Работа библиографа, только на первый взгляд, кажется простой и лёгкой в выполнении. Библиограф это специалист, который должен иметь хорошие знания по истории, культуре, узбекской и зарубежной литературе. В статье рассмотрена история возникновения библиографии в Средней Азии и сегодняшняя деятельность службы формирования национальных библиографических баз данных Национальной библиотеки Узбекистана. В статье приводятся составленные и подготовленные к печати краеведческие текущие и ретроспективные научно-вспомогательные библиографические указатели общего и отраслевого характера, а также рекомендательные указатели.

Кутубхоначилик соҳасида библиографиянинг «Миллий библиография» тури муҳим ўрин тутади. Би-нобарин, «Миллий библиография» тушунчаси кенг маънони англатиб, атама сифатида миллатга хос ва унинг фаолияти чуқур тарихий, илмий илдизга эга. «Миллий библиография» мамлакат ҳудудида унинг тарихий ривожланиши жараёнида яратилган барча (қўлёзмалардан тортиб то электрон кўринишдаги) ҳужжатлар ҳақида универсал библиографик маълумотларни  сақлаш ва улар билан ишлашни таъминлашга қаратилган. Миллий библиографиянинг юзага келиш сабабларини қуйидагилар: миллатларнинг вужудга келиши, давлатларнинг пайдо бўлиши, миллий ўзликни англашнинг шаклланиши ва бунинг натижасида ватан тарихи ва миллий маданият ютуқларини умумлаштириш эҳтиёжининг келиб чиқиши, халқ тилларида китоблар нашр этилиши ва тарқатилишининг жадал суратда ўсиши дейишимиз мумкин.

Мамлакатимизда миллий библиографиянинг вужудга келиши Туркистон ўлкаси тўғрисидаги адабиётларнинг кўпайиши ва китоблар чоп этилишининг бирмунча тез ривожланиши ҳисобига библиографик ахборотлар тайёрлаш жараёни зарурлиги юзага келган. Миллий кутубхонада библиографик фаолиятнинг ташкил топишида таниқли библиограф Владимир Измайлович Межовни айтиш мумкин. В.И. Межов 1898 йили Туркистон генерал-губернатори К.П. Кауфманнинг илтимосига кўра, «Туркистон тўплами»ни тузишга киришган. «Туркистон тўплами» – ўзига хос энциклопедия ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам Ўрта Осиё тарихи, иқтисодиёти ва маданиятини ўрганувчи кўплаб олимлар ушбу тўпламга мурожаат қилишади. «Туркистон тўплами»ни тузиш билан бир қаторда Осиё тўғрисида адабиётларнинг тўлиқ библиографиясини тузган. «Осиё библиографияси» Ўрта Осиё тўғрисидаги жуда муҳим библиографик қўлланма ҳисобланади. Кутубхонанинг би-ринчи директори, илк маҳаллий библиограф-ўлкашунос, Ўрта Осиё библиографиясининг асосчиларидан бири Н.В. Дмитровский қатор библиографияларни тузишни давом эттирган.   

Миллий библиография бўлими 1965 йил 25 майда маълумот-библиография бўлими негизида ташкил этилган. 1982 йилда маълумот-ахборот бўлими ташкил этилиши билан Миллий библиография бўлими Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ўлкаларининг ўлкашунослик библиография иши билан шуғуллана бошлади. Бўлимда Ўзбекистон библиографиясини ривожланишига ҳисса қўшган йирик библиографлар В.И.Межов, Н.В. Дмитровский, Е.Ф. Кал, Е.К. Бетгер, О.В. Маслова, Н.А. Буров, Л.К. Давидов, М.П. Авшарова, Е.Д. Свидина, Л.Я. Зезенкова, М.Н. Латиповалар фаолият кўрсатишган ва унинг ривожига улкан ҳисса қўшишган. Булардан ташқари А.Э. Далимов, Ф. Убайдуллаев,  М. Носирова, С.А. Теплова, О.Г. Қосимова, О.В. Колповская, А.Х. Туропова, Р. Файзуллаев, И.З. Мамино-ва, Х.Маматраимова ва бошқа кўплаб библиографлар фаолиятини ҳам мисол келтириш мумкин.

