Annotation: This article is about the impact of the “Open budget” portal, which was established in order to find solutions to the problems that are currently plaguing the population and to solve their problems by making the public a direct participant in the budget process, has an impact on the development of libraries. In other words, information-library centers in our country, which are left out of the attention of some local governments, have achieved positive results through this portal with their initiative projects. Also, through the article, what is the “Open budget” portal? It is possible to get an answer to the question and get acquainted with the modern methods of budgeting based on the participation of citizens in the budgeting process through the experience of foreign countries.

 

Key words: Participatory budgeting, open budget, initiative project, state budget, public opinion, information-library centers

 

Аннотация: В данной статье речь идет о значении портала «Открытый бюджет», который был создан с целью поиска решений проблем населения и решения этих проблем путем непосредственного участия населения в этом процессе, а также их влияние на развитие библиотек. Иными словами, информационно-библиотечные центры в нашей стране, которые остались без внимания некоторых органов местного самоуправления, своими инициативными проектами через этот портал добились положительных результатов. Также в статье можно получить ответ на вопрос, что означает «Открытый бюджет» и ознакомиться с современными методами бюджетирования, основанными на участии граждан в бюджетном процессе, а также на основе опыта зарубежных стран.

 

Ключевые слова: Партисипаторное бюджетирование, открытый бюджет, инициативный проект, государственный бюджет, общественное мнение, информационно-библиотечные центры

 

Аннотация: Ушбу мақола ҳозирги кунда жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг бевосита иштирокчисига айлатириш орқали, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ташкил этилган «Очиқ бюджет» порталининг кутубхоналар ривожига қанчалик таъсир кўрсатаётганилиги ҳақида. Яъни, юртимизда баъзи маҳаллий ҳокимликлар назаридан четда қолаётган ахборот-кутубхона марказлари ўз ташаббусли лойиҳалари билан мазкур портал орқали ижобий натижаларга эришганликлари хусусида. Шунингдек, мақола орқали «Очиқ бюджет» портали ўзи нима?” деган саволга жавоб олиш ҳамда бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокига асосланган бюджетлаштиришнинг замонавий усулларидан хорижий давлатлар тажрибаси орқали  танишиш мумкин.

 

Калит сўзлар: Партисипатор бюджетлаштириш, очиқ бюджет, ташаббусли лойиҳа, давлат бюджети, жамоатчилик фикри, ахборот-кутубхона марказлари

 

Мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантириш мақсадида, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва сифатини яхшилашнинг замонавий усулларидан бири бўлган «Партисипатор бюджетлаштириш» жорий этилган. «Партисипатор бюджетлаштириш» бу – ҳозирги кунда дунёнинг кўп-лаб мамлакатларида амалга оширилаётган ва «Халқаро бюджет ҳамкорлиги» халқаро ташкилоти томонидан баҳоланган жараёндир. Ушбу партисипатор бюджетлаштиришда фуқароларнинг ўзи бюджет жараёнининг фаол иштирокчиси бўладилар.

Партисипатор бюджетлаштиришдан асосий мақсад фуқароларга бюджет тўғрисида ва бюджетни режалаштиришнинг аниқ элементлари тўғрисида маълумот бериш, мазкур жараённи шаффоф ташкил этиш орқали маблағларни самарасиз ёки нотўғри ишлатилишини олдини олиш, жамият ва аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳада фуқароларнинг иштироки ёки биргаликда қарор қабул қилишлари учун имконият яратиш, давлат харажатларини фуқароларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларига мос равишда адолатли тақсимлашдан иборатдир.

Хорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, партисипатор бюджетлаштириш 1989 йилда илк маротаба Бразилиянинг Порто-Алегри шаҳрида қўлланилган. Тажриба сифатида маъмурият фуқароларга шаҳар бюджетининг бир қисмини қандай тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини берган. Муваффақиятли ўтган амалиётдан сўнг, мана ўттиз беш йилдан буён Порто-Алегри шаҳар бюджетининг 20 фоизини фуқароларнинг ўзлари тақсимлайдилар. Бугунги кунда, мазкур бюджет амалиётини Ғарбий ва Шарқий Европадаги 20 дан ортиқ давлатлар, Лотин Америкаси, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар муваффақиятли қўллаб келмоқдалар.

Мисол тариқасида Ҳиндистоннинг Керала штатини ҳам кўрсатиш мумкин. Мазкур штатда партисипатор бюджетлаштириш амалиёти 1996 йилдан буён тўлиқ амалга оширила бошлаган бўлиб, ҳозирги кунга қадар фуқаролар бюджет жараёнида иштирок этиб келмоқдалар.

