–Асарларни буюртма асосида ҳам таржима қиласизми?
–Тўғрисини айтсам, буюртма асосида таржима қилмайман, йигирма йиллар олдин буюртма билан бироз таржима қилганман. Бу ўша даврнинг етишмовчилиги билан боғлиқ. Бадиий асарлар эмас, илмий-иқтисодий китоблар бўлган. Кимдир таржима қил деган, оиламиз янги бўлган, иқтисодий манфаатлар юзасидан таржима қилганман. Лекин ҳозир буюртма билан таржима қилишдан чиқиб кетганман, чунки бу нарса жуда оғир, нима десам бўлади, бадиий адабиётни, мен ўйлайман, буюртма билан таржима қилиб бўлмайди. То ўзингизни ичингиздан шу кечинмаларни яшамагунингизча асарингиз яхши чиқмайди ва бу нарса, баъзи бир китоблар сизнинг ҳам қўлингизга тушганда дарров сезилиб қолади. Мисол учун, шу кеча-кундузда китоб расталарини кўряпсиз, турклардан таржималар босиб кетди, ўзим ҳам китоб дўконларига чиқиб бир-икки бетини шундоқ қараганимда сезиб қоламан-да, яъни таржимон шунчаки ишлаган, аввало, таржимон таржима қилаётган асарларини севиши керак, бу китобни яхши кўриши керак. Таржимани ўқиганда ўзи маза қилмаса, бошқани маза қилдириш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.
«Тепалик аҳли» айнан болаларга мўлжалланган асар. Буни ёзган одам асли ёзувчи бўлмаган. Ричард Адамс иқтисодчи бўлган. Иккита қизига ҳар куни қуёнлар ҳақида эртак-
лар, ҳикоялар айтиб берган. Шаҳардан четда, табиат қўйнида яшаган, қизларини ўқишига олиб бориб, олиб келишларида айтиб берганларини йиғиб роман ёзган ва бу китоб 1972 йилда Буюк Британияда Дейл Карнеги мукофотини олган, кейинроқ «Garden fictions» мукофотига ҳам сазовор бўлган. Мен қатор мукофотлар олгани учун эмас, шунчаки қизиқиб асарни ўқиб чиқдим, биринчи беш бетидан сўнг ўзимни китобдан ололмадим. Гарчи она бўлсам ҳам, давлат ишида ишласам ҳам шу даражада берилиб кетдимки, саргузаштлар, динамика, шиддат шу даражада зўр берилганидан бошқа ишларни унутиб қўйиб танбеҳ ҳам эшитиб олдим. Шунинг учун нима бўлса ҳам бу асарни таржима қилишга қарор қилдим.
Кейин Мари-Од Мюрайнинг «Мисс Черити» асарини таржима қилдим. Француз ёзувчиси Мари-Од Мюрайнинг ушбу асарида кичкина қизалоқнинг катта бўлгунча кўрган-кечирган воқеа-ҳодисалари баён қилинган. Бу қизалоқда мен ўзимни кўрдим. Ўзимга хос, ўзимга мос келадиган қирралари бор экан. Бу қизалоқ ҳам ёшлигидан «китоб жинниси» бўлади, китоб ўқийди, ҳар доим изланишда бўлади. Кейин менга ёзувчини услуби ёқиб қолди, шунинг учун ҳам таржима қилишга қарор қилдим. Китобнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, гарчи Мари-Од Мюрай ҳозирги замонамизда яшаб турган ёзувчи бўлса ҳам, асар Ғарб адабиётининг классик асарлари услубида баён қилинган. Асардаги қаҳрамонлар диалоги бизнинг кўзимиз ўрганиб қолган сўзлашувга ўхшамайди. Сценарий шаклида ёзилгандай. Янгилиги бор, ўзгача бир услуби бор. Ёзувчининг ўзи «Ҳозирги замон асарини қандай қилиб классик услубда баён қилиш мумкин?» мавзусида диссертация ҳам ёқлаган. Илмий иши шу мавзуда бўлганлиги учун ҳам сизда классик асарни ўқигандай ҳиссиёт пайдо бўлади: баён, ифода бериш, қаҳрамонларнинг кечинмаларини бериш. Қизнинг бошқаларга берган жавобларида, қаҳрамонлар тасвирида енгил киноя мавжуд, шу жиҳатлари ёқиб қолгани учун ҳам таржима қилдим.
