Annotation: In a scientific article, culture is a constant, continuous, conscious creative activity associated with the creation of material and spiritual wealth, their preservation, conservation and transmission to future generations. The fact that writing appeared when the need arose to store thoughts for a certain period of time, when the ability to transmit them through language was no longer sufficient for communication, writing was adopted in one language, and as a system of reinforcing conventional symbols that serve to convey the purpose of sounds and words from one person to another, writing and reading as a system of material support for its emergence and development are highlighted as a factor accelerating the development of society.
Key words: Culture, reading, event, process, activity, material wealth, spiritual wealth, creative activity, thinking, socialization, information technology.
Аннотация: Культура – это постоянная, непрерывная, сознательная творческая деятельность, связанная с созданием материальных и духовных богатств, их сохранением и передачей будущим поколениям. Письмо появилось тогда, когда возникла необходимость хранить мысли в течение определенного периода времени, когда способность передавать их посредством языка уже не хватало для общения. Письмо было принято на одном языке, и как система усиления условных символов, служило для передачи назначения звуков и слов от одного человека к другому. Письменность и чтение, как система материального обеспечения ее возникновения и развития, выделены как фактор, ускоряющий развитие общества.
Ключевые слова: Культура, чтение, событие, процесс, деятельность, материальные блага, духовные богатства, творческая деятельность, мышление.
Аннотация: Илмий мақолада, маданият моддий ва маънавий бойликларни яратиш, уларни асраш, сақлаш, келажак авлодларга етказиш билан боғлиқ бўлган доимий, узлуксиз, онгли ижодий фаолият эканлиги, кишилик жамиятининг том маънодаги ибтидоси, инсониятнинг узоқ ва мураккаб тадрижий такомили жараёнидаги омилларнинг энг асосийларидан бири. Ёзув фикрни муайян вақт давомида сақлаш эҳтиёжи келиб чиққан, мулоқот учун уни тил воситасида етказиш имконияти етарли бўлмай қолган пайтда пайдо бўлганлиги, ёзув бир тилда қабул қилинган, товушлар ва сўзларнинг мақсадини бир кишидан иккинчисига етказишга хизмат қиладиган шартли белгиларни моддий асосга мустаҳкамлаш тизими сифатида ёзувнинг ва мутолаанинг пайдо бўлиши ва тараққиёти жамият тараққиётини тезлаштирувчи омил сифатида ёритилган.
Калит сўзлар: Маданият, мутолаа, ҳодиса, жараён, фаолият, моддий бойликлар, ахборот, илмий билиш.
Фалсафа” луғатида “Маданият (араб.- мадиналик, шаҳарлик, таълим-тарбия кўрган) – табиат ва ўзаро муносабатларда акс этадиган инсон фаолиятининг ўзига хос усули”деб таъриф берилади. [4.Б.230]
Бизнингча,маданият моддий ва маънавий бойликларни яратиш, уларни асраш, сақлаш, келажак авлодларга етказиш билан боғлиқ бўлган доимий, узлуксиз, онгли ижодий фаолиятдир. Ушбу ижодий фаолиятни амалга оширишда нашриётларнинг хизмати катта. Ёзув ва китобнинг кашф қилиниши кейинги барча кашфиётлатнинг асоси бўлиб хизмат қилди.
Кишилик жамиятининг том маънодаги ибтидоси, инсониятнинг узоқ ва мураккаб тад-
рижий такомили жараёнидаги омилларнинг энг асосийларидан бири ёзувдир. Ёзув тилдан анча кейин пайдо бўлган (товуш тили 400-500 минг йил илгари пайдо бўлган, ёзувнинг пайдо бўлганига эса 4-6 минг йиллар бўлган).