Аввал бошида партисипатор бюджетлаштириш амалиётлари асосан шаҳарларда амалга оширилган. Лотин Америкасининг кўплаб миллион аҳолига эга шаҳарлари партисипатор бюджетлаштириш тажрибасига эга. Европада ҳам партисипатор бюджетлаштириш асосан шаҳарларга хос амалиёт бўлиб келмоқда. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида эса мазкур жараён нафақат шаҳар, балки қишлоқ жойларида ҳам амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин. Партисипатор бюджетлаштиришда Россия Федерациясини етакчилар қаторига киради. Бюджет қарорларининг турли амалиётларини бирлаштириш мақсадида Россия Федерациясида «Ташаббусли бюджетлаштириш» лойиҳаси қабул қилинган. Ҳозирги кунда ташаббусли бюджетлаштириш доирасида фуқароларнинг бюджет қарорларида иштирок этишлари Федерациянинг деярли барча субъектларида – республикалар, ўлкалар ва вилоятларида амал қилмоқда. Бу орқали россияликларнинг учдан бир қисми ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларининг иштирокчиларига айландилар. Аввалига Россияда ташаббусли бюджетлаштириш қишлоқлар, шаҳар типидаги аҳоли пунктлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилган. Кейинги йилларда мазкур лойиҳалар Санкт-Петербург, Архангельск, Красноярск, Тверь, Киров, Уфа ва бошқа шаҳарларда ҳам амалга оширилмоқда.

Республикамизда жаҳон тажрибаси бў-
йича амалдаги бюджет тизимининг танқидий таҳлили, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг шаффофлик Кодекси асосида солиқ-бюджет сиёсати очиқлиги юзасидан ўтказилган диагностик баҳолашлардан келиб чиқиб, сўнгги икки йилда давлат молиясини бошқарилишини такомиллаштириш бўйича бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, партисипатор бюджетлаштириш жараёнини Ўзбекистонда ҳам қўллаш ва уни ривожлантириш мақсадида, давлат бюджети тўғрисида батафсил маълумотлар жойлаштирилиб бориладиган «Очиқ бюджет» (www.openbudget.uz) ахборот портали 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб ишга туширилди, давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотлар Давлат молиявий статистикаси стандартларига мувофиқ шаклда

Халқаро валюта жамғармасининг сайтида жойлаштириб борилмоқда, 2019 йилдан бошлаб туман ва шаҳар бюджетларида ҳосил бўладиган қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи фуқаролар томонидан билдирилган ташаббусли лойиҳаларга асосан йўналтириш механизми жорий этилди, бюджет маблағларини тасарруф этувчилар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнини тўлиқ ўз расмий сайтларида эълон қилиб боришларини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли нормалар киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети харажатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар эса тегишли халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

Шу ўринда, «Очиқ бюджет» ахборот портали ўзи нима?», «У қанчалик жамиятимиздаги соҳаларга ижобий таъсир этмоқда?» деган савол туғилади. Очиқ бюджет – бу фуқароларнинг турли даражадаги бюджетлар тўғрисида тушунишлари учун мавжуд бўлган маълумотларни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатидир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет маълумотларининг очиқлиги жараёнини фаол ривожлантириш мақсадида, Давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаларини жойлаштиришни назарда тутувчи «Очиқ бюджет» ахборот портали ишга туширилган.

«Очиқ бюджет» ахборот портали ва туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча манбаларининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисмини, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутувчи бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштироки «Ташаббусли бюджет» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3917-сон қарорига асосан жорий этилиб, давлат бюджети даромадлари ва харажатлари, уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот маълумотларининг мамлакатимиз фуқаролари, инвесторлар ва ташқи фойдаланувчиларга сифатли етказилишида ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда. «Ташаббусли бюджет» доирасида амалга ошириладиган тадбир ошкора ва аҳоли иштирок этишига қулай бўлиши учун молиялаштиришга таклифлар ва таклифларга берилган овозларни шакллантириш «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали амалга оширилмоқда ва жамоатчилик фикрига йўналтириладиган маблағ миқдори ҳудудлар кесимида эълон қилинмоқда.

