Annotation. This article analyzes the processes of the formation and development of librarianship in the territory of Uzbekistan in the early 20th century based on historical sources and archival documents. The study highlights the stages of library development—from traditional libraries to new types of mass libraries established during the Soviet period. It also examines the policy of the People’s Commissariat of Education of the Turkestan Autonomous Soviet Socialist Republic regarding the organization of library activities, their centralization, and the transformation of libraries into instruments of ideological propaganda. Based on archival materials, the activities of libraries in Samarkand, Bukhara, and Fergana are examined, including their collections, user composition, and organizational structure. The article scientifically substantiates the role of libraries in cultural and educational life, their importance in shaping a reading culture, and their contribution to the development of society.
Keywords: library, research assets, education, madrasah, People’s Commissariat of Education, culture, Main Wakf Directorate, Turon Library, Turkglavpolitprosvet, Sovietization.
Аннотация. Ушбу мақолада ХХ аср бошлари Ўзбекистон ҳудудида кутубхоначилик тизимининг шаклланиши ва ривожланиш жараёнлари тарихий манбалар ҳамда архив ҳужжатлари асосида таҳлил қилинган. Тадқиқотда анъанавий кутубхоналардан тортиб, совет даврида ташкил этилган янги типдаги оммавий кутубхоналаргача бўлган тараққиёт босқичлари ёритилади. Шунингдек, Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасида Маориф Халқ Комиссариати томонидан кутубхона ишларини ташкил этиш, уларни марказлаштириш ва мафкуравий тарғибот воситасига айлантириш сиёсати таҳлил қилинган. Самарқанд, Бухоро ва Фарғона ҳудудларидаги кутубхоналар фаолияти, уларнинг фонд таркиби, фойдаланувчилар таркиби ҳамда ташкилий тузилмаси архив материаллари асосида ёритилган. Мақолада кутубхоналарнинг маданий-маърифий ҳаётдаги ўрни, китобхонлик маданиятини шакллантиришдаги аҳамияти ва уларнинг жамият тараққиётидаги роли илмий жиҳатдан асослаб берилган.
Калит сўзлар: кутубхона, вақф мулки, маориф, мадраса, Маориф Халқ Комиссарлиги, маданият, Бош Вақф бошқармаси, «Турон» кутубхонаси, Туркглавполитпросвет, советлаштириш.
Аннотация. В данной статье на основе исторических источников и архивных документов проанализированы процессы формирования и развития библиотечного дела на территории Узбекистана в начале XX века. В исследовании освещаются этапы развития библиотек–от традиционных библиотек до новых типов массовых библиотек, созданных в советский период. Также рассматривается политика Народного комиссариата просвещения Туркестанской Автономной Советской Социалистической Республики по организации библиотечного дела, его централизации и превращению библиотек в средство идеологической пропаганды. На основе архивных материалов раскрыта деятельность библиотек Самарканда, Бухары и Ферганы, их фондовый состав, контингент пользователей и организационная структура. В статье научно обоснована роль библиотек в культурно-просветительной жизни, их значение в формировании культуры чтения и вклад в развитие общества.
Ключевые слова: библиотека, образование, медресе, Народный комиссариат просвещения, культура, Главное Вакуфное Управление, библиотека «Турон», Туркглавполитпросвет, советизация.
Туркистон тарихий тараққиёти давомида сулолавий кутубхоналар,
шунингдек масжид ва мадрасалар ҳузурида фаолият юритган кутубхоналар мавжуд бўлгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб далиллар учрайди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона ҳамда Тошкент ҳудудларида илм-фан ва маърифатга қизиққан кишилар ўз ҳужжатлари ва китобларини сақлаш учун шахсий жавон ёки махсус хоналарга эга бўлишган. Бироқ мустамлакачилик ва кейинчалик Совет ҳокимияти даврида кутубхона муассасаларига бўлган ёндашув тартиби кескин ўзгарган. Шу жиҳатдан, Халқ Маорифи Комиссарлигининг мактаб ва кутубхона бўлимларига оид ҳужжатлари Туркистонда ХХ аср бошларидаги таълим ҳамда маданият муассасалари фаолиятини тадқиқ этишда муҳим манбавий аҳамият касб этади.