Бўлим томонидан «Ўрта Осиё китоб-журнал картотека»си (1957 йилгача бўлган маълумотлар), «Ўзбекистон» (1957-1991 йилгача) картотекасини ташкил қилиш учун республи-када чоп этиладиган даврий нашрлар синчковлик билан кўриб чиқилган ва библиографик тавсиф бериш ишлари олиб борилган. «Ўзбекистон» ва «Ўрта Осиё китоб-журнал картотека»сини шакллантиришда кутубхонанинг бир нечта авлод библиографларининг меҳнатлари сингган. «Ўзбекистон» картотекасида ўзбек ва рус тилларида республикамиз ҳақидаги илм-фаннинг барча соҳалари бўйича журнал ва газета саҳифаларида чиққан маълумотлар йиғилган ва бу картотека 1991 йилдан «Мустақил Ўзбекистон» деб юритила бошланган.

Миллий библиография бўлимида ишлаган таниқли библиографлардан бири Евгений Карлович Бетгер. У республикада кутубхоначилик-библиография ишининг йирик ташкилотчиси ва кўплаб библиографик қўлланмаларни тузган библиографдир. Е.К. Бетгер 1927 йил «Туркестанские ведомости» газетасининг мазмунига «Роспись статьям и заметкам в газете Туркестанские ведомости за время её существования» (с 28 апреля 1870 г. по 15 декабря 1917 г.) ҳамда иккита тармоқ қўлланмалари «Указатель статей и заметок по археологии и история Средней Азии, помещенных в газете Туркестанские ведомости за время её существования» ва «Указатель статей и заметок по географии, метрологии сейсмология и гидрологии Туркестана, помещенных в газете «Туркестанские ведомости»ни тузган. Е.К. Бетгер 1947 йилда Е.Д. Свидина билан биргаликда В.И.Межовнинг «Осиё библиографияси» (рус тилида) кўрсаткичига ёрдамчи «Исмлар, шахс ва георафик номлар кўрсаткичи»ни тузган.

Е.Д.Свидина ва М.П. Авшарова рус тили-да «Узбекская литература» (1959 й.) кўрсаткичини  тузадилар. Е.Д.Свидина яна учта энг муҳим аҳамиятга эга бўлган «Алишер Навоий» (1968), «Ғафур Ғулом» (1973) каби библиографик илмий ишларни тузган.  Е.Д. Свидина бўлимнинг бош библиографи Л.Я. Зезенкова билан ҳамкорликда «Ўзбекистон» картотекасининг асосчиларидан бири бўлган.

Ўзбек тилида 1940-58 йиллар адабиётини ўз ичига олган «Ўзбек адабиёти» илмий-ёрдамчи библиографик кўрсаткичининг биринчи бўлими нашр этилган. Иккинчи бўлими 1959–1970 йилларни қамраб олган.

Бўлим томонидан ўлкашунослик библиографик кўрсаткичлари мунтазам тайёрланиб келинган. 1983 йилда бўлим ходимлари томонидан тайёрланган «Тошкент» адабиётлар кўрсаткичи ҳозирги кунга қадар кутубхона фойдаланувчилари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Кўрсаткичда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тарихини акс эттирувчи адабиётларнинг асосий рўйхати берилган бўлиб, тарихчилар, ўлкашунослар ва кенг китобхонлар учун бебаҳо манба ҳисобланади. Юқоридаги кўрсаткичнинг мантиқий давоми сифатида 2008 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори чиқиши муносабати билан кейинги йилларда нашр қилинган манбаларнинг мукаммал библиографик кўрсаткичи чоп этилди. 2008 йилда рус тилида нашр қилинган «Тошкент» библиографик кўрсаткичи ҳамда 2009 йилда ўзбек тилида Тошкент тарихи, хўжалиги, маданияти, илмий ҳаёти, айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги пойтахт ҳаётида юз берган ўзгаришлар ҳақидаги «Тошкент 2200 ёшда» мавзуида библиографик кўрсаткич нашр қилинди. 

Мустақиллик йилларида бўлим томонидан бир неча библиографик қўлланмалар тайёрланди. Жумладан, «Мустақил Ўзбекистон тараққиёт йўлида» (ўзбек ва рус тилларида), «Оила – давлат таянчи» адабиётлар рўйхати, «Туркистон вилоятининг газети»га алифбо соҳалар бўйича тузилган библиографик кўрсаткичи (1870–1916 йй.), «Рўйи замин сайқали» ўзбек ва рус тилларида ретроспектив кўрсаткич, «Ҳомийлик – азалий қадрият», «Инсонпарварлик ва бағрикенглик миллатимиз фазилати» мавзусида ўзбек ва рус тилларида, «Қишлоқ – ободлик, тўкинлик ва фаровонлик манбаи», «Мақсуд Шайхзода» каби библиографик кўрсаткичлар ва «Буюк келажак бунёдкорлари» мавзуида методик-библиографик қўлланма нашр қилинди. 2010 йили Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташкил қилинганлигининг 140 йиллигига «Маънавиятнинг ўлмас бўстони» мавзуида ўзбек ва рус тилларида библиографик кўрсаткич тайёрланган.

