Автор статьи пишет, что при развитии информационных технологий перед работниками культурных учреждений ставится несколько ответственных задач. При выполнении этих задач библиотеки, музеи и архивы вместе, совместными усилиями, должны будут найти решения всех проблем. В далеком 1963 году американские учёные разработали проект оцифровки музейных экспонатов. И эти методики в дальнейшем дали возможность создать уникальную информационную систему в музейных фондах. В настоящее время эти процессы нашли свое отражение в создании уникальной внутренней информационной системы музеев и системы расчета и контроля музейных коллекций. Только в Европе около 3500 музеев и архивов, где собраны более 50 миллионов оцифрованных информационных коллекций.
Ҳозирги давр музейшунослиги соҳасида улкан ўзгаришлар даври бўлиб, янги йўналишлар ва янгича қарашлар бу соҳани замон билан ҳамнафас равишда ривожланишига асос бўлмоқда. Шунингдек, бу давр жамият онгини умумжаҳон маданий меросига нисбатан бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириб юборди. Бу ўринда дунёнинг барча мамлакатларидаги воқеа ва ҳодисалар, жаҳон бўйлаб машҳур бўлган дам олиш масканлари, табиат мўъжизалари ва маданий мерос объектлари ҳақида тезкор маълумот берувчи ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Бу ҳолат туристларни кўплаб мамлакатларнинг маданияти ва турмуш тарзини ўрганишга бўлган қизиқишини орттириб бормоқда. Шу сабабли ҳам бугунги кунда жаҳон туризми иқтисодиётнинг етакчи тармоғи сифатида ҳамда инсонларнинг маънавий-маданий савиясини юксалтиришда жамиятнинг муҳим бўғинига айланди.
Ахборот технологияларини тезлик билан ривожланиши маданий-маърифий муассасаларни зиммасига янада кўпроқ, долзарб вазифаларни юкламоқда. Бу ўринда техника билан унчалик ҳам боғлиқ бўлмаган соҳалар, жумладан, музейлар, кутубхоналар, архивлар, адабиёт ва санъат соҳалари каби йўналишлар ҳам ўз фаолиятини замонавий технологиялар билан уйғунлаштирмоқда.
1963 йилда биринчи бўлиб америкалик мутахассислар Миллий музейда компьютер ёрдамида музей коллекцияларини ахборотлаштиришга ҳаракат қилган. Кейинги 30-40 йил давомида замонавий технологиялар музей фаолиятини тубдан ўзгаришига сабаб бўлди ва музей ходимлари фаолиятининг ажралмас қисмига айланди. Техника воситалари музей фондларидаги иш жараёнини бир тизимга солиш ва ягона ахборот тизимини яратишга катта таъсир кўрсатди. Бутун дунё музейлари замонавий техника ёрдамида йиллар давомида қийинчиликлар билан амалга ошириб келаётган иш жараёнларини тез ва сифатли бажаришга муваффақ бўлди. Бу жараёнлар музейнинг ягона ички ахборот тизимини яратиш, улар асосида музей коллекцияларини ҳисоб-китоб ва назорат қилиш тизимини яратишда ўз аксини топди. Дастлабки ушбу тизим фақатгина экспонатлар рўйхати билан чегараланган бўлса, техника асрида уларни рақамлаштириш, музей сайтларига чиқариш, ҳатто бутун дунё ҳамжамиятини музей коллекциялари билан интернет орқали хабардор қилиш имкониятлари очилди.
Ахборот ташиш воситалари ва интернет тармоғининг юксалиши музейлар ҳаётидаги катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Замонавий технологияларни пайдо бўлиши нафақат бир музейнинг ички фаолияти, балки бутун дунёда фаолият кўрсатаётган музейларнинг ўзаро алоқасини шакллантириш, глобал тарзда музейлар йўналишини такомиллаштириш, муаммоларини ечиш ва ривожлантиришда катта аҳамият касб этди.
Ушбу ўзгаришлар ХХ асрнинг охири ва ХХI асрнинг бошида музейлар фаолиятида замонавий янги йўналишлар, шу билан бир қаторда, янги технологияларни қўллаган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини кенг миқёсда олиб боришига имкон туғдирди.

Маълумки, театр, кутубхона, маданий-маърифий муассасалар, инсонга маънавий озуқа берувчи, уларни дунёқарашини шакллантириш ва маънавий баркамолликка етакловчи маърифий муассаса ҳисобланади. Ҳозирги кундаги замонавий инсон ўзи учун керакли ва фойдали бўлган ахборотлар билан бир қаторда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган маълумотларни ҳам ўзига сингдириб келмоқда. Шу сабабли ҳам бугунги маданий-маърифий муассасалар олдида жамият фуқароларини маънавий бўшлиқ ва ғаразли оқимлардан асраб-авайлашдаги масъулияти янада ортиб бормоқда.
