Нурали Қобул 1950 йилнинг 2 январида Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги туғилган. Мирзо Улуғбек номли Фарғона давлат педагогика институти тарих факультетини тугатган. Жиззах шаҳридаги Бобур номли 22-ўрта мактабда тарих фанидан ўқитувчи, (1969—1970), «Ғалаба байроғи» газетасида таҳририят бўлим бошлиғи (1971—1973), «Жиззах ҳақиқати» газетасида мухбир (1973—1976), «Совет Ўзбекистони санъати» журналида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир (1977—1986), «Юлдузча» нашриётида бош муҳаррир, директор (1987—1996) вазифаларида хизмат қилган.

Нурали Қобулнинг «Ойқор» номли биринчи қисса ва ҳикоялар тўплами 1978-йилда нашр этилди. Шундан сўнг унинг «Салом, тоғлар» (1979), «Тубсиз осмон» (1981), «Яшаш учун кечикма», «Каптарлар қайтмаган кун» (1983), «Унутилган соҳиллар» (1988), «Буғдой пишиғига етмаганлар» (1992), «Етти иқлим хоқони ёхуд аҳд ва тахт» (2013) каби роман, қисса ва ҳикоялар, «Одам, Ойқор тоғ ва дайди шамол» (1980) номли шеърий эртаги, «Ватандан яхши ёр бўлмас» номли публицистик мақолалар тўплами дунёга келди. Ёзувчи ҳамда шоирлик истъедодларидан фойдаланган ижодкор 7 китобдан иборат тарихий-сиёсий мавзуга доир роман-памфлет ҳам яратган.

Ҳаётингизда китобнинг ўрни қандай?
Ҳаётимда кутубхона чексиз аҳамиятга эга. Ёзиб-чизишни ўрганишимиз бу адабий кўзимизни очилиши, албатта, китоб билан боғлиқ. Мени илк китоб билан мулоқотим, жуда эрта, тўрт ярим ёшимда бошланган. Китобларга муҳаббатим ҳар нарсадан баланд бўлган.
«Менга китоб олиб беринг» деб дадамга йиғлаганим ҳамон эсимда. Чунки китоб жуда тақчил эди биз тарафда. Опам мендан катта эди унинг китобларини ҳам ўқирдим. Алифбоми ва ё бошқа китоб менга фарқи йўқ эди, ўқиб кетаверардим. Математиками ё бошқами аҳамиятсиз, китоб бўлса бўлди эди.
Ҳақиқий кутубхонани эса кечроқ кўрдик. Қишлоқ мактаби саккизинчи синфгача ўқитарди, катта синфларда ўқиш учун қўшни қишлоқларга қатнаш керак эди. Ўша мактаб-
ларда каттароқ кутубхоналарни кўриб ҳайратланганим ҳамон эсимда. Лекин ҳозирги кунга қараганда жуда кам.

У пайтда ҳозиргидек китоб қаерда эди. Етишмас экан-да ўша вақтда. 9-10- синфда (интернат)да ётиб ўқирдик. Китобни тез ўқиб қўярдим-да яна кутубхонага чопардим.
Шундай ҳам бўлдики, кутубхонадаги бирорта бадиий китоб қолмади, ҳаммасини ўқиб бўлдим. Кейин болалар билан кутубхонага борсам, у ердагилар «сен нимага келдинг» дейдиган бўлди, сен ҳаммасини ўқиб бўлгансан-ку сен келмагин, дейишарди. Ҳа, янги китоб келмадимикан, деб ўйладим дердим. Кейин нима қилардим, у ерда адабиётга алоқаси бўлмаган айри техника, ҳеч ким ўқимайдиган китобларни ҳам мутолаа қилардим.
Ҳозир шу мактаб шифохона қилинган, мактабга бир янги бино қуриб берилган ва мени ҳайрон қолдирадиган нарса ўша пайт, айнан шу кутубхонада жуда кам одам ўқирди, қолганлар китоб ўқимасди, билмадим, бизда шундай эди. Айримлар бизнинг устимиздан куларди ҳам «нега китоб ўқийсан, жинни» деб. Лекин негадир мен ўша пайт ҳамма китобларни ўқишимиз керак деб ҳисоблардим.
Институт кутубхонаси ҳақида нималарни хотирлайсиз?
