– Ассалому алайкум, Баҳром ака! Биламизки, сиз, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида жуда кўп вақтингизни ўтказасиз. Тарих ва китоблар ҳаётингизнинг катта бўлагига айланган. Биринчи савол шу ҳақда, сиз учун китоблар сақланадиган хазина – кутубхоналарнинг ўрни қандай?
– Болалигимда уйимизда отам раҳматлининг кичкина кутубхонаси бор эди. Менга ҳар доим ўша «бурчак» қизиқ бўлган. Айниқса, Фаридуддин Аттор, Бердақ, Умар Хайёмнинг кичкина, чўнтакка сиғадиган шаклдаги китоблари бўларди. 70–80 йилларда юмшоқ муқовадаги бу китоблар жуда кўп нусхада чиққан бўлса керакки ёки қиммат бўлмаганки, Самарқандан юз километр. узоқликдаги тоғли ҳудудга ҳам етиб келган. Одамлар ютоқиб ўқиган. Биз уларни ўқиб, иложи бўлса ёдлаб олишга ва шу билан кимнидир қо-йил қолдиришга ҳаракат қилардик. Бу ишга бизни отам бошланғич синф ўқитувчиси бўлгани учун ортиғи билан рағбатлантирган бўлса керак. Ҳар қалай, мен шу китоблар билан кўп вақтимни ўтказардим. Ўзимни кўрсатадиган ягона томоним ҳам шу эди. Масалан, жисмоний ишлар ёки мол боқадиган бўлсам, нимадир ишкал чиқарди доим, йўқолиб қолармиди-ей, хуллас, мақтов эшитмасам ҳам, кўп кўнгилсизликлар бўлган. Китоблар билан эса шуларни ёпиб юрган бўлсам керак.
– Қишлоқда қандай кутубхона бўлган? Мактаб кутубхонасини, кутубхоначини қандай эслайсиз?
– Бизда, қишлоғимизда раҳматли Муҳаббат опа деган кутубхоначи бўларди. Кутубхонага фақат китоб учун эмас, ўша киши билан озгина бўлса ҳам суҳбатлашиш учун борган бўлишимиз мумкин. Муҳаббат опа ўзи ўқиётган китоб ҳақида гапириб беришни яхши кўрадиган фаришта юзли аёл эди. Биринчи ўқиган китобим, адашмасам, 4-синфда Тўлепберган Қайипбергеновнинг «Маманбий афсонаси» романи эди. Ўшанда уйдагилар буни менга ўқишни таъқиқлашган. Романда, айниқса, Маманбийнинг далаларда қозоқ қизи билан танишишини ҳаяжон билан ўқиганман. Китобни яшириб ўқирдим. Кутубхонадан шу жанрдаги китобларни олиб ўқирдим. Тўғри, кутубхонада кўп китоб бўлмасди, аксарияти қанақадир сиёсий ёки партия китоблари бўлган. Лекин аниқ биламанки, бор китобларнинг барчасини ўқиб чиққандим. Биология ҳақидами ёки қандайдир таржималар бўладими, ҳаммасини ўқиганман. Кутубхона қоронғигина, пастқам, бир хастахонанинг олдида, ўтган-кетганнинг кўзи тушмайдиган ерда жойлашган бино эди, лекин анчагина ичида китоблар бор эди. Кейинчалик йўқ бўлиб кетди, адашмасам. Лекин ўша нарса ёдимда қолган. Мактаб кутубхонасида бўлмаган китоблар у ерда бўларди. Менимча, Муҳаббат опанинг ўзи адабиётга жуда қизиққани ва яхши кўргани учун китобларни талашиб-тортишиб олиб келган ёки ўзининг уй кутубхонасидандир, балки. Лекин энг яхши китобларни ҳали шу мактаб пайтида қишлоқ кутубхонасидан олиб ўқиганман, деб ўйлайман.
– Ўша даврда қишлоқдаги одамларнинг китоб ўқиш ва бунга муносабати қандай эди? Қишлоқ аҳлининг китоб ўқишга вақти бўлармиди ўзи?
