Annotation. This interview provides a detailed analysis of the role of reading culture in the spiritual development of society, the importance of the traditional education system, and the preservation of classical literary heritage, featuring the renowned theologian, and Navoi scholar, Hasankhon qori Yahyo Abdulmajid.
Throughout the conversation, the developmental stages of the human brain hemispheres (the periods of memorization and critical thinking) are explained through scientific and practical examples, based on Ibn Sina’s educational methodology. Furthermore, the discussion puts forward conceptual solutions for fostering national identity, shaping the intellectual and spiritual upbringing of society, and overcoming flaws in modern education by leveraging the works of Eastern thinkers (Alisher Navoi and Abu Nasr Al-Farabi) in the era of globalization.
The text of this interview holds significant value for researchers in pedagogy, source studies, and the social sciences and humanities
Аннотация. Ушбу суҳбатда таниқли Қуръон ходими, теолог ва Навоийшунос олим Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид билан жамият маънавий тараққиётида китобхонлик маданияти, анъанавий таълим тизимининг аҳамияти ҳамда мумтоз адабиёт меросига ворислик масалалари атрофлича таҳлил қилинади. Суҳбат давомида Ибн Сино таълим методологияси асосида инсон мияси яримшарларининг ривожланиш босқичлари (ёдлаш ва тафаккур даври) илмий ва ҳаётий мисоллар билан асослаб берилган. Шунингдек, глобаллашув даврида Шарқ мутафаккирлари (Алишер Навоий, Абу Наср Форобий) асарлари воситасида миллий ўзликни англаш, жамиятнинг ақлий ва қалбий тарбиясини шакллантириш ҳамда замонавий таълимдаги иллатларни бартараф этишнинг концептуал ечимлари илгари сурилган. Суҳбат матни педагогика, манбашунослик ва ижтимоий-гуманитар соҳа тадқиқотчилари учун муҳим аҳамиятга эга.
Аннотация. В этом интервью дан подробный анализ роли культуры чтения в духовном развитии общества, показана важность традиционной системы образования и сохранения классического литературного наследия. В беседе принимал участие известный теолог и исследователь творчества Навои, Хасанхон Кори Яхьо Абдулмаджид.
На протяжении всего разговора на научных и практических примерах, основанных на педагогической методике Ибн Сины, объясняются этапы развития полушарий головного мозга человека (периоды запоминания и критического мышления). Кроме того, в дискуссии предлагаются концептуальные решения для формирования национальной идентичности, интеллектуального и духовного воспитания общества и преодоления недостатков современного образования с помощью трудов восточных мыслителей (Алишера Навои и Абу Насра аль-Фараби) в эпоху глобализации.
Это интервью представляет значительную ценность для исследователей в области педагогики, источниковедения, социальных и гуманитарных наук.
– Ҳурматли устоз, таклифимизга рози бўлиб, Миллий кутубхонамизга келганингиз учун сизга катта раҳмат айтамиз, ўйлаймизки бугунги суҳбатимиз ҳар томонлама манфаатли бўлади. Мулоқотимизни китобларга, кутубхонага бўлган меҳрингиздан бошласак.
– Аввало, таклиф учун ташаккур. Мана шундай илмий давралар қалбимиз сув ичадиган, баҳра оладиган манбалар ҳисобланади. Сизларнинг ҳам ишларингизга Яратгандан ривож сўраймиз.
Ëшлигимизда бизни китобга қизиқтирган зотлар албатта ота-онамиз бўладилар. Отамиз Яҳёхон қори домла ҳам китобхон эдилар, уйимизда кўп адабиётлар бўларди. Ўзлари уламозода бўлганлар, боболаримиз қози домла ўтишган. Улардан бизга бир кичикроқ кутубхона ҳам қолган. Энди у китоб-
лар араб ва форс тилларидаги манбалар ҳисобланарди. Ўша китобларнинг борлиги ҳам, балки, уйимизга китобнинг руҳини таратиб турган.
Онам ҳам китобсевар аёл эдилар. Шунинг учун уйимизда ўша даврда мавжуд бўлган китоблардан Ибн Сино ҳақларидами, ҳазрат Навоийми, умуман, адабиётга оид китоблар жуда кўп бўларди. Ота-онамиз адабиётга ошно бўлгани учун ҳам биз биринчи бўлиб адабий китобларга қизиққанмиз. Эслайман, мактабда, тахминан, учинчи, балки, тўртинчи-бешинчи синф пайтларимиз бўлса керак, Андижондаги Бобур кутубхонасига борганмиз. У ердан баъзи бир адабий китобларни олиб келганмиз. Бу китобларни олишга, кутубхонага боришимизга туртки ҳам Навоийнинг ижодини ўрганиш бўлган.
Уйда «Хамса» бор эди. Ҳазрат Навоийнинг яна бошқа девонлари ҳам бўларди. Кейин «Ўзбек адабиёти луғати»ни ўқидик ва сўз билиш қобилиятимизни анча бойитди. Мана шу китобларни ўзимиз мустақил ўқиганмиз. Тўғриси, биз адабиётшунос олимларни ўқимаганмиз. Лекин билмаганимизни ота-онамиздан сўрардик. Отамиз эрта ўтиб кетдилар. Ўшанда айрим манбаларга эҳтиёж сезиб, шу Бобур кутубхонасига борганмиз. Кутубхонага аъзо бўлиб, баъзи китобларни олиб кетиб ўқиб юрса бўларди.
«Инсоннинг ҳаётида китобнинг ўрни қандай?» десангиз, китоб – инсоннинг шахсиятини шакллантирувчи озуқа ҳисобланади. Масалан, биз танамизни моддий озиқлантирамиз, турли витаминлар билан, озуқалар билан, айтайлик, сув ичамиз, нон еймиз. Кейин биз уларнинг танамизга таъсири, соғлигимизга фойдасию зарари ҳақида гапирамиз. Худди шу сингари, китоб ҳам инсоннинг маънавиятини шакллантирувчи манба, руҳ учун асосий озуқа ҳисобланади.
Мутолаа бизнинг ҳаётимизда, хонадонимизда, оиламизда бошланган ва умримиз мазмунига айланган, десак ҳам бўлади. Китоб қанча бўлса-да, насиб қилса, биз зерикмаймиз. Мана, мен охирги вақтларда халқаро китоб кўргазмаларига бориб, айланиб юрибман ва турли тиллардаги китобларни олиб келиб йиғяпман. Қўлдан келганча ўқияпмиз ҳам. Агар битта хонага олиб кириб қўйиб, «Фақат китоб ўқиб ўтирсангиз бўлди, бошқа иш йўқ сизга» деса, биз бундан мамнун бўламиз.
– Интернетдаги манбаларда сиз ҳақингиздаги шу маълумотни ўқиганмиз: 13 ёшингизда Қуръонни ёд олган экансиз. Яъни болаликданоқ бундай кучли хотирани шакллантириш, тафаккурни ўстириш учун нима қилишимиз керак, умуман, ёшларнинг бугунги китобхонлик даражаси ҳақида қандай фикрдасиз? Болалигингиз, ёшлик даврингиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Бизга биринчи бўлиб отам Қуръондан таълим берганлар. Дадам илк бор Қуръондан ўқитган пайтда биз жуда кичкина эдик. Тахминан, уч ёшлар атрофида бўлсак керак, адашмасам. Бизлар шу икки-уч ёш пайтларимизни эслаймиз. Укам сариқ касал бўлиб қолган. Касалхонадан қайтган пайтда ҳеч ким билан кўришмаган, фақат онамга ёпишиб олган эди. Шу ҳолат хотирамда муҳрланиб қолибди. Кейинчалик аямга: «Укам ўшанда касал бўлганида, орқасидан менга ҳам юққан эди. Кейин мен ҳам касал бўлиб ётганларимни эслайман. Ўшанда неча ёш эдим?» – десам. «Бир ярим ёш эдинглар», – дейди. Шу бир ярим-икки ёш пайтларимизни эслаймиз. Баъзи бир ҳодисаларни-да, албатта. Ўшандан кейин, эслашимча, дадам бизни қучоғига олиб ўқитган пайтда уч-уч ярим яшар бўлсак керак. Чунки беш ёшимиздан бизни масжидга олиб кета бошлаганлар. Мактабда ноловой (мактабга тайёрлов) синф очилганди ўша кезларда, унга олти ёшимизда чиққанмиз. Отам бизни ундан олдин масжид-
га олиб борардилар. Ўша вақтларда дадам Қуръонни биринчи бўлиб оғзаки ўқитганлар.
Дадам: «Бола бир кунда уч юзта янги сўзни ўзлаштира олади. Нимага бир-иккита сурани ёдлай олмасин? Ўзлаштиради, фақат ўқитиш керак», – дердилар. Кейин бизга Қуръондан дарс берганларида: «Оғзимга қараб турасизлар», деб айтардилар. Шу оғизларига қараб турардик. Талаффузни ҳам ўрганардик, ҳам эшитардик, ҳам оятлар ёдланарди. Ғолибо уч, тўрт ёки беш мартада ёдлаб олардик. Битта оятни, масалан, «Вал-Аср» ёки «Фотиҳа» сурасининг бир
бандини уч-тўрт, нари борса беш марта такрорлашдаёқ эслаб қолардик. Кейин ўзимиз ёдлаб саноқ қилардик. Менинг кузатишимча ва кейинчалик бошқаларда ҳам кўрганим – ёшликдан Қуръон ўқитилиши боланинг зеҳнини жуда очади.
Тафаккурини ҳам кучайтиради. Мана ҳозир Англияда тўрт ёшдан мактабга тайёрлов курслари («почемучка» деймиз-ку) бор экан. Ундан кейин беш ёшдан мажбурий таълим бошланар экан. Ўзимизга тажриба бўлсин, деб суриштириб ўргандим. Мактаб фанларидан нима ўқитилади десам, шу содда-содда қилиб одатий фанлардан баъзи бирлари ўргатилар экан. Кейин ўйлаб қолдим. Хўп, бизнинг тарихимизда қандай бўлган?
Ибн Синонинг «Китаб ас-сийасаҳ» («Сиёсат китоби») деган асари бор. Ўша китобда «Отанинг болага сиёсати (тарбияси)» деган алоҳида боб мавжуд. Унда Ибн Сино айтадиларки, боланинг тили равон бўлгандан кейин биринчи унга Қуръон ёдлатилади. Кейин, 11–12 ёшлардан бошлаб фикрлашга оид бошқа илмлар ўргатилади, тил, адабиёт, фиқҳ, ҳадис, фалсафа ва ҳоказо.