Ёзув фикрни муайян вақт давомида сақлаш эҳтиёжидан келиб чиққан, мулоқот учун уни тил воситасида етказиш имконияти етарли бўлмай қолган пайтда пайдо бўлган.Ёзув бир тилда қабул қилинган, товушлар ва сўзларнинг мақсадини бир кишидан иккинчисига етказишга хизмат қиладиган шартли белгиларни моддий асосга (тошга, сополга, папирусга, қоғозга, электрон ва ҳ.к…ларга) мустаҳкамлаш тизимидир. Демак, ёзувнинг пайдо бўлиши ва тараққиёти жамият тараққиёти, шунингдек, муайян масофадаги кишиларнинг ўзаро алоқа қилиш эҳтиёжи, сиёсий, ҳуқуқий, диний ва эстетик характердаги ахборотларни қайд этиб бориш , сақлаш ва узатиш зарурияти билан бевосита боғлиқдир.Уруғ жамоасининг кенгайиб қабилалар, қабилалар иттифоқи, давлатнинг вужудга келиши нутқий алоқа доирасини янада кенгайтиради; ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ муносабатлари кенгаяди; бошқа давлатлар билан ҳар томонлама шартномалар (ҳарбий, сиёсий, иқтисодий) тузилади; қабул қилинган қонунлар, шартномалар,диний қарашлар ва мафкуранинг турли кўринишларини, муайян тарихий ҳодисаларни моддий асосларга мустаҳкамлаш эҳтиёжи кучайиб боради.
Ёзув оғзаки нутққа нисбатан иккиламчи, қўшимча алоқа воситаси ҳисобланса-да, ўзининг жуда кўп афзалликларига эгадир. Жумладан, тилнинг асосий коммуникатив (кишилар ўртасидади алоқа) вазифаси ёзувсиз амалга ошиши мумкин эмас. Тилнинг билишга оид (гносеологик ), эстетик, ахлоқий вазифаларини ҳам ёзувсиз тасаввур қилиш қийин.
Айниқса, тилнинг инсоният тарихий тараққиёти жараёнида қўлга киритган тажрибаси – билимларини асраш, ҳар бир авлод томонидан янги поғонага кўтарилиши ва келажак авлодларга етказилишидан иборат бўлган вазифаси бевосита ёзув орқали бажарилади.
Китоб (арабча – ёзилган, муқоваланган асар) – ахборотларни, ғоя, образ ва билим-
ларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-
сиёсий, илмий, ахлоқий, эстетик қарашлар-
ни шакллантириш воистасидир. Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда китоб дейиш қабул қилинган.
Китоб жамиятнинг моддий соҳасига тегишли маҳсулот бўлса-да инсон шахсининг энг нозик соҳаси,яъни унинг маънавий дунёсига катта таъсир кўрсатади. Китоб таъсирида ҳар бир индивидга ғоя, образ, тафаккур ҳосил бўлиб, ижтимоий онг ривожланишига таъсир кўрсатувчи билимлар мажмуасини шакллантиради.
Грекча “библио”, лотинча “ливер”, сметча “сефер”, арабча “китоб”, славянча “книга” тушунчаларининг умумий маъноси бир хил бўлиб, ахборот, билимни эгаллаш, тарқатиш маъноларини англатади.Китоб инсон ақлий ва жисмоний меҳнатининг маҳсулоти ижтимоий тараққиётнинг натижасидир. Китоб мураккаб меҳнат маҳсулати сифатида ўзининг истеъмол қийматига эга бўлса-да, у оддий моддий буюм, ахборот ташувчиси бўлиб қолмасдан унинг тарихий ривожланишининг муайян босқичларида ахборот маданияти тарзида иншоотлар, технологиялар, маънавий қадрятлар, фойдаланувчиларнинг билими ва тафаккурини шакллантирувчи, тараққиётни тезлаштирувчи восита ҳамдир.
Кутубхоналар эса бугунги кунда “ахборот-ресурс маркази”, “ахборот – кутубхона муассасаси” каби тушунчаларда ифодаланса-да, дастлаб “китоблар сақланадиган жой” маъносини англатган. Ҳозирги пайтда кутубхоналар маълумотлар, ахборотлар, билимларнинг барча манбаларини ўз фондида тўплаганлиги, уларни ўрганиш ва ижодий фойдаланиш учун замонавий шароитларнинг яратилганлиги,мутолаа маданиятини шакллантириш жараёнида махсус билимларга эга бўлган профессиоанал ходимлар томонидан хизмат кўрсатилиши жиҳатидан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. [5.Б.15]
Ҳозирги пайтда китобни яратиш ва тарқатиш билан банд бўлган барча кишиларни касбий онгида мутолаа муаммоси асосий ўринни эгалламоқда.