Бунда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотлар, ўзларининг расмий веб-сайтлари ва мазкур «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштириб борилади. Фуқаролар «Очиқ бюджет» ахборот порталида таклифларни киритиш ва овоз бериш орқали ўзларининг фикрига кўра, маҳаллий бюджетлар маблағларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштиришга йўналтириш керак бўлган тадбирларни аниқлайдилар. Мазкур жараён орқали фуқароларни давлат молиясини бошқаришга жалб қилишда иштирокларини ҳамда қуйи бўғинда «Очиқ бюджет» портали орқали илгари сурилган ғояларни амалга оширилиши таъминланади. Бундан кўриниб турибдики, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни амалга ошириш, бюджет тўғрисидаги маълумотларга нафақат миллий даражада, балки маҳаллий даражада ҳам талаб юқори. Бу имкониятлар жамиятимизнинг ҳар бир соҳасини (яъни қурилиш, таълим, маданият) барпо этишда, ривожлантиришда, замонавий технологияларни жалб қилишда жуда катта ва муҳим вазифани бажармоқда.

Юқоридаги имкониятлардан фойдаланиш мақсадида, мавжуд ахборот-кутубхона марказлари ҳам «Очиқ бюджет» ахборот порталига ўз ташаббусли лойиҳаларини тақдим этиб, ижобий натижаларга эришмоқда.

Бунинг исботи сифатида Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар, Бағдод ҳамда Бешариқ туман ахборот-кутубхона марказларининг лойихаларини айтиш мумкин.

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-катубхона маркази 2022 йил сентябрь ойида ахборот-кутубхона маркази моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўз лойиҳаси билан иштирок этган. Китобсевар аҳоли ҳамда ходимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу лойиҳа етарлича овоз тўплаб, 600 млн. сўм маблағ қўлга киритилган.

Мазкур маблағга вилоят ахборот-кутубхона маркази учун компьютер техникалари, монитор, телевизор, фотоаппарат, кузатув камералари, планшет, калонка, микрофон, қулоқчинлар ва бошқа техника жиҳозлари харид қилиб, кутубхона фойдаланувчилари ҳамда ходимлари учун фойдаланишга топширилган (1-2-3 расмлар). Вилоят ахборот-катубхона маркази мутахассислари ва электрон ўқув залидан фойдаланувчи китобхонлар учун ажратилган компьютер техникалари замон талабларига жавоб бермаганлигини инобатга олиб, ажратилган маблағнинг бир қисмига 65 дона замонавий компьютер жамланмаси сотиб олинди. Улардан 40 донаси мутахассислар учун 25 донаси кутубхона фойдаланувчилари учун ажратилди ва ҳозирги кунда уларга хизмат қилиб келмоқда.

2022 йил март ойида Қўқон шаҳар ахборот-кутубхона марказининг «Амирий» кутубхонасини моддий техника базаси ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида, тақдим этилган лойиҳаси ҳам ғолиб деб топилиб, 150 млн. сўм миқдоридаги маблағни ютиб олган. Қўлга киритилган маблағга компьютер техникалари, телевизор, кузатув камераси, кондиционер, ҳамда мебель жиҳозлари харид қилинган ва фойдаланиш учун тақдим этилган.

Бағдод туман ахборот-кутубхона маркази биноси умуман ахборот-кутубхона фаолиятини олиб боришга яроқсиз, китоб фондини сақлашга шароити бўлмаган бинода фаолият олиб борган. 2020 йилда туман ҳокимлиги томонидан туман марказида янги бино қурилиши учун ер майдони ҳамда 1 млд. сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган эди. Афсуски, барчага бирдек таъсир ўтказган пандемия сабабли қурилиш ишлари якунланмай қолиб кетган. Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида, 2023 йил март ойида Бағдод туман ахборот-кутубхона маркази қурилишни якунлаш бўйича лойиҳаларини «Очиқ бюджет» ахборот порталига киритди ва кутубхона аҳил жамоаси шижоати ва ҳаракатлари билан ғолиб бўлди. Лойиҳаси орқали 1 млрд. 300 млн. сўмлик маблағ ютиб олинди ва мазкур маблағлар эвазига қурилиш ишлари якунланиб, 2023 йил октябрь ойида Бағдод туман ахборот-кутубхона маркази учун янги бино фойдаланишга топширилди. Янги бино 3 қаватли бўлиб, ахборот-кутубхона фаолияти олиб боришга тўлиқ мослаштирилган, хоналар кенг ва ёруғ, китоб сақлашга ва китобхонларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар эга. Эндиликда туман марказида бағдодликлар учун муҳташам зиё маскани, китобхонлар учун яна бир файзли даргоҳ хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, Бешариқ туман ахборот-кутубхона маркази биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги ПҚ-4354-сон Қарори талабларига жавоб бермас, китобхонларга сифатли хизмат кўрсатишга мослашмаган ва китоб фондини сақлаш учун шароити етарли даражада эмас эди. Бинони мукаммал таъмирлаш учун Бешариқ туман ахборот-кутубхона маркази 2023 йил апрель ойида «Очиқ бюджет» ахборот порталида ўз лойиҳалари билан иштирок этиб, ғолиб бўлган ва бино таъмири учун 1 млд. 200 млн. сўм маблағ ютиб олган. Мазкур маблағларга кутубхона биносининг том қисми таъмирланди, хоналар кенгайтирилди, эшик ва деразалар янгиланди, китоб сақлаш учун шароит яратилиб бино замонавий тусга кирди. Шунингдек, китобхонлар учун замонавий мебель жиҳозлари харид қилинди. Ҳозирги кунда кутубхона ўқув заллари кенг ва ёруғ, китобхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган ҳолда хизмат кўрсатмоқда.

