«The book is a free teacher, the main source of knowledge and spirituality». So capaciously and at the same time subtly described the importance of the book in the life of every person Alisher Navoi. The author of the article, relying on a quote from the great poet and thinker, talks about the path of a librarian, about a profession that has become a vocation for her thanks to mentors and teachers - professionals in their field. At all times, mankind needed libraries, used them, the library was and remains a storehouse of spirituality and enlightenment. Each person receives primary education, that is, spiritual food in the family, from parents. Gradually, growing up, he turns to the library. By his own example, the author concludes to what extent the book occupies an important place in the formation of spirituality, the expansion of a person's worldview.

«Книга – безвозмездный учитель, основной источник познания и духовности». Так емко и вместе с тем тонко охарактеризовал значение книги в жизни каждого человека Алишер Навои. Автор статьи, опираясь на цитату великого поэта и мыслителя, рассказывает о стезе библиотекаря, о профессии, которая для нее стала призванием благодаря наставникам и учителям – профессионалам своего дела. Во все времена человечество нуждалось в библиотеках, пользовалось ими, библиотека была и остается кладезью духовности и просветительства. Каждый человек начальное воспитание, то бишь духовную пищу получает в семье, от родителей. Постепенно, взрослея, обращается к библиотеке. Автор на своем примере заключает, насколько книга занимает важное место в формировании духовности, расширении мировоззрения человека.

Таянч сўзлар: ёшлар маънавиятини юксалтириш, «Бизни китобхонлик бирлаштиради», «Комиллик китобхонликдан бошланади», библиогрфик кўрсаткич, «Зангиоталик ижодкорлар».

Инсон умри, унинг ҳар бир куни, ҳарсоати, ҳар дақиқаси Ҳаёт деб аталмиш ажиб бир Китоб зарварақларига битилиб боради. Ўзинг томонингдан ёзилган умр дафтарини аста варақлаганингда, юзингда мамнунлик табассуми акс этиши ҳақиқий бахтдир. Шукрлар бўлсинки, ҳақиқий бахт туйғусини ҳис қилиш менга ҳам насиб айлади. Ўн етти ёшдан маърифат масканида фаолият юритиб, атрофдагиларга зиё улашишдек шарафли касбга эга бўлишнинг ўзи бир бахтдир.

Зиё маскани! Ҳа, англаганингиздек, бугун сўзимиз китоб ва китобсеварларнинг севимли ошёни кутубхона ҳақида бўлади.

Кутубхона... Бу сўз ҳаётга ўз қарашларим билан боққан, аммо унинг нима эканлигини ҳали тўла-тўкис англамаган вақтларимда менинг доимий ҳамроҳим эди.

Кутубхона... Бу жой мен учун салкам қирқ йилдан буён кўнгил талпинадиган, қадамлар ошиқадиган иссиқ маскандир. Ҳамма замонларда ҳам инсоният кутубхонага эҳтиёж сезган, кутубхонадан фойдаланган ва кутубхоналар доимо маърифат ва маънавият маскани даражасида эъзозланган. Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни, яъни маънавий озуқани оилада ота-онадан олади. Улғайган сари китобга мурожаат қила бошлайди. Китоб тафаккур, маънавият, ахлоқ манбаи сифатида инсон камолотида, эркин фикрлаш, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллайди. Китоб ўқиган сари инсон ақли чархланиб, маънавияти юксалиб, етукликка илдамлайверади. Китоб ўқимаганларнинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, «китоб беминнат устоз, билим ва маънавий юксакликка эришишнинг энг асосий манбаидир».

Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган, қалбларга нур, дилга ҳузур, ўзига ва кўнглига сирдош ва суҳбатдош қидирганда, инсон ошиқадиган табаррук маскан – Зангиота туманидаги эллик йиллик тарихга эга Ахборот-кутубхона маркази ҳақидадир. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 1970 йилнинг сентябрь ойида маданият бўлими тасарруфида марказий ва болалар кутубхоналари ташкил этилиб, дастлаб фонди 4000 тани ташкил этган. 1980 йилга келиб ушбу кутубхоналар марказлашган кутубхоналар тизимига ўтган ва туман қишлоқ фуқаролар йиғинларида унинг филиаллари ташкил этилган. Марказий ва болалар кутубхонаси ҳамда 24 та филиал кутубхона 2006 йилгача туман аҳолисига хизмат кўрсатиб, маънавий озуқа улашиб келган.

2006 йилги ҳуқумат қарорига асосан ушбу кутубхоналар таълим муассасалари тасарруфига ўтди. Ўн уч йил мобайнида марказий кутубхона туман марказидаги аввалги жойида сақлаб қолинишига эришилиб, туман аҳолисига доимгидек хизмат кўрсатишни давом эттирган. (Кўп жойларда бундай кутубхоналар йўқ бўлиб кетганди). Аммо бу кутубхона туман марказидаги дорихонанинг омборхоналари-да, мослашган тарзда фаолият юритар эди. Вазиятдан, шароитдан қатъий назар, устозларимнинг яхши кўрган ишига фидойилик, касбга садоқат бобидаги ўгитларини чин дилдан ҳис қилиб, уларга амал қилиш менинг ҳар қадамдаги шиорим эди.

Ушбу кутубхонада 40 йиллик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, зангиоталиклар маънавиятли, ёшлари билимга чанқоқ, китобсевар инсонлардир. Яна бир қувонарли жиҳат шундан иборатки, 50 йиллик тарихга эга ўша сақланиб қолинган кутубхона ўзининг йигирма минглик китоб фонди билан туманда барпо этилган муҳташам маданият саройида ахборот-кутубхона маркази сифатида фаолият юрита бошлади.

Бугунги кунда илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчи ташаббуси «Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш» бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Шу ўринда Зангиота тумани ҳокимлигининг туман ёшларини китобхонликка жалб қилиш, аҳоли ўртасида мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш билан боғлиқ барча ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, тарғиб қилаётганликларини алоҳида таъкидлаш жоиз. АКМ томонидан туман миқёсида «Бизни китобхонлик бирлаштиради», «Комиллик китобхонликдан бошланади» шиорлари остида китоб марафонлари, ижодкорлар билан учрашувлар, китоб дўконлари ва нашриётларни жалб қилган ҳолда ўтказилган тадбирларда турли ташкилот, корхона ҳамда тадбиркорлар фаол иштирок этиб, натижада китоб фонди 3550 га яқин янги бадиий адабиётлар ва компьютер жамланмалари, нусха кўчириш аппаратлари, янги китоб жавонлари, ўқув зали учун стол-стул, кабинет жиҳози билан ахборот-кутубхона маркази бойитилди.

Аслида бундай тадбирлар тез-тез ўтказиб келинади. Кутубхонамиз аҳоли учун Ўзбекистон Қаҳрамонлари, халқ ёзувчи ва шоирлари, академиклар, Зулфия ва «Ниҳол» давлат мукофотлари совриндорлари, халқ артистлари, спортчилар билан мунтазам учрашиб турадиган кўприк вазифасини ўтаб келади.

2020 йил январь куни АКМнинг расман очилиши маросими анъанага содиқ қолган ҳолда китоб марофони ва ижодкорлар билан учрашув тарзида ўтказилди.

Ахборот-кутубхона маркази негизида туман аҳолисининг барча қатламини қамраб олиш, аҳоли орасида адабий муҳитни шакллантириш, мутолаа маданиятини ўстириш ва уларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман марказидан олис 28 та МФЙда кўчма кутубхоналар ташкил этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар мактабгача таълим муассасаси, махсус авария тиклаш бошқармасига қарашли ҳарбий қисм, Самарқанд зооветеринария институтининг Тошкент вилояти филиаллари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 100 дан зиёд кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳамда кўзи ожиз фуқароларга китоб элтиш хизмати йўлга қўйилган.