Мутолаа маданиятини лозим бўлган даражага кўтариш учун нашриёт ходимлари, китоб савдоси ходимлари, кутубхоначилар, ўқитувчилар, ота-оналар, болалар муассасалари тарбиячилари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги тобора ойдинлашиб бормоқда.
Ҳар бир шахснинг мутолаа қилиши учун маънавий, интеллектуал ривожланишининг асоси сифатида, миллатнинг мутолааси эса бир бутун мамлакатнинг маънавий ва моддий тараққиётини таъминловчи омил сифатида намоён бўлади.
Кўпгина фойдаланувчиларнинг маълумотларга, ахборотларга, турли билимларга бўлган эҳтиёжларини тўғри йўналишда ифодалай олмасликлари, зарур бўлганларини тезкорлик билан топа олиш ва таҳлил қила олиш малакасига эга бўлганликлари натижасида кутубхона - ахборот муассасаларида сақланиётган кўпгина ресурслар фойдаланилмасдан қолиб кетмоқда.
Бундай ҳолларда уларга “Кутубхона электрон фондига йўлланма”, “Биринчи курс талабалари ойлиги”, “Биринчи синф ўқувчилари ойлиги” сингари реклама материаллар, буклетлар ёрдам бериши мумкин.
Мутолаанинг маданий таркибидаги муҳим эстетик сифатида намоён бўлиши ўқувчилар, талабаларнинг маънавий, интеллектуал жиҳатидан бойиб бориши, ижодий ва ижтимоий фаоллигида кўринади.
Мутолаа жараён ва фаолият сифатида ўта мураккаб ҳодисадир. Ўзбекистонда ва бошқа хорижий мамлакатларда мутолаани ўрганиш муаммосини таҳлили кўрсатадики, у ҳозирги пайтда социология ва психология, педагогика ва филология, герменевтика ва лингвистика, тарих ва адабиётшунослик, фалсафа ва маданиятшунослик, журналистика ва тиббиёт йўналишларида ўрганилмоқда.
Мамлакатимиз ривожланишининг турли тарихий босқичларида турли демократик ва ижтимоий гуруҳлар (мактаб ўқитувчилари, талаба – ёшлар, шаҳар аҳолиси, қишлоқ аҳолиси, ногиронлар ва ҳ.к…) мутолааси, шунингдек, турли минтақалар ҳаётида китоб ва мутолаа, мутолааа мотивлари, мутолаанинг ижтимоий фаолликка таъсири, мутолаанинг инсон жисмоний ва психологик ҳолати таъсири, мутолаа ва ахборот олишнинг аудиолвизуал каналлари нисбати, кутубхонадаги ва кутубхонадан ташқаридаги мутолаа нисбати, бадиий адабиёт ва бошқа турли адабий
жанрлар мутолаасининг ўзига хос хусусиятлари, фойдаланувчилар турли гуруҳлари бўш вақти таркибида мутолаанинг ўрни масалалари ўрганилганлигини кузатиш мумкин.
Кўпгина хорижий мамлакатларда мутолаага бағишланган тадқиқотлар 1930–1940 йиллар ва ундан кейинги йилларга тўғри келади ва муайян коллеж талабаларининг мутолаага бўлган эҳтиёжларини ўрганиш, турли ирқларга мансуб бўлган талабаларнинг мутолаага қизиқишлари масалалари, қариялар уйларида яшовчиларнинг мутолааси кабилар ташкил этади.