– Бор эди. Бизнинг туманимиз деҳқончилик билан эмас, кўпроқ чорвачилик билан шуғулланадиган осмонга қараган эл эди. Отам ўқитувчи бўлгани учун уйга ҳам ўқитувчилар кўп келарди. Асосан, баҳс-мунозаралар айнан китоблар ҳақида бўларди. Айниқса, онам бирон адибнинг, масалан, Абдулла Ориповнинг янги китоби нашр этилган бўлса, тонг саҳарда Тошкентга автобус бўларди, эрталабдан автовокзалга бориб, у ердаги талаба ёки кимгадир пул бериб, ўша китобдан олиб келишни айтарди. Мен ҳам совуқда дийдираб бир неча марта онам билан қўшилиб борганим учун яхши эслайман. Ўша китобни топиб олиб келганми-йўқми билмайман, лекин аниқ биламанки, Тошкентда бир китоб чиққанлиги ҳақида қишлоқда қизғин гап бўларди. Кимдир биринчи бўлиб олишга ҳаракат қиларди. Шундан биламанки, адабиётга, китобга қизиқиш бор эди, баланд эди. Ҳозир ҳам бордир, балки, ёшлар орасида кўпроқ сезилар.
–Самарқанд давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирдингиз. Университет кутубхонаси қандай хотиралар билан ёдингда қолди?
– Ҳа, бизда фундаментал кутубхона эди. Бу ер собиқ Ўрта Осиё университети эди, пойтахт ҳам бўлган. Жудаям катта кутубхонага эга эди. Ҳозир ҳам республикамизнинг энг бой кутубхоналаридан бири. Энг кўп вақтим Пушкин номидаги Самарқанд вилоят кутубхонасида ўтган. Дам олиш кунлари мени излаганлар кутубхонадан топишарди. Танаффусларда тушлик қилишга имкониятим бўлмагани учун ҳам 20 дақиқамни ку-
тубхонада нимадир ўқишга сарфлаганман. Буни курсдошларим ҳам тасдиқлаши мум-кин.
– Сизнингча, тарихчи халқимизга, жамиятга нима бериши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Бу жудаям қизиқ савол. Тарихчи жамиятга нима бериши мумкин? Тарихчи жамиятга ҳақиқатни айтиши керак. Масалан, ҳар қандай бадиий асарда ҳам, санъат асарида ҳам қандайдир бир ҳиссиёт ва қандайдир бир тарих куйланади. Унинг тарихи бор, аслида. Оддий санъат асарлари билан шуғулланадиганлар ҳам бу «готика» даври дейди, бу роман даври дейди, бу шарқ, бу ғарб дейди. Демак, замон бор. Замонлардаги асосий хусусиятлар бадииятга кўчган пайтда қанча тўқима бўлмасин, тарихий ҳақиқат муҳимроқ. Шу нуқтаи назардан тарихчининг вазифаси, менинг назаримда, ўша ҳақиқатни аниқлаш учун хизмат қилиши керак.
– Тарихчи ҳақиқатни аниқлайди ва буни халққа, албатта, етказиб бериши ҳам керак, тўғри айтасиз. Баҳром ака, биринчи марта архив биносига кирганингизни эслай оласизми? Ўша пайтдаги таассуротларингизни айтиб берсангиз.