–Аёл таржимон бўлишнинг қийин ва афзаллик томонлари нималардан иборат?
–Мен ўйлайман, таржимон бўлишнинг жинсга алоқаси йўқ. Шахсий фикрим, аёлларнинг таржима қилишда енгилроқ томони: аёллар қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини нозикроқ тушунади, яхшироқ англайди, шу нарсаларни етказиб беришда аёлларда кўпроқ ранг-барангликни кузатиш мумкин. Шаҳло Қосимованинг озарбайжон тилида қилган таржималарини ўқидим, ажойиб. Аёллар таъсирчан, хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, тан оласизми, йўқми, эркаклардан кўра барибир таъсирчанроқ. Масалан, Шаҳло Қосимованинг танлаган ҳикояларини ўқисангиз, танловнинг ўзи беқусур бўлганини сезасиз, шунинг учу ҳикоялар инсонни таъсирлантирмай иложи йўқ. Шу томондан олиб қараганимизда, ички сезгиси кучли бўлгани учун ҳам, қайси асарни таржима қилишни танлаш борасида ҳам аёлларда устунлик бор, менимча. Лекин эркакларимиз ҳар доимгидек ҳамма соҳада етакчи, Худойим таоло эркакларнинг миясини бутун қилиб яратган, шунинг учун эркакларнинг афзаллик томони, албатта, уларда сўз бойлиги кўп бўлади, воқеаларни баён қилишда эркакларимизда шу жиҳатдан устунликни кузатаман.
«Қирол Киба» менинг бадиий асардан илк таржималаримдан бири. Шунинг учун ўқувчи ўқиганида хомлик, қусурларни сезиши мумкин. Япон ёзувчиси Тогава Юкио нечта асар ёзган бўлса, ҳамма асарларида ҳайвонларни жонлантирган, ёзувчининг асарларида ҳайвонлар инсон каби тафаккур юритади, инсон каби ҳиссиётларни ўз бошидан кечиради, инсон каби муносабат билдиради. Қирол Киба персонажи Японияда жуда машҳур. Японлар севиб ўқийдиган бу асар мени жуда таъсирлантирди. Дарёда чўкиб кетаётган кучукчани бир бола қутқариб қолади. Ҳамма уни кучук боласи, деб ўйлайди, парвариш қилади ва у катта бўлгач бўри бўлиб етишади. Эгасини уйига келган, эгаси ёқтирган қизни ҳам кучук ўзининг қадрдонидай яхши кўриб қолади. Эгасининг уйига келадиган меҳмонларни диққат билан кузатади, қайси бири яхши одам, қайси бир ёмон ниятда, ҳаммасига эътибор беради. Шундай бир пайт келадики, одамлар унга қарши бўлиб қолади, бўри боласига қарши оломон тўпланади. Шу онларда тоғлардан бир кўзли айиқ тушиб келиб, овул бўйлаб оралаб юрган бўлади. Бир кўзи овчининг ўқидан яраланган Гон лақабли айиқ қишлоқдаги одамларнинг товуқларини қийрата бошлайди ва оломон айиқнинг айбини хонаки бўридан кўришади. Шундан сўнг эгаси уни тоққа олиб чиқиб ташлаб келади. Бўри у ерда бошқа бўрилар билан бирлашиб оила қуради. Бўриваччалари дунёга келади, бўриларни бошқариб, уларга емиш топишга, уларни очликдан қутқаришга ҳаракат қилади ва ҳайвонларнинг орасида қирол даражасига етади. Охирида товуқларни қийратган бир кўзли айиқ экани маълум бўлади, бу айиқ одамларга ҳам ҳужум қила бошлайди, унга қарши барча овчилар оёққа туради, улар ўзлари эплай олмаганларидан сўнг эсларига бўри тушади, бўри ҳам буни сезиб ёрдам беришга шошилади. Охирида эгаси яхши кўрадиган қизни қутқараман деб ўзи ҳам ҳалок бўлади. Шу даражада таъсирли қилиб ёзилган бу асар. Ҳалиям энтикиб эслайман. Тогава Юкионинг бошқа бир асари ҳам, адашмасам, 1980 йилларда, «Аврора» киностудияси томонидан япон-рус киномотографлари билан биргаликда жуда чиройли кинофильм ишланган.