Ибн Сино фанларни мана шундай кетма-кетликда санаган. У Зотнинг бир гаплари эсимга тушди. Кейин мен уларга (Кембриждагиларга) шундай савол бердим: «Болага нима учун беш ёшдан таълим берасизлар?» Мана, боланинг бўйи ўсиш пайти бор-ку, масалан, 12–15 ёш ўртаси. Шу вақтда сиз агар болани шуғуллантирсангиз, унинг бўйи тез ўсади. 17–18 дан кейин ҳам шуғуллантирсангиз ўсади, лекин унда 13–14 ёшдагидек самарали бўлмайди. Худди шу сингари, боланинг мияси шаклланаётган пайтда уни ишлатиш, чиниқтириш уни ўстирар экан. Мутахассислар ҳам буни таъкидлайди.
Мия иккита ярим шардан иборат-ку. Ярми ёдлашга, иккинчи ярми тафаккурга, фикрлашга хизмат қилади. Болалик пайтида инсон миясининг биринчи бўлиб ёдлаш қобилиятини таъминловчи қисми ривожланади. Кейин эса фикрлаш қисми фаоллашади. Мана, болаларни кўринг, улар улғаётган
пайтда биринчи фикрламайди, ёдлаб олаверади ҳамма нарсани.
Тилни ҳам ота-онадан, жамиятдан шундоқ эшитиб ўзлаштириб кетаверади. Демак, ёдлаш қобилияти биринчи ривожланади. Ундан кейин фикрлаш қобилияти ишга тушади. Ибн Синонинг қарашлари ва анъанавий уламоларимизнинг таълими ва ўзимизнинг оилада ўрганган таълимдаги услуб, аслида, айни мана шу инсоний тараққиёт, инсон жисмининг тараққиётига мутаносиб экан.
Масалан, тўрт, беш ёки олти ёш бўлган болага фанлар ҳам ўқитилаверади. Қайсидир даражада мумкин. Лекин фикрлаш қобилияти ҳали тўлиқ ривожланмаган, мия ҳали унча ишга тушмаган бўлади. Ибн Сино айтган гапнинг ҳикмати, нозик нуқтаси шундаки, биринчи Қуръон ёдлатилади ва ёдлатиладиган илмлар ўқитилади, ўргатилади, деган. Мисол учун, ҳадис ёдлатиш мумкин. Ўша вақтларда болаларга ҳар хил фанлардан уржузалар, байтлар ёдлатилган.
Ибн Сино: «Мана шунақа ёдлаш керак бўлган нарсалар олдин ўргатилади, фикрлаш қисми ишга тушгандан кейин тафаккурга асосланган, ақлий меҳнатни талаб қиладиган илмлар берилади», – дейди. Ҳозир ҳатто
Англиядаги беш ёшдан бошланадиган таълим тизимида ҳам шу нозик жиҳат ҳисобга олинмас экан. Олдин ёдлаш қобилиятини кучайтириб олиш деган ёндашув йўқ. Кейин уларга, яъни мутахассисларга «Бизнинг тарихимизда, мусулмонларнинг анъанавий таълим тизимида шундай тажриба бор, буни ўрганиб чиқинглар», деб таклиф бердим. Зотан, исломий тарбияда болага аввало ёдланадиган илмлар – Қуръони каримдан бошлаб, ҳадис ва бошқа манбалар сингдирилади. Миянинг ёдлаш қисми айнан ривожланаётган даврда у яхшигина чиниқтириб олинади. Одамда фикрлаш даври бошланиб, миянинг иккинчи яримшари тўлиқ фаоллашганда эса, фикрлашга қаратилган илмлар ўргатилади. Энди бу томони ривожлантирилади.
Миянинг иккала яримшари навбати билан, ўз вақтида ривожлантирилса, бу худди тана ўсаётган пайтда яхши чиниқтириб қўйсангиз, масалан, спорт билан бўйни ўстириб, бир умрга шу соғлом тана билан маза қилиб яшаб юришга ўхшайди. Болаликдаги машғулотлар ўрнини кейин тўлдириб бўлмайди. Айтайлик, киши 30–40 ёшдан сўнг касал бўлишни бошлагач, кейин спорт билан шуғулланса, барибир тана ва мускуллар аввалгидек соғлом бўлолмайди. Қайсидир даражада соғлик тикланар, лекин ўсмир пайтдаги чиниққан танадек бақувват бўлмайди.
Мана, биз қишлоқларга борамиз, отахонлар билан бир дастурхонда ўтириб қоламиз. Тўғриси, уларнинг олдида бизнинг таомланишимиз ҳеч нарса бўлмай қолади. Улар жуда яхши ейди. Энг қизиғи, қотма. Ундан ҳам қизиғи, бақувват. Биз ҳазм қилолмайдиган овқатни ҳазм қилади. Кейин ўйлайман, улар нимага унақа? Сабаби, булар ёшлик пайтида кетмон чопган. Ўша вақтда танани соғломлаштириб олган ва шу соғлом тана уларга бир умр хизмат қиляпти. Худди шу сингари, мия ҳам жисмнинг бир қисми.
Уч-тўрт ёшдан бошлаб ўн ёшгача хотирани чиниқтирадиган илмлар берилиб, ёдлаш қобилияти зўр ривожланса. Кейин фикрлаш босқичи бошланганда, тафаккур ҳам шундай чиниқтирилса, инсон келажакда қайси илм-
ни, қайси соҳани танламасин, уни осон ва яхши ўзлаштиради. Баъзан жамиятда катта-катта одамларни кўрасиз. Гаплашсангиз, тафаккури ёш боладан ҳам нўноқ. Мен олдин «нимага шунақа экан?» деган саволга жавоб тополмай юрардим. Бўлмасам, у одамлар ёмон одамлар эмас. Ҳозир ҳам фикрлашга интилиб кўради. Аммо нимагадир ўхшамайди-да барибир.

Кейин ўзимни ҳозирги ёшлар, бошқалар билан солиштириб биляпманки ва хулоса қилдимки, булар айнан мана шу фикрлаш ривожланаётган пайтда миянинг тафаккур қисмини ишлатмаган. Шуни кенгайтириб, қобилиятларини очиб олмаган. Айнан шу ёшда. Кейин ҳаётнинг қийинчиликларига рўпара бўлганда фикрлашга ҳаракат қилган. Ўрганишга ҳаракат қилган. Лекин 20 ёшдан кейин бўй ўсмайди-ку барибир. Шундан келиб чиқиб сизнинг саволингизга қисқача жавоб берсам, биз мана шу анъанавий таълимни тиклашга муҳтожмиз. Имом Бухорий яшаган давр ҳақида Абдуллоҳ домладан эшитганман, телевизорда бир кўрсатувда гапириб берганлар. У вақтда биз бола эдик. «Имом Бухорий яшаган пайтларида беш яшар болалар омматан ёзишни билган», – деган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар ҳадис ва Қуръонни ёдлашни бошлаган пайтда ҳам беш-олти ёш бўлган.
Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Шарафиддин Али Яздий билан учрашганини шундай ҳикоя қиладилар: Шарафиддин Али Яздийнинг хонақоҳи, яъни масжиднинг олдида ўйнаб юрган эдик. Тўпланган болаларни чақириб: «Ким биз билан гаплашади?» – деб сўради. Шунда мен: «Мен гаплашаман», – деб олдига чиқдим. «Кел бу ёққа», – деди ва биринчи саволини бериб, «Мактабда ўқийсанми?» – деди. «Ҳа, мактабда ўқийман», – деб жавоб бердим. «Қайси сурага келдинг?» – деди. «Таборак сурасини тугатдим», – дедим. Кейин менга Қуръон ўқитдилар. Сўнг Фотиҳа ўқидилар, дейди. Навоий мактабда олти ёш пайтида Қуръондан икки пора ёдлаб бўлган. Бундан аввал, беш ёшида эса «Мантиқ ут-тайр»ни ёд олган. Олти ёшида Қуръондан қанчадир ёдлаб улгурган. Бу фақат Навоийга хос эмас, бу ўша мактабнинг таълими бўлган. «Шарафиддин Али Яздийнинг саволи нимани англатади?» деса, Қуръондан ёдлаганига қараб боланинг қайси синфда кетаётганини билса бўлади.
Мана шу анъанага кўра Навоий ҳам беш-олти ёшдан бошлаб ёдлайдиган илмларни ўрганган. Ғазал ёдлаган, асарларни ёдлаган, ҳадис ёдлаган. Мен истардимки, келажак авлод учун мана шу анъанамизни тикласак. Юқорида айтганимдек, мутахассисларга бу фикрларни неча бор таклиф ўрнида бериб келдим. Бошқалар буни тажрибада ўтказиб, қайтиб бизга таржима қилишини кутиб ўтиришимиз керак эмас. Буни ўз тарихимизда синаб кўрганмиз, асрлар оша тасдиғини топган тизим бу. Бугун мана шу ёшдаги болаларга ҳам аввало ёдлашга асосланган илмлар ўқитилса дейман. Чунки ҳозирги мактаб фанларида хотирани чиниқтирадиган вазифаларни деярли кўрмайман. Болалар тўрт қатор шеърни беш дақиқада ёдлаб қўйишади, холос. Ваҳоланки, ушбу ёшда бола мияси жуда катта ҳажмдаги маълумотларни қабул қилишга қодир. Мана, ўзимиздан қиёс: биз ҳам ёшликда Қуръон ёдлаганмиз. Биздан ҳам эртароқ, ўн уч ёшда эмас, ҳатто ўн ёшида тугатганлар бор. Худога шукур, менинг ўғлим ҳам саккиз ёшида ёдлаб бўлди. Қаранг-а, болалик пайтида миянинг кучи шунақа қувватли бўладики, бутун бошли ўттиз пора китобни бемалол сиғдира олади. Биз бўлсак, болаларимизнинг мана шу олтин даврдаги хотира имкониятидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз, уларнинг бутун қуввати оддийгина машғулотлар билан ўтиб кетиб қоляпти. Энди ўша пайтда мияни чиниқтириб олсак, бола кейинчалик хоҳлаган ёшида, хоҳлаган фанни жуда осон ўзлаштириб кетади. Саволингизга қисқача жавобим шу: биз мана шу анъанани тиклашимиз, яъни болаликда хотирани чархлайдиган илмларга кўпроқ урғу беришимиз керак.