Хорижий мамлакатлар тажрибасида болалар мутолааси, оила ва жамоа ҳаётида мутолаанинг ўрни ва бошқа йўналишлар маданий, ижтимоий, таълимий йўналишларда ўрганилиши кўпроқ кузатилади. Айниқса, АҚШ мутолаасини ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жамият ҳаётида мутолаанинг ўрни ва аҳамиятига давлат даражасида аҳамият берилмоқда. Ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ энг юқори даражаларда мутолаага алоҳида аҳамият берила бошланди. 1984-йилда президент Роналъд Рейганнинг мурожаатида мамлакат халқи “томошабин миллат” га айланиб бораётганлиги таъкидланган эди.
ХХ асрнинг 90-йилларидан то ҳозирги кунгача америкаликларнинг китоб мутолаасидаги ўзгаришларга оид тадқиқотлар доимий амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда ғарб мамлакатларида тадқиқотлар кўпроқ аҳолининг ўқимайдиган қатламлари орасида мутолаани ташкил этиш бўйича дастурлар доирасида мутолаа маданиятини юксалтириш, мутолаа сифатини ошириш ёъналишларида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу дастурлар жаҳоннинг 30 дан кўпроқ мамлакатларида амал қилмоқда.
Кўпгина мамлакатларда қабул қилинган мутолаани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш дастурлари юқорида таъкидлаб ўтилган барча мутахассисларнинг билими ва малакасини аҳолининг барча табақаланиши муто-
лаага жалб этиш, унинг сифати ва даражасини оширишга йўналтиришни талаб қилади. Бунда қуйидаги йўналишларга асосий эътиборни қаратиш лозим:
1. Мутолаа ёзув ва адабиёт сифати умумжаҳон миқёсидаги ҳодисадир.
2. Дунёқарашнинг шаклланиши маълумотлилик даражаси, ҳиссий ва интеллектуал тараққиёт фақат мутолаа орқали амалга ошади.
3. Мутолаа инсоннинг ижтимоийлашувидаги энг асосий воситаларидан биридир. Мутолаа воситасида ижтимоий фойдали шахс шаклланади, ижтимоийлашув натижасида жамиятда ижтимоий иқлим енгиллашади ва бағрикенглик шаклланади.
Ахборот технологиялари қанчалик ривож-
ланишидан қатъи назар мутолаа инсоният томонидан яратилган билимларни ўзлаштиришнинг асосий интеллектуал технологиясидир.
Мутолаанинг ушбу хоссаси унинг шахснинг ва умуман жамиятнинг ривожланишда такрори йўқ воситаси сифатида сақланишига имкон бермоқда.
Юқорида таъкидланганидек, инсоннинг касбий етуклиги, ҳиссий ва интеллектуал ривожланиши мутолаа билан боғлиқдир.Шунинг учун ижтимоийлашувнинг барча босқичларида ( болалик, ўсмирлик, ўспиринлик, етуклик) мутолаа алоҳида аҳамиятга эга бўлганлиги учун ҳар бир шахснинг ҳаётий фаолияти давомидаги стратегиясига айланмоғи керак.
Шахс мутолаасининг сифати ва даражаси жамият, миллат, мамлакат ижтимоий онг тизимига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда мамлакатларни ахборот билан тўла таъминланган ва ахборот тўла таъминланган мамалакатларга ажратилмоқда.
Лекин, энг асосий қадрият ахборот эмас, билимларни эгаллашда эканлигидан келиб чиқиб, ЮНЕСКО “Ахборот жамиятидан билимлар жамиятига” шиорини эълон қилди.
Аслида “ахборот”, “маълумот”, “билим” тушунчалари бир- бирига ўхшатилади.Бу қисман, шу билан изоҳланадики, бир даражада ахборот сифатида амал қилувчи далиллар бошқа даражада маълумотлар сифатида амал қилиши мумкин.Маълумотлар муайян хулосалар чиқариш ёки қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.Улар сақланиши, узатилиши мумкин, лекин ахборот сифатида амал қилиши мумкин эмас.“Маълумотлар” тушунчаси ўзаро боғлиқ бўлмаган далиллар мажмуасини акс эттиради.Маълумотларни таҳлил қилиш, алоқаларини аниқлаш, энг муҳим далилларини аниқлаш ва уларни синтез қилиш йўли билан ахборотга айлантириш мумкин.Шу боис ахборот маълумотларга қараганда кўпроқ қимматга эга бўлади [6.Б.302].