ХХ аср бошларида Туркистон минтақаси маданий-маърифий ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз бера бошлаган. Айниқса, таълим
тизимини ривожлантириш, нашриёт ва кутубхона ишларини йўлга қўйиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида шаклланган. Бу жараён Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикасида (ТАССР) халқ таълими тизимини ташкил этиш билан бевосита боғлиқ бўлган. 1918 йил 18 сентябрда Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан Маориф Халқ Комиссариати тўғрисидаги дастлабки Низом тасдиқланган. Ушбу ҳужжат Туркистон Республикасида халқ таълими органлари фаолиятини тартибга солувчи илк меъёрий ҳужжат сифатида тарихий аҳамиятга эга бўлган. Низомга мувофиқ, Маориф Халқ Комиссариатининг асосий вазифаларидан бири нашриёт ишларини ташкил этиш, кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш ҳамда турли маданий-маърифий масалаларни бошқаришни ҳам ўз ичига олган. 8 та бўлимдан иборат Маориф Халқ Комиссариатининг 8-бўлими нашриёт ва кутубхона ишлари билан шуғулланишга ихтисослашган. Мазкур қарор ўлкада матбуот, нашриёт ва кутубхоначилик тизимини шакллантириш ва аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилган [2]. Масалан, матбуот соҳасида 1918 йилда Туркистонда 11 номда газета нашр этилгани бу ҳудудда ахборот тарқатиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш жараёни фаол бўлганини кўрсатади. Бу даврда матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган. Нашриёт соҳасида 1920 йилнинг 1 январига қадар Туркистон давлат нашриёти томонидан қарийб олтмишга яқин китоб ва брошюра чоп этилгани ҳам қисқа вақт ичида китоб нашрининг анча кенгайганини ва билим тарқатишга катта аҳамият берилганини кўрсатади.
Асал Фарҳод қизи Хайриддинова “Замонавий кутубхоналар ва уларнинг фаолияти” номли мақоласида Садри Зиё маълумотларига таяниб: “ХХ асрнинг бошида биргина Бухоро шаҳрида 13 та кутубхона, 96 та қироатхона мавжуд экани ва ҳукмдор саройидаги кутубхонада хитой, уйғур, пушту, форс, араб ва бошқа тиллардаги қўлёзмалар сақланган” – деб маълумот келтирган [8]. Кутубхоналарда мушриф, мирзо, китобдор ва рисолачилар хизмат қилган. Ўша даврларда кутубхоналарни ташкил этишдан асосий мақсад энг аввало ёшлар, мактаб ўқитувчилари, мадраса талабалари, зиёлиларни адабиёт, дарслик ва матбуот саҳифалари билан мунтазам таништириб бориш бўлгани далилланган. Азиз Ҳакимовнинг мақоласида Бухоро сарой кутубхонасида амирларнинг шахсий коллекциялари билан бирга турли тилларда ёзилган 47500 жилд қўлёзма ва тошбосма китоблар сақлангани қайд этилган [9].
“Жадидларнинг кутубхоначиликдаги ўрни ва маърифий мероси” номли мақолада жадид маърифатпарварларининг кутубхоначилик соҳасидаги фаолияти муҳим маданий ҳодиса сифатида талқин этилади [10]. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан Самарқанд шаҳрида асос солинган кутубхона жадидлар ҳаракатининг маърифатпарварлик йўлидаги амалий ташаббусларидан бири ҳисобланган. Матбуот материалларига таянган ҳолда, тадқиқот муаллифи мазкур кутубхона 1908–1914-йиллар оралиғида фаолият олиб борганини аниқлаган. Ушбу муассаса халқ орасида миллий онгни уйғотиш ва саводхонлик даражасини юксалтиришга қаратилган муҳим маърифий марказ вазифасини бажарган. Шунингдек, мақолада кейинги даврга оид Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Турон” кутубхонаси тарихига доир асосий маълумотлар ҳам келтирилган. Унда 1918-йилда Тошкентда мустақил оммавий
кутубхона ташкил этилиб, 1919-йилдан бошлаб унга “Турон” номи берилгани қайд этилади. Кутубхонанинг 1928–1993-йиллар давомида “Октябрь” номи билан фаолият юритгани совет даврида маданий-маърифий муассасаларга берилган номларда мафкуравий руҳ устувор бўлганини англатади.