Нимага бизнинг болалар Навоийнинг шеърларини билмайди?! Иккитами тўртлигини билади, тамом. «Камол эт касбким олам уйидин...», яна «Ғурбатда ғариб...», бўлди. Бошқа ғазалини ҳам, тўртлигини ҳам билмайди. Нега шунақа бўлиши керак? Ҳар куни биттадан тўртлик ёдласа. Масалан, Навоийнинг арбаъинлари бор, яъни ҳадислар. Ҳадисларни тўртлик-тўртлик қилиб рубоий қилган. 40 кунда биттадан тўртликни ёдлолмайдими? Ёдлай олади. Боринг, ҳафтада иккитадан ёдласин. Ҳам тили ўсади, ҳам луғати бойийди, ҳам илм бўлади.
Бошқалар, масалан, аниқ ишонч билан айтаман: Англиядаги ўша беш ёшдан бошланадиган таълим тизимини ҳам улар вақтида мусулмонлардан ўрганишган. Чунки илгари Европада бунақа эрта таълим бериш анъанаси бўлмаган. Оксфорд ва Кембриж каби университетлар бу методни Андалусия, Мағриб ҳамда Ироқ мадрасаларидан олишган. Агар Самарқанд ва Бухоро мадрасалари тарихини ўргансак, у ерларда ҳам дарслар худди биз айтаётган услубда ўқитилган. Шунинг учун ҳам юртимиздан қаторлаб алломалар, шоиру уламолар етишиб чиққан. Ғарбнинг биздан ололмаган ягона жиҳати шундаки, уларнинг дастурида ёд олинадиган манбалар кўп эмас. Биз мусулмонларда эса аксинча, ислом фанларининг қайси бирини олмайлик, барчасида ёд олиниши керак бўлган матнлар бор.
Яъни, ҳамма илмда ёдлатиладиган манзумалар, назмлар мавжуд. Тил бўйича ҳам. Масалан, ҳадис бўйича ҳам, фиқҳ бўйича ҳам, Қуръон бўйича ҳам, қайси фанни олсангиз ҳам. Ҳатто табиий фанларда уржузалар бор. Мен Германияда, Тубинген университетида бир швед аёл билан учрашдим. Араб тилиси яхши экан. Шу аёлдан: «Ҳозир нима янгиликлар бор?» деб сўрасам, «Мен ҳам кимёгарман, ҳам араб тили бўйича мутахассисман. Ҳозир Андалусияда бундан 800–900 йил олдин ёзилган кимёга оид қўлёзмаларни ўрганяпман. Икки-учтасини нашрга тайёрлаяпман», – деди. Қўлёзмаларни ўқишнинг ўзига яраша машаққати кўплигини яхши биласиз. Кейин бояги аёл: «Ҳа, жуда катта янгиликлар бор. Ҳозирги кунда ҳам фанга аниқ бўлмаган, фан ҳали ҳам билмаган баъзи бир илмий хулосалар бор, уларни (андалусиялик олимлар) ёзиб кетган экан. Нашр қилсак, анча катта янгилик бўлади. Ҳозирча битта китоб чоп этдик», – деб менга кимёга оид бир китоб берди, номи «Мушкулот». Китобни ўзим билан олиб келавердим. Кейин очиб ўқисам, араб тилидаги кимёга оид китоб экан ўзи. Масалан, H2O деймиз, сув деймиз, у ёки бу моддаларнинг хусусиятини айтамиз-ку. Шуларни араб тилида назмга солган. Фараз қилинг, математиканинг ёки кимёнинг асосий қоидаларини шеър қилиб ёдлаб олади.
Бизнинг Ислом таълим анъанасида бола бу шеърларни тушуниши шарт эмас. Қуръонни ҳам тушунмаса-да, ёдлайверади. Ҳалиги¬ матнларни ҳам худди шундай хотирасига суратга тушириб олади. Кейинчалик маъносини англаб етса, олим бўлади-қолади. Шуни тилда ўрганса, ҳамма калитию эшиклари очилади. Масалан, айтайлик, араб тилида тўртта-бешта китобни ёдлади. Ҳозир бир ошнамизнинг ўғли ўн бир, ўн икки ёшида Қуръондан ташқари беш минг байт ёдлабди. Бола уларни тушунмайди. Лекин кейинчалик ўша тилни – араб тили бўладими ёки мана, ўзимизнинг мумтоз адабиётимиз бўладими, ярим йил-бир йил таълим олиб тушуниб олса, хотирасида турган кутубхона шундай очилади. Матнларнинг ҳаммаси тушунарли бўлиб қолади. Менимча, мана шу ҳозирги замонавий таълимда жуда катта оламшумул иш бўлади. Бу ўзи бизда, тарихимизда бор бўлган. Мана, бизнинг улуғ аждодлар, алломаларимизнинг тарихини ўқисангиз, жуда кўпи китобни бир-икки-уч марта ўқиганда ёдлаб олганини кўрасиз.
– Ҳазрат Алишер Навоийни эсладингиз, У зот ҳақида кўп гапирамиз-ку, лекин ўгитларини ёшлар ҳаётига сингдира олмаяпмиз. Натижада бугунги авлод у кишининг меросидан бироз узилиб қолган. Ваҳоланки, бизда жуда бой мумтоз адабиёт бор. Мана шу хазина билан ҳозирги ёшлар ўртасида қандай қилиб мустаҳкам кўприк солиш мумкин? Уларни адабиётга жалб қилишнинг қандай самарали воситалари бор? Мумтоз меросимизнинг энг мағзи тўқ, сара намуналарини замонавий ёшларга қандай усуллар билан ўргатсак бўлади
– Замонавий деган сўзни қўлладингиз, мана шунинг ўзи бир оғриқли нуқта. Биз замонавий деганда нимани назарда тутамиз? Ғарб маданиятиними? У бир маданият. Битта халқнинг маданияти замонавий деган талқинга ўтиши бу биз ўзимизни ўзимиз мағлуб қилишимиз бўлади. Дунё ўзгармаган. Одам, инсон ўзгармайди. Қурилиш ўзгаради, инсониятнинг билими ўзгаради, лекин табиати ўзгармайди. Ўша инсон, ўша инсон.
Қадимги Миср ёки Хитойдаги одам ҳозир ҳам ўша одам. Мана, иероглифларни ўқишяпти ҳозир. Олдин ҳам ўқилган. Ўша битикларнинг маълум мазмунини ўқисангиз, бундан беш минг йил олдин ҳам инсон ҳозиргидек тафаккур қилган. Бир хил бўлган. Бизда СССР пайтидан «Биз энг илғоримиз, олдингилар унча билмасди» деган тушунча қолиб кетган ҳали ҳам. Унақа эмас. Инсоният қачон билим-маърифат билан кўпроқ ошно бўлса, у ўсаверган. Маърифатдан узоқлашса, чўкаверган. Қайсидир халқнинг урф-одати, маданияти бу умумзамонавий деб қабул қилинмайди. Унга ўзига хос битта маданият деб қаралиши керак. Биз билан Навоий ўртасидаги ўзгараётган нарса айнан шу тафаккурнинг ўзи. Ҳазрат Навоийнинг ижоди, у кишининг ҳаёт тарзи, маданиятини биз ҳозир замондан орқада қолган деб биламиз. Ёшлар Навоийнинг ҳаётини, Навоийнинг дунёқарашини, Навоийнинг ўгитларини эскилик деб билади. Уни сиз замонавийлаштиришингиз шарт эмас. Балки ҳар қандай замонда ўша қадриятлар йўқолмаслигини тушунишимиз керак. У қадриятлар йўқ бўлган халқларнинг ҳаёт тарзи биз учун замонавий деб саналмаслиги керак.
Бухорий улуғ зот, аждодимиз, уни осмонга кўтарамиз. Навоийга дунё тан беради. Хўп, сизда нима бор? Агар улар улуғ бўлса, нега намуна олмайсиз? Агар намуна олмайдиган бўлсангиз, нима қиласиз уни мақтаб? Тўсиқ қаерда? Тўсиқ биз бошқа халқнинг маданиятини замонавий, бугунга мос ягона танлов деб ўйлаб олганимиз. Унақа эмас. Масалан, уларнинг юриш-туриши, гаплашиши, яшаш тарзи, моддий-маънавий ҳаёти шу замонга муносиб. Лекин бошқа халқларнинг, ҳатто ўзимизнинг тарихимиздаги буюк аждодларнинг ҳаёти ҳам бугунги замонга тушмайди деган тушунча онгимиз остида бор. Шу тушунча бўлиб турган пайтда (илм) юқмайди, овора бўлманг, минг таржима қилиб беринг, минг изоҳланг, юқмайди. Эътироф этиш керакки, ҳозир кўпчилик биладиган, дунёда оммалашган маданият бу қадимги Рим асосида, насронийлик билан қоришган Ғарб маданиятидир. Бу битта халқ, битта минтақадаги одамларнинг маданияти. Яхши шаклланган маданият, лекин ҳаммасини олишимиз шарт эмас.
Биз ўзимизнинг қадриятларимизга, ўзимизнинг эътиқодимизга, ўзимизнинг хоҳишларимизга мувофиқ ўзимизнинг маданиятимизни янгилашимиз керак. Кейин мана, мен ўқиб кўрганим, Темурийларнинг дипломатик мактублари бор. Ниҳоятда юқори савияда ёзилган. Бошқа, масалан, Берунийнинг китоб-
ларини ўқинг. Осмонда парвоз қилиб ётибди. Аждодларимиздан бизни узоқлаштирган нарса – ўзимиз учун дунёқарашни ўзимиз белгилаб, мана шу бизнинг аждодларимизнинг йўли, бизнинг ахлоқимиз бу, қадриятимиз бу, ўзлигимиз бу деган аниқ қарорга келмаганимиз. Мана шу жуда муҳим. Ва усиз бўлмайди барибир. Масалан, сиз ҳазрат Навоийнинг ҳаё ҳақидаги шеърини ўқияпсиз. Лекин ўзингиз беҳаё кийиниб олгансиз. Ёки беҳаёликни томоша қиласиз. У шеърнинг сизга нима аҳамияти бор? Сиз қабул қилолмаяпсиз. Ёки, мана, нафс ҳақида Навоий тушунчасини олайлик, ниҳоятда дақиқ, нозик.
