МАТБУОТ ВА АДАБИЁТЛАРДА ТУРКИСТОНДАГИ АГРАР МУНОСАБАТЛАРНИНГ АКС ЭТИШИ
(1886–1917 йиллар)
В статье исследуются аграрные отношения в Туркестанском регионе в конце XIX - начале XX веков. В частности, автор акцентирует внимание на изменениях в сфере землепользования на основе различных источников. В отдельных исторических документах утверждается, что колониальная администрация попыталась применить несколько правил в землепользовании и внесла изменения в аграрные отношения.
Калит сўзлар: ер-солиқ ишлари, «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида»ги Низом, уезд, аграр соҳа, «Европа» ҳуқуқи, жадидлар ва тараққийпарвар, «Туркестанские ведомости»
Туркистонда мустамлака маъмурияти томонидан анъанавий аграр ва ер муносабатларини ўзгаришига катта таъсир ўтказган тадбирлардан бири бу – ер-солиқ тузилиши номи остида олиб борилган ҳаракатлар эди. Бундай жараёнлар ҳам мустамлака маъмуриятининг дастлабки йиллардан бошлаб амалга оширилган. Буни биринчи бўлиб фон Кауфман бошлаб беради.1 У 1880 йил апрелида Фарғона вилоятида ер-солиқ ишларини олиб бориш учун буйруқ беради ва вилоятда мазкур жараён 1880-1881 йилларда тугатилиши назарда тутилади.2 Бироқ ер-солиқ ишлари ҳудудда 1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида»ги Низом ишлаб чиқилиши арафасида тугатилади. 1886 йилги Низомда бундай услубдаги ер-солиқ тузилиш ишларини дастлаб Сирдарё вилоятининг Тошкент уездида ва Самарқанд вилоятида, кейинчалик Фарғона вилоятида жорий қилиш белгилаб қўйилган эди.4 Шу сабабли бу тадбир дастлаб Сирдарё вилоятининг Тошкент уездида 1887 йил 1 апрелда бошланган ва 1892 йилгача давом этган.5 Ер-солиқ ишлари Самарқанд вилояти-нинг Жиззах ва Хўжанд уездларида 1901-1907 йилларда олиб борилган.6 Асосий мақсади бир томондан ўлкадаги ерларни рўйхатга олиш бўлса, бошқа томондан, барча қишлоқ жамоаларидаги ерлардан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳисобини олиб бориш ва шу орқали солиқ миқдорини белгилашдан иборат эди.7 Бу ишларни амалга ошириш учун уч марта ер-солиқ ишларига оид йўриқнома ишлаб чиқилади ва улар амалиётга татбиқ этилади. Улардан биринчиси 1887 йил 18 мартда тасдиқланиб,8 1890 йилгача мўлжалланган бўлган. Иккинчиси 11 йилга (1891–1901 йиллар) мўлжалланган бўлиб, 1891 йил 10 апрелда кучга кирган. Сўнгги йўриқнома 1902 йил 4 майда тасдиқланган бўлиб, 7 йилга мўлжаллаб тузилган.9 Йўриқнома асосида ҳар бир уезддаги хусусий, жамоат ҳамда муҳлатсиз фойдаланиладиган, эгалик қилинадиган ва тасарруф этиладиган ерларни баҳолаш ҳамда улардан олинадиган ер солиғи миқдорини аниқлаш лозим эди.10
Бироқ аграр соҳадаги ушбу янги тартиб бир қанча камчиликлари бўлган. Жумладан, маҳаллий аҳолининг ерга нисбатан ҳуқуқи эътиборга олинмаган ёки бошқача айтганда, аҳолининг мулк ҳуқуқи қандай тартибда аниқланиши назарда тутилмаган. К.К. Пален маъ-лум бир хусусий ёки жамоа ерида ер ўлчаш ишларини олиб борганлигини, лекин ушбу ишни қандай ёки нимага асосланган ҳолда олиб бориши тўғрисида ҳеч нарса айтилмаганлигини танқид қилади.11 Аслида бундай норозиликлар ҳудуддаги маҳаллий уламолар ва аҳоли томонидан ҳам билдирилган. Жумладан, Муҳаммад Азиз Марғилоний Туркистондаги бу жараёнларни шундай тасвирлайди: «... бу Алексеюф12 тўра ҳокимлик ишини қилиб турган маҳалда военний губернатор фармо-йиши билан ҳамма экинларни ва қайроқ [ер]ларни таноб тортиб ёзиб, ҳар бир волост қишлоқларининг экинларини аъло, авсат ва адно қилиб, ҳар қайси зотни баёнлаб ёзуб, топшурурга областной