Кутубхона ва музейлар ташкил этиш ғояси Туркистон ҳудудида бундан аввал ҳам пайдо бўлган. Масалан, XIX аср охирида Самарқанд шаҳрининг маданий зиёлилари орасида шаҳарда музей ва кутубхона ташкил этиш зарурати кенг муҳокама қилина бошланган. Бу ташаббус шаҳар маданий ҳаётини ривожлантириш, тарихий меросни сақлаш ҳамда аҳолининг илмий ва маърифий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Мазкур лойиҳа устида меъморлар М. В. Ижицкий-Герман, В. С. Гейнцельман ва Г. М. Сваричевский
1901–1910 йиллар давомида ишлашган. 1910 йилда лойиҳа расман тасдиқланиб, “Халқ уйи” деб номланган. Лойиҳага кўра, бинода кутубхона учун иккита хона ҳамда антиқа буюмлар музейи учун бешта хона ажратилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари эса 26 618 рубл маблағ эвазига бажарилган. Халқ уйи биноси икки қанотдан иборат тартибда қурилган. Унинг бир қанотида кутубхона жойлашган бўлса, иккинчи қанотида музей экспонатлари ва ўқув зали фаолият юритган. Кейинги йилларда муассасанинг тузилишида ўзгаришлар юз бериб, 1934-йилда Самарқанд музейи ушбу бинодан бошқа жойга кўчирилган, 1970-йилда эса кутубхона ҳам бошқа бинога кўчирилган [11]. Бўшаб қолган бинода кейинчалик вилоят болалар кутубхонаси ташкил этилган.
Самарқанд кутубхоналардан яна бири А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказидир. Бу муассаса Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги маданий масканлардан бири ҳисобланади. Кутубхона 1911-йилда ташкил этилиб, ўша даврда унинг фондида атиги 2000 га яқин китоб мавжуд бўлган. Шунга қарамай, у қисқа вақт ичида шаҳар аҳолиси учун муҳим маърифий марказга айланган. 1937-йилдан кутубхонага рус классик адабиёти намоёндаси Александр Пушкин номи берилган [12].
Совет даври дастлабки кутубхоналаридан бири Самарқанд шаҳрининг маркази-Ленин (ҳозирги Алишер Навоий кўчаси 48-уй-муаллиф) кўчаси 23-уйда жойлашган. Кутубхона 1918-йил сентябр ойида ташкил этилиб, 1919-йил 15-январда расман фаолият бошлаган [1. 3]. Бу совет ҳукуматининг маданий-маърифий муассаса-кутубхоначилик соҳасида қўйилган янги бир қадам бўлган. Кутубхона фондидаги китоблар сонининг 25 минг нусхага етгани эса мазкур муассасанинг шаҳар миқёсида муҳим ахборот ва билим маркази бўлганидан далолат беради. Бироқ бизлар архив материаллари ичидан кутубхонадаги адабиётларнинг мавзу йўналиши, тиллар бўйича тақсимоти ва нашр йиллари ҳақида маълумот тополмадик. Бу ҳолат фонд таркибини чуқур таҳлил қилиш имконини чеклайди. Кутубхонада 3 нафар ходим фаолият юритгани қайд этилган. Ушбу кўрсаткич китоблар сони билан солиштирилганда, ходимлар юкламаси юқори бўлганини тахмин қилиш мумкин. Аммо қўлимиздаги ҳужжатда ходимларнинг малакаси ва лавозим тақсимоти ҳақида маълумот йўқлиги сабабли мазкур ҳолатни тўлиқ баҳолаш мушкул. Кутубхонадан фойдаланувчилар таркиби ҳам статистик жиҳатдан аниқ ифодаланган. Жами 39 нафар ўқувчининг 22 нафари эркаклар ва 17 нафари хотин-қизлардан иборат бўлишган. Ёш таркибига кўра, фойдаланувчиларнинг 24 нафарини болалар ташкил этгани кутубхонанинг асосан таълимий-маърифий вазифани бажарганини тасдиқлайди. Шунингдек, ўсмир ва катталарнинг ҳам мавжудлиги кутубхонанинг ёш жиҳатидан чекланмаган аудиторияга хизмат қилганини кўрсатади. Миллий таркиб масаласида барча ўқувчилар яҳудий миллатига мансуб бўлган. Маълумот даражаси бўйича кўрсаткичлар кутубхона фойдаланувчиларининг асосий қисми таянч (прогрессив) мактаб ўқувчилари бўлганини кўрсатади. Бу эса мазкур кутубхонанинг совет таълим тизими доирасида ташкил этилган янги типдаги совет меҳнат мактаби билан узвий боғлиқ ҳолда фаолият юритганини тахмин қилиш имконини беради. Касбий таркибда эса ўқувчилар устунлик қилган. Сабаб қилиб фақат 3 нафар шахс зиёли касб эгаси сифатида қайд этилганини кўрсатиш мумкин. Кутубхонанинг кунига 6 соат, ой давомида 24 иш куни фаолият юритгани унинг барқарор ва тизимли ишлаганини кўрсатади.