Беша шерин гар забун қилсанг, шижоатдин эмас.
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужо.
«Шерни енгган эмас, нафс итини мағлуб қилган инсон ҳақиқий ботирдир», – деяпти Навоий. Хўш, бу гапни айтаётган, тинглаётган одам нафсини оддий бир ҳаромдан тиёлмаётган бўлса ёки нафсининг ҳамма хоҳиш-
ларига қуллик қилиб турган одам бу байтни нима қилади? Мана, биз тафаккуримизнинг қайси ўринларини ислоҳ қилишимиз керак! Биз ўзимизнинг маданиятимиздан ўзимиз фахрлана олмаймиз. Фахрланмаймиз, тўғриси. Расмини қўйиб қўямиз, чизиб қўямиз, лекин ўша билан чин маънода фахр туя олмаймиз. Агар фахр туя олсак, биз ўшанда у меросга яқинлашамиз. Мана шу нарсани сиз жуда яхши кўтардингиз. Ëшларни аждодларнинг меросига яқинлаштириш учун, бу буюк меросдан уларни баҳраманд қилиш учун асосий эътибор берадиган жойимиз нима десангиз, биз аввало, тафаккуримиздаги асосий нуқталарни аниқлаб олишимиз керак. Улар ким? Яна битта томони бор. Масалан, Европада эътибор берган бўлсангиз, уларнинг қадимги маданияти Юнон цивилизациясига бориб тақалади. Бу маданият кейинчалик Италия ва Рим империяси ҳудудларига, ундан сўнг Византия (Туркия) тупроқларига кўчган. Ҳатто Италия ҳам, Туркия ҳам ўзини «Рим»ман деб даъво қилган. Хўп, мана шу Юнон, Греция цивилизацияси чўккан, таназзулга учраган пайтда Европага насронийлик кириб борган. Кейин иккала тафаккур ўртасида бир икки асрча тўқнашув юз берган. Дастлабки I–II асрларда насронийлик қаттиқ босим остида бўлди. Черковларга кирсангиз, ертўлаларда жойлар бор. Улар таълимни биринчи шу ерлардан бошлашган дейишади. Баъзи бир черковларни музей қилиб қўйишган. Музей қилмаганда ҳам зўр тушунтириб беришади. Мана шу бир-икки асрлик тўқнашувдан кейин насронийлик Европада оммалашган. Кейин насронийлик маданияти қоришиб, янги бир маданият пайдо қилган. У ҳам вақт ўтиб таназзулга учраган. Ўрта асрларни қора йилларимиз, давримиз дейди улар.
Чўккан Европа маданиятининг қайта уйғонишига мусулмон цивилизацияси туртки бўлган. Бунда Андалусия, Бағдод ва Марокаш асосий рол ўйнаган, кейинчалик улар қаторига Шом ва Миср ҳам қўшилган. Европаликлар асосан Андалусия билан Бағдоддан қаттиқ таъсирланиб, шу орқали уйғониш даврини бошлашган. Энди мана, сизга айтмоқчи бўлган энг муҳим жойим: ўша пайтда Ғарб мутафаккирлари нима қилган? Улар илк бор юборган талабалар мусулмон ўлкаларида таълим олиб, ҳатто мусулмонлардек кийиниб, уларнинг маданиятини ҳам қабул қила бошлашган. Шунда асосий роҳиблар биринчи ўринда бўлган ва яҳудий олимлари ҳам улар сафида эди.
Хўш, улар ўз динини сақлаб қолиш учун нима қилишган? «Мусулмонлардан табиий ва аниқ фанларни ўрганамиз-у, лекин эътиқод ва маданиятини олмаймиз», деб мана шу мақсадга қаратилган асарлар ёзишган ва илм-фан йўналишини шунга мослашган. Айнан шу сабабдан ҳам мусулмон олимларининг жуда кўп китобларини лотин тилига таржима қилишган.
Ибн Синонинг китоблари Оксфордда, Кембрижда аввал араб тилида ўқилган. Бу университетлардаги дастлабки асрларда табиий ва аниқ фанлардаги асосий манбалар араб тилида бўлган. Кейин уни лотин тилига ўгиришган. «Нима учун?» дейилса, араб тили орқали араб маданияти, мусулмон маданияти ҳам кириб борарди-да. Шуни тўхтатиш учун кўпроқ таржимага урғу берилган. Яъни улар ўзининг маданиятини шакллантирганида Хитой маданиятими, япон маданиятими ёки бошқа маданиятими, уни ўзларига фильтрлаб ўтказган. Мусулмонларникини ҳам фильтрлаб қабул қилган. Биз – буюк Турон аҳли, минг йилга яқин улкан тамаддун яратган халқмиз. Масалан, Хоразмийдан тортиб то Улуғбекгача бўлган даврда юртимизда уламолар сулоласи узилмаган. Ҳатто вайронкор мўғул босқини даврида ҳам жуда катта олимлар етишиб чиқиб, ижод қилишган. Миллатнинг бу илмий салоҳияти Улуғбекдан кейин ҳам тўхтаб қолмаган. Бухоро мадрасаларида математика ва алгебра бўйича жуда яхши асарлар ёзилган.
Агар биз мана шу бой мероснинг ҳақиқий эгалари сифатида ўз маданиятимизни, аждодларимиз ва тарихимизни чуқур ўргансак, ана ўшанда юрагимизда чин фахр пайдо бўлади. Бошқа маданиятларни қабул қилишдан аввал уларнинг фойдали томонини олишимиз керак. Тўлақонли тобелик эмас. Мана шунда биз ўзимизнинг тарихимизни ўрганамиз. Шунда биз ўзимизнинг тарихимизга боғланамиз. Шунда биз ўзимизнинг тарихимизни севамиз. Шунда сиз айтган Навоийга интилиш пайдо бўлади. Ана шунда Бобурни яхши кўрасиз. Ана шунда Ибн Синони бошқача эҳтиром қиласиз. Аммо сиз ўқиётган китобларда фақат Эйнштейн, Нютон, бошқа олимларнигина ўқиб, ўзингизнинг олимларингизни, аждодларингизни танимасангиз, унда фахр туймайсиз. Демак, ўз-ўзидан ўртада масофа пайдо бўлади. Биз бошқа илмларни инкор қилмаймиз. Бизни аждодлар ҳам, масалан, Форобийлар ҳам Арастуларнинг китобларини ўқиган, ўрганган, нафақат ўқиб-ўрганган, тўғрилаган, ислоҳ қилган, тузатган.
Ҳатто Европанинг ҳозирги тараққиётига кўприк бўлган одамлар бизнинг аждодлар, мусулмон уламолар. Лекин улар Арастунинг эътиқодини қабул қилмаган. Масалан, Афлотуннинг фақат яхши фалсафий фикр-
ларини қабул қилишган, лекин аёллар ҳақидаги қарашларини олишмаган. Чунки Афлотун аёлларни шайтонга ўхшатган эди. Улар юнонлардан фақат керакли илмларни ўзлаштириб, ўз дини, эътиқоди ва маданиятида маҳкам туришган.
Биз айнан мана шундай қилганимиздагина, аждодлар билан риштамиз боғлиқ қолади. Буни битта оила мисолида олишингиз мумкин. Масалан, сиз отангиздаги қадриятларни қайсидир даражада сақласангиз, кейин оила бутун бўлади. Сиз кетдингиз, Англияга ёки Америкага бордингиз, бошқа одамга айландингиз, бу ришта узилади. Мана шу мафкуравий нуқталар ислоҳ қилинса, шунда ёшлар ўз-ўзидан асл маданиятимизни, асл тарихимизни ўрганишга йўналади. Ҳозир бу ишларнинг куч билан қилинаётгани мутлақо нотўғри. Биз болага «ўқи, ёдла, нега ёдламаяпсан?» деб фақат таъна қиляпмиз. Ваҳоланки, бундай йўл тутмаслигимиз керак. Масалан, болага тинмай «нимага овқат емаяпсан?» деявериш билан уни соғлом таомланишга ўргатиб бўлмайди-ку. Бунинг ўрнига унга чиройли овқат тақдим қилиш керак. Агар иштаҳаси бўлмаса, демак, ичида қандайдир хасталик бор, аввал ўша касалини даволаш лозим, тамом, кейин ўзи бемалол ейди. Сиз фақат унинг соғлиғини тикланг ва олдига ширин, ютумли қилиб таом қўйиб қўйинг, бўлди. Аммо на унинг касалига қарагансиз, на бераётганда ютумлик қилиб бергансиз, «е» деяпсиз. Еса ҳам, юқмайди. Демак, муаммони мана шу илдизлари билан муолажа қилиш тўғри бўлади.
– Анвар қори ака билан суҳбатлашганимизда, ҳар бир уйда агар Навоий, навоийхонлик бўлса, ўша уйдаги муаммолар йўқолади деб айтганди. Сизнинг Навоийга бўлган муҳаббатингиз, унинг ижоди бўйича китоб ёзишингиз, илмий иш қилишингизга асосий сабаб ёки туртки нима бўлган? Нега айнан Навоийни танлагансиз?
– Навоийни биз ота-онамиздан, асосан, дадамдан ўрганганмиз. Онам Ҳазрат ижодини унчалик чуқур тушунтиролмас эди. У киши тили соддароқ бўлган кейинги адибларнинг ғазалларидан кўп ўқирдилар, гапирардилар. Лекин дадам айнан Навоийдан сўзлардилар. Бизни бу улуғ Зот ижодига етаклаган, ошуфта қилган отамиз бўладилар. Навоийни кўп англатардирлар. Ҳатто «Хамса»нинг баъзи бир тўртлик, байтларини дадамдан ёдлаб олганмиз. Доим айтиб юраман. «Ҳайрат ул-аброр»да келади:
Ит киби чун пастлиғим чоғладим,
Ўзни бийиклар ипига боғладим.