маҳкамасидан неча минг китобу дафтар келди ва ҳар қайси танобкашларга неча юз ададдан бериб, олганига қўлини қўйдириб, муҳрини бостириб, қўлларига таноб бериб чиқарди. Аввалдан бу танобкашларни дала ва қишлоқларга чиқармасдан бурун ҳар қайси маҳкум [мулк]лардаги катта деҳқон ва инобатлик одамларни ўз амалдор мингбоши ва амалдор қозиси билан маҳкамага чақириб олиб мажлис қилдирди. «Экинларингизни таноб торттириб, бу китоби қароқош дафтарларга ёздириб, анинг юзасидан хазиналик пулларни аҳволга қараб нарх кесиб, пул талаб қилиб олурман ва сизлар нима дерсизлар?», – дебди. Бўлди ғавғо, жанжал. Фуқаролар: «Бу янги таомул шариатимизда йўқ, норозидурмиз» , – деб унамадилар».13

Чўл ҳудудида яшаган аҳолига таъсир қилган тартиблардан яна бири 1910 йили кўчманчиларнинг «ортиқча ерларини» мусодара қилиш тўғрисидаги қонун бўлиб, маҳаллий аҳолининг ғазабини келтирган. Чунки аҳоли авваллари чорвачилик учун фойдаланиб келган ерларини мулк сифатида олишни хоҳларди. Бу тартиб натижасида чўл ҳудудларида чорвачилик билан шуғулланган кўпгина чорвадорлар деҳқончиликка ўта бошлайди. Бироқ тартиб мустамлака маъмуриятига бир қанча афзалликлар берарди. Бир томондан – мусодара қилинган ортиқча ерлар кўчиб келтирилган рус крестьянларига берилган бўлса, бошқа томондан – кўчманчи чорвадорларни деҳқончиликка ўтказиш имконияти пайдо бўлди.14
Аграр муносабатлардаги янги тартиблар Ўрта Осиё хонликлари давридаги ер турла-рининг ўзгаришига сабаб бўлган. XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда амлок (давлат) ва вақф ерлар бир қанча ўзгаришлар билан бўлса ҳам, лекин сақланиб қолганли-гини кўришимиз мумкин. Бироқ мулк, яъни хусусий ерлар бу даврда бўлганми ёки йўқми, деган савол очиқ қолмоқда. 1886 йилги Низомда «хусусий ер» ёки «хусусий мулк» деган иборалар учрамайди. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1903 йил 47-сонида айнан мана шу масалага бағишланган мақола чоп этилади.15 «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида»ги Низомнинг 255-бандида маҳаллий ўтроқ аҳолининг ерга нисбатан ҳуқуқи маҳаллий одат асосида доимий ва наслдан наслга ўтиш орқали эгалик қилиниши, фойдаланилиши ва тасарруф этилиши қайд этилган. Бироқ ушбу Низомнинг 259-бандида аҳолининг ердан фақат фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолиниб, қолган эгалик ва тасарруф этиш ҳуқуқи тушиб қолган. Мақола муаллифи бунга изоҳ бераркан, «Европа» ҳуқуқи бўйича эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш мулк маъносини беради, бироқ 259-бандда фақатгина фойдаланиш ҳуқуқи сақ-ланиб қолган, шунинг учун маҳаллий аҳолининг ер ҳуқуқи чегараланган деб хулоса қилади. Муаллиф маҳаллий аҳолининг ерга бўлган эгалигини тўлиқ мулк ҳуқуқи сифатида қабул қилмасликни маслаҳат беради, чунки бу ерда сув ва ариқлардан фойдаланишда чеклаш бўлса (низомнинг 256-банди), ўрмон (низомнинг 257-банди) ва ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқи умуман бўлмаган. У мазкур масалага хулоса қилиб, фойдаланиш ҳуқуқида бўлган тўлиқ мулк ҳуқуқидир деб таъкидлайди. Бунга яқин фикрни Туркистондаги ер ислоҳотларни ўрганган дастлабки хорижлик олим Д.С.М.Виллиамс ўз мақоласида таъкидлаб, 1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғриси»даги Низом кучга кириш натижасида ҳудудда мулк ерлари бекор қилинди, деган фикр билдириб ўтади. У фикрида давом этиб, шуни айтадики, ер аҳолига бириктириб қўйилган, бироқ Россия империяси қонунларига асосан бу тўлиқ хусусий мулк маъносини англатмаган.