– Мен тарих факультети талабаси бўлганим учун анча йиллар аввал, талабалигимда Самарқандаги архивга кирганман. Миллий архивнинг бойлиги ҳақида тасаввурим бор эди. Айниқса, Бухоро амирлиги, Хива хонлигига тегишли ҳужжатларни кўрганда ҳайратга тушганман. Кейингиси махфий архивлар, 30-йиллардаги қатағон жиноий ишларини кўрганда ундаги фарқлар, яъни русча тергов ҳужжатлари ва арабий ҳужжатлардаги тафовутларни кўриб ҳайрон қолганман. Менимча, ана ўшанда ҳақиқатнинг ҳидини олганман. Ўша даврда одамлар бир-бирини сотишга мойил. Шунчаки озгина ҳасад билан ҳам бир-бирини йўқ қилишга интилган. Одамнинг табиатида бундай иллат бор. Лекин бу жиноят ишларига оид архивдаги ҳужжатларни кўрганда даҳшатли ҳақиқат кўринган. Яъни баъзида шундай бўладики, бутунлай бир ҳақиқат ёпилиб, бошқача талқин билан, кўп ҳолатларда эса биз унга баҳо бераётган пайтда иккинчи бир қисм баланд эканлигини, бутун ўша ҳақиқатни олиб чиқиш учун, масалан, менга 1 соат имкон берилса, 2 соат, керак бўлса, вақтни қизғаниб шу ичига кирганман. Шунда билганманки, архив-тарихимизнинг бир хазинаси. Қайси даврга тегишли бўлишидан қатъи назар, иккинчи, учинчи қўлдан кўра биринчи ёзган одамнинг бир-бирига ёзган оддий икки оғиз сўзи ҳам бутунлай бошқа нарсани гапиради.
– Шоир шеър ўқиётганда ёки ёзаётганда, рассом расм чизаётганда, раққоса рақс тушаётганда ўз ҳаётининг маъносини анг-
лайди. Тарихчи, масалан, Баҳром Ирзаев қайси пайтда ҳаётининг мазмунини англайди? Архив билан ишлаётгандами, китоб ўқиётгандами ёки манба излаётгандами?
– Менимча, қидириб топган пайтда. Зотан, «шундай бўлсайди» деб истаб юрасиз, шуни далиллайдиган битта белгини ҳис қилган пайтда бутун ҳаммаси ёддан чиқиб кетади. Масалан, шу учун юзлаб километрга борасиз, ҳеч қачон бормаган, кўрмаган одамларингиз, йўлнинг қийинчиликлари бўлади, чарчайсиз, ёқадиган-ёқмайдиган ҳолатлар бўлади, иссиқ-совуқ бўлади. Лекин битта хабарни олсангиз, мана шу ерда ҳақиқатан ҳам энди сиз мен тарихчиман дейишга лойиқсиз. Масалан, ўзим бирор ерга, Фарғонага Германияда ўқиган талабани ёки Хоразмда худди шундай, мозорни аниқлаётганда ёки Қашқадарёда шундай. Ёки архивда бошқа нарсани излаб туриб бошқа бир катта нарса чиқиб қоладики, ўша пайтларда одам бошқача нарса туяди, мен бахтли тарихчиман дейиш мумкин. Дипломингизни олганингиздан кейин сен тарихчисан дейишади. «Бахтли тарихчиман, кўпчиликка насиб қилмаган нарса менга насиб қилди» дейиш шундай пайтда содир бўлади.
– Баҳром ака, халқимиз тарихни нечоғлик билади, унга қизиқиши қандай деб ўйлайсиз? Бу нарса сизнинг дилингизни оғритадими ёки йўқми?
– Йўқ. Бахтимиз шундаки, халқимиз тарихга минг йиллардан бери қизиққан халқ, тарихни яратган халқ. Бошқа халқларни билмайман, лекин мен ўзим тўйдами, азадами, яхши кунда, ёмон кунда, баланд кунда, паст кунда албатта тарихдаги бирор воқеа эсланади. Катталар, кичиклар томонидан ҳам мана шундай бўлади. Менимча, бу минг йиллар олдинги қурултойларнинг, қанақадир тошларга ёзилган қонунлар, халқимиздаги достонларимиз ва бошқа нарсаларимиздан маълумки, биз сиёсий онги баланд халқ бўлганмиз. Савдо, манфаатлар ёки қурилишлар эмас, бизда, ўйлайманки, биз шунақа ҳиссиётлироқ халқ бўлсак керак. Бу хусусият фақат бизга эмас, туркий халқларнинг аксариятига тегишли. Ҳатто фарзандига исм қўяётганда ҳам бир тарихий илдизни излайди. Шунинг учун «Ҳозирги кунда ёшларимиз нега тарихга қизиқмаяпти? Ёки бўлмаса, тарихдан кўра реалроқ қайси нарсалар буларни тортяпти?» деган савол берилса, аслида, улар ҳам қизиқади. Шундай одамларни биламан, фақат уни қизиқтирадиган, ҳақиқатан ҳам тарихлигини исботлайдиган тарих йўқлиги учун қизиқиш пасайган бўлиши мумкин. Ёлғон тарих халқни ўз тарихидан узоқлаштирди.