Ўшанда ҳали беш-олти ёшли бола эдик. Мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиганмиз. Нимага десангиз, бизга дадам Навоийни, Қуръонни ёдлатган-ку, мактабнинг байтлари, ғазалларини ёдлаш бизга ҳеч нарса эмасди. Тадбирда чиқиб айтиладиган ҳамма шеърларни бизга беришарди. Чунки биз биттада ёдлаб қўярдик-да. Малака бўлган-да. Навоийга қизиқтирган асосий инсон отам бўладилар. Ҳазратни таърифлаб кўп гапирардилар. Уйда Навоийнинг кўплаб китоб-
лари бор эди. Ўшаларни ўқиб-ўрганганмиз, кейин опоқдадам, онамнинг оталари ҳам Навоийнинг ниҳоятда билимдони бўлган. Энди у кишини айтишимиз мумкинки, ҳазрат Навоий ва Фузулий ижодига ўша даврда, айтайлик, камида Фарғона водийсида, бўлмаса Ўзбекистонда энг тиши ўтадиган, тушунадиган олимлардан бўлган. Навоийнинг баъзи бир байтларини опоқдадамдан эшитганмиз. Улар одатда йиғилишларда гапирса ёки масжидда, маросимларда маъруза қилса, албатта мумтоз адабиётдан битта-иккита байт келтирардилар. Шу маърузанинг мавзусига мос байтларни айтардилар. Мана шу нарсалар бизга адабиётни таништирган ва Навоийга ошуфта бўлишимизга сабаб бўлган. «Ҳайрат ул-аброр»ни ўқиганимизда, бошидаги муножотларни ёдлаган пайтимизда тушунмаганмиз. Лекин ўқиб маза қилардик. Шундай қилиб Навоийга қизиққанмиз-да. Кейин албатта тушунишга уринасиз. Сал ақл ва тафаккур ишлагандан кейин ўрганишга қизиққанмиз. Ундан кейин ҳам бизда, Андижонда катта авлодда, ўша опоқдадамлар улардан баҳра олганлар, дадамлар тенгқур авлодларда адабиётга ошнолик бор эди. Биз отадан ёш қолганимиз учун бола бўлишимизга қарамасдан, гоҳида дадамнинг ўрнига бизни шу анжуманларга олиб кетишарди, таклиф қилишарди. Ва бу ҳам бизни Навоийга яқинлаштирган. Ундан сўнг, 13–14 ёшларимизда дастлабки шеърларни ёзганмиз, лекин вазнни билмасдик. Кейин билсак, арузда ёзган эканмиз. Кўникма бор-у, аммо баъзи бир камчиликлари ҳам йўқ эмас.
Адабиётга оилавий қизиққанимиз учун Навоийнинг китобларини уйда доим ўқирдик. Амакимлар ҳам шоиртабиат эди. У киши ҳам кўп шеър ёзганлар. Ҳазрат Навоий айтадилар-ку, «Уйимизда отахонлар тўпланарди, катта-катта шоир, олим, адиб одамлар эди. Шуларнинг даврасида ўтирардим, кўп баҳра олардим». Шу оилавий муҳит, Анвар қори ака раҳматли айтганларидек, хонадонда адабиёт, мумтоз адабиёт борлиги Навоий оламига киришимизга биринчи туртки бўлган, десак янглишмаймиз. Иккинчиси, биз сал ақлимизни таниб борганимиздан кейин билдикки, ҳазрат Навоийнинг ижоди бу бизнинг муқаддас динимиз билан чамбарчас боғлиқ. Унинг бадиий талқини десак ҳам бўлади. Бу нарсаларни англаб етиб, араб ва форс тилини ўрганганимиздан сўнг Навоийга яна ҳам кўпроқ қизиққанмиз ва мустақил равишда ижодини ўрганиб борганмиз. «Навоийга нима учун ошиқ бўлиб қолгансиз?» десангиз, буни бир оддий мисол билан тушунтирган бўлардим. Масалан, ҳаммамиз ҳам ўзбекмиз, ош еймиз. Агар фалон жойда зўр ош дамланибди, дейишса, албатта бориб еймиз ёки келтириб татиб кўрамиз. Ўша яхши таъмни сезгандан кейин, бошқа оддий таомлар одамнинг томоғидан ўтмай қолади. Навоий булоғидан сув ичган инсон ҳам унча-мунча бадииятга, унча-мунча мутафаккирларнинг гапига қониқмай қолади. Руҳ чанқаганда, мумтоз сўз соғинчи қийнаганда, одамнинг ўз-ўзидан яна Навоийни ўқигиси келаверади. Бизнинг ҳазратга яқинлашишимиз ҳам мана шундай кечган. Ҳазрат Навоийга ҳали кўп хизмат қилишимиз керак. У кишининг ижодларини том маънода халқимизга етказишимиз ва уни замонавий авлод тафаккурига яқинлаштириб беришимиз лозим. Ўртада биз нарвон қўямиз холос. Уни пасайтириб бўлмайди. У юксак бир тафаккур. Биз фақат одамларимиз унга осонроқ кўтарилишлари учун нарвон қўйиб беришимиз керак. Навоийга бўлган қизиқишимиз ва ошиқлигимизнинг асл сири мана шунда.
– Ҳозир аҳли илмлар, яъни имомларда адабиётни ўқиш қай даражада? Кўпларининг суҳбатини эшитасиз, адабиёт ўқимагани билинади, яъни сўз бойлиги жуда кам, асарлардан иқтибос келтира олмайди, сўзини асосламайди. Ўшанда Анвар қори ака жума маърузасида айтгандилар, имомларга Навоийни ўқитолмаяпмиз, деб. Ҳозир аҳвол қандай?
– Анвар қори бизни шунинг учун яхши кўрарди. Қаерда имомлар тўпланиб қолса, «Мана, қорилар Навоийни ўқийди. Нимага сизлар ўқимайсизлар?» – деб койиб ҳам берарди. Анвар қори ўзи адабиётдан хабардор бўлган. У киши шариат илмларини ҳам ўрганган. Иккаласини жамлагандан кейин, бу беназир оламдан баҳраманд бўлгандан кейин илинади-да ҳаммага.
Минг афсус, биздаги мадрасаларда, Ислом олийгоҳларида адабиёт жуда енгил ўқитилади. Олийгоҳда навоийшунослик дарси бор. Эслашимча, у ерда бир-иккита домлалар адабиётдан дарс берарди. Уларнинг битта камчилиги бор эди. У даргоҳдаги талаблар араб тилини ўрганган, фараз қилинг, бевосита араб тилидаги манбаларни ўқиётган одамлар. Уларга адабиётдан дарс бераётган киши эса Навоийдан гапиряпти. Лекин ўзи араб тилини билмайди. Динни билмайди. Тасаввуфни билмайди. Кейин адабиётдан дарс беради. Бу ёқдаги илмли одам ундан қаноат қилмайди. Ҳатто мен ўзим бир-икки марта гувоҳ бўлганман, талабалар домла билан тортишиб кетишган. Негаки домла ҳали ҳам шу эскича, советдан қолган фикрларни тиқиштиришга уриняпти. Билиб турибди, талабалар қабул қилмаяпти. Лекин ўзининг кўникмасини сингдиришга ҳаракат қиляпти. Бир жойдан, бир бурчакдан «фалончи ҳам айтган, ундай-бундай» деган гап топгиси келяпти, аммо ўхшамаяпти.
Мана шу ҳолат ҳам бизнинг Ислом олийгоҳидаги илм толибларини адабиётдан узоқлаштиришга битта сабаб бўлган. Умуман олганда, ўзи ундай яхши ўқитилмайди адабиёт. Аслида бу мактаб давридаёқ яхши ўқитилиши керак бўлган илм эди. Мактабда ҳам кўпчиликнинг ўқиши нўноқ бўлиб қолган. Энди: «Айнан Ислом институтида нега йўқ десангиз?», ўзи жамиятнинг қайси соҳасида бор? Ҳамма соҳада мактабда ўқигани билан чекланади, у эса жуда озлик қилади. Энди олийгоҳда шуни ривожлантирса бўлармиди?! Бўларди. Аммо у ерда ўзи фанлар, дарслар кўп, талабалар ўша бирламчи фанлар билан кўпроқ овора бўлади. Ҳафтада бир марта бўладиган дарсни ҳам уларни қаноатлантириб, Ҳазрат Навоийнинг ижодини, шундай буюк бир илмни уларнинг қониқишларига, илмий савияларига жавоб берадиган тарзда дарс ўтадиган одамни кўрмаганман. Бир сафар Нажмиддин Комилов суҳбатга чақирилган. Ўша кишидан баҳра олганмиз. Буни тан олишимиз керак. Нажмиддин Комилов бизга дарс бермасди ўзи. Лекин ҳазрат Навоийнинг ижодини ўрганиш муносабати билан олийгоҳга бир-икки марта таклиф қилишганди. Шу киши билан Навоий ҳақидаги суҳбатлар мазмунли бўлган. Аммо одатда бориб дарс берадиган адиблар қаноатлантирадиган даражада дарс ўтмаган. Чунки уларда база йўқ эди. Бунинг учун улар шариат илмларини ўрганган, араб тилини, тасаввуфни билган бўлишлари керак эди. Ана шунда олийгоҳдаги талабаларнинг даражасига яраша Навоийни тушунтира оларди. Мана шу муаммо туфайли Ислом мадрасалари, олийгоҳларини битирган талабалар адабиётдаги дарс тизими орқали бирор нарсага эришмаган. Аммо бизга ўхшаб мустақил шуғулланса бўларди. Энди ҳамманинг табиати ҳар хил. Биласизми, адабиёт шунақа нарсаки, олдин ҳам ҳамма адиб бўлмаган. Аллоҳ субҳонаҳу таоло инсонларни турлича яратган. Чунки дунёга ҳамма соҳадан одам керак. Ҳар бир соҳанинг ўз одами бўлиши учун инсонлар турли хоҳиш, завқ ва табиат билан яратилган. Адабиётга ошно бўлиш учун инсонда нафис, назокатли таъб бўлиши лозим. Иккинчи бир қоида, пайтдан фойдаланиб айтиб қолай, ҳамма соҳага қобилият ўсмирлик даврида очилиши керак. Адабиётга ҳам шу ўсмирлик чоғида қобилиятини очиб қўйиш керак. Талаба 20 ёшдан кейин олийгоҳга киради, бу вақтда у қотиб қолган бўлади. Сўзнинг нафосатини, назокатини, таъмини имкон қадар ўша ўсмир ёшида ўргатган маъқул, мен буни ўзим синадим-да. Ҳатто, мана, инсонларда мусиқий қобилият, яъни чиройли қироат қилиш қобилияти бўлади. Ёки, мана, ҳофизларимизда баъзи бир мумтоз ашулаларга нисбатан ички завқ бўлади, ҳеч бўлмаса ўзи айта олмаса ҳам. Мана шу нарсаларни 20 ёшдан кейин ўргатсангиз ҳам, ўша 14–15 ёшда, шаклланаётган пайтда ўргатилгандек танага сингиб кетмас экан. Гўшт билан суякка аралашиб кетиш керак-да у. Бу гўшт билан суяк шаклланаётган пайтда бўлса, зўр. Ҳам осон сингади, ҳам яхши натижа беради. Шунинг учун адабиётга бўлган муносабатдаги муаммонинг негизини мактаб дастурларини яхшилашимизда деб биламиз. Мана шу жойда болаларга Навоийнинг чин, ҳақиқий эгаси уқтириб бериши керак. Биласизми, қалб шундай неъматки, у ақлдан буткул бошқа нарса. Кўп одамлар ақлини ҳисобга олади, лекин қалбини ҳисобга олмайди. Айниқса, адабиёт бу қалб билан боғлиқ нарса. Кимдир ақлан олиб қарайди, Навоийни хоҳлаганча талқин қилиб, хоҳлаганча бекитиб кетсак, мана шу билан одамларни шакллантирсак бўлади, деб ўйлайди. Кейин ўзи истаганча талқин қилиб кўради. Ўхшамайди. Нимага деса? Қалб сезадики, гап очилмаяпти. Ёлғонни ақл билмаслиги мумкин ёки билиб индамаслиги мумкин, лекин қалб сезади. Ҳазрат Навоийнинг ижодини қалб билан севиб, қалб билан тушунтириб, Навоийнинг ўзи истаган маънони етказиб беринг, ҳамма ошиқ бўлади.
– Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек халқининг иллатлари сифатида тўй ва маъракаларни айтган. Бугун орадан 100 йил ўтди. Ўзбек халқининг ютуқлари ҳам бор ва ҳали ҳам тўғрилашимиз керак бўлган камчиликлари бор. Шуларни сиз нималарда кўрасиз? Яъни биз Ўзбек халқини янада юксаклаштиришимиз учун қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор беришимиз керак?
– Мен дунёнинг кўп халқлари билан танишиб юриб, шу хулосага келяпманки, Ўзбек халқи – танти халқ. Ва соф инсоний хусусиятларни яхши сақлаган ноёб, жайдари халқ. Халқимизнинг ҳозирги бу софлигини бузмаслик керак. Масалан, табиий фанлар, аниқ фанлар ёки математика, компьютер бўйича халқлар ўзининг ишини қиляпти. Биз ҳам қилаверамиз у ишни. Лекин уни сотиб олсангиз ҳам бўлади. Компьютерни сотиб олиб ишлат-япсиз-ку. Аммо ўзликни сотиб олиб бўлмайди. Шу маънода, одамларимизда жуда катта қобилият кўраман. Айниқса, бошқа халқлар билан солиштирганингизда, ўзбек халқида бир қанча жуда юксак ижобий хислатлар бор. Қобилият зўр. Дунёнинг қаерига ўзбек талабаси борса, ўша жойнинг илғори бўлади, ўқиса албатта. Хоҳлаган мамлакатингизга боринг. Англиями, Япониями, Саудиями, Мисрми, Туркиями – ёшларимиз пешқадам. Улар орқада юрмайди. Ҳатто мигрант бўлиб
юрганлар орасида ҳам. Билмадим, мен шундайларга йўлиқиб қоламанми?! Қаёққа борсам, ўзбеклар ўша юртга борганига беш-ўн йил бўлган, ўрнини, ишини топиб, керак бўлса, ўша ердагиларни ишлатяпти. Демак, қобилият бор, имконият бор, юқори салоҳият бор.
Асосийси, ўзбекнинг соф табиати, самимий инсонийлиги ва фидойилиги бор. Бу жуда кўп жойда танқис. Сиз бошқа ривожланганман деган мамлакатлардаги одамлар билан бирпас гаплашиб кўринг, дўстлашишингиз қийин. Чунки ҳамма муомалани манфаат устига қуради. Қисқа муносабат қила олади. Аммо давомий дўстлик борасида бизнинг халқда асл инсоний табиатни кўрасиз. Бу – ютуқларимиз. Энди камчиликларимизга келсак... Ўзбек халқидаги энг катта камчилик – билимга, ўрганишга қизиқиш камлиги. Ҳозир анча тузаляпти.
Жуда ҳам мажбур бўлиб қолганда ўзи учун ўрганади. Масалан, айтайлик, мен учун Навоийнинг ижоди тирикчилик эмас. Яхши кўрадиган, муҳаббатим боғланган билим. Ёки бошқа ўзим ўрганаётган илмларда ҳам моддий манфаатнинг аҳамияти йўқ. Лекин кўпчиликда ўрганган илми фақат тирикчилик учун бўлади. «Бу нимадан?» деса, бу – билимнинг ўзига эмас, ундан келадиган фойдага қизиқиш борлигидан. Айнан мана шу, ўрганишга бўлган дангасалик бизда кўп. Ҳозир мана ахборот таҳлилларини кўрсангиз (интернетда таҳлилчилар кўпайиб кетди) ёки одамлар ўз мулоҳазаларини ёзади, гоҳида кўзимиз тушади. Ўқисангиз, кўпчилигимиз қизиққон, адолатпарвар, яхши табиат. Худбин эмас, фидойилик бор. Лекин «шуни олдин ўрганай-чи» деган гапга тўхталмайди. Билим кам. Масалан, мен бир гапни айтсам, ёқиб қолса «ҳай» деб кетаверади. Сиз тескарисини айтсангиз, сизга ҳам эргашиб кетаверади. «Тўхтанглар-чи, иккаласидан қайси бири тўғри ўзи?» деб, ёки шуни олдиндан ўрганиш деган нарса йўқ.
Мен кўрган энг катта муаммоимиз билимга бўлган эътиборимиз ҳали етарли эмаслигида. Сиз айтаётган тўй-маъракаларга бўлган кўп сарфлар, шу нарсаларга қаттиқ берилиш ҳам аслида билим билан кам шуғуллангандан келиб чиқади. Тўй-маъракаларни танқид қиламиз. Одатда, кимгадир «мана буни қилма» дегандан кўра, «мана буни қил» деган яхши. Сиз «мана буни қил» деган нарсани кўпайтирсангиз, қилмаслик керак бўлган нарса ўзи чеккага чиқиб кетади. Ҳа, биз «дабдабали тўй қилма» деймиз. Хўш, кейин-чи? Биз масалага бошқача ёндашишимиз, шундай гаплашишимиз керакки, у тўйга ошиқча пул сарфлай олмай қолсин. Тўйнинг ўз психологияси бор. Инсон ундаги дабдабадан нима истаяпти? Ўзини кўрсатишни истаяптими, кўнглихушлик истаяптими, завқ истаяптими, нима истаяпти? Завқ, ўзини кўрсатиш, жамиятда ўз ўрнини топишга интилади инсон. Мана шундай бўлади: «Бир тўй қилсам, ҳамма келса, ўзимнинг борлигимни ҳис қилсам.» дейди. Лекин ўзингизнинг борлигингизни сиз илм билан ҳам ҳис қилишингиз мумкин. Айтайлик, бошқа бир соҳани ривожлантириб туриб ҳам ҳис қилишингиз мумкин. Одатда шу йўлни тутган инсон дабдабаларга берилмайди. Демак, одамларимизни шу томонга йўналтиришимиз керак. Жамиятдаги ўрнини топиш учун фойдали томонлар кенгайтирилиб, ўша томонларга тарғиб қилинса, бунга ўхшаган муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Халқимиздаги яна бир камчилик бу – ўта ишонувчанлик. Бу ҳам шу кўп ўқиб-ўрганмасликдан келиб чиқади. Бундай ўта ишонувчанлик гоҳида хатоларга сабаб бўлади. Шу туфайли бадиий китобларни тарих китоблардек тушуниб олишади. Масалан, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асарини олайлик. Бадиий китоб, қайсидир бир муаммони кўрсатмоқчи бўлган. Лекин у бизнинг тарихимизни ифодаловчи ҳужжат эмас. Аммо одамлар шуни тарихий китоб деб қабул қилади. Аждодларимиз, боболаримиз шундай бўлган деб ўйлашади. Ваҳоланки, воқеалар ундай бўлмаган. Масалан, ҳозир Қўлёзмалар инс-
титутига борсангиз, у ерда 1900-йилларда чиққан журналлар, мажаллаларни кўрасиз. Бундан бутун дунёнинг хабари бор. Ўзимизда, Қозонда, Петербургда чиққан ва олиб келинган ноёб нашрлар мавжуд. Одамлар уларни ўқиган, ўрганган. Унақа «Гермон деган азим чиқди» дейдиган бўлмаган.