Ахборот-кутубхона марказида «Китоб – қалб қуёши» номли фаол китобхонлар клуби ташкил этилган. Клуб аъзолари адабиётшунослар, филологлар, тарихчилар ҳамда китобсевар ёшлардан иборат бўлиб, АКМнинг барча оммавий тадбирларида қатнашиб, кутубхона ходимларига ҳам яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Республикамизда 2020 йилда пандемия туфайли карантин эълон қилинган кундан бошлаб, ахборот-кутубхона маркази кўпгина маданий-маърифий муассасалар қаторида китобхонлар билан t.me/zangiota_akm, facebook.com/zangiota_akm, instagram.com/-zangiota_akm, YouTube Zangiota axborot-ku-tubxona markazi, www.zangiotaakm.zn.uz, Твиттер@ZangiotaAKM тармоқларида расмий каналлар яратиб, онлайн ишлаш тартибига ўтди ҳамда китобларнинг электрон шаклини ҳавола этиб борди. 

АКМга ёшларни жалб қилиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, маънан етук ин-сонлар бўлиб етишишига алоҳида аҳамият қаратилиб, янги чоп этилган бадиий адабиётлар тақдимотлари, давра суҳбатлари, учрашув ва хотира кечалари, интеллектуал ўйинлар ўтказилиб келинмоқда.

АКМ томонидан Зангиота тумани ҳақида «Озод элнинг обод гўшаси» номли библиографик кўрсаткич тузилди. 20 номда картотека юритилиб, ўлкашунослик ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Зангиота – муқаддас даргоҳ», «Зангиоталик ижодкорлар», «Тумандаги бунёдкорлик ишлари» номли картотекалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, 21 номдаги шиор остида кўргазмалар ташкил қилиниб, энг сара китоблари китобхонларга тавсия қилиниб келинмоқда.

         Зангиота тумани ҳокимининг ташаббуси билан 60 млн сўм маблағ ажратилиб, ахборот-кутубхона марказида электрон кутубхона ва унинг веб-сайтини яратиш, QR-KOD орқали китоб тарғиботи ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, тўртта МФЙда АКМ-нинг филиалларини очиш, май-июнь ойларида «Энг яхши ёш китобхон оила», «Энг намунали оила кутубхонаси» кўрик-танловларини ўтказиш, «Мен севиб ўқиган китоб», «Мени ўзгартирган китоб», «Китобнинг менинг ҳаётимда тутган ўрни» мавзуларида ёшлар орасида сўровномалар ўтказиш, сўнгги йилларда китобхонлар орасида «бестселлер» (энг кўп ўқиладиган) китоблар муаллифлари билан учрашувлар ўтказиш, Зангиота туманида етишиб чиққан таниқли илм-фан фидойилари, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақидаги маълумотлар базасини яратиш, электрон каталог тузилмоқда.

Кутубхонамиз Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, «TURON» ахборот-кутубхона маркази билан узвий боғланган ҳолда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, туман ҳокимлиги, МФЙ-лар, Ёшлар агентлиги туман бўлими, тумандаги ҳарбий институт ва ҳарбий қисмлар, «Адабиёт зиёси» газетаси, туман «Истиқбол» газетаси, туман оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими, халқ таълими бўлими, тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорлигини давом эттириб келмоқда. 

Халқимиз орасида «Йўлинг ёруғ бўлсин»  деган ибора кўп ишлатилади. Биз таърифлаёт нурафшон манзил айни шу ёруғ йўлларга элтадиган маскандир. Мен ўтган кунларимга назар солиб, инсонларнинг йўлини ёритиш учун хизмат қиладиган зиё масканида, нурафшон манзилда фаолият юритиб, эзгуликкагина хизмат қиладиган касбимдан чексиз ғурурни ҳис қилдим. Ҳаёт йўлларингизни зиё нурлари билан ёритишга хизмат қиладиган «нурафшон манзиллар» бекатида доимий тўхтаб ўтишни одат қилинг, азиз Китобхонлар!