– Фақат тарих билан ўралашиб қолишимиз ҳам гоҳида сезилади-да. Энди биз фақат ўтмишни ўйлаймиз, ўтмишни муҳокама қиламиз ёки тарихдан ғурурланиб тураверамиз. Келажак ҳақида ўйламаймиз. Бу ҳақида фикрингиз қандай? Тарих келажак учун нима бериши керак, аслида? Ўзбекистон тараққиёти йўлида тарихдан қандай фойдаланиш керак?
– Жудаям тўғри талқин. Масалан, ҳеч бир мафкура асоссиз бўлмайди. Агар сиз тарих ҳақида гапириш керак демоқчи бўлсангиз, сиз узоқ келажак ҳақида режани айтмоқчи бўляпсиз. Тарих, аслида эртанги кун, дегани! Сиз кечага қараб олдингизми, демак, сиз эрта ҳақида ўйлаяпсиз. Биз тарих ҳақида гапираётган бўлсак, демак, биз қўмсаяпмиз. Биз яхшиликни, катта нарсани қўмсаяпмиз, шунинг учун биз тарихга ўралашяпмиз ёки тарихни кўп муҳокама қилаяпмиз, десак бўлади, келажакдан каттароқ нарсани кутаётганимиз учун шундай бўлади. Бу бир-бирини тақозо қиладиган нарса. Жамият муаммоларнинг чексиз денгизига тушиб қолган пайтда кўпинча тин олинади, яъни ечим қидирилади. Ечимда инсон эски ҳис остидаги хотирасига таянади. Буни жунбушга келтирадиган нарса бу тарихимиздир. Бундан бошқа, демак, муҳим нарса йўқ. Жамиятни бирлаштириш, сафарбар қилиш учун ҳам, йўлга солиш учун ҳам бизга тарих катта бир ечимдир.
– 5–6 йил олдин жадидчилик ҳақида жуда кам гапириларди. Бугун Президент, давлат ташкилотлари, умуман, кўпчилик жадидчилик ҳақида гапиряпти. Ўзини жадидшунос қилиб кўрсатаётганлар ҳам бор. Аввалдан жадидлар ҳақида ўрганган, архивлар билан ишлаган мутахассис сифатида бунга сизнинг муносабатингиз қандай? Жадидлар ҳақида турли хил хато маълумотлар, талқинлар эшитиб қоласиз. Сиз буни тарихчи сифатида қандай қабул қиласиз?
– Жудаям хурсанд бўламан. Мана шу тўлқинни озгина олдинроқдан бошлаган ёки ишонган одам сифатида деяётганингиздан хурсандман. Бугун ҳамманинг тилига тушяптими, демак, бу жудаям яхши. Биз бундан хурсанд бўлишимиз керак. Гапларингиз рост. Ҳозирги кунда прокуратура, ички ишлар, суд тизими кечаги тарихига, шу соҳанинг тамал тошини қўйган инсонлар жадидлар эканини билди. Уларнинг мақсадларини ўрганиш ҳарбийларимиз орасида ҳам ёйилди. Бу нарса мени фақат хурсанд қилади. Бошқа нарсага ҳам чалғиши мумкин. Лекин унинг илдизига қараб ҳаракат қилаётганлиги фақат хурсанд қилади.
