В статье говорится о многих ценных материалах и объектах культурного наследия, в том числе о наших древних письменных источниках, что свидетельствуют о мудрости и высоком потенциале нашего народа. Автор отмечает, что в нашей стране на протяжении столетий существовало богатейшие рукописное наследие. В частности, одной из насущных задач исследователей является изучение духовного богатства нашего народа, воспитание нынешнего поколения на основе положительных традиций и их полной трансформации в будущие поколения. В Восточном книжном фонде насчитывается 1465 наименований книг: на языках народов Средней Азии,  Ближнего и Дальнего Востока.

Мамлакатимиз ўз тарихи, маданияти, буюк маънавий мероси билан нафақат шарқ, балки жаҳон тамаддуни бешикларидан бири саналади. Кўплаб моддий ва номоддий маданий мерос объектлари, шу жумладан, қадимий ёзма манбаларимиз ниҳоятда ноёб ҳисобланиб, халқимиз ақл-заковати ва салоҳияти юксаклигидан далолат беради. Юртимизда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой мерос – қўлёзмалар жамлангани эътирофга лойиқ. Айниқса, халқимизнинг маънавий бойликларини ўрганиш, ҳозирги авлодни улардаги ижобий анъаналар асосида тарбиялаш, уларни келгуси авлодларга тўлиқ етказиш долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда.

Нодир қўлёзма ва босма асарларнинг аксарият қисми Ўзбекистон Миллий университетида сақланади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (1920 йилда Туркистон давлат университети, 1923 йилда Ўрта Осиё давлат университети) Фундаментал кутубхонасининг Шарқ китоблари фондига 1920 йилда барча китоблар жамғармасини ташкил этиш билан асос солинган. Собиқ Иттифоқ махсус кутубхона комиссиясининг хусусий бозор, яъни аҳолида сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, марказий кутубхонанинг асл нусхалар фондидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан университетнинг қўлёзма ва ёзма манбалар фонди бойитиб борилган.

1923 йилда Туркистон Шарқшунослик институти Ўрта Осиё давлат университетининг Шарқшунослик факультетига бириктирилиши муносабати билан аҳолидаги ноёб нашр ва қўлёзмаларни харид қилиш орқали Шарқ китоблари фонди аста-секинлик билан тўлдирилди. Дастлаб бу фондда фақатгина 16 та қўлёзма китоб мавжуд бўлиб, буларни араб ёзувидаги асарлар ташкил қилган.

1930 йилда Шарқ китоблари фонди илк бор катта ҳажмда аввал Шаҳрисабз ҳокими, собиқ генерал А.Жўрабеков томонидан тўпланган қўлёзма ва тошбосма нашрлар билан тўлдирилган. Қолган бир қисмини эса Туркистон ўқитувчилар семинарияси қўлёзмалари ташкил қилган. Бу даврда Шарқ китоблари фонди 42 000 тага етган. Унда сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар харид қилинган, бошқа шаҳарлардан буюртма асосида келтирган ҳамда Узоқ Шарқ – Эрон, Ироқ, Япония, Бирма, Индонезия, Покистон ва Вьетнам каби мамлакатлардан катта бўлмаган ҳажмда алмашиш йўли билан тўлдирилган.

Ҳозирги кунда бу манбалар ЎзМУнинг «Нодир қўлёзмалар музейи»да сақланмоқда. «Нодир қўлёзмалар музейи» 2006 йил 31 мартда ташкил топган, унинг асосини Шарқ китоблари фонди ташкил қилинди. Музейнинг Шарқ китоблари фондида ХIII–ХХ асрларда ёзилган асарлар мавжуд бўлиб, бу фонд аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларни харид қилиш йўли орқали тўлдириш ишлари давом этмоқда.

Шарқ китоблари фондида 1465 номдаги китоб мавжуд бўлиб, булар Ўрта Осиё халқлари, Яқин ва Узоқ Шарқ мамлакатлар халқлари – араб, форс, турк, ҳинд, урду, пушту, монгол, сиам, санскрит ва бошқа тиллардаги адабиётлардир. Булардан 523 таси қўлёзма ва 942 таси тошбосмалардир. Мазкур фонд мазмунан ранг-баранг. Унда тарих, география, ҳуқуқ, тилшунослик, фалсафа, тасаввуф, диншунослик, маънавият, педагогика, психология, табиат, тиббиёт, археология, астрономия, иқтисод ва менежмент соҳалари бўйича қўлёзма ва тошбосма нашрлар мавжуд. Шунингдек, фондда бадиий, яъни наср ва назмга оид адабиётлар кенг кўламда тақдим этилган.