Қайси бир қишлоқнинг қайси бир жойида шунақа одам бордир. Ишонасизми?! 2018–2019-йилларда ҳали ҳам СССР қизил паспортида юрган фуқаролар бор эди. Ўша ерга махсус комиссия бориб, текшириб, пас-
портларини янгилаб беришди. Фараз қилинг, мустақил бўлганимизга 30 йил бўлган бўлса, шуни ҳам ҳис қилмаган ҳали. Қизил паспортда юрибди. Энди қишлоқдаги шу одамни топиб мен репортаж оляпман. Қизил паспортини кўрсатяпман-да: «Мана, Ўзбекистон фуқаролари» деяпман. Тўғри бўладими?! Бадиий асарларнинг баъзи бирлари шундай. «Замон талаби» деб қўямиз баъзида. Шунинг учун бундай чалғитувчи нарсаларда халқимиз алданиб қолмаслиги керак. Ёки тарихимиз... Ўзимизнинг хонлар ҳақидаги тарихимизни бошқатдан қайта кўриб чиқишимиз керак. Чунки рус истилочилари ўзларининг босқинчиликларини оқлаш учун ўзларидан олдинги тузумни ёмонлаган. Тарих китобларида айнан шундай ёндашилган. Ҳозир, мана, янги тарихчи олимларимиз чиқиб гапиряпти. У маълумотларни шу вақтгача биз тарих ки-
тобларида кўрмаганмиз. Жуда катта ислоҳот қилган амирларимиз, хонларимиз ўтган экан. Ниҳоятда ватанпарвар бўлишган экан. Адиб-уламоларни қўяверинг, илм-фанга ҳам ўзига яраша эътибор берганлари кўп бўлган экан. Хўш, асоссиз гаплар билан тарихимиз ҳақида тасаввур ҳосил қилишимизнинг сабаби нимада? Ўқиш керак. Наим Карим домланинг Ҳамза ҳақидаги китоби бор. Олдинги мактаб дастурларининг ҳаммаси оёғи осмондан бўлиб қолган. Лекин тадқиқот ҳақиқий. Аммо одамлар шу китобни ўқимайди, мактабда ўқигани қолиб кетган калласида. Шунинг учун биз нимага эътибор қаратишимиз керак? Одамларимизга туртки беришимиз керак. Илм билан гапиришга ўргатишимиз керак. Илм билан ёндашишни шакллантирсак, мана шунда халқаро майдондаги воқеа-ҳодисаларга ва ижтимоий жараёнларга қарашларимиз ҳам тўғри бўлади. Ҳозир анча жонланиш бор, лекин бу ҳали етарли эмас. Яқинда мана шу кутубхонада Имом Бухорий ҳақларидаги, шогирди Ибн Ҳотим Варроқнинг битиклари жамланган бир китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда асосан талабалар, яъни асл китобхонлар қатнашди. Савдогар ё бошқалар эмас, талабалар ўтирибди. Бари китоб ичида яшаётган, ундан нафас олаётган одамлар. Мен улардан сўраяпман. Хўп, мана, Имом Бухорий ҳақларидаги китоб тақдимотида ўтирибмиз. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Саҳиҳи Бухорий» китобларининг биринчи нашри таржима қилиниб, нашр этилганига 30 йил бўлди. Охирги таржималар, яъни «Олтин Силсила» туркуми чиққанига ҳам 15 йил тўляпти. Мана, Бухорий ҳақларидаги китоб тақдимотига қизиқиб келдик. Шунчалик муҳаббатимиз бор экан, қани ким Имом Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобларини ўқиган? 150–200 тача одам бўлса керак тадбирда, бирор киши ўқимаган. Хўп, «Ал-адаб ал-муфрад» китоби чоп этилганига ҳам 15 йил бўлди. Хўш, уни ким ўқиди? Ҳеч ким ўқимаган. Яъни жамиятимизнинг сара одамларида шу ҳол бўлса, бошқалардан нимани кутамиз. Уларни айбламоқчи эмасмиз. Демак, ўқиш кам. Буни қаердан биламиз? Бизда ҳаёт тарзи ва кунни тартиблаш ҳақидаги китоблар энди-энди чиқа бошлади. Одамларимиз шундан кейин ўнгланса керак. Биздаги асосий камчилик – кун тартибининг йўқлиги. Мисол учун, ишлайдиганлар ишга вақтида бориши мумкин, лекин бошқа пайтда, айтайлик, бир соат китобхонлик ёки фарзандлар билан бир соатлик тарбия вақти ташкил қилиш деган нарсалар жуда кам. Мана шундай кўникмани шакллантиришимиз, маърифатни ёйишимиз керак. Фикрдан чўчимаслигимиз керак. Фикр, тафаккурга ундашимиз керак. Ҳар қандай билимдан тўсмаслигимиз керак. Билимлардан хоҳлаганингизни ўрганинг. Тартиби тўғри бўлса бўлди. Мана, баъзи одамлар «фалон китобни ўқима, пистон нарсани билма, ўрганма ва ҳоказо деб» доим тақиқни устун кўради. Нима учун? Ҳатто ёмон гап бўлса ҳам ўқийверайлик, кейин уни тўғрилаб, хулоса чиқариб ўрганишимиз мумкин. Гап, фақат уни бевақт ўқимасликда. Хоҳлаган китоб вақти билан ўқилса, ҳеч кимнинг тафаккури издан чиқмайди. Бизда, афсуски, мана, мен баъзи бир жойларда буни айтиб ўтаман дердим. Ëшликдан болаларни қизиқишларига тақиқ қўйиб катта қиламиз. Тўғри, одоб-ахлоқ ва тарбия борасида «бу ёмон иш, қилма» дейиш керак, лекин бу ҳам қуруқ гап бўлмаслиги лозим. Болага бунинг ҳикматини ёшига қараб тушунтириш зарур. Лекин тақиқ устувор бўлмаслиги керак. Оилада ҳам тақиқ кўп. Ҳозир кўчага чиқаётган ўғлига ҳам кўпчилик «эҳтиёт бўл» деяверади. Нимадан эҳтиёт бўлади? Ҳамма ёқ тинч, хотиржам-ку. Энг кўпи билан уч-тўрт сўм пулини ўғирлатар, кейинги сафар ўғирлатмайдиган бўлади. «Бозорга борма, у ерда ёмон одамлар бор экан» деб қайтаришади. «Фалон жойга борганда эҳтиёт бўл» деб айтиб, қўрқитиб, тақиқ қўямиз, бунақа бўлмаслиги керак. Хоҳлаган жойига борсин, тайёрланиб борсин. «Ўғлим, сен ҳозир борадиган жойда мана шундай ёмон одатлар, ножўя ишлар бўлиши мумкин. Қоида бундай: ўша ёмон гап-сўзларни қабул қилмайсан. Лекин у ерда фойдали ишлар ҳам бор, пул топсанг, мана бу китобни ўқисанг бўлади», деб англатиш зарур. Ёшликда оиладаги тақиқларни камайтириб, тушунтириш ишларига урғу бериш керак. Мактабда ҳам болаларга фақат «ўтириб-тур» эмас... Ëши каттариб кўпчилик тана қилади, «мана, халқимиз ўқимаяпти, у бўляпти-бу бўляпти» деб. Бу оқибатлар билан курашиш дейилади. Сабабларини ўрганиш керак. Сабаби нимада? Нима учун? Масалан, кўпчилик одамлардан сўрасангиз, «менинг ўғлим ҳеч нимага қизиқмайдиган бўлиб қолди, мактабда яхши ўқимаяпти» дейди. Ёки «бошқа илмга йўналтирсак ҳам хоҳиши йўқ» дейди. Бир хотирланг-да, шу болани ёшлигида нималарнидир ўрганишдан сиз ўзингиз тўсгансиз.
Оддий мисол, бола меҳмон келганда дастурхондаги бирор нарсага қўлини чўзса, тақ этиб қўлига уришади, худди мушукни ургандек. «Қайтиб қўл чўзмасин, эсида қолсин» дейишади. Биласизми, бу ҳолат болаларнинг миясига қандай таъсир қилади?! Фарзанд тарбиясида мана шунга ўхшаш, ўзимиз тўғрилашимиз керак бўлган анча-мунча камчиликларимиз бор. Ўғлим ўқиётган мактабга бориб, баъзи ўқитувчиларнинг дарсларини кузатдим, жуда саёз. Мактабдагилар ўқувчилар ўртасида одоб-ахлоқ борасида муаммолар борлигини, айримлари фанларга қизиқмаётганини айтиб: «шулар билан бир суҳбатлашсангиз, гапингиздан таъсирланишса яхши бўларди», деб қолишди. Кейин ўша бир-иккита ўқувчиларнинг дарслардаги ҳолатларидан шикоят қилишди. Менга ўша дарсларни кўрсатишларини айтдим. Ота-оналар учун ёзиб олинган видеоларни қўйиб беришди. Мана аҳвол. Айтдимки, ўқитувчининг ўзида хато. Ўқитувчининг ўзини тутишида хато бор. Ҳалиги бола одобсизлик қилса, бошқа бирон иш қилса, унга танбеҳ бериш яна бир хато бўлади. Иккита бола бир-бири билан тортишиб қолибди. Биттасининг отаси йўқ, иккинчисиники бор экан. «Сенинг даданг йўқ», дебди. Шуларнинг орасини тузатишда ҳам яна хато қилишяпти. Болада айб топишяпти. Бу мактабда болаларга таълим беришда устозларнинг малакаси етишмаётганини кўрсатади. Жамиятимизда шундай нотўғри кўникма ҳосил бўлгани сабабидан болаларни тарбиялашда фақат тақиқ ва танбеҳдан фойдаланишяпти холос. Бошқа услуб-
лар йўқ. Ваҳоланки, у – одам, инсон, унинг шахсияти бор, қалби бор, ақли бор, онги бор. Ўшанга хитоб қилиш керак. Худди мол-қўйни хивич билан йўлга солгандек, ҳайдагандек, инсонга ҳам қўллаш нотўғри. Бунинг оқибатида нима бўлади? Болалар келажакда мактабни ёмон кўриб улғаяди, китобни, илм-
ни севмайди. Натижада улардан китобхон чиқмайди. Муаммонинг илдизи ҳам оилага, ҳам таълим тизимига бориб тақалади. Баъзи бир одамларда ўзимизга ёқмаган нарсани кўрганда ёки ўзимиз истаган камолотни топа олмаганда, биринчи худди касалга муносабат қилгандек бўлишимиз, ўзимиздан «нима еб қўйган эдик?» деб сўрашимиз керак. Нима ёқмайдиган нарса едик? Нима муаммо бор? Буни ўрганишимиз керак. Ана ундан кейин соғломлаштирувчи фикрларни ўртага ташлаш лозим. Эркин бўлиши керак. Бу бутун инсоният тарихида ўрганиб қилинган хулоса: жамият ривожини кўпчилик моддий манбалар билан кўради. Пул берса, ўқийди, ўқитади. Пул берса, ишлайди, ривожланади... Биринчидан, бу – жамиятни пулга ўргатиш. Бу хавфга ҳам сабаб бўлади, чунки эртага ташқаридан кимдир кўпроқ пул берса, у ёққа ҳам ишлаб кетаверади. Пул-ку, шунга ўргатилади. Бу жуда хатарли ёндашув. Иккинчидан, пул билан ҳамма ишни битириш қимматга тушади. Манаман деган бой давлатларда ҳам ресурс етмай қолади. Учинчидан, барибир виждон, маънавият йўқ жойда иш кўнгилдагидек бўлмайди. Юзаки, вақтинчалик бўлиб қолаверади. Шу боис, ҳар қандай жамият тараққиётида бир қанча шартлар мавжуд. Мен ҳозир сизга айтмоқчи бўлган учта мезон бор. Булардан бири, жамият нафсдан покланиши керак. Қалбан покланиши керак. Бугун инсонлар ўзларининг ҳар қандай хоҳиш-истакларини ҳақиқат деб биляпти ва уларни қондириш керак деб ўйлаяпти. У яхшими, ёмонми ажратмайди. Қачонки жиноят бўлса, кейин фаҳмлайди, тўхтатади. Бундай бўлиши керак эмас, инсон қалбан, онгли равишда оқ ва қорани ажрата олиши, ичидаги иллатларни даволаши лозим. Инсонларнинг нафси покланиши керак. Шунинг учун Қуръони каримда пайғамбарларнинг вазифалари сифатида тўртта амал саналади. Биринчиси, Аллоҳнинг оятларини ўқиб беради. Иккинчиси, тушунтириб беради. Учинчиси, суннатларни кўрсатиб беради. Учта вазифадан кейин одамларнинг қалбини, жамиятнинг ички оламини поклайди. Қадимда ҳам, ҳозир ҳам ва бундан кейин ҳам жамият тараққиётининг энг асосий шартларидан бири бу жамият аъзоларининг нафси покланишидир. Ҳасад бор жойда душман керак эмас. Иккита иқтидорли одам бир-бирининг гўштини еб, бир-бирига кераклича душман бўлади. Кўпгина нотўғри қарорлар ғазаб устида қабул қилинади. Ғазаб тарбияланиши керак. Бу нарса касалликдан. Дунёпарастлик ҳам бир касаллик бўлиб, уни ҳам тарбиялаш зарур. Ҳазрат Навоий айтганларидек, нафс итини забун қилиш, ичимиздаги бўрини енгишимиз шарт.