Туркистон аҳолисининг ўзида ерга эгалик қилишнинг хусусий мулк шакли тўғрисида икки хил фикр бўлган. Биринчи гуруҳдагилар аҳолининг фойдаланишида бўлган ерлар ўша шахснинг ва авлодининг хусусий мулки деб ҳисоблаган. Иккинчи гуруҳдагилар барча ерлар давлатга тааллуқли, аҳоли фақатгина авлоддан-авлодга ўтиш ҳуқуқи орқали ишлов берилган ердан фойдаланади, деб ҳисоблаган.
Жумладан, Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли Амударё бўлимининг Бий-бозор волости аҳолиси ерни ўзининг дахлсиз мулки деб билган. Ерга нисбатан ўз ҳуқуқларини аҳоли шунда кўрадики, аждодларига ўхшаб, ерга ишлов беради, суғоради, ўғит солади ва, бундан ташқари, ер учун солиқ тўлайди. Амударё бўлимининг Шурахон, Давкар, Ишим волости аҳолисида ҳам ерга нисбатан шундай тушунча бўлган. Қўнғирот ва Томдиқ аҳолиси эса ерга бўлган хусусий мулкни ердан фойдаланиш вақтининг давомийлиги билан боғлайди. Нукус аҳолиси, тўқайлардан ташқари, барча ерлар аҳолига қарашли деб ҳисоблайди. Аксинча, Амударё бўлимининг Кўк Узуксой, Навпар, Кегейли, Бешёб, Янги-бозор ва Чимбой аҳолиси ҳудуд Россия империяси томонидан забт этилгандан сўнг ҳамма ерлар давлат ерлари бўлиб қолди, деб ўйлаган. Ҳатто Бешёб волости аҳолиси ўз ерларини сотиш ҳуқуқи мавжуд эмас деб ҳисоблаган. Навпарликлар ҳам шундай фикрда бўлган, бироқ аҳолининг фойдаланиш тасарруфидаги ва қадимдан эгалик қилиб келаётган ерини ҳеч ким тортиб олишга ҳаққи йўқ деб тушунган. Амирлик (ёки хонлик) ва Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудидаги умумий ерларнинг қанча қисми мулк ерларидан иборат эканлигини рақамларда кўрсак, бу борада манзара янада яққолроқ намоён этади. Мисол учун, Бухоро амирлиги даврида Зарафшон водийси умумий ер майдонининг 30 фоиз мулки ҳурри холис ерларидан иборат бўлган. XIX асрнинг иккинчи ярмида эса Бухоро амирлигининг Шофирком туманида 21151 таноп амлок ерлари, 36256 таноп мулк ерлари, 9938 таноп вақф ерлари ва 18549 таноп «ўлик» ерлар бўлган. Фоиз ҳисобида оладиган бўлсак, умумий ер майдонининг 42,3 фоизи мулк ерлар, 24,5 фоизи амлок, 21,6 фоизи «ўлик» ерлар ва 11,6 фоизи вақф ерлари бўлган. К.К. Паленнинг маълумотларига кўра, Сирдарё вилоятида умумий ернинг 0,02 фоизи, Фарғона вилоятида 0,11 фоизи ва Самарқанд вилоятида 0,02 фоиз хусусий мулк ерлари бўлган. Туркистоннинг учта вилоятида жами умумий ер майдонининг 0,03 фоизи хусусий мулк ерлари бўлган.
Ер соҳасида амалга оширилган юридик ислоҳатлар маҳаллий аҳолига иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқарган. Бу эса биринчи жаҳон уруши давомида Ўрта Осиёда озиқ-овқат етишмаслигига олиб келди. Жадидлар ва тараққийпарварлар мазкур масалаларга оид қарашларини даврий матбуот орқали билдириб борган бўлса, ўз даврининг илмли кишилари ўз эсдаликларида бу ҳақда ёзиб қолдирган. XX аср бошларидаги газеталарда деҳқончилик аҳолининг асосий юмуши бўлганлиги кўзга ташланади ва бу тўғрисида Рауф Музаффарзода шундай ёзади: «Ризқимизни ва маишатимизни таъмин қилув базм учун зироат касбидан бошқа ҳеч мумкин эмас. ... ҳозирги кунда дунёда яшамоқ учун бори икки йўл бор: бири зироат ва ҳайвон тарбияси каби тупроқ қилган касбларга ила. Иккинчиси илм ва ҳунар ила улуғ мартабалар ҳосил қилуб яшамоқдур».