Берилаётган бундай имкониятлардан биноси таъмирлашга муҳтож, моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва китоб фондини бойитиш истагида бўлган бошқа ахборот-кутубхона марказлари ҳам босқичма-босқич фойдаланмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳукуматимиз томонидан «Очиқ бюджет» лойиҳаси орқали берилаётган бу имкониятлардан унумли фойдаланиш натижасида, халқимиздаги «Сендан ҳаракат, мендан баракат» деган ҳикматли сўзи ўз тасдиғини топмоқда. Фуқаролар механизм ва натижалар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлгач, уларнинг бу лойиҳага қизиқиши, ишончи ва фаоллиги мос равишда ортиб бормоқда. Ўз соҳасини ривожлантирмоқчи бўлган, давлат бюджетини тўғри ва унумли сарфланишига, ечилмаётган муаммоларни ҳал қилинишига бефарқ бўлмаган фуқароларимиз ўз ташаббуслари билан ижобий натижаларга эришишмоқда.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратсак: ташаббусли бюджетлаштиришга ажратилган бюджет маблағлари улушининг ортиши фуқаролар томонидан киритилган таклифлар сонининг 2,5 баробарга кўпайишига олиб келди – 2019 йилдаги 28,7 мингдан 2022 йилда 69,7 мингтага, овоз берган фуқаролар сони эса 87,7 минг нафардан мос равишда 6,7 млн нафарга ошган. Бундан ташқари, молиялаштириш учун сараланган лойиҳалар сони 1102 тадан 2354 тага кўпайган.

2024 йилнинг биринчи мавсуми доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштиришга қарийб 3,02 триллион сўм йўналтирилган. “Очиқ буджет” портали маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Шунингдек, “Очиқ бюджет” лойиҳаси орқали вилоятларда туман ахборот-кутубхона марказларини замон талабларига мос равишда таъмирланиши ва жиҳозланишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Зеро, жамият тараққиётида, ёш авлоднинг таълим-тарбиясида, уларнинг замонавий билимларни чуқур эгаллашларида, юксак малакали кадрлар бўлиб етишишларида ривожланган ва замонавий кутубхоналарнинг ўрни беқиёсдир.

 

Фойдаланилган ресурслар:

1. Партиципаторный бюджет. Как граждане участвуют в распределении муниципальных средств. Комитет гражданских инициатив [Электронный ресурс] Режим доступа: URL: https://komitetgi.ru/news/news/1799.

2. Г.Хачатрян, И.Шульга, С.Гридин, А.Сухова/ Особенности Программы поддержки местных инициатив Всемирного банка как практики инициативного бюджетирования/ Аналитическая записка, Октябрь, 2016г.

3. Партиципаторный бюджет. Как граждане участвуют в распределении муниципальных средств. Комитет гражданских инициатив [Электронный ресурс] Режим доступа: URL: https://komitetgi.ru/news/news/1799.

4. Jumaniyozov, I. (2018). Impact of Development Finance Institutions on Economic Growth: Implications for Reconstruction and Development Fund of Uzbekistan. International Journal of Management Science and Business Administration, 4(2), 84-88.

5. Jumaniyazov, I. T. (2021). The Progressive Foreign Experiments in the Activity of Sovereign Wealth Funds. Annals of the Romanian Society for Cell Biology, 109-116.

6. Gavrilova Nadezhda Vladimirovna. Participatory planning and budgeting at the local level in the Indian state Kerala. Regional economy and management: electronic scientific journal. №1 (49) 2017.

7. Gavrilova Nadezhda Vladimirovna. Participatory planning and budgeting at the local level in the Indian state Kerala. Regional economy and management: electronic scientific journal. №1 (49) 2017.

8. Jumaniyazov, I. T. (2022). O‘zbekistonda davlat moliya tizimidagi islohotlar va rivojlantirish istiqbollari. Science and Education, 3(5), 1637-1645.

9. lex.uz ахборот сайти.