Ахборот – бу оқилона фойдаланиш учун муайян шаклга солинган маълумотлардир.Инсоният илгари ҳеч қачон ҳозиргидек ахборот тўпламаган. Бу айниқса, илмий билимларнинг ўсишига хосдир. Агар милодий йил бошидан илмий билимларнинг икки баравар ошиши учун 1750 йил талаб этилган бўлса, иккинчи шундай ўсиш 1900 йилда, учинчи ўсиш эса 1950 йилда, яъни атига 50 йил ичида содир бўлди. Агар ХIХ асрда илмий ахборот ҳажми ҳар 50 йилда икки баравар кўпайган бўлса, ҳозирда ҳар 20 ойда икки баравар кўпаймоқда [7.Б.14].
Бугунги кунда ахборот ва билимнинг ўзаро нисбати муаммосининг ечими мавжуд эмас. Умуман олганда, ахборот тушунчаси билим тушунчасидан кенгроқ.
Бошқа томондан, агар биз ахборотни фақат формаллаштирилган билим деб, билимни эса онгнинг мавжудлиги шакли деб тушунадиган бўлсак, билим тушунчаси ахборот тушунчасидан кенгроқ. Бирон-бир символ ёки символлар гуруҳи ўзининг фақат физик хусусиятига кўра билим бўла олмайди. Улар билимга айланиши учун маълум маънога эга бўлиши, фаолият учун асос бўлиб хизмат қилиши, маълум амалий муносабатларга киришиши лозим. Билим инсоннинг борлиққа нисбатан амалий муносабатда бўлиши жараёнида юзага келган, инсон фаолиятининг зарурий шарти ҳисобланган борлиқнинг ҳиссий ва мантиқий шаклларидаги инъикосидир.Билим таркибида доим ахборот мавжуд,лекин бу “инсоний” ахборот ўз хусусиятига эга. Билим инсон онгининг таркибий қисми. Онг, билимдан ташқари, ҳиссиёт, кайфият, сезги, ирода ва ҳоказоларга ҳам эга.
Билим онгнинг таркибий қисми сифатида, улар билан чамбарчарс боғлиқ. Ахборот коммуникатив жараёнга қўшилиб, билим муайян шахснинг интеллектуал бойлигига айланишига имконият яратади.
Муайян субъект билимининг мазмуни ҳеч қачон идрок этилган ахборот мазмуни билангина чекланмайди.
Идрок этиш, билимнинг алоҳида тури сифатида олинган ахборотни англаб олиш, тушуниш, талқин қилишни назарда тутади.
Кўриниб турибдики, билим ўрганилган, таҳлил қилинган, ўзлаштирилган ахборотдан иборат экан, ахборотнинг қайта ишланиш жараёнини мутолаасиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бугунги кунда шахснинг ахборот маданияти тўғрисида кўп гапирилмоқда, тадқиқотлар олиб борилмоқда. Лекин мутолаа қилмайдиган жамиятда ахборот маданиятини шакллантириш тўғрисида сўз бўлиши мумкинми? Ўз-ўзидан маълумки, ахборот маданиятининг асоси оилада, мактабда, кутубхонада шакллантирилган мутолаа маданиятига бориб тақалади.
Кутубхона-ахборот хизмати кўрсатиш фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларининг қондирилиши, мутолаага рахбарлик, ахборотлар билан таъминлаш, библиографик ва ахборот кидирув таъминоти сингарилар орқали амалга оширилади ва уни фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг ташкилий шакллари тизими сифатида таърифлаш мумкин.
Мутолаани шакллантирувчи муассасалар тизимида кутубхоналар алоҳида ўрин эгаллайди. Лекин ушбу муассасаларда китобхонлар билан ишлаш бўйича махсус маълумотга ва малакага эга бўлган ходимларнинг мавжуд бўлишигина мутолаа маданиятини шакллантиришнинг муваффақиятини таъминлаши мумкин.