2012 йилдан анъанавий картотекани тўлдириш ишлари тўхтатилди. Хизмат ходимлари янги ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, ўзбек, рус тилларида вақтли матбуот саҳифаларидан танлаб олинган мақолалар билан AIBS (автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими) дастури маълумотлар базаси тўлдириб борилади ва ушбу маълумотлар базасидан фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасига оид маълумотларни олиш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари хизмат ходимлари аниқ мавзулар бўйича адабиётлар йиғиш; биобиблиографиялар тузиш, библиографик ва ахборот манбаларидан керакли адабиётларни йиғишда оғзаки маслаҳатлар ҳамда ёзма маълумотлар беришади.

Бугунги кунда хизмат томонидан турли библиографик қўлланмалар тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда. Булардан: «Гиёҳвандлик – аср вабоси», «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик», «Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағай», «Терроризм – тараққиёт кушандаси», «Ўзбекистонда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳити» мавзуларида ўзбек тилида, рус тилида эса, «Инвестиционный климат и деловая среда в Узбекистане», «Приоритет альтернативным источникам энергии» адабиётларнинг библиографик рўйхати тайёрланди. Бундан ташқари шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига, шоир ижодига боғлиқ методик-библиографик кўрсаткич тайёрланди.

1963 йилдан мунтазам равишда ўзбек ҳамда рус тилларида республикамиз сиёсий, маданий ва иқтисодий ҳаёти, йирик саналари, воқеалар, юбилей саналарини ёритиб берувчи «Мустақил Ўзбекистоннинг муҳим ва уну-тилмас саналари» йиллик тақвими тайёрланиб келинган. Кейинги йилларда тақвимнинг электрон кўриниши кутубхона веб-сайти (www.natlib.uz)га жойлаштириб борилади. Унинг тузилиши қуйидагича: аввал барча му-ҳим саналар рўйхати берилиб, иккинчи қис-мида эса, жорий йилда нишонланадиган юби-лей саналари берилади. Тақвим ахборот-кутубхона муассасалари ходимларига муайян саналарни нишонлашда адабиётларни тарғиб қилишга кўмак беради. Тақвимдан нафақат ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари, балки барча қизиқувчилар фойдаланишлари мумкин.

Ҳар йили Президентимиз томонидан эълон қилинадиган йил номларига бағишланган библиографик рўйхатлар тузилади. 2014 йилда «Соғлом бола, соғлом она – соғлом ке-лажак» мавзуидаги методик-библиографик қўлланма, «Миллий театр – эзгулик маскани» ва рус тилида «Национальный театр в эпицентре духовности» мавзусида библиографик кўрсаткичи ва «Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги»га бағишланган асарларнинг биобиблиографияси тузилди. «Ўзбекистон Қуролли кучлари ва армияси» ва «Ўзбекистонда туризм» мавзуларида адабиётларнинг библиографик рўйхати тузилди. Шунингдек, хизмат томонидан сиёсий ва ҳуқуқий адабиётларнинг тавсия библиографиясини тузиш учун 2010–2014 йиллар адабиётлари ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан библиографик кўрсаткич тузиш учун адабиётлар йиғиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Библиограф ишининг бажарилиши биринчи қарашдан оддий ва осон туюлиши мумкин. Шунга қарамай, бу мутахассис ўзбек ва чет эл адабиёти тарихи бўйича етарли билимларга эга бўлиши лозим. Кутубхонашунослик бу қизиқарли фаолият тури ҳисобланади, ҳар куни янги фойдаланувчилар билан алоқада бўлинади ва адабиётлар оламининг янгиликлари билан танишиб борилади. Шундай экан, замонавий библиограф бу нафақат кутубхона фойдаланувчиларига, балки шу муассаса ходимларига ҳам кенг кўламдаги илмий-ахборот ва маълумот-библиографик хизматларини тақдим қилувчи кутубхонанинг етакчи мутахассиси ҳисобланади. Энг муҳим жиҳатлари яхши хотира, юқори коммуникатив қобилиятлар, ақлли мулоҳаза юритиш қобилияти юқори бўлиши лозим деб ўйлаймиз.