Бугунги кунда музейнинг Шарқ китоблари фондида қуйидаги адабиётлар ҳам мавжуд:

- собиқ Иттифоқ ва хорижий мамлакатларнинг шарқ тилларидаги китоб ва даврий нашрлари;

- шарқ қўлёзмалари ва литографик (тошбосма) асарлар;

- шарқ матнларининг Европа нашрларини ўз ичига олган шарқшунослик деб номланувчи асарлар;

- лингвистика, шарқ тилларини ўрганиш бўйича дастуриламал (грамматика, луғат, хрестоматия, сўзлагич)лар;

- шарқ қўлёзмалари ва тошбосма нашрларнинг тавсифлари;

- шарқшунослик бўйича ёзилган асарлар.

Музей экспозициясида энг қимматли асарлардан бири Шиҳобиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Амравайҳ Абу Ҳафс ал-Қураший ат-Таймий ал-Бакрий ас-Суҳравардий (539/1145–632/1234 й.)нинг «Аворифу-л-маориф» («Яқин дўстлар туҳфаси» ёки «Илм-маърифат яхшиликлари») номли ноёб қўлёзмасининг XIX аср бошида таржимон Маҳмуд ал-Кошоний томонидан арабчадан форсчага ўгирилган қисқача таржимасидир.

Асар 63 бобдан иборат бўлиб, унда Суҳравардий ўз таълимоти асосларини ифода этган. Китоб 532 саҳифадан иборат. Мазкур китобда илм-фанга қандай муносабатда бўлиш ва инсон хулқ-атвори, одоб-ахлоқи, жамиятда ўзини қандай тутиши, покланиш усуллари, комил инсон бўлиш учун маорифу маърифат, маънавият-маданият имкони-ятларидан фойдаланиш лозимлиги тушунтириб берилади. Шунингдек, мазкур асарда ал-Маккий ва алҚушайрийдан иқтибослар келтирилган. Бу китоб кўплаб тариқатлар томонидан яхши қабул қилинган ва қўлланма сифатида фойдаланиб келинган. Шу сабабли ҳам у турли тилларга таржима қилиниб, ундан тасаввуфни ўрганишда кенг қўлланилган.

Музей фондидаги энг қадимий нодир қўлёзма XIII асрда, яъни 659/1261 йилда Абу Муҳаммад ибн Абу Бакр Собуний (580/1184) нинг форс тилида ёзилган «Китобу-л-кифоя фил-ҳидоя» номли асаридир. Китоб 304 саҳифадан иборат. Собунийни ҳурмат ва эътиборга сазовор қилган ушбу асар «Соҳиб-ул-Бидоя», яъни «Бидоя соҳиби» деб ҳам аталган. Ушбу китоб «ал-Кифоя фил-Ҳидоя»нинг қисқартмаси бўлгани учун баъзан «Талхисул-Кифоя» («Кифоя»нинг қисқартмаси), «Мулах-хасул-Кифоя» ва «Мухтасарул-Ҳидоя» номлари билан ҳам аталган. Китобда мураккаб фалсафий ва каломий муаммолар содда иборалар билан ёритилгани муаллиф араб тилини мукаммал билганлигидан далолат беради. Фиқҳ илми ва мотуридия мактабининг атоқли вакили Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр манбаларда «ал-Имомул-ажал» (буюк имом), «Нуруддин» (дин зиёси), «Носирул-ҳақ» (ҳақ ёрдамчиси) ва ас-Собуний лақаблари билан шуҳрат қозонган.

Шунингдек, музей фондидаги яна бир XIII асрга оид энг қадимий қўлёзма Абу Бакр Му-ҳаммад ибн Закариё ар-Розий (865-925 й.) нинг «Мирсод ул-ибод мин ал-мабдаъ ила-л-маод» номли асаридир. Ушбу асар Хоразмда Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) топшириғига биноан милодий 1863–1864 йилларда форс тилида яратилган. Асар 472 саҳифадан иборат. Мазкур асарда сўфийлик таълимоти ва XII асрга оид тарихий воқеалар баён этилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розий ўзининг «Мирсод ул-ибод мин ал-мабдаъ илал-маод» асарида «Қуръони карим»нинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг 260 тага яқин ҳадисларини шарҳлашга ҳаракат қилганлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розийнинг тасаввуфга оид таълимотининг асо-сий муаммолари таҳлили афсона, эртак, матал, топишмоқ ва мақоллар шаклида ифода этиладиган қадимги форс халқи ақл-заковатининг ўткирлигини кўрсатади. Мазкур асарнинг барча боблари орқали мўътадиллик ҳақидаги фикр-мулоҳазалар, ақл-фаросат, саҳийлик, олижаноблик, ҳимматлик, мўминлик, адолатпарварлик, раҳмдиллик, хотиржамлик каби сифатлар мужассам бўлган ғоялар акс эттирилади. Мутафаккир ушбу автобиографик асарда ўзининг ҳаёти ҳақида қисқача маълумотлар бериб, ўзининг тўлиқ исми Абу-бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шоховар ибн Анушервон ибн Абунажиб ал-Асад ар-Розий эканлигини таъкидлаган.