1968 йилда 11-синф йўқ бўлиб ўнинчи синфдан бошлаб бизга шаҳодатнома бериладиган бўлди. Мен 14 ярим ёшимда 10-синф-ни битирганман. Ҳужжатларимни текширган институт ходимаси ҳайрон бўлган қандоқ қилиб битиргансан, деб. Лекин ўқишга биринчи йилдан кира олмаганман. Тушкунликка тушиб юрган пайтларимда Фарғона педагогика институтидан хат олганман. Мактубда ёзилишича мен шу тўплаган балим билан тарих факультетининг сиртқи бўлимига киришим мумкин экан. Мен бундай имкониятдан жуда қувониб кетганман ва ўқишни бошлаб юборганман. Қаранг анча адолат бор экан-да.
Университет кутубхонаси жуда бойлигини кўриб ҳайратланганларим ҳамон эсимда. Ўша пайтларда Амирийнинг китобларини ўзим учун сотиб олганман, у ҳозир ҳам ёнимда.
Ўша университет кутубхонаси ҳам кейин «таланди». Яъни кимнингдир қарори билан кўпгина китоблар «Совет», «СССР» ёзувлари бўлгани учун ҳам ахлатхонага, макулатурага ташлаб юборилди. Ундан Навоийнинг асарлари бор, изоҳли луғатлар бор, уларнинг ҳаммаси йўқ қилинди, натижада қанча кутубхоналар вайрон бўлди, йўқ қилинди, тугатилди, пати юлинган товуқдай бўлиб қолди. Кутубхоналар бўшаб қолганини кўриш аянчли эди, катта йўқотиш бўлди. Ҳатто Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг кутубхонаси ва Дўрмондаги ажойиб кутубхона ҳам деярли йўқ қилинди. Ёзувчиларнинг кутубхонаси шундай аҳволга тушган бўлса, чекка қишлоқдагиларни тасаввур қилиб кўраверинг. Бундай даҳшатли ҳолат қора тарихда ўзи 5-6 марта бўлган ва улар «маънавий қатағонлар» деб номланган. Биз шундай қатағонларнинг қанчасини бошдан кечирдик экан, Худо билади. Китобларни ёқиш мумкин эмас, онгдаги қолоқликни, қулликни йўқ қилиш керак, холос.
Ҳаётингизда «жонли кутубхона» ким ёки кимлар бўлган?
Ҳамма инсоннинг ҳаётида жонли кутубхоналар бўлади. Яъни ҳаёт йўли билан сизга ўрнак бўладиган, ичи халқ хазинаси билан, халқ илми билан тўла одамлар бўлади, улар жонли кутубхоналар бўлади. Менинг Шаҳзода деган энам бўлган. Энамизнинг айтган маталу эртаклари ҳеч тугамасди, ҳар сафар янгисини айтарди, битмас сеҳрли китобдек эди гўё. Дадамнинг кичик укалари Туробжон Қобулов ўша Самарқанд университетининг тарих факультетида ўқирди ва китоблар олиб келарди. Билсангиз, «Нурали» деган достон ҳам бор. Уйимизда шу достонни амаким келиб ўқиб берган, кейин менинг исмим ҳам шу достон асосида қўйилган. Кейин энамиз кўп бахшиларини айттириб келиб, уларни тинглатарди. Бу биз учун катта бойлик бўлганини кейинчалик англаганмиз.
Шаҳзода энам катта юракли, катта қалбли инсон эди. Энамиз Бобомиз Муллақодир бобомиздан фарзанд кўрмаган, кейин ўзи бир аёл топиб эрига уни никоҳлатган ва бўлажак келинга шарт қўяди: «Сен болаларни туғасан, мен катта қиламан» деган шарт қўйган ва шундай қилган. Бобомизга муҳаббати жуда баланд бўлган. Бобом илмли инсон, мадраса «кўрган» мулла бўлгани учун хавфли шахс саналиб, Россиянинг Сибир ўлкасига сургун қилинади. Лекин у ерга борганида бобом ҳақида ҳеч қандай суд қарори, ҳукм бўлмайди, шу асос ҳужжат бўлмагач, бобомни қайтариб ортига юборишади. Тақдир экан, у севиниб ортга қайтади. Бир юк поездида олти кун сув ичмай келган, шунча кун сув ичмай келса одамнинг ичаги чирий бошларкан. Жулдур кийимларда уят жойларини тўсиб бир аҳволда уйга етиб келган. Тўққиз кун азобланиб ётган, Ойқор тоғидан муз бўлагини олиб келиб, уни сўриб ётган ва кейин вафот этган. Муллақодир бобомиз Бухоро мадрасасини битирган саводли одам бўлган.
Аждодларни унутмоқ қандай оқибатларга олиб келади?