Даврий матбуот саҳифаларида тараққийпарварлар Туркистонда деҳқончилик аянчли аҳволга келиб қолганлигини таъкидлайди. Жумладан, «Садои Туркистон» газетасида чоп этилган мақолалардан бирида «зотан бу йилларда Туркистонда тижорат ва зироат ишлари таназзул қилиб, кейин кетиб турмоқдадур. Бунинг сабаби нима эканини савдогар ва деҳқонларимизнинг ўзлари ҳам била олмайди. Бунинг сабаблари хийла кўпдур... халқнинг фақир ва камбағал бўлишининг сабаби зироат ишига аҳамият бермасликларидур. Бу йилларда деҳқончилик бутун аҳамиятдан тушуб борадур» деб ёзиб ўтади. Мирза Қўқонбой Абдухолиқзода Самарқандий ўз эсдаликларида Россия империяси Туркистоннинг бошқа қисмларида бўлгани каби Мирзачўлда ҳам деҳқончиликка аҳамият бермаганлигини қайд этади. Жумладан, у бу тўғрисида қуйидагиларни айтади: «Чор ҳукумати ярим асрлик истилоси давомида туркистонликлар учун нима қилганди? Деҳқончилик ишларини енгиллаштириш ва ҳайвонот зотини яхшилаш учун бирор иш қилиндими? Йўқ! Ҳеч иш қилинмади!».
Абдусами қори Зиёбоев «Садои Туркистон» газетасида чоп этган «Тупроғимиз олтиндур» мақоласида маҳаллий деҳқонларни инқирозга етаклаган омилларни санаб ўтади ва унда маҳаллий аҳоли ердан фойдаланмасдан сотиб юбориб, пулига маишат қилиб кунини бекорчиликда ўтказаётганлиги афсус билан айтилади. Мақоланинг иккинчи қисмида аҳолининг ердан фойдаланмасдан, дангасалик қилиб ўтиргани ёзилади.

Бу ҳолни тушунган маҳаллий тараққийпарварлар аҳолини деҳқончиликни юксалтиришга чақиради. Чунончи, Рауф Музаффарзода «энди бизим дунёдан энг охирги насибамиз бўлғон шул тупроғимизга эътибор бермовимиз ақлсизлик... улуғ бир жиноятдур... Агар бу кундан эътиборан тупроғимизнинг қадрини билуб зироатға ёпушсак, эл ичида хаёлимизга ҳам келмагон саодатга эришмоғимиз табиийдур» деб ёзади. Шу сабабли ушбу тараққийпарварлар деҳқончилик ишларига аҳамият беришни, сувсиз ерларга ариқ қазиб сув чиқаришни, ерларнинг унумдорлигин ошириш учун ўғитлардан фойдаланишни тавсия қилади. Чўлпон деҳқончиликда унумдорликни ошириш учун турли хил техникалардан кенг фойдаланиш кераклигини айтади.
Даврий матбуот саҳифаларида деҳқончиликдаги муфаққиятсизликларнинг биринчи сабаби насия эканлиги, деҳқонларнинг аксарияти пахтачилик билан шуғулланганлиги, лекин фирмалар уларнинг пахталарини сотиб олишда айрим ҳийлаларга йўл қўйганлиги сабабли маҳаллий деҳқонлар фирмалардан қарздор бўлиб қолганлиги ва натижада уларнинг иқтисодий аҳволи ёмонлашиб борбудидан айрилаётганлиги афсус билан айтилади. Абдухолиқзода Самарқандий бу масалани тўлиқроқ тушунтиришга ҳаракат қилиб, уни қуйидагича таърифлайди: «Деҳқон деҳқончилик харажатларини қоплаш учун пулга муҳтож бўлиб, 30 тийинга чиққан матони сотмоқчи бўлса, уни 30 тийинга эмас, 10-12 тийинга сотарди36.... Бирор бир деҳқон йўқ эди-ки, қарздор бўлмаса, яъни кўрган фойдаси қарзга кетарди. Деҳқон бу ерда ҳам ҳукуматдан куйган, зеро топган нарсасини судхўрликни авж олдирган ҳукумат тортиб оларди». Муҳаммад Азиз Марғилоний экин экилмайдиган ерлардан ҳам солиқ олинганлиги сабабли деҳқонлар моддий қийинчиликка дуч келганлигини айтади. Жумладан, у шундай дейди: «.... кўп қимматчилик замон бўлди, мусулмон подшолари даврида танобчилар бешдан бир хирож, қирқдан бир закот олган, Ўрусия ҳукумати экин экилмайдиган ерларга ҳам таноб торттириб, солиқ олиб турган. Бозорларда нархлар арзон бўлганлиги сабаб, подшо ҳақларини (солиқлари) ўз вақтида пул жамлаб беролмасдан аҳоли кўп қийналган эди».
