Автор статьи представил информацию о деятельности Наманганского областного музея, который был основан историком Владимиром Ивановым в 1920 году и в 1968 году был преобразован в областной краеведческий музей. В настоящее время в музейном фонде хранятся свыше 68 тысяч экспозиционных экспонатов, из них 4 тысячи являются редкими. Музей занимается подготовкой молодых кадров в области музейных педагогов, проводит различные выездные мероприятия по Ферганской долине.

 Мустақил юртимизнинг равнақи ҳар томонлама баркамол, салоҳиятли авлодни тарбиялашга боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг ёшларимизни соғлом ва ҳар томонлама етук шахс бўлиб вояга етишига катта куч-ғайрат сарфлаётгани бежиз эмас. Ёш авлодни миллий истиқлол руҳида тарбиялаш давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири экан, бу вазифани оила, халқ таълими, жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, давримизнинг фан ва таълим ўчоқларидан бўлмиш музейларда ҳам амалга ошириш яхши самара беради. Шуни ҳис қилган музейлар фаолияти тўғрисидаги тушунчалар батамом янгича тус олмоқда. Натижада, давлат сиёсатининг бош вазифаларидан бири халқимиз томонидан асрлар давомида яратилиб унутилаёзган бой меросни қайта тиклаш бўлиб қолди, бу ишлар музейлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклади. Музейлар ривожи йўлида қатор меъёрий ҳужжатлар (Фармон, Қонун, Қарорлар) қабул қилиниши соҳанинг асосий вазифаларини белгилаб берди.

Вилоятимиздаги барча музейларга услубий марказ ҳисобланиб фаолият олиб бораётган вилоят ўлкани ўрганиш музейи муқаддас бир даргоҳ сифатида танилди. Бу маънавият ўчоғи нафақат қадимий Фарғона водийсида, балки Республикамиздаги қадимий маданият муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу илмий даргоҳ 1920 йилда Наманган шаҳридаги 1 мактаб физика ўқитувчиси ташаббуси билан ташкил этилган. 1968 йилда вилоят ўлкани ўрганиш музейига айлантирилди. Ҳозирги кунда музей хазинасида 68 мингдан ортик экспонатлар мавжуд бўлиб, шулардан тўрт мингга яқини ноёб ашёлардир. Ав-валлари музейимизга қадимий ашёлар узоқ муддат давомида сақланадиган жой сифатида, кейинчалик бу ашёларга турли фанларнинг манбалари яъни коллекцион предметлар тўплами сифатида қаралган. Бугунги кунда эса, асл нусхадаги ҳужжатлар (қўлёзма китоблар, археологик-этнографик материаллар, ҳунармандчилик ашёлари, тасвирий ва амалий халқ санъати асарлари каби) инсон фаолияти натижалари, табиат инъомлари ва бошқалар музей экспозициясини безатиб, ташриф буюрувчиларга оламолам қувонч бағишламоқда.

Музейда ҳозирда тажрибали илмий ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан 2017 йилнинг биринчи чорагида бир неча республика миқёсидаги кўргазмалар ташкил қилинди. «Наманган вилояти тараққиёти мустақиллик йилларида», «Саодатли юртнинг бахтиёр фарзандлари», «Ўзбекистон – бағри кенг диёр» каби кўргазмалар ана шулар жумласидандир. Музейда турли соҳа олимлари иштирокида тарихий саналар, илмий-маърифий анжуманлар, ёшлар билан давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланган. Музейнинг муҳим вазифаларидан яна бири асрларни кўз-кўз қилаётган бой моддий ва маънавий меросни халқимиз орасида кенг тарғиб этишдир. Бу соҳада ҳам музейнинг илмий жамоаси баракали меҳнат қилиб рисолалар, каталоглар яратдилар, оммавий ахборот воситаларида 2017 йилнинг ўзида юздан ортиқ илмий, оммабоп мақолалар чоп этилди. 12 та рисола яратилди. Музейда қатор фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар устида илмий тадқиқот олиб борилмоқда.

Хуллас, музейимиз ибратли фаолияти билан барчанинг эътиборини ўзига қаратди, кишилар кўнглидан жой олди. Буни шу кунгача хорижий давлатлардан келган меҳмонлар, Андижон, Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарларидан тинмай келаётган ёшлар, вилоятимиз туманларига уюштирилган кўчма кўргазмаларга ташриф буюрган ёшу қари томошабинлар сони 2017 йил саксон бир мингдан ортиб кетгани қувонарлидир.

Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейига ташриф буюраётганларнинг 80 фоиздан ортиғи ёшлардир. Музейимизнинг бугунги фаолиятига назар солсак, улар янги йўналишларда фаолият юритаётганига гувоҳ бўласиз. Бу йўналишлар орасида музей педагогикаси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бугун дунё музейлари тажрибасида аллақачон ўз ўрнини топиб олган. Бизда-чи? Музей педагогикаси нима ва у нима учун керак? – деган савол туғилади. Кўп йиллик жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтамизки, у болаларни тарбиялаш жараёнидаги бебаҳо кўмакчи, мурғак жонларни шахс сифатида шакллантиради, жамият аъзоси ўлароқ, минглаб инсонлар билан бирга яшашга ўргатади, ёш авлодни бунёдкорликка даъват этади. Унинг вазифалари, албатта, кўп қиррали бўлиб, ташрифчиларни музейда намойиш қилинаётган воқеа-ҳодисаларни ҳис этиш, мулоҳаза юритиш ва сабоқ олишга ўргатади. Ҳозирда «музей драматургияси», «музей режиссураси» каби янги лойиҳалар устида ишламоқдамиз. Бу лойиҳа ва усуллар болаларнинг музейга бўлган қизиқишини орттиради, дунё-қарашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий йўналишлардан бири – музей педагогикаси музейшунослар ва педагоглар учун ҳали очилмаган қўриқ. Жиддий изланишлар орқали соҳани ривожлантириш, улкан ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Чунки хорижий музейлар аллақачон бу жараёнларни босиб ўтган, бизда уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш имкони мавжуд.

Музейда кадрлар заҳирасини яратиш ва чуқур билимга эга бўлган экскурсаводлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор берилмоқда. Хорижий ташкилотлар билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, музейдаги экспозицияларни қайта кўриб чиқиб, илмий, мукаммалроқ концепция яратиш каби режаларимиз бисёрдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейи бугунги кунда халқимиз ҳаётида, айниқса, ёшлар маънавий дунёқарашини шакллантириш, уларда аждодларига нисбатан меҳр, ифтихор туйғуларини такомиллаштиришда муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Миллий мафкурамизни, маданий-маърифий ғояларни кенг халқ оммаси ўртасида тарқатиш, тарғиб қилиш, аждодларга муносиб тарзда ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш ва буюк ишларни амалга оширишга илҳомлантиради. Музейдан олинган таассурот, билимлар кишига эстетик ҳамда маънавий озуқа бўлади.