctions between oral memory and oral testimony, as well as the concepts of individual and collective memory are analyzed. Particular attention is given to the specific features of biographical, thematic, witness, and expert interviews. The study highlights the subjective nature of oral sources and their potential to reflect historical reality through personal experiences and social memory. Furthermore, the article discusses mechanisms for ensuring the reliability of oral sources through external, internal, and cross-verification methods. The role of digital humanities and artificial intelligence technologies in the collection, preservation, processing, and analysis of oral history archives is also explored. Using the example of the «Oral History» project implemented in cooperation with the National Library of Uzbekistan, the article highlights issues related to the preservation of national historical memory and the enrichment of digital archival resources.

 

Keywords: oral history, oral memory, oral testimony, collective memory, interview, source studies, verification, archival studies, digital archives, digital humanities.

 

Аннотация. Мақолада оғзаки хотира ва гувоҳликларнинг манбашунослик хусусиятлари, уларнинг таснифи ҳамда верификация қилиш масалалари таҳлил қилинган. Оғзаки тарихнинг назарий асослари, оғзаки хотира ва оғзаки гувоҳлик тушунчаларининг ўзаро фарқи, индивидуал ва коллектив хотира шакллари ёритилган. Шунингдек, биографик, тематик, гувоҳлик ва эксперт интервьюларининг ўзига хос жиҳатлари кўриб чиқилган. Оғзаки манбаларнинг субъектив табиати, уларнинг тарихий воқеликни инсон тажрибаси ҳамда ижтимоий хотира орқали акс эттириш имкониятлари очиб берилган. Мақолада ташқи, ички ва кросс-верификация усуллари асосида оғзаки манбаларнинг ишончлилигини таъминлаш механизмлари таҳлил қилинган. Шу билан бирга, рақамли гуманитар тадқиқотлар ва сунъий интеллект технологияларининг оғзаки тарих архивларини шакллантириш, сақлаш ҳамда таҳлил қилишдаги аҳамияти кўрсатилган. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Оғзаки тарих” лойиҳаси мисолида миллий тарихий хотирани асраш ва рақамли архив ресурсларини бойитиш масалалари ёритилган.

 

Калит сўзлар: оғзаки тарих, оғзаки хотира, оғзаки гувоҳлик, коллектив хотира, интервью, манбашунослик, верификация, архившунослик, рақамли архив, рақамли гуманитар тадқиқотлар.

 

Аннотация. В статье рассматриваются источниковедческие особенности устной памяти и свидетельств, их классификация, а также вопросы верификации. Проанализированы теоретические основы устной истории, различия между понятиями устной памяти и устного свидетельства, а также формы индивидуальной и коллективной памяти. Особое внимание уделено специфике биографических, тематических, свидетельских и экспертных интервью. Раскрыта субъективная природа устных источников и их значение для изучения исторической реальности через личный опыт и социальную память. В статье исследуются механизмы обеспечения достоверности устных источников посредством внешней, внутренней и перекрёстной верификации. Также рассматривается роль цифровых гуманитарных исследований и технологий искусственного интеллекта в формировании, хранении и анализе архивов устной истории. На примере проекта «Устная история», реализуемого в сотрудничестве с Национальной библиотекой Узбекистана, освещаются вопросы сохранения национальной исторической памяти и обогащения цифровых архивных ресурсов.

 

Ключевые слова: устная история, устная память, устное свидетельство, коллективная память, интервью, источниковедение, верификация, архивоведение, цифровые архивы, цифровые гуманитарные исследования.

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллий тарихни инсон омили, ижтимоий хотира ва шахсий тажрибалар орқали ўрганишга қаратилган илмий ёндашувларга қизиқиш ортиб бормоқда. Айниқса, оғзаки тарих (oral history) йўналиши доирасида тарихий воқеаларнинг бевосита иштирокчилари, замондошлари, фан, маданият ва санъат намояндаларининг хотираларини йиғиш, сақлаш ва илмий муомалага киритиш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда архив муассасалари, ахборот-кутубхона тизими ва илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, «Ўзархив» агентлиги Ахборот хизмати раҳбари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Алиев Анваржон Орифжонович ташаббуси билан 2022 йилдан буён Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида «Оғзаки тарих» лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда1. Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон илм-фани, таълим тизими, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаолият юритган академиклар, олимлар, ижодкорлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида кўплаб интервьюлар ташкил этилди. Ушбу суҳбатлар нафақат мамлакатнинг интеллектуал ва маданий меросини сақлаш, балки мустақиллик давридаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни инсон хотираси орқали ёритиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа доирасида ёзиб олинган аудио ва видеоинтервьюлар Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивига давлат сақловига қабул қилиниб, илмий-фонд ишловидан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, мазкур манбалар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Бу эса замонавий рақамли архив муҳитида оғзаки тарих материалларини сақлаш, оммалаштириш ва улардан илмий фойдаланишнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Айниқса, мультимедиа архивларини яратиш, метамаълумотлар базасини шакллантириш ва рақамли коллекциялар орқали фойдаланувчиларга етказиш амалиёти миллий архив тизимида инновацион ёндашув сифатида намоён бўлмоқда.