«Нодир қўлёзмалар музейи» фондини бойитувчи асарлар Шарафиддин Али Яздий (ваф. 1454 й.)нинг XIХ асрда форс тилида ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» 1340 саҳифа ва «Зафарнома» 600 саҳифалардан иборат қўлёзмаларидир. Асар Иброҳим Султон фармонига кўра, 1419–1425 йилларда Шарафиддин Али Яздий томонидан Шерозда форс тилида ёзилган. «Зафарнома» асари аслида «Фатҳнома» ёки «Фатҳномайи Темурий» ёки «Тарихи Жаҳонгушойи Темурий» деб номланган. «Зафарнома» 2 қисмга: Темур шажараси, туркий қабилалар тарихи ва Чингизхоннинг тўрт улуси тарихини умумий тарзда баён этувчи биринчи қисм – «Муқаддима» ва Темур даври тарихини ёритувчи асосий қисм – «Зафарнома»га бўлинади.

Муаллифнинг таъкидлашича, Иброҳим Султон ўз бобоси Амир Темур ҳақида махсус китоб ёзилишини ният қилган ва 1419–1420 йилларда ўз вақтида котиблар, бахши, муншийлар томонидан Темур ҳақида ҳам туркий, ҳам форсий тилларда ёзиб қолдирилган мавжуд маълумотларни йиғиб келтириш ҳақида фармон чиқарган. Бу иш амалга ошгач, мазкур маълумот – ҳужжатларни ўрганишга киришилган.

«Зафарнома»нинг сўз бошида қайд этилишича, Амир Темур ҳақидаги туркий ва форсий тилларда баён қилинган ҳикояларнинг ҳамма шеърий ва насрий нусхалари тўплангач, маълумотлар билан танишиш учун учта гуруҳ тузилган. Туркий ва форсий тилларнинг билимдонлари икки гуруҳни, воқеаларни ўз кўзи билан кўрган шоҳидлар эса бир гуруҳни ташкил қилган. Дастлаб Темур ҳақидаги ҳар бир ҳикоя ўқилган, агар унинг мазмуни воқеаларни ўз кўзи билан кўрган шоҳиднинг талқинига тўғри келмай қолса, Иброҳим Султон ҳақиқатни тиклаш учун турли шаҳарларга чопарлар юбориб, мазкур воқеани Темурнинг бошқа замондошларидан суриштирган ёки қўшимча маълумотлар тўплаган. Қўшимча ҳикоятларни ҳам тинглагач, Иброҳим Султон айтиб турган ва котиблар ёзиб борган. Шу тарзда асарнинг дастлабки хомаки нусхаси тайёрланган.

Шарафиддин Али Яздий ана шу хомаки нусха асосида «Зафарнома» асарини ёзган. Иброҳим Султоннинг қатъий буйруғига биноан китобни ёзиш вақтида сана, жой номлари, улар орасида масофа ўлчовлари ҳақидаги барча маълумотлар жуда синчиклаб текширилган. Шарафиддин Али Яздийдан эса асарни жонли тил билан тушунарли қилиб ёзиш талаб этилган, шунингдек, у ҳужжатларга қатъий риоя қилиши, Иброҳим Султоннинг бевосита шахсий назорати остида тузилган дастлабки хомаки ёзувдан асло четга чиқмаслиги ҳамда ҳеч нарсани бўяб кўрсатмаслиги шарт қилиб қўйилган.

XVI асрга оид қизиқарли ёдгорлик қўлёзма сифатида Мирхонд номи билан машҳур Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурҳониддин Ховандшоҳ ибн Камолиддин Маҳмуд ал-Балхий (1433–1497 й.)нинг форс тилидаги «Равзату-с-сафо» («Cоф жаннат боғи» ёки «Мусаффолик боғи») номли қўлёзма асарини XVII аср бошида ҳаттот Муҳаммад ибн Носируддин томонидан 716 саҳифада ёзилган 1-жилди ҳамда 1468 йилда ҳаттот Муҳаммад аш-Шариф томонидан 434 саҳифада кўчирилган «Равза-ту-с-сафо фи сийрату-л-анбиё ва-л-мулук вал-хулафо» («Халифалар, подшоҳлар, ав-лиёлар ҳаётига оид мусаффолик боғи») номланувчи 7-жилдларини келтиришимиз мумкин.