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мавжуд аграр муносабатлар мустамлака маъмуриятининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларига тўғри келмаганлиги сабабли Россия империяси Туркистонни эгаллаганининг дастлабки йиллариданоқ аграр соҳада ўзгаришлар қилишга уринади. Ер ва сувдан фойдаланиш шариат асосида ишлаганлиги боис мустамлака маъмурияти аграр ислоҳотларини амалиётга жорий қилишга шошилмайди. Дастлаб ҳудуддаги ер-сув муносабатлари ўрганилиш учун ҳамда мазкур ишларни амалга ошириш учун махсус комиссиялар тузилган. Аграр муносабатлар тадқиқи натижасида олинган хулосалар комиссиялар томонидан таклифлар сифатида мустамлака маъмуриятига бериб борилган. Бироқ таклифларни амалиётга жорий этиш масаласига келганда, Тошкентдаги мустамлака маъмурияти ва Санкт-Петербургдаги империя ҳукумати ўртасида тушунмовчиликлар юзага кела бошлайди. Фақат 1886 йилга келиб «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида»ги низом амалиётга татбиқ этилди. Низомда Туркистондаги ер ва сувдан фойдаланиш бўйича алоҳида бўлим бўлган. Кейинчалик бир қанча ўзгаришлар киритилди. Эътиборга молик жиҳати – ўзгаришларнинг аксарияти аграр соҳага тегишли бандлари билан содир бўлган эди. Бу эса Россия империясининг Туркистондаги аграр соҳада ўзининг қатъий йўналиши бўлмасдан, балки унинг мақсадлари вақти-вақти билан ўзгариб турганлигини кўрсатади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1 Williams D. SM. Land reform in Turkestan // The Slavonic and East European review. Vol. 51, No.124. – Jul.– Р. 431.
2 Пален К.К. Поземельное-податное дело. – Санкт-Петербург, 1910. – С. 3.
3 Williams D. SM. Land reform in Turkestan // The Slavonic and East European review. Vol. 51, No.124. – Jul. – Р. 431.
4 Penati B. Swamps, sorghum and saxauls: marginal lands and the fate of Russian Turkestan (1880-1915) //
Central Asian Survey. Vol. 29, No. 1. – 2010. – Р.64.
5 Пален К.К. Поземельное-податное дело. – Санкт-Петербург, 1910. – С.5.
6 Ўша жойда. – Б. 23.
7 Penati B. Swamps, sorghum and saxauls: marginal lands and the fate of Russian Turkestan (1880-1915) //
Central Asian Survey. Vol. 29, No. 1. – 2010. – Р.64.
8 Пален К.К. ер-солиқ тузилишига оид биринчи йўриқноманинг тасдиқланиш санаси тўғрисида ўз ҳи-
соботида икки хил маълумот беради. У дастлаб ушбу йўриқнома 1887 йил 19 мартда тасдиқланган де-
са, ҳисоботининг кейинги бетларида мазкур тартиб 1887 йил 18 мартда Генерал-адьютант Розенбах
томонидан тасдиқланган деб ёзиб ўтади. (Пален К.К. Поземельное-податное дело. – Санкт-Петер-
бург, 1910. – С. 6, 13)
9 Пален К.К. Поземельное-податное дело. – Санкт-Петербург, 1910. – С. 6.
10 Савицкий А.П. Поземельный вопрос в Туркестане. – Ташкент, 1963. – С.198.
11 Пален К.К. Поземельное-податное дело. – Санкт-Петербург, 1910. – С. 14.
12 Марғилон уезди ҳокими.
13 Муҳаммад Азиз Марғилоний. Тарихи Азизий. (Нашрга тайёрловчилар Воҳидов Ш., Сангирова Д.) –
Тошкент, 1999. – Б. 48.
14 Гинзбург А.И. Русское население в Туркестане (конец XIX –XX). – Москва, 1991. – С. 109-110.
15 Права или захват? (К вопросу о поземельном устройстве туземного населения Туркестанского края)
// Туркестанские ведомости. – 1903. – № 47.