Замонавий тарихшуносликда оғзаки тарих фақат ёрдамчи усул эмас, балки мустақил манбашунослик йўналиши сифатида қаралмоқда. Унинг асосий вазифаси расмий ҳужжатларда етарлича акс этмаган воқеалар, ижтимоий муносабатлар ҳамда инсон тажрибаларини хотиралар воситасида тиклашдан иборатдир. Шу маънода, оғзаки хотира ва гувоҳликлар тарихий воқеликнинг инсон онгида қандай акс этганини ўрганиш имконини берувчи муҳим манба ҳисобланади2.

Оғзаки тарихнинг назарий асослари XX асрнинг иккинчи ярмида Европа ва АҚШ тарихшунослигида шакллана бошлади. Айниқса, Колумбия университети қошида 1948 йилда ташкил этилган Оғзаки тадқиқотлари бюроси (Oral History Research Office) ушбу соҳанинг институционал ривожланишида муҳим ўрин тутди. Аллан Невинс томонидан йўлга қўйилган мазкур марказ кейинчалик жаҳон оғзаки тарих мактабининг илмий-методик асосларини тизимлаштирди3. Жумладан, Пол Томпсон, Алессандро Портелли, Дональд Ритчи, Майкл Фриш каби олимлар томонидан оғзаки тарихнинг манбашунослик, методология ва ижтимоий хотира билан боғлиқ назарий жиҳатлари чуқур тадқиқ этилди.

Илмий адабиётларда «оғзаки хотира» ва «оғзаки гувоҳлик» тушунчалари кўп ҳолларда бир-бирига яқин маънода ишлатилса-да, улар муайян фарқларга эга. Оғзаки хотира инсоннинг ўтмиш ҳақидаги субъектив тасаввурлари, эсдаликлари ва шахсий тажрибасини англатади. У инсон онгида сақланиб қолган ижтимоий ва маданий тажрибаларнинг индивидуал шакли ҳисобланади. Оғзаки гувоҳлик эса муайян воқеа ёки жараённинг бевосита иштирокчиси ёки кузатувчиси томонидан баён қилинган маълумотдир. Демак, оғзаки хотира кенгроқ ижтимоий-психологик тушунча бўлса, оғзаки гувоҳлик муайян факт ва воқеликларга оид маълумотларни ўз ичига олади4.

Француз социологи Морис Хальбвакс томонидан ишлаб чиқилган «коллектив хотира» назарияси оғзаки тарих тадқиқотларининг муҳим назарий асосларидан биридир. Олим инсон хотираси ижтимоий муҳит таъсирида шаклланишини ва ҳар бир хотира муайян жамоавий тасаввурлар тизими билан боғлиқ эканлигини таъкидлайди5. Шу нуқтаи назардан, оғзаки тарих материаллари нафақат индивидуал тажриба, балки жамиятнинг умумий тарихий хотирасини ҳам акс эттиради.

Жаҳон тажрибасида оғзаки хотира ва гувоҳликларни бир нечта мезонга кўра таснифлаш қабул қилинган. Аввало, улар индивидуал ва коллектив хотираларга ажратилади. Индивидуал хотира муайян шахснинг ҳаёт тажрибасини ифода этса, коллектив хотира муайян ижтимоий гуруҳ ёки миллатнинг умумий тарихий хотирасини акс эттиради. Шунингдек, мазмунига кўра биографик, тематик, гувоҳлик ва эксперт интервьюлари бир-биридан фарқланади.

Биографик интервьюлар респондентнинг ҳаёт йўли, ижтимоий келиб чиқиши, таълим олиши, меҳнат фаолияти ва шахсий қарашларини комплекс ўрганишга қаратилган бўлади. Бундай интервьюлар, айниқса, ижтимоий тарих, антропология ва маданий тадқиқотларда кенг қўлланилади. Тематик интервьюлар эса муайян тарихий воқеа ёки ижтимоий жараённи ёритиш мақсадида ташкил этилади. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши, совет репрессиялари, миграция жараёнлари ёки мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар билан боғлиқ интервьюлар мазкур турга киради.