Дадам вафот этгандан сўнг унинг кундалигини топиб олдим. Шунда билдим, демак, дадам ҳам ҳеч кимга билдирмай ниманидир ёзишни истаган ва ёзиб юрган. Ичида бир дарди бўлган экан. Онам ҳам, дадам ҳам ўқишни тугата олмаган, лекин тўртта сўз гапирса иккитаси халқ сўзини қўшиб гапирадиган, «ота сўзларнинг» билимдони эди. Халқ донолиги энг катта бойлик, унинг танида, қонида ўзлаштирган ота-оналарнинг боласи бўлмоқ катта бахт.
Жадид бобомиз Беҳбудий ҳазратларининг ажойиб гапи бор: «Етти отасини билмаган одам қул ва марқуқдир». «Марқуқ» сўзининг маъносини кўп қидирдик. Луғатларда қулнинг арабча синоними экан. Айтматов «манқурт» сўзини шундан олган кўринади. «Марқуқ» сўзи асли Навоийда ҳам бор, демак, Айтматов ҳам Навоийни севиб ўқиган. Навоийни ўқиган ёзувчи шоирлар кўп бойлик олишлари аниқ. Тарихни билмаслик, тарихни танимаслик, аслида, марқуқликдир. Мен отамнинг қабри устига ўн учта бобомнинг номини ёздирганман ва буни менинг вазифам деб биламан. Келажак авлодлар ҳам буни унутмасликлари керак.
Таълимдаги узоқ вақт давом этаётган инқирозга сабаб нима?
Олий ўқув юртини битирганимда машҳур газетанинг бўлим мудири эдим. Таълим анча яхши эди. Ўша пайтда мен ишлаётган вазифа катта лавозим ҳисобланарди. Сиртқи ўқишнинг фойдаси эди бу. Мен шу ўқиш даврида кўп ишларни қилганман, ҳатто, битта мактабда рус тили ва математика фанидан дарс ҳам берганман, чунки мактабларда ўқитувчи жуда кам эди.
Cиртқида ўқиш мен учун фойдали бўлди, чунки у пайт институтларда ҳам кучли ўқитувчилар кўп эмасди, берган саволларнинг кўпига жавоб ҳам беролмасди, шундай ўйладимки, инсон доим ўзи ўқиши ва ўзи курашиши лозим экан.
Афсуски, бизда узоқ йиллар давомида ўқишга бўлган интилиш, меҳр-муҳаббат йўқ қилинди ва одамларни чин юракдан ўқитайлик деган мураббийларнинг ўзи ҳам кама-
йиб кетди. Катта тантаналар билан очилган лицей ва коллежлар ёпилди. Демак, бу хато бўлган, таълим-тарбиянинг хато йўлдалиги ачинарли.
Халқни ортга тортаётган иллатлардан бири?
Биздаги энг ёмон иллатлардан бири маҳаллийчиликдир. Бу қаердан чиқади жоҳилликдан, саводсизликдан ва чаласаводликдан. Масалан, ойдин, илмли одам, кўзи очиқ одам, ҳеч қачон вилоят, миллат, уруғ, қавм, қабила айирмайди.
Энам раҳматли айтардилар, болам одамларни айирганни Тангри бир кун айириб қўяди. Бу гап ҳақиқат эканлигини кейин англадим ва кўп бора иқрор бўлдим.
Баъзида ҳайрон қоласан. Гоҳида туппа-
тузук одамлар ғирт маҳаллийчи бўлиб чиқади, қандай ишга ўтмасин, ўзининг вилоятидан одам йиғади, бу бемаънилик ва мантиқсизликдир. Агар биз ўша маҳаллийчиликни йўқ қилмасак, бир эл, бир миллат сифатида ҳеч қачон ўсмаймиз.
Маҳаллийчилик иллатининг йўқолиши учун миллатнинг кўзи очилиши керак. Одамлар ўқиши, ўзлигини таниши керак. Лекин ўзлигини таниш ҳам бирдан содир бўлмайди. Мана, масалан, умуман китоб ўқимайдиган бир қатлам пайдо бўлди ва улар бундан сира афсусланмайдиган бўлди. Кўпчилик адабиётни тушунмайди, тушунмагани учун ҳам ўқимади, тушунмаслигининг сабаби билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Баъзида айрим одамларнинг китоб ўқимаслигидан куйиниб кетасиз, лекин уларнинг айримларининг бошига урсангиз ҳам китоб ўқимайди. Бир марта битта вазирга китоб бердим, одатда китоб олгандан кейин у ҳақда фикр билдириш ёки телефонда нимадир деб қўйиш маданияти бор, лекин у одамдан садо чиқмади. Бир йил, икки йиллардан кейин ўша одам билан яна кўришдик, шунда берган китобим ҳақида унинг фикрини сўрадим, у шунда мени ҳайратлантирадиган бир жавоб айтди: «Мен китоб ўқимайман, китоб ўқисам бошим оғрийди». Бу гапни давлатнинг бир томонига жавобгар вазирдан эшитиш одамга алам қиларкан. Ундан бошқа амалдорларнинг, унинг қўлида ишлайдиганларнинг аҳволи қандай экан деган савол янада ҳайратланарли.
