Международный центр Имама Бухари был создан с целью научного изучения богатого наследия основоположника науки о хадисах - Имамa Бухари, внесшего большой  вклад в пропаганду и развитие исламской культуры, на основе сохранения и почитания исконных национальных ценностей, обогащения духовного мира и нравственности молодого поколения, усиления чувства любви и преданности Родине. Автор статьи информирует о фонде рукописей, литографий и современных изданиях Международного центра Имама Бухари.

Юз йиллар давомида маънавий бойлигимизни ўзида мужассам этган қўлёзма асарларни топиш, тадқиқ қилиш ва нашр этиш ҳозирги кунда долзарб масалалардандир. Унинг муҳим жиҳатларидан бири асрлар давомида мутафаккирларимизнинг ноёб ёзма мерослари ушбу қўлёзмаларда сақланиб қолган. Бундай улкан мерос янги авлодлар учун катта илм манбаи ва келажакдаги тадқиқотлар учун муҳим манба сифатида хизмат қилади. Шундай экан, бизгача етиб келган бундай бой маънавий меросни тадқиқ этиш ва кенг илмий жамоатчиликка етказиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоғи керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилдаги қарорига асосан Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилди. Марказда ислом дини, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий, ат-Термизий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

 Дарҳақиқат, республикамиз қўлёзма фондларида юз минглаб қўлёзмалар сақланмоқда, шундай масканлардан бири Имом Бухорий халқаро марказидир.

Марказда илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида маънавий меросимиз дурдоналари бўлган қўлёзма ва тошбосма асарлар фонди ташкил этилган. Ҳозирда Марказнинг манбалар хазинасидаги китобларнинг умумий сони 700 дан зиёд.  Шундан 200 нусхаси қўлёзма китоб бўлиб, уларда 382 та асар жамланган. Уларнинг 50 нусхаси Қуръони карим ва тажвид йўналишидаги ноёб қўлёзмалар ҳисобланади. Тафсирга оид 9 та, ҳадисга оид 8 та, калом илмига оид 40 та, фиқҳга оид 92 та, тасаввуфга оид қўлёзмалар 13 та, мантиқ илмига оид 11 та, араб грамматикасига оид 72 та, назмий асарлар 38 та, ижтимоий, ахлоқий ва тарихга оид 26 дона қўлёзма асарлар мавжуд. Манбалар хазинасида 385 нусха тошбосма асарлар ҳамда 125 нусха даврий нашрлар сақланади.

Ҳозирда Марказнинг манбалар хазинаси доимий янги асарлар билан бойитиб борилмоқда. Бу ишлар аҳолидан харид қилинган ноёб асарлар ва республикамиз фуқаролари томонидан ҳадя тариқасида тақдим этилган китоблар ҳисобига амалга оширилмоқда. Хазинада тўпланган асарлар асосан уч йўналишга эга. Қўлёзма, тошбосма асарлар ва замонавий нашрий китоблар. Манбалар хазинасига тўпланган қўлёзмалар мавзулари жиҳатидан исломий илмларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган. Мавжуд китоблар, асосан, ХIV – XX асрнинг бошларида кўчирилган ва нашр қилинган.

Даврий нуқтаи назардан Манбалар хазинасида сақланаётган энг кўҳна қўлёзма нусха (инв. № 31) Мовароуннаҳр тафсир мактаби намояндаси Абул Баракот ан-Насафий (1232 – 1310) нинг «Мадорик уттанзил» асари бўлиб, унинг қўлёзма шаклдаги иккинчи жузи мавжуд. Мазкур қўлёзмада «Марям» сурасидан бошлаб то «Вассоффат» сураларигача баён қилинган.

Манбалар хазинасида № 7 рақами билан сақланаётган Бурҳониддин ал-Марғиноний (1123 – 1197) қаламига мансуб «ал-Ҳидоя» (1178) асарининг қўлёзма нусхаси ҳанафий фиқҳига оид энг мўътабар асар бўлиб, асрлар мобайнида бутун ислом оламида мадрасаларда ҳанафий фиқҳи ўқитиш бўйича қўлланма сифатида ўқитилган. Нусха Аҳмад Хўжа Баҳодир Хўжа Эшон хаттот томонидан 1827 йилда кўчирилган.

Маҳмуд Замахшарий (1075 – 1144) нинг «Фасл фил ҳуруф» асарининг бир нусхаси №62/II рақами остида сақланади. Асар араб тили грамматикасига оид бўлиб, араб тилида ёзилган. Асрлар давомида мадрасаларда араб тилшунослиги бўйича асосий дарсликлардан бири ҳисобланган. 7 варақдан иборат бўлган бу асар тахминан XIX асрда кўчирилган.

Абу Исо Термизий (824 – 892 й.) қаламига мансуб «Аш-Шамоил ан-Набавийя» асарининг нусхаси № 71/VIII рақами остида сақланади. Бош ва охирги қисми йўқолган бу асарда Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг ҳаёти, сифатлари, юриштуришлари, умуман, у зотга тааллуқли ҳадислар тўпланган.  

Шунингдек, тасаввуфий олим, шоир Фаридиддин Аттор (1145 – 1221)нинг форс тилида ёзилган «Мантиқ ут-тайр» асари ҳисобланади ва бу асар № 96/II рақам остида сақланмоқда. Мазкур асарда Фаридиддин Аттор томонидан семурғ қуш бошчилигида ўттиз қушнинг сайру саёҳати тасаввуфий ишоралар билан тасвирланган. Мазкур асардан таъсирланиб Алишер Навоий бобомиз ўзининг «Лисон ут-тайр» асарини яратган.

«Маноқиби Махдуми Аъзам» агиографик жанрда номаълум муаллиф томонидан битилган асар № 72/II рақами остида сақланади. 13 варақдан иборат бу асарда Махдуми Аъзам аждод ва авлодлари силсиласи, шажараси, тасаввуфдаги ўрни, айрим кароматлари тасвирланган.

Махдуми Аъзамнинг насиҳат ва муқаддас ўгитлари ҳам қўшилган. Нусха 1304/1886 йил кўчирилган бўлиб, хаттоти номаълум.

Манбалар хазинасида 400 нусхага яқин ХVIII – ХIХ асрларга оид нодир тошбосма асарлар сақланади. Шундан, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий (810 – 870)нинг ХIХ аср охирларида чоп қилинган «Саҳиҳи Бухорий» ва мазкур асарларнинг энг мўътабар ва машҳур шарҳларидан ҳисобланган Бадруддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний 10 жилдли «Умдат ал-Қорий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий» китоблари ҳисобланади.

Манбалар хазинасида 12 жилдли «Фатҳ ал-Борий фий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий» асари ҳам мавжуд. Бу шарҳ Шиҳоб аддин Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқалоний қаламига мансуб бўлиб, Имом Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» ҳадис тўпламининг энг мўътабар  шарҳи ҳисобланади.

Бундан ташқари, замонавий нашрлар ичида Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» ва «Ал-Адаб ал-Муфрад», Муҳаммад Маҳдийнинг «Ал-Фатово ал-Маҳдия», Имом Ғаззолийнинг беш жилдлик «Иҳя ал-улум аддин» асари, Имом Муслимнинг «Саҳиҳ ал-Муслим» асари ва бошқа кўплаб даврий нашрлар мавжуд.

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, Имом Бухорий халқаро марказининг устувор йўналишларидан бири бу мазкур қўлёзмалар хазинасида сақланаётган манбаларни, биринчи навбатда, каталоглаштириш ҳамда улар устида илмий тадқиқотлар олиб боришдир.