Оғзаки гувоҳликларнинг муҳим хусусиятларидан бири уларнинг субъектив табиатидир. Расмий архив ҳужжатлари ва статистик маълумотлардан фарқли равишда, оғзаки манбалар воқеаларнинг инсон томонидан қандай қабул қилингани ва қай тарзда эслаб қолинганини акс эттиради. Италиялик тадқиқотчи Алессандро Портелли таъкидлаганидек, оғзаки тарихнинг қиммати фақат фактологик аниқликда эмас, балки воқеаларнинг инсон онгида қандай маъно касб этганини очиб беришида намоён бўлади6. Шу боис, оғзаки тарих манбалари инсоннинг ҳиссий кечинмалари, ижтимоий тажрибаси ва маданий дунёқарашини тадқиқ қилиш имконини беради.

Бироқ мазкур хусусиятлар оғзаки материалларни верификация қилиш муаммосини ҳам келтириб чиқаради. Хотира вақт ўтиши билан ўзгариши, айрим воқеалар унутилиши ёки қайта талқин қилиниши мумкин. Шу сабабли, оғзаки тарих манбалари билан ишлашда танқидий таҳлил ва комплекс текширув усулларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон архившунослиги амалиётида оғзаки манбаларни верификация қилишнинг бир нечта асосий усуллари қўлланилади. Биринчи усул ташқи верификация бўлиб, унда интервьюнинг яратилган вақти, жойи, респондент шахси, техник параметрлари ва сақлаш шароитлари таҳлил қилинади. Иккинчи усул ички верификация ҳисобланади. Бунда интервью мазмунидаги фактлар, воқеалар кетма-кетлиги, вақт ва макон уйғунлиги текширилади. Учинчи усул кросс-верификация бўлиб, оғзаки манбалар бошқа архив ҳужжатлари, фотосуратлар, матбуот материаллари ва статистик маълумотлар билан таққосланади7.

Айниқса, АҚШ Холокост мемориал музейи, USC Шоа жамғармаси (USC Shoah Foundation) ва Британия кутубхонаси қошидаги Миллий ҳаёт тарихи (National Life Stories) лойиҳаларида интервьюларни текшириш ва тасдиқлашнинг кўп босқичли тизими жорий қилинган. Унда интервьюнинг аудио-видео ёзуви, транскрипцияси, биографик маълумотлар ва қўшимча архив ҳужжатлари ўзаро боғланган ҳолда сақланади. Бу эса манбанинг илмий ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда рақамли гуманитар тадқиқотлар (Digital Humanities) доирасида оғзаки тарих материалларини таҳлил қилишнинг янги технологиялари шаклланмоқда. Сунъий интеллект асосида нутқни автоматик таниш, транскрипция қилиш, семантик таҳлил ва метамаълумотлар яратиш тизимлари оғзаки тарих архивларининг ахборот қидирув имкониятларини кенгайтирмоқда8. Шу билан бирга, рақамли муҳитда манбанинг аутентиклиги ва яхлитлигини таъминлаш масаласи ҳам устувор вазифалардан бирига айланмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва йўналишни ривожлантириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилади:

Биринчидан, Ўзбекистонда оғзаки тарих йўналиши тарихшунослик, архившунослик ҳамда рақамли гуманитар тадқиқотлар кесишган муҳим илмий соҳа сифатида қарор топиши лозим. Айниқса, жамият тарихи ва ижтимоий хотирани инсон тажрибаси орқали ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиши оғзаки манбалар билан ишлашнинг илмий ва институционал асосларини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Бу жараёнда нафақат суҳбатларни йиғиш ва сақлаш, балки уларни тизимлаштириш, илмий верификация қилиш, рақамли муҳитга интеграциялаш ҳамда халқаро архив стандартлари асосида муомалага киритиш масалалари устувор вазифадир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Оғзаки тарих» лойиҳасининг кейинги ривожланиш босқичида миллий архив тизими учун ягона метамаълумот стандартини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки амалда ёзиб олинаётган интервьюлар турлича тавсифланмоқда ва бу уларни ягона ахборот маконида қидириш, солиштириш ҳамда комплекс таҳлил қилиш имкониятларини чекламоқда. Шу боис, ҳар бир интервью учун респондентнинг биографик маълумотлари, интервью ўтказилган сана ва жой, мавзу, калит сўзлар, техник формат, транскрипция ҳолати, верификация даражаси ва фойдаланиш ҳуқуқлари каби маълумотларни қамраб олувчи Миллий метамаълумот модели жорий қилиниши мақсадга мувофиқдир. Бу эса келажакда архивлараро рақамли интеграцияни таъминлаш, интеллектуал қидирув тизимларини яратиш ва сунъий интеллект технологияларини самарали қўллаш учун муҳим илмий-инфратузилмавий асос вазифасини бажаради.

Иккинчидан, оғзаки тарих материалларининг асосий хусусияти уларнинг субъектив табиатга эгалигида намоён бўлади. Хотира вақт ўтиши билан ўзгариши, муайян воқеаларнинг қайта талқин қилиниши ёки ҳиссий омиллар таъсирида трансформацияга учраши мумкин. Шунинг учун оғзаки манбаларнинг илмий ишончлилигини таъминлаш архившунослик ва манбашуносликнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Жаҳон тажрибасида интервьюларни ташқи, ички ва кросс-верификация қилиш усуллари кенг қўлланилса-да, уларнинг натижаларини аниқ баҳоловчи стандартлаштирилган тизимлар ҳам тобора ривожланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон архив амалиётида оғзаки тарих материаллари учун махсус «ишонч индекси» тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Унда респондентнинг воқеага бевосита гувоҳлиги, хронологик аниқлик, бошқа архив ҳужжатлари билан мувофиқлиги, техник сифат ва биографик тасдиқ даражаси каби мезонлар асосида интервьюнинг илмий қиймати баҳоланиши мумкин. Бундай ёндашув нафақат тадқиқотчилар учун манбанинг ишонч даражасини аниқлаш имконини беради, балки архив фондларида сақланаётган оғзаки материалларнинг илмий мақомини ҳам кучайтиради. Айниқса, тарихий воқеаларнинг инсон онгида қандай акс этганини ўрганишда субъективликни инкор этмасдан, уни илмий таҳлил объекти сифатида баҳолаш замонавий оғзаки тарих методологиясининг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади.

Учинчидан, сўнгги йилларда рақамли гуманитар тадқиқотлар соҳасида кузатилаётган технологик тараққиёт оғзаки тарих архивлари билан ишлаш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Жумладан, сунъий интеллект асосида нутқни автоматик таниш, транскрипция қилиш, семантик таҳлил ўтказиш ва метамаълумотлар яратиш технологиялари катта ҳажмдаги аудио ва видео материалларни қисқа вақт ичида илмий муомалага киритиш имконини бермоқда. Шу муносабат билан, «Ўзархив» агентлиги тизимида махсус рақамли лаборатория ёки  «Digital Oral History Lab» ташкил қилиш долзарб аҳамиятга эга. Мазкур марказ интервьюларни автоматик транскрипция қилиш, нутқ эгаларини идентификациялаш, калит тушунчаларни ажратиш, тарихий атамаларни семантик таҳлил қилиш ва сунъий интеллект кўмагида верификациялаш (AI-assisted verification) жараёнларини амалга оширишга ихтисослашиши лозим. Бу нафақат архив ходимлари меҳнатини енгиллаштиради, балки миллий оғзаки тарих архивининг халқаро рақамли платформалар билан уйғунлашувига ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, рақамли муҳитда манбанинг аутентиклиги ва яхлитлигини сақлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки рақамли форматга ўтказилган интервьюларнинг таҳрир қилиниши ёки контекстдан узилиб тарқалиши тарихий маълумотнинг ишончлилигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Тўртинчидан, оғзаки тарих соҳасидаги яна бир муҳим масала, интервьюларни ёзиш ва оммалаштиришнинг ҳуқуқий ҳамда этик асосларини шакллантириш билан боғлиқдир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, оғзаки тарих материаллари билан ишлашда респондент ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотларни сақлаш ва интервью мазмунидан фойдаланиш шартларини аниқ белгилаш алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистонда оғзаки тарих бўйича Миллий этик кодекс ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир. Унда интервьюдан олдин респондентнинг розилигини олиш, травматик хотиралар билан ишлаш қоидалари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, аудио ва видео материаллардан фойдаланиш шартлари ҳамда рақамли тарқатиш ҳуқуқлари каби масалалар аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Бу архив муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бирга, миллий оғзаки тарих лойиҳаларининг халқаро илмий ҳамжамият томонидан эътироф этилишига ҳам хизмат қилади.

Бешинчидан, оғзаки тарихни ривожлантиришда кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам устувор аҳамиятга эга. Чунки мазкур йўналиш фақат тарихий билим эмас, балки интервью методикаси, манбашунослик, психология, архившунослик ва рақамли технологиялар бўйича комплекс кўникмаларни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, олий таълим муассасаларининг тарих ва архившунослик йўналишларида «Оғзаки тарих методологияси», «Рақамли архивлаш технологиялари» ва «Интервьюларни верификация қилиш усуллари» каби махсус ўқув курсларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Бу келажакда профессионал оғзаки тарихчи (oral historian) мутахассисларини тайёрлаш, миллий архив тизими учун янги авлод тадқиқотчиларини шакллантириш ва соҳада халқаро стандартларга мос илмий мактаб яратиш имконини беради. Айниқса, талабаларнинг амалий интервью лойиҳаларида иштирок этиши, маҳаллий хотираларни йиғиш ва рақамли архивлар билан ишлаш тажрибасини ошириши соҳанинг институционал ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Олтинчидан, замонавий рақамли технологиялар оғзаки тарих материалларини нафақат сақлаш, балки уларни визуал ва маконий таҳлил қилиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. Хусусан, интервьюларни GIS-хариталар билан интеграция қилиш орқали тарихий хотиранинг географик динамикасини тадқиқ этиш мумкин. Масалан, муайян ҳудудлардаги ижтимоий жараёнлар, миграция ҳаракатлари, репрессиялар ёки маданий марказлар билан боғлиқ интервьюларни интерактив хариталар асосида тақдим қилиш тарихий воқеликни янги илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш имконини беради. Бу эса оғзаки тарихни анъанавий манба сифатида эмас, балки динамик рақамли ахборот тизими сифатида қабул қилишга олиб келади. Шу маънода, замонавий архившуносликда оғзаки тарих фақат ўтмиш ҳақидаги хотиралар йиғиндиси эмас, балки жамиятнинг рақамли коллектив хотирасини шакллантирувчи муҳим интеллектуал ресурс сифатида намоён бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, оғзаки хотира ва гувоҳликлар замонавий тарихшунослик ҳамда архившуносликнинг муҳим манбалари ҳисобланади. Замонавий архившуносликда оғзаки тарих фақат манба эмас, балки рақамли жамоавий хотирани шакллантирувчи динамик ахборот тизими сифатида қаралмоқда. Улар расмий ҳужжатларда акс этмаган ижтимоий жараёнлар, инсон кечинмалари ва маданий тажрибаларни ўрганиш имконини беради. Ўзбекистонда «Оғзаки тарих» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар миллий тарихий хотирани сақлаш, рақамли архив ресурсларини бойитиш ва янги авлод тадқиқотчилари учун ишончли манбалар базасини шакллантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.    Portelli A. The Death of Luigi Trastulli and Other Stories: Form and Meaning in Oral History. – Albany: State University of New York Press, 1991.

2.   Portelli A. The Battle of Valle Giulia: Oral History and the Art of Dialogue. – Madison: University of Wisconsin Press, 1997.

3.   Thompson P. The Voice of the Past: Oral History. – 4th ed. – Oxford: Oxford University Press, 2017.

4.   Ritchie D.A. Doing Oral History. – 3rd ed. – New York: Oxford University Press, 201».

5.   Perks R., Thomson A. (eds.). The Oral History Reader. – 3rd ed. – London; New York: Routledge, 2016.

6.   Shopes L. Oral History and the Study of Communities // Journal of American History. – 2002. – Vol. 89. – No. 2.

7.   Halbwachs M. On Collective Memory. – Chicago: University of Chicago Press, 1992.

8.   Frisch M. A Shared Authority: Essays on the Craft and Meaning of Oral and Public History. – Albany: SUNY Press, 1990.

9.   Althaus A., Apel L. Oral History // Docupedia-Zeitgeschichte, 2024.

10. Thomson A. Anzac Memories Revisited: Trauma, Memory and Oral History // Oral History Review. – 201».

11. Draxler C. et al. Speech Technology Services for Oral History Research. – 2024.

12. Trainin I., Keydar R., Pinchevski A. The Shape of Testimony: A Scalable Framework for Oral History Archive Comparison. – 2026.

13. https://www.youtube.com/playlist?list=PL1x3_eRYX2_tvd0ydtNQw4fovTmrgDZkc