Оддий ишхоналарда кўрасиз. Зўр иқтидор, қобилият эгалари ишлолмайди. Сабабини сўрасангиз, атрофдагиларнинг ҳасадидан, оёғидан чалишидан чўчийди. Оқибатда бор қувватини яшириб ўтиб кетади. Ўша одамга берилган қувват жамиятга берилган бойликдир. Шу бойликни нима йўқотяпти? Бошқаларнинг нафсидаги хатолар йўқотяпти. Жамиятларни пароканда қилган, ҳар қандай цивилизацияни ер билан яксон қилган иллатлардан яна бири бу – кибр. Дунё тарихида барча маданиятлар чўққига чиққанида, ўзидан кетиб, кибрга берилган ва таназзулга юз тутган. У бутун жамият ё халқда акс этиши шарт эмас. Оилаларда шунақа бўлади. Ишхонада ҳам шу аҳвол. Битта одам кибрга берилиб, ўзини баланд олдими, бўлди, у ўзидан кўра юксакроқ қобилият эгасини кўролмайди, энг катта душманига айланади. Ҳатто баъзи идоралардаги оқил раҳбарлардан эшитганман, бу бошқарувда олтин қоида ҳисобланади: «Қўл остингда сендан ақллироқ одамлар бўлса, бошқарув сифатли бўлади». Сен уларни жиловлашинг шарт эмас. Сендан донороғи борми, майли, чиқсин. Бўлмаса, ақлингни ишлатиб, кўрсат. Раҳбар сифатида анави одамнинг ақлидан унумли фойдалан, яхши гапир.
Мана, ҳатто оилаларда оталар кибрга берилади. Боланинг иқтидорини, қобилиятини таъминлагиси келмайди. Ҳамма эмас, мен кўп оилаларни кузатганман. Ота-оналар болаларини ўзидан яхши бўлишини истамайди. Сал покизароқ бўлса, сал илмга, маърифатга қизиқса, бироз тақвога интилса, ёқтирмайди. Ўзидан ўзиб кетса, ёқтирмайди. Қачон бу нарсага рози бўлади? Ўзига манфаат етса. «Бола ўсаверсин, фақат менга ҳам фойдаси тегсин, тўсмайман», дейди. Мана шу оддий оилаларнинг ичидаги муаммоларнинг ҳам асл негизи қалбдир. Жамият қалбини поклагандан кейин иккинчи яна бир жиҳат бу – ақлларни тарбия қилиш. Биз фарзандларимизни тарбия қилаётганда кўпинча бу жиҳатга эътибор бермаймиз. Нимага одамлар бир-бирини инкор қиладиган гапларни айтаверади? Чунки ақли тарбияланмаган.
Бизнинг Ислом мадрасаларида мантиқ илми ўқитилган. Ақида илмидан олдин мантиқ ўқитилган. «Нима учун?» дейилса, ақидани тушуниш учун биринчи мантиқни билиш керак. «Мантиқ нима?» деса, Форобий айтадики, грамматика сўзлашингни қандай тартибга солса, мантиқ тафаккурингни шундай тўғрилаб беради. Сиз эга-кесимни, қаратқич-қаралмишни, юкламаларни, келишикларни тўғри ишлатишингиз керак. «Мен бозордан боряпман. Бозордан кетяпман. Бозордан бордим» демайсиз-ку. «Бозорга бордим» дейсиз. Ёки шунга ўхшаш қоидаларни ишлатасиз. Худди шу сингари, тафаккурни мантиқ тўғрилайди, дейилади. Жамиятнинг ақлини тарбия қилиш... Бу борада бир муҳим нуқтани эслаб ўтаман. Бизда ақлий илмлар билан шуғулланадиганлар жуда кўп. Бу илм билан шуғулланувчиларнинг кўпчилиги тафаккур шакллантиришда ғарблик мутафаккирлар ёки сиёсатшуносларнинг китобларига мурожаат қилади. Ваҳоланки, уларнинг тафаккурида, дунёқарашида жуда ҳам разил ва ёмон қоидалар бўлади. Бундай фикрлаш ўрнашиб қолса, у ҳам жамиятга зарар етказади. Мана ҳозир дунёдаги жуда кўп можароларнинг битта сабаби ўша маданият. Ўша зўравон тафаккур сабаб бўляпти. Энди сизда ҳам айнан шундай тафаккур устувор бўлса, ҳаракатларингиз ҳам зўравонликка асосланади. Бу дегани зўравон тафаккур шунақаки, сиз жамиятдаги соғлом рақобатга қарши туролмайсиз. Иқтидорли, қобилиятли кишиларни қадрлашни ҳам истамайсиз. Улардан тўғри фойдаланмайсиз. Ва мана шу тафаккурни бошқа томондан, бизнинг Шарқ мутафаккирларидан ўргансангиз, масалан, Форобийнинг, Ибн Синонинг асарларидан ёки ундан кейинги Самарқандийларнинг китобларию, «Темур тузуклари»дан, шунингдек, баъзи бир унга қарши фикрдаги китоблардан ҳам ўрганса бўлади. Агар танишиб чиқсангиз, мутафаккирларимизнинг инсонийлик борасида ғарблик алломалардан анча устунлигини кўрасиз. Демак, биз жамиятнинг ақлини тарбия қилишда ўзимизнинг мумтоз, буюк олимларимизнинг асарлари асосида жамиятни ривожлантиришга ҳам эътибор беришимиз керак. Охирги вақтларда айнан ўша зўравон тафаккурга берилган баъзи бир кишиларни кузатиб боряпман. Улар орамизда, ишхоналарда. Уларнинг сони кам. Ва буни фақат ақл билан дастаклашади. Одатан инсон қалб билан қарор қилади. Ақл буни кўпинча оқлаб беради. Шу қалб тузалса, бундан кейин ақл ҳам, тафаккур ҳам, дунёқараш ҳам тўғриланса, насиб қилса, яхши бўлади. Биз буюк маданиятларни яратган халқмиз. У маданиятлар беш-ўн йил эмас, асрлар давомида дунёда етакчи бўлган. Яна шундай юксак бўлади.
– Миллий кутубхона ҳақидаги фикрларингиз ва тилакларингизни айтиб ўтсангиз. Айтганча, китобларингизни берсангиз, биз уларни кутубхонага қўямиз.
– Мен бир нарсада сал хомлик қилибман, китобларни ўзим билан олиб келишим керак эди. Китобларга қарз бўлдим. Ўзи баъзи бир китобларни сизга етказиб беришимиз керак. Ҳар биридан биттадан жўнатиб юбораман. Кутубхонага келаётганда буни яхши ҳис қилмабман, келгандан кейин пайқадим. Албатта, кутубхонага тилакларимиз ниҳоятда бардавом. Ҳазрат Навоийнинг ўзи бир катта мактаб. У кишининг ўзи битта олам. Менинг араб, форс ва бошқа адабиётлардан хабарим бор, лекин Навоий шундай чўққиларни забт этганки, дунёда унга ўхшаши йўқ. Тўғри, биз бошқа халқларнинг, хусусан, араб, форс олимларининг, масалан, Низомий, Жомий каби устозларни ўқиганмиз, ўрганганмиз. Биз уларни ҳеч қачон кам санамаймиз, яратган асарлари юксак. Ҳазрат Навоий уларни ўзларига устоз деб билганлар. Ибн Арабийлар тасаввуфда ҳам юксак мақомларни забт этган зотлар бўлган. Биз уларни камситмаган ҳолатда бир ҳақиқатни таъкидласак, хато бўлмайди. Ҳазрат Навоийнинг ўзига хос шундай парвозлари борки, бошқа жойда бунақаси йўқ. Навоий ижодида мана шундай юксакликлар бор. Шукурлар бўлсинки, у кишининг номидаги кутубхона ривожланаётган экан, Аллоҳдан сўраймиз, ҳазрат Навоийнинг чин меросини шу маскандан бутун дунёга таратишни барчамизга насиб қилсин. Кутубхонада китоблар кўпайсин. У киши маърифат даҳоси бўлган. Худди шундай бу ер ҳам маърифат маскани бўлсин. Халқимизнинг тараққиётида, ёш авлоднинг тарбиясида ҳамма учун, ҳар бир ватандошимиз учун, ёшларимизнинг ҳар бири учун ҳаётлари шаклланишида муҳим ўрин эгаллашини Яратгандан сўраб қоламиз.
Жавлон Жовлиев суҳбатлашди