Мутолаа маданиятининг шаклланиши китобхон фаоллиги билан ҳам боғлик бўлганлиги учун унинг мақсад сари интилиши, иродаси, масъулиятлиги, ўзини ўзи назорат қила билиши орқали такомиллашиб бориши кўникмасини тарбиялашда Кутубхона-ахборот муассаса ходими ўзининг педагог сифатидаги имкониятларидан кенг фойдаланиши зарур бўлиб, маънавий рағбатлантириш, намуна қилиб кўрсатиш усуллари қўлланилиши мумкин.
Кутубхона-ахборот муассасалари ахборот билан таъминлашнинг янги технологияларини қўллаган ҳолда хизмат кўрсатишнинг янги шаклларини таклиф эта билиши, анъанавий китоблар тарғиботи билан бирга электрон шаклдаги манбаларни тўплаш, масофавий манбалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб боришлари керак.
Мутолаанинг қандай шаклда амалга оширилишидан қатъий назар (китоб варағидан, экрандан, монитордан) жамиятида миллатнинг интеллектуал даражасини, давлатнинг рақобатбардошлигини белгилаб беради. Ҳозирги пайтда мутолаа билан боғлиқ бўлган барчанинг ва мутахассисларнинг (ота-оналар, ўқитувчилар, кутубхоначилар) диққат-эътибори қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратилиши лозим:
- нашр этилган ҳар бир китоб шахснинг ҳаётий стратегиясига мос келишини таъминловчи нашриётчилик сиёсатининг таъминланишига таъсир кўрсатиш;
- ушбу сиёсат мақсадига мос келувчи маълумотлар базасининг яратилишига ҳисса қўшиш;
- китобнинг энг чекка ҳудудларга етиб боришини таъминлаш;
- алоҳида эҳтиёжга эга бўлганлар ва фойдаланувчларнинг барча ҳар қандай гурҳларга хизмат кўрсатиш учун мавжуд бўлган ҳар қандай тўсиқларнинг бартараф этилишига эришиш;
- замонавий педагогика ва психологиянинг ютуқларидан омилкорлик билан фойдаланган ҳолда фойдаланувчиларнинг ёши, жинси, психологик, маълумотлилик даражасидан қатъи-назар мутолаага жалб қилиш усуллари, воситалари, технологияларини яратиш;
- маълумот олиш, касбий омилларни ўзлаштириш, мустақил таълим олиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этиш мақсадида фойдаланувчиларнинг барча гуруҳларида мутолаа маданияти ва ахборот маданиятининг юксак даражасини шакллантириш.
Ушбу вазифаларнинг бажарилиши унга алоқадор бўлган барча томонларнинг саъй-
ҳаракатларини уйғунлаштириш билан боғлиқ бўлиб, ушбу бўғинда кутубхоналар асосий ўринни эгаллайди.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида. 2017 йил, 12 январь.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия чора-тадбирлар дастури тўғрисида. 2017 йил, 13 сентябрь.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот - кутубхона хизмати кўрсатишни янада шакллантириш тўғрисида. 2019 йил, 7 июнь.
4. Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси. Учинчи нашр.– Тошкент: “Ўзбекистон” нашриёти, 2022.–440 бет.
5. Умаров А.О. Мутолаа маданияти: Шахс, жамият, тараққиёт. – Тошкент.: “Фан”, 2004. – 194 б.
6. Умаров Э., Абдуллаев М. Маърифат асослари. –Тошкент: “Шарқ”, НМАК, 2005. –128 бет.
7. Ғаниева Б.И. Бошланғич синф ўқувчиларида кутубхоначилик- библиография билимлар тарғиботи. –Тошкент: 2006. –33бет.
8. Салимов О. Ақл инновацияси. Тошкент: Маънавият, 104 бет.
9. Фалсафа: Қомусий луғат –Тошкент: ”Шарқ” НМАК Бош таҳририяти, 2004. –496 б.
10. Шермуҳаммедова Н.А. Гносеология – билиш назарияси. –Тошкент: Ношир, 2011. –464 б.