–Бугунги кунда катта бир таржимачилик мактаби мавжудми? Таржима ҳам муҳим бир санъат эканлигини англамай таржима қилаётганлар ҳақида, таржима мобайнида масъулиятсизликка йўл қўяётганлар ҳақида нима дея оласиз?
– Тўғри эътиборга олибсиз, ҳақиқатдан ҳам шундай вазият ҳозир юзага келган, яъни моддий манфаат учун тўғридан-тўғри Google орқали таржима қилаётганлар бор. Хусусий нашриётлар сони ҳам жуда кўпайиб кетди. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда олти юз саксонта хусусий нашриёт очилган экан. Шундан олти юзтаси Тошкент шаҳрининг ўзида. Китоб соҳасида ҳам «Пулни кетидан қувиш» авж олиб кетди. Таржимонга жуда кам вақт берилади, у файлни олади ва Google орқали таржима қилиб, у ёқ бу ёғини таҳрир қиламан дейди, бўлди, таржима шу китоб бўлиб чиқиб кетади. Google орқали таржима қилинган асар ҳеч қачон яхши таржима бўлмайди, уни техника, машина қилган. Жуда кўп асарларнинг оёғи осмондан бўлиб ётибди. Мен ўйлайманки, вақтни ўзи бадиий асарни сарасини сарага, пучини пучга ажратади. Булар ҳам ўтиш давридаги бир ҳолат, вақт ўтиб жой-жойига тушади, деб ўйлайман. Ўзимизнинг мумтоз таржимонларимиз Ғафур Ғуломлар, Ойбеклар, Қаҳҳорлар таржима мактаби ва бугунги таржима ўртасидаги ҳалқа узилган. Ҳозир бизда яхши таржимонлар бармоқ билан саноқли ва пойинтар-сойинтар таржима қиладиганлар жуда кўп. Ва бир нарсага эътибор бериш керакки, олдин тақризчилик деган нарса бўларди, ҳозир маълум бир асарга ёзилган тақризлар йўқ, ҳозир адабиётшуносларимиз ўзи тақриз ёзмаса, ўзи бир бадиий адабиётни ўқиб таъсирланмаса, буни ташкил қилиш жуда қийин. Кўпайиб кетади-да кейин бемаза таржималар. Ҳеч ким ҳеч нарса демаса, одамзод кўнглига келган ишни қилади-да. Адабиётшунослар чиқиб, фалон-фалон асарларда шунақа камчилик-

лар бўлган, таржимада шунақа қўпол камчиликлар бор деб, бир-икки чиқиш қилгандан кейин пул ва манфаат кетидан қувадиганлар озгина тортиниб қоладими, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам таржималар учун тақриз ёзишни кучайтириш керак.
–Ўша пайтда таржима асарларга бир-бир ярим йил вақт кетган бўлса таржимонга ҳам каттагина моддий даромад олиб келган. Бизда таржимонларга моддий томонлама яхши рағбат йўқлиги балки яхши таржимонларнинг камайиши ва ёмон таржимонларнинг кўпайишига сабаб бўлаётгандир.