Ўзбекистондаги музейлар, архивлар ва кутубхоналарда сақланаётган осори-атиқалар, моддий ва маънавий ёдгорликлар маданий меросни сақлаш ва тарғиб этишда бир хил масъулият билан фаолият кўрсатишда муҳим роль ўйнайди. Бу муассасалар доимий равишда ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини турли кўринишлардаги ахборотлар тизимида тўплаб боради. Албатта, бу улкан ахборот оқимини инсоният томонидан бирданига ҳам жисмонан, ҳам маънан қабул этиш ёки идрок этиш мумкин эмас. Балки шу сабабли ҳам маданий мерос ҳақидаги маълумотларни бир-бири билан уйғунлашган ҳолда умумлаштириш ва уни ўзлаштириш учун замонавий йўналишларга асос солиш истаги туғилгандир. Бу муассасалар орасидаги чегараларни янги лойиҳалар асосида аста-секинлик билан йўқолиб бориши келажакда нафақат биргина давлат миқёсида, балки умумжаҳон маданий мерос ахборот маркази сифатида маълумотлар базасини шаклланишига имкон яратади.
Биз кутубхоналар ҳақида сўз юритар эканмиз, улардан асосий ахборот негизи сифатида кўп фойдаланувчи китобхонлар кўз олдимизга келади. Архивларда эса асрлар давомида тўпланиб келаётган, бир неча нусхада сақланаётган ҳужжатларни тасаввур қиламиз. Музейлар эса нафақат осори-атиқалар, балки китоблар ва ҳужжатлардан иборат фондлардан ташкил топган. Бир томондан қараганда, бу муассасалар бир-биридан мустақил равишда йиллар давомида алоҳида фаолият юритиб келган бўлса, бугунги кунда улар орасидаги интеграция замон талабига айланди.
Бугунги музейлар фаолиятида яна янги йўналишлар пайдо бўлди. Музейлар номи бошқа бўлсада, асл мазмун-моҳияти бир бўлган маданий мерос объектлари ҳисобланмиш кутубхоналар ва архивлар фаолияти билан чамбарчас боғланди. Кечагина алоҳида ўз ҳудудидан ташқарига чиқмаган музейлар, архивлар ва кутубхоналар бугун ўзаро ҳамкор сифатида янги лойиҳалар ташаббускори бўлиб чиқдилар.
Ҳозирда жаҳон бўйлаб музей, кутубхона ва архив ҳамкорлигида машҳур лойиҳалар асосида иш олиб борилмоқда. Маданий муассасаларда сақланаётган қўлёзма ва китоблар ҳақидаги маълумотларни тадқиқотчиларга маълум қилиш ва ундан фан ривожи учун фойдаланишгина уларнинг асл қийматини белгилайди.
Шу сабабли ҳам, бу соҳада бошланган ишларнинг ўзига хос катта аҳамияти бор. Мисол тариқасида 2000 йилда қабул қилинган Россия Федерациясида «Россия Федерацияси кутубхона фондларининг миллий дастури»ни келтириш мумкин. Ушбу дастурга кенг миқёсда тадқиқотчилар ва олимлар учун китоб хотираси ҳақидаги ахборотни шакллантириш вазифаси қўйилди.2
Бу дастур доирасида Россия Федерацияси бўйича ягона китоб ёдгорликларининг рўйхатини шакллантириш ишлари бошланди. Н.А. Добролюбов номидаги Архангельск вилояти илмий кутубхонаси ҳам бу дастур асосида 2004 йилдан вилоятдаги мавжуд китоб ёдгорликларини тўплашга киришди.
Бу ишни бошлашдан аввал Архангельск вилоятидаги барча кутубхона ва музейларда сўровномалар ўтказилди. Биринчи натижа бўйича вилоят кесимидаги архив, кутубхона ва музейларда умумий ҳисобда 500 дан ортиқ қўлёзмалар сақланаётгани аниқланди.
Охирги вақтларда ЮНЕСКО, Кутубхоначилик Ассоциацияси ва муассасалари федерацияси (ИФЛА) раҳбарлигида жаҳон маданий меросини сақлаш бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширди.