1921-йил 26-ноябрда Туркистон Республикаси Маориф Халқ Комиссариати томонидан қабул қилинган 184-cонли буйруқ Туркистон ҳудудида кутубхона ишини марказлаштиришга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланган [2]. Мазкур буйруқ совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида маданий-маърифий соҳани мафкуравий жиҳатдан бошқариш ва уни ягона тизимга бўйсундириш сиёсатини яққол акс эттиради. Ҳужжат тадқиқи Туркистон Республикасида барча сиёсий-маърифий ва тарғибот ишлари Туркглавполитпросвет (Туркистон Бош сиёсий ва таълим қўмитаси) тасарруфига берилган. Кутубхоналар ушбу фаолиятнинг самарали воситаси сифатида баҳоланган. Бу ҳолат кутубхоналарнинг фақат илмий ёки таълимий муассаса сифатидаги ролидан ташқари, уларни совет мафкурасини кенг оммага сингдириш воситаси бўлиб хизмат қилишидан далолат беради. Шу жиҳатдан мазкур ҳужжат маданият сиёсатини мафкуравий тизим билан чамбарчас боғлаш жараёнининг муҳим манбаси ҳисобланган. Буйруқнинг биринчи бандида Туркистон Республикасидаги барча кутубхоналар-Маориф Халқ Комиссариатига қарашли бўлиб, унга идора, ташкилот ва жамоат уюшмаларига тегишли китобхоналар ҳам-оммавий фойдаланиш учун очиқ ва ТАССРнинг ягона кутубхона тармоғига киритилиши белгиланган. Бу тартиб кутубхоналардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгандек кўринса-да, амалда уларнинг мустақиллигини чеклаб, марказлашган бошқарув тизимига бўйсундиришни назарда тутган. Кутубхоналарни Туркглавполитпросвет тасарруфига бериш эса уларнинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилганини англатади. Манбанинг изоҳ қисмида давлат, илмий ва махсус кутубхоналар, ҳамда Туркфронт Қизил Армия кутубхонаси ягона тармоққа киритилмаслиги қайд этилган. Қизил Армия кутубхоналари Туркглавполитпросвет назорати остида фаолият юритиши белгиланган. Бу ҳолат совет ҳарбий тузилмалари билан маданий-маърифий аппарат ўртасидаги яқин алоқани кўрсатиб, ҳарбий хизматчилар орасида ҳам мафкуравий тарбияни кучайтиришга интилиш ҳаракати бўлганини англатади. Буйруқнинг 2-бандида ягона кутубхона тармоғини амалга ошириш ва кутубхона ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Туркглавполитпросвет ҳузурида Марказий Идоралараро Кутубхона Комиссияси ташкил этилиши белгиланган. Мазкур буйруқ совет ҳокимиятининг маданий-маърифий соҳадаги сиёсий мақсадларини очиб берувчи ҳужжат сифатида ҳам аҳамиятлидир. Ҳужжатда кутубхоналар фаолиятининг амалий жиҳатлари-фондлар таркиби, кадрлар масаласи ёки ўқувчилар эҳтиёжлари-деярли ёритилмай, асосий эътибор бошқарув ва назорат механизмларига қаратилган.