– Албатта, бу ерда иқтисодий омилни ҳам назардан қочирмаслик керак, таржимонларга хусусий нашриёт томонидан муайян вақт ва маблағ белгилангандан сўнг, албатта таржимонлар тезлик билан таржима қилиб сифатини пасайтириб юбориш ҳолатлари бор. Иқтисодий омилни назардан қочириб бўлмайди, бу ҳам таъсир қилади. Лекин таржима асарларни чиндан яхши кўрган одам ҳеч қачон моддий томонга эътибор бермайди. Масалан, бизни асаримиз чиқса бўлди, биз хурсандмиз.Таржимонликнинг ўзига хос қи-
йинчиликлари бор. Муаллифлик ҳуқуқи деган нарса бор, муаллифларнинг рухсат бериш, бермаслиги деган масала бор. Масалан, мен Жоанна Роулингнинг «Гарри Поттер» асарини ўзим таржима қилишни хоҳлайман. Мен таржимани кўрдим, кўнглим тўлмади. Таржимонни камситиш ниятим йўқ. Лекин барибир у асарни яна бир киши таржима қилса балки бошқача чиқар, балки яна ҳам яхшироқ чиқар. Асарни очганингизда биринчи бетига ёзиб қўйибди, бу асарни бошқа бир киши таржима қилиши мумкин эмас, муаллифлик ҳуқуқи фалон-фалон киши томонидан олинди. Мен унга тегишим мумкин эмас, яъни мен унга қўл урсам жавобгарликка тортиламан. Таржимон учун шу каби масалалар ҳам қийинчилик туғдиради. Агар менга рухсат берилса Жоанна Роулингнинг «Гарри Поттер» асарини бошқатдан таржима қилган бўлардим. Ке-
йин шундай асарлар борки, жуда яхши, лекин улар муаллифлик ҳуқуқини бермайди, айримлар асарини таржима қилиш учун пул талаб қилади. Масалан, Россияда шунақа асарлар борки, «Гарри Поттер»дан қолишмайди. Елена деган ёзувчининг китобини ўқидим, 12-15 ёшли болалар учун саргузашт, мистика, фантастика услубида ёзилган зўр асарлари бор. Лекин уни олиб таржима қилишим учун менга катта пул керак. Таржима қилиш ҳуқуқини сотиб олишим ва муаллифга қанчадир миқдорда пул беришим керак. Шунақа ҳолатлар борлиги учун баъзан «ўзим ёзсам яхшироқ» деган фикрга бориб қоласиз.
Ҳозирги ҳолатимда Достоевскийни таржима қилишни тасаввур қила олмайман. Сабаби Достоевскийнинг тили жуда оғир, сиз уни рус тилида олиб ўқисангиз телба бўлиб қоласиз, сўз ўйинлари шунақа мураккаб, руҳият тасвирлари даҳшат. Достоевский ўта реалист ёзувчи-да, у жамиятни туб-тубларини кўрган, инсониятга хос энг тубан нуқталарни очиб берган. Шунинг учун Достоевскийни таржима қилганларга ҳайкал қўйиш керак. «Телба»да ҳам Достоевский шу даражада маҳорат билан ишлаяптики, учта руҳий касални битта нуқтага келтиряпти. Тасаввур қилинг, князь Мишкиннинг ўзига ҳам шизофрения ташхиси қўйилган, у ерда қатнашган аёл ҳам шизофреник. Учта телбани битта нуқтага келтириш реал ҳаётда мавжуд эмас. Лекин Достоевский шундай сингдирадики, сиз ҳақиқатдан шундай бўлган экан деб қабул қиласиз-да, ҳеч қандай бир сохталикни сезмайсиз. Энди буни таржима қилган одамга қанчалик қийин бўлишини тасаввур қилиб кўринг. Ҳар доим айтаман, ёзувчи ўзини фикрини ёзиб кетаверади, лекин таржимонга икки баравар қийин, ҳам ёзувчини айтганидан чиқмаслиги керак, ҳам ўзининг руҳини бериши керак, ўзбек китобхонининг кўзига ботмайдиган қилиб таржима қилиши керак.
– Ёш таржимонларга қандай маслаҳат берасиз?
– Маслаҳатим, ўқинг, таржима қилинг, ўқинг, таржима қилинг, кўпроқ ва яна кўпроқ. Қаламни чархланг. Чиқаришга шошилманг. Ҳеч ким бирданига таржимон бўлмайди. «Тепалик аҳли» асарида таржимам анча яхши, чунки бу анча пишганимдан кейин қўл урган асарим. «Соя ўғриси»да ҳам жузъий камчиликлар бор деб ўйлайман, «Қирол Киба» энг биринчи ишим бўлгани учун нисбатан хомроқ. Кейин таржимоннинг ишини таҳрир қиладиган муҳаррири ҳам бўлиши керак. Масалан, шу учала асарим ҳам менинг фарзандим, бу яхшими-ёмонми шундайлигича қабул қиламан ва ўзимни ўзим таҳрир қила олмайман. Мисол учун, мен Жавлон Жовлиевни таҳрир қилишим мумкин, муҳаррир сифатида. Лекин ўзим ўзимни таҳрир қила олмайман, чунки менинг миямда ўша жумла қуриб бўлинган, ортиқ уни ўзгартиришга қийналаман. Қаерда қусур бор, қаерда камчилик бор, кўзимга ташланмайди. Уни албатта яхши бир муҳаррир таҳрир қилиб кўриши керак.