Асар тўлиқ 7 та жилддан иборат бўлиб, у темурийларга бағишланган тарихий асар ҳисобланади. Яъни, Одам Атодан сосонийлар давригача бўлган давр тарихини ўз ичига олади. Бу асарда муаллиф гувоҳ бўлган тари-хий воқеалар ҳақида ҳикоя қилади ҳамда тарихий афсона ва ривоятларга асосланади. Бу асарнинг 1-жилди – дунёнинг «яратилиши-дан» то Сосоний Яздижард III (632–651 й.) давригача бўлган маълумотларни ўз ичига олади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 7 та жилддан иборат бу асарнинг 6 та жилди Мирхонд қаламига мансуб, 7-жилдини эса набираси Хондамир ёзган.

Алишер Навоий билан учрашгач, шоир ўзининг «Ихлосия» хонақоҳидан унга алоҳида хона ажратиб, шахсий кутубхонасидаги китоблардан фойдаланишга ижозат бериб, олимни умумий тарихга оид катта асар ёзишга ундаган, уни бу соҳада доимо моддий қўллаб турган. Аммо Мирхонд улкан асарини тугатолмай, яъни еттинчи жилди ва жуғрофий илова материаллари йиғилган пайтда бевақт вафот этади. Унинг асарини набираси Ғиёсиддин Хондамир якунига етказади.

Мазкур асарни яратишда Мирхонд 40 нафар муаллиф, яъни араб тилида ижод қилган 18 нафар ва форс тилида ижод қилган 22 нафар олим ижодига мурожаат қилган.

«Равзат ус-сафо» китоби муқаддима, хотима ва етти жилддан иборат:

1. Дунёнинг «яратилишидан» то Сосоний Яздижард III давригача (632–651й.);

2. Муҳаммад пайғамбар ва халифаи Рошидин даври;

3. 12 имом тарихи; Умавий ва Аббосий халифалари;

4. Аббосийлар билан замондош сулолалар;

5. Чингизхон ва унинг авлоди;

6. Амир Темур ва унинг авлоди то Султон Абу Саид вафотигача (1469 й.);

7. Cултон Ҳусайн ва унинг авлоди тарихи (1523 йилгача) баён этилган.

«Равзат ус-сафо» асарининг 1-6-жилдлари компиляция – бошқалар асаридаги маълумотлар асосида ёзилган бўлсада, кўплаб манбалардан фойдаланиш асосида яратилгани учун бу қисм ҳам катта илмий қийматга эга. 6-жилднинг бир қисми ва 7-жилд янги маълумотлар ва муаллиф ўзи кўрган, билган ва шоҳиди бўлган воқеалар баёнидан бўлганлиги учун жуда катта аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, музейда ХVI асрда монголлар даврида яратилган «Қуръон», Алишер Навоийнинг «Хамса», Бобурнинг «Бобурнома», Амир Темурнинг «Тузуки Темурий», Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайиднинг «Искандарнома» ва бошқа қатор қимматли қўлёзмалари ҳам мавжуд.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг мазкур яратган асарлари тадқиқини кенгайтириш, уларни асл матн ва илмий изоҳли таржима шаклида нашр этиб, таълим-тарбия жараёнига жорий қилиш каби вазифалар янги тадқиқотлар учун асос бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, юқори салоҳиятли ва юксак профессионализмга эга кадрларни тайёрлашга замин яратмоқда. Зеро, ушбу музейда сақланаётган манбалар тарихимиз кўзгуси бўлиб, уларнинг навқирон авлод тарбиясидаги ўрни беқиёсдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Миллий университетида «Нодир қўлёзмалар музейи»нинг ташкил этилиши бой ва турфа ёзма меросимизни кенг миқёсда тарғиб ва намойиш қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда бой тарихимизга чуқур ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, музей фондидаги нодир қўлёзмалар коллекциялари энг ёрқин намуналарининг мунтазам намойиш этиб борилиши, ўз навбатида, ёшларимиз тарихни чуқур ўрганиб, боболар меросига мурожаат қилиб, изланишлар олиб боришларига кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Шунингдек, бу нодир маънавий мерос билан қизиқаётган олимларни ҳам Марказий Осиё халқлари тарихи билан янада яқинроқ танишишларига имкон яратмоқда.