1923 йил январь-март ойларида Самарқанд вилояти Халқ Маорифи Комиссарлиги ҳузурида фаолият юритган Инспекция томонидан тайёрланган ахборот вилоятда маданий-маърифий муассасалар тармоғининг амалдаги ҳолатини ёритувчи муҳим расмий манба ҳисобланади [3. 60]. Ахборотда Самарқанд вилоятидаги маданий-маърифий муассасалар тармоғи таркибида 8 та кутубхона қайд этилиб, ҳисобот даврида ушбу кўрсаткичда ўзгариш кузатилмагани келтирилган. Кутубхоналар сонининг “ўзгаришсиз” қолиши, бир томондан, вилоятда мавжуд маданий инфратузилмани сақлаб қолишга эришилганини кўрсатса, иккинчи томондан, янги кутубхоналар ташкил этиш борасида сезиларли силжиш бўлмаганини ҳам англатади. Бу ҳолат 1920 йилларнинг бошларида мавжуд бўлган иқтисодий қийинчиликлар, кадрлар етишмовчилиги ва ташкилий муаммолар билан изоҳланиши ҳам мумкин. Мазкур маълумот инспекция характеридаги ҳужжатга хос тарзда қисқа ва умумлаштирилган шаклда баён этилган. Кутубхоналар фаолиятининг сифат кўрсаткичлари-фонд ҳажми, фойдаланувчилар сони, кадрлар таркиби ҳақида батафсил ахборот бермайди. Шу сабабли ҳужжат вилоятдаги кутубхона тармоғининг реал фаолиятини тўлиқ тасаввур этиш имконини бермайди. Мазкур ахборот назорат-ҳисобот характерига эга бўлиб, маъмурий ҳужжат ҳисобланади. Унинг афзаллиги вилоят даражасидаги маданий-маърифий муассасалар тармоғининг умумий кўринишини акс эттиришидадир.
Ўзбекистон Миллий архив фонди ҳужжатлари орасида 1921 йил Фарғона вилояти кутубхоналари бошқа вилоятларга нисбатан анча фарқ қилгани кузатилади. Ушбу манбада Фарғона вилоятида жами 13 та кутубхона ҳисобга олиниб, ҳужжатнинг фонд ва хизматчилари ҳақида маълумот мавжуд эмас [1. 17].
Абдусаттор Жуманазар ўзининг “Бухоро таълим тизими тарихи” номли монографиясида Бухоро амирлиги даври таълим муассасалари қаторида ўлка ҳисобида жами 52 та кутубхона номи вақфномалар асосида очиқлаб берган [7. 111-139]. Аммо мустамлака Россия даврида ушбу кутубхоналар тақдири қандай кечгани номаълум. Собиқ Бухоро Совет Республикасига оид вақф мулкларининг моддий ҳолати ҳақидаги маълумотлар Бош вақф бошқармасига ишончсиз ва тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилган. Бош вақф бошқармаси раиси вазифасини бажарувчи Насиров ва ўлка инструктори Хусайнов томонидан тасдиқланган ҳужжатлар билан келтирилган маълумотлар ўрганилганда, Бухоро Республикасининг Ўзбекистон билан бирлашишидан олдин вақф мулклари умуман ҳисобга олинмаганлиги аниқланган. Бош вақф бошқармаси мавжуд бўлган ҳужжатлар асосида собиқ Бухоро Республикасидаги вақфлар ҳақида баъзи маълумотлар келтирган. Бухоро Республикасида маданий-маърифий вақфлар қаторига савдо дўкони (960 дона), карвонсарой (111 дона), маҳаллий ҳаммом (8 дона), сув тегирмони (9 дона), бозор майдони (11 дона), турар жой (48 дона) ва ер майдони (327,037 таноб) кирган [6]. Шунингдек, Бухоро Совет Республикаси Бош вақф бошқармасининг 1924-йил фаолияти даври ҳисоботида собиқ Бухоро ҳудудида 2 та кутубхона вақф мулк тури сифатида рўйхатга олинган [5]. Бош вақф бошқармасининг қатъий тартиб асосида олиб борилган фаолиятини назарга олсак, Бухоро Республикасининг амирлик даври вақфномаларида номи келтирилган кутубхоналари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.