1999 йилда Парижда ЮНЕСКО дастури асосида «Жаҳон хотираси» лойиҳаси бўйича иш бошланди. Россиянинг «Миллат хотираси» дастури ҳам унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу мавзу янги «Авлодлар хотираси» дастурига асос солди. Ушбу дастурнинг асосий вазифаси ноёб ва бебаҳо нашрларни топиш ва муомалага чиқариш, оилавий ва шахсий кутубхоналар фондларини ўрганиш, кутубхоналарни маданий-меъморий мерос сифатидаги ўрни, ҳужжатларнинг ҳолати бўйича махсус тадқиқотларни олиб бориш, уларни электрон вариантини яратиш ва таъмирлашдан иборатдир.3
Жаҳон бўйича кенг кўламли интеграция лойиҳалари шу кунга қадар бир қанча халқаро лойиҳаларни амалга оширди. Улар орасида 2006 йилда World Digital Library лойиҳаси бўлиб, у Конгресс кутубхонаси ташаббуси билан бошланган. 2007 йил 17 октябрда ЮНЕСКО билан меморандум имзоланган. Шу йили бу лойиҳага Россия Миллий кутубхонаси ҳам қўшилди. Бу лойиҳада 193 та мамлакат қатнашмоқда. Лойиҳа асосида кутубхона, музей ва архивларидаги 190 мингдан ортиқ артефактларнинг таснифи, кўриниши жамланган.4
Яна шундай лойиҳалардан бири 2011 йилда бошланган Google Art Project бўлиб, Google платформаси томонидан махсус ишлаб чиқилган. Бу лойиҳа жаҳондаги машҳур музейларнинг фондларини намойиш қилишга мўлжалланган бўлиб, Google Art Project менюси мавзулар бўйича шакллантирилган. Унда санъатшуносликнинг асосий йўналишлари: коллекциялар, рассомлар, техниклар, тарихий шахслар ва воқеалар акс этган. Лойиҳа доирасида эса лаборатория музей предметлари ва тарихий объектларни янги технологияларни жорий қилиш усулларига ҳам эътибор берилган. Улар орасида маданий ёдгорликларнинг уч ўлчамли панорамалари, 45000 дан ортиқ тасвирий санъат асарларининг макросъёмкалари ва панорама шаклидаги янги технологияларга оид 117 та видеолар ҳам жамҳланган.5
Google Art Project лойиҳаси яна бир неча лойиҳаларга асос бўлиб хизмат қилди. Улардан бири Historic Moments – «Тарих зарварақлари» лойиҳаси бўлиб, унинг шахсий сайти ва 1494 та виртуал мавзули электрон кўргазмаси, 421 та мавзули коллекциялари, 4 925 894 та музей ва архив ҳужжатларининг электрон нусхалари мавжуд.
Европа кутубхонаси TEL (The European Library) томонидан 2004 йилдан Европа миллий кутубхоналари каталогини жамлаш бошланган. Қисқа вақт ичида кутубхона 11 млн китоб ҳақида ахборот тўплади. Европа комиссиясининг таклифига биноан TEL Europeana (Европеана)нинг методологик асоси, маданий мероснинг провайдери ва асосий платформаси сифатида қолди. 2016 йилда TEL лойиҳаси ёпилди ва унинг барча маълумотлари ҳам Европеана таркибига киритилди.6
- Europeana (Европеана) портали – Европа маданияти энциклопедияси бўлиб, у Европа бўйича миллионлаб китоблар, картиналар, фильмлар, музей осориатиқалари, архив ҳужжатларини электрон базасини шакллантирган. Бу лойиҳа Европанинг маданий ва илмий муассасаларидан тўпланган салоҳиятли ахборот манбаи ҳисобланади.
Айни вақтда Европанинг 3500 дан ортиқ архивлари, музейлари ва кутубхоналаридаги 50 млн.дан ортиқ тарихий-маданий мероснинг электрон нусхаларини жамлаган. Бу материаллар асосан мавзулар бўйича, хусусан «1914–1918», «Санъат», «Мода», «Картография» материаллари, «Мусиқа», «Миграция», «Миллий», «Тарих», «Фотография» ва «Спорт» каби гуруҳларга ажратилган. Шу билан бирга, бу портал нафақат маданий меросни тафсивлаш, электрон нусхаларни тақдим этиш, балки кутубхоналар, архив ва музейларда сақланаётган осори-атиқалар асосида мавзулар бўйича электрон маълумотлар базасини (тасвирий санъат асарлари, архив ҳужжатлари, ноёб нашрлар, нота ёзувлари, аудиоёзувлар) мужассамлаштирган.
Смитсон институти (АҚШ) энг катта электрон ресурс эгаси бўлиб, жамланган маълумотлар «Санъат ва дизайн», «Фан ва технология», «Тарих ва маданият» каби 3 та катта мавзуга бўлинган. Лойиҳа ҳамкорлари бўлмиш музейлар, кутубхоналар ва архивлардаги маданий меросидан 13,5 млн электрон нусхалар жамланган.
Жаҳон миқёсидаги лойиҳаларни таҳлил этар эканмиз, уларни турли мавзулар ёки алифбо тартибида шаклланганини кузатдик. Албатта, лойиҳа дастурларини фойдаланувчилар учун қулай, тадқиқотчилар учун эса тўлиқ ва сифатли маълумотларни олиш имкониятлари яратиш зарур. Бу электрон манбаларнинг фойдаланувчилари турли тоифадан (талаба, илмий тадқиқотчи, кенг омма) иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирини қизиқиш доираси эътиборга олиниши зарур. Шундагина бу лойиҳалар натижаси жамият учун ҳам маънавий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлади.
Бундай лойиҳалардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин ҳозирда Ўзбекистон миқёсида кутубхона, музей ва архив ҳамкорлигидаги лойиҳалар деярли йўқ. Уларнинг барчасида алоҳида дастурлар асосида электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Жаҳон тажрибаси асосида Ўзбекистонда дастлаб тарихий-меъморий обидалар, музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган манбаларни умумлаштириш ва ягона электрон нусхаларини жамлаш ишлари табиийки биринчи ўринда туризм салоҳиятини ошириш, илм-фан соҳасини ривожлантириш ҳамда жаҳон маданий мероси дастурига кириш имконини яратади.