–Муҳаррирлар билан қандай ишлайсиз?
–«Қирол Киба»ни Ҳамидова Муҳаббат опа таҳрир қилдилар. Шундай қилдиларки, камчиликларимни кўриб кўзим очилди, биринчи китобим бўлгани учун шунақа камчиликларга йўл қўйибманми, деб ўзим ҳайрон қолдим. «Соя ўғриси» ни Тўхтамурод ака Ҳасанбоев таҳрир қилдилар. Бу киши таҳрир қилишдан олдин келиб мендан сўраб, шу ерда шу жумлани шундай ўзгартирса бўладими, нимагадир шу кўзга ботяпти, дедилар. Бирга ишладик. Иккаламиз ўтириб, асар устида анча ишлаганмиз. Баъзида оригинал асарни очиб, «Тўхтамурод ака биз сиз айтгандай бера олмасканмиз, сабаби ёзувчи бу ерда бундай деяпти, ёзувчини маҳорати шунда, бу сўзни мен алмаштирсам ёзувчини маҳоратига путур етади, ёзувчи англатмоқчи бўлган фикр бузилиб кетади», деган ҳолатлар бўлди. Ричард Адамснинг «Тепалик аҳли» асарида эса нисбатан ўзим ҳам пишганимни сездим, асарни ўзи силлиқ бўлгани учун таржималарим ҳам силлиқ бўлди. Шу асарни, тўғрисини айтсам, муҳаррир кўргани йўқ.
– Таржима қилишдан миссиянгиз?
– Болалар учун таржима қилиш, болалар учун бадиий асарларни яратишнинг масъулияти оғирроқ. Сабаби, болалар энди ўсиб келаётган ниҳол, уни ҳозир қийшайтириб қўйсангиз қийшиқ ўсиб кетаверади, оқибати ёмон. Масалан, биз жамиятда катталарнинг камчиликларини кўрамиз, жиноятчилар бор, ахлоқсизлар бор. Уларнинг жиноят илдизини, феълидаги камчиликларини болаликдан излаш керак. Болаликдаги кечинмаларини, атрофидаги муҳит, ҳаёти мураккабликлари, синовларини ўрганиш керак. Шунинг учун болаликка диққат қилишимиз муҳим ва яна ва яна айтаман, ёмон овқат еб қўйсак, танамиз дарҳол реакция беради, иситмамиз чиқади, касал бўламиз, қусамиз охир-оқибатда. Лекин мияга кирадиган информацияни назорат қилиш қийин, мияга кирдими чиқмайди у ва биз уни яхши ва ёмонга ҳам ажрата олмаймиз. Шунинг учун хоҳ китоб бўлсин, хоҳ фильм, хоҳ мультфильм, албатта, боланинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган бўлиши керак. Салбий нарса боланинг миясига кириб қолса, кейин уни тўғрилаш қийин.

Шунинг учун, болалар адабиёти катталар адабиётидан кўра масъулиятлироқ. Улар учун қилинаётган таржима ҳам, унга яратилаётган маҳсулот ҳам, унга яратилаётган фильм ҳам, мультфильм ҳам, анимацион роликлар ҳам – ҳаммасига жуда катта эътибор бериш керак, деб ўйлайман. Ва менинг ниятим – жаҳон адабиётидаги энг сара асарларни ўзбек болалари ўқисин, улар орқали биз болаларимизда қаҳрамонлик, ватанпарварлик, дўстга бўлган садоқат, жамиятдаги адолат ҳисларини ўстиришимиз, такомиллаштиришимиз, баркамол қилиб тарбиялашимиз керак, деб ҳисоблайман.
Суҳбатни ёзувчи
Жавлон Жовлиев тайёрлади