1923-йил 1-январдан 1924-йил 1-январгача бўлган даврни қамраб олган Эски шаҳар Вақф бўлимининг молиявий ҳисоботига илова тарзида тақдим этилган маълумотлар ҳам маданий-маърифий муассасалар фаолиятини ўрганишда муҳим манбавий аҳамиятга эга. Мазкур ҳисобот Бош вақф бошқармасига бухгалтер-инспектор Мамин томонидан тақдим этилган. Ҳужжат Эски шаҳар ҳудудида жойлашган “Турон” марказий кутубхонаси фаолиятининг айрим жиҳатларини ёритишга аҳамиятлидир. Ҳисоботга кўра, Эски шаҳарда фаолият юритган “Турон” марказий кутубхонаси фондида жами 15872 нусха китоб мавжуд бўлган [4. 17]. Китоблар тил жиҳатидан икки асосий гуруҳга ажратилган бўлиб, уларнинг 8657 таси маҳаллий-туркий тилда, 5215 таси эса рус тилида ёзилган. Ушбу нисбат кутубхона фондининг муҳим қисми маҳаллий аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилганини кўрсатади ҳамда совет даврининг дастлабки йилларида миллий тилдаги адабиётларни сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятлари маълум даражада сақланиб қолганидан далолат беради. Шунингдек, рус тилидаги адабиётлар улушининг сезиларли даражада кўпайтириб борилиши совет маърифат сиёсатининг марказлашган ва рус тилига таянган йўналишини акс эттиради. Кутубхона ходимлари таркиби ҳам ҳужжатда қайд этилиб, муассасада 4 нафар илмий ва 1 нафар техник ходим фаолият юритган. Бу “Турон” марказий кутубхонасининг китоб тарқатиш билан бирга, муайян даражада илмий-маърифий вазифаларни бажарган муассаса бўлганидан ҳам далолат беради. Бироқ мазкур ҳужжат-ҳисоботда ходимларнинг малакаси, вазифалари ва иш ҳажми ҳақида батафсил маълумот берилмаганлиги кутубхона фаолиятини чуқурроқ баҳолаш имкониятини чеклайди. Ҳужжат маълумотлари нисбатан ишончли бўлса-да, улар муассасанинг маданий-маърифий таъсири, китобхонлар таркиби ва кутубхона хизматларининг самарадорлиги ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди.
Хулоса қилиб айтганда, ХХ аср бошларида Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида матбуот, нашриёт, кутубхона ва музейларнинг ташкил этилиши маданий-маърифий тараққиётнинг муҳим босқичи бўлган. Маориф тизимида кутубхоналар инсон учун билим ва маърифат манбаи бўлган муҳим ахборот марказидир. У авлодларимиз томонидан йиллар давомида тўпланган маънавий меросни бугунги жамиятга етказиб, келажак сари йўл очувчи, боғловчи восита вазифасини бажаради. Китоб орқали эгалланган билимлар инсонларнинг илмий ва касбий фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилиб, асрлар давомида шаклланган тажриба ва илғор ғоялар асосида замонавий технологияларни самарали қўллаш имкониятини яратади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. ЎзМА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-699, 1920-1921-йил. 43-варақ.
2. ЎзМА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-518, 1920-1921-йил. 53-варақ.
3. ЎзМА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-1859 1923-йил, 136-варақ.
4. ЎзМА. Фонд Р-34. рўйхат-1, иш-2318.
5. ЎзМА. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2727. 50 варақ.
6. ЎзМА. Фонд Р-94. рўйхат -1 иш-332. 140 варақ.
7. Абдусаттор Жуманазар “Бухоро таълим тизими тарихи”. –Т.: “Akademnashr” 2017. 592 б.
8.https://cyberleninka.ru/article/n/zamonaviy-kutubxonalar-va-ularning-faoliyati/viewer
9.https://yuz.uz/uz/news/kutubxonalar-taraqqiyoti-kecha-va-bugun
10.https://einfolib.uz/post/jadidlarning-kutubxonachilikdagi-orni-va-marifiy-merosi
11.https://www.gazeta.uz/ru/2025/11/12/library/
12.https://legacy.uz/starejshaya-v-uzbekistane-biblioteka-v-samarkande-vnov-otkryla-dveri-posle-kapitalnoj-rekonstrukcii/