– Баҳром ака, Миллий кутубхонага биринчи келган пайтингиз ва бу ердаги таассуротлар ҳақида гапириб берсангиз.
– Биринчи марта эски, олдинги биносига борганман. Ўша пайтдаям эшитган биринчи гапим шундай бўлганки, кутубхона кўчирилармиш. Шу сабаб, рақамлаштириш кетаётганди. Эски кутубхона биносига борганимда «Авваллари юз минг одам бу ердан китоб олиб кетарди. Камида эллик минг одамнинг қўлида китоб бўларди. Ҳозирги кунда бир одам сўрамайди. Сиз кўп ўтирдингиз», – деб бир кекса кутубхоначи опа гапириб ҳам қолган пайтлар бўлган. Ўшанда ҳақиқатан ҳам одам камайиб қолганди. Кейин яна бир воқеани кўрганман. Машина-машина китоб ёқиб юборишгами, макулатурагами, балким, мафкуравий нимадирми, хуллас, олиб кетилаётганди. Бир неча китобларни ўша ердаги масъуллардан олиб ўғирлаб кетгандим. Лекин ичида яхши, тўлиқ воз кечмаслик керак бўлган китоблар ҳам бор эди, деб ўйлайман. Кейин газеталарнинг йиртилган шаклини шу кутубхонада кўрганман, ҳозир ҳам бор. 20-йиллар газеталари эди. Мен ўйлагандимки ва булар айтишди ҳамки, баъзи инсофсиз ёзувчилар, тарихчилар кесиб кетишган экан. Кейинчалик архивда ишлаш жараёнида тушундимки, инсофсиз эмас, махсус ишлайдиган одамлар айнан йўқ қилиш учун шундай қилиб кетган экан. Бу ерда мен асосан диссертациямни ёзиш жараёнида нодир нашрлар билан ишладим. Нодир нашрлардаги ҳар бир газета, китобнинг аксарини деярли варақлаб чиққанман. Шундай бойлигимиз борлигидан фахрланаман. Лекин аслида бойлигимиз бундан ҳам кўп. Масалан, биттагина жадидчилик даври газеталари, жадид адабиётига қарайдиган бўлсак, мен ўйлайманки, энг бой кутубхоналардан бири шу бўлса, унда 10 фоизи, балки, 15 фоизи бордир. Қолган 80 фоизини асл эгаси бўлган бу кутубхонага тезроқ олиб келиб, тўлдириш керак. Лекин борлари ҳам анча яхши. Бугунги кунда биринчи кўрганимдаги ўқувчи ёки китобхонлардан 10 баробар ёки 100 баробар кўпроқ болаларнинг ўқиётганини кўриш мумкин.
– Охирги саволим: кутухона фаолиятини яна қандай яхшилаш мумкин, таклифларингиз борми? Бу ерда ишлаган кутубхоначиларга, умуман, китобхонларга тилакларингиз.
–Кутубхоначи бу алоҳида бир касб. Улардан сўрайдиган нарсам ўқувчининг келаётганидан хурсанд бўлиш керак, уларни йўналтириш ва улардан хабардор бўлиш керак. Кутубхона бир тароватли жой бўлиши керак. У бу ерга фақат китоб учун эмас, боя юқорида айтганимдай, ҳузурли вақт ўтказиш учун келсин, худдики бир қандолат дўконига киргандай шуринликларни, ширин ҳидларни туйсин. Китобхонларга тилагим шуки, ёшингиз қандай бўлишидан қатъи назар вақт топинг, китоб билан бўлишга ҳаракат қилинг. Чунки қийин пайтингизда ҳам, тушкун пайтингизда ҳам сизга бир далда бўладиган китобдан яхши дўст йўқ. Сизни ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган дўстга эга бўласиз. Шунинг учун ҳеч қачон китобдан ажралмасликни тавсия қиламан.
– Баҳром ака, мазмунли суҳбат учун сизга раҳмат.
Суҳбатни ёзувчи
Жавлон Жовлиев тайёрлади