Халқнинг илм-маърифатини, савиясини кўтариш учун нима қилиш керак?
Яхши мутахассисларни яхши лавозимларга қўйиш керак. Гоҳида бизда бу тескари кечади. Ўзбекистонда 15 йилдал ортиқ ўзбекча диктант ёзолмайдиган одам матбуот вазири бўлди, бу томошалар жуда кўп ва бари ачинарли. Буям миллий фожиа. Бизнинг «Чўлпон» нашриётимиз болалар нашриёти эди. Болалар адабиётига оид асарларни чоп этарди. Мустақилликдан кейин ҳатто болалар нашриётига солиқ солинди, шунингсиз ҳам баттар аҳволда қолган соҳани мажбур ўлдиришди. Болага бераётган ўша суратларга, алифбога солиқ солиш мумкинми, дунёнинг бирорта мамлакатида болалар адабиётида умуман солиқ йўқ. Ҳозиргача шундай аҳволга чидаб келдик, энди жиддий ўзгаришлар кутяпмиз.
Айниқса, бизга қўшни ҳудудларда яшайдиган ўзбекларнинг болалари дарсликлар, болаларга оид китоблар тополмай жуда қийналишади. Уларнинг китобларини ўз кўзим билан кўриб ҳайрон қолганман, йиртилган, увадаланган, бир амаллаб бир-бирига ёпиштириб юриб ишлатишмоқда. Китоб чиққан йилига қарасак ўн, ўн беш йилдан ошган. Уларни ҳам биз ўйламасак, ким ўйлайди, таълим борасида қилинадиган ишлар жуда кўп, деб ўйлайман.
Нега бугун юртимизда босма нашрларнинг ўрни қуйига тушиб кетди?
Мен узоқ йиллар журналда бош муҳаррир бўлиб ишлаганман, одамлар бизнинг нашрларнинг чиқишини соатлаб кутиб турарди, уларни изларди. Ўша пайтда ҳам одамлар тўғри гапни айтишдан, ҳақиқатни кўтариб чиқишдан қўрқиб турарди, шунинг учун биз уларни гапиртириш учун уларга савол билан мурожаат қилардик, савол билан уларнинг ичини очардик. Одамлар журъатли мақола ёзиб келмаса, биз уларни ёзишга ундардик, ҳамма катта қалам ҳаққи, ҳам жиддий эътибор қаратардик муаллифга. Шунинг учун ҳам газеталар бор эди. Газеталарнинг ўлишида уларнинг бош муҳаррирларининг хизмати катта, аввал давлатда битта цензура бўларди, у йўқолиб, энди ҳар бир бош муҳаррир цензорга айланиб қолди. Бунинг натижасида матбуот ўлди, одамлар ёлғонни қачонгача ўқийди, халқ ишончли, таҳлилий ва дадил ҳақиқатларни кутади ва шунга интилади.
Менинг эсимдан икки саволга олган жавобимиз чиқмайди. Иккисини ҳам халқимизнинг икки санъаткори, Ботир Зокиров ва Абдулла Орипов берган. Абдулла Ориповга «Сиз ҳеч ёлғон гапирганмисиз?» деган савол берганмиз. Абдулла Орипов саволга «Дунёда шундай катта ёлғонлар борки, унинг олдида бизникини ёлғон демаса ҳам бўлади» деган жавоб берган. Ботир Зокировга «Бизнинг жамиятимизда нималарни ўзгартириш керак» деган саволга «Нима қилсангиз ҳам бу жамият ўзгармайди, бефойда ҳаммаси» деган аччиқ ва умидсиз жавобни берган. Қаранг агар шу саволларни бермасангиз, жавобни қаердан оламиз, қандай топамиз бундай фикрларни. Шунинг учун матбуот ўқилиши учун унда ишлайдиганлардан фақат фидоийлик эмас, жасорат ҳам талаб қилинади. Биз ўша йиллар дунё оғзига қараб турган кўплаб ижодкорлар билан суҳбат қурганмиз. Булар Шолохов, Маркес каби дунёни ҳайратга солган адиблар, режиссёрлар ҳам бор эди. Улар билан суҳбатни таниқли журналист Анвар Жўрабоев дўстимиз амалга оширганди. Униям «Жиззах ҳақиқати» газетасидан ўзим пойтахтга олиб келгандим. Биласизми, талантли инсонларни олиб келиш керак, газета ва журналларга талантли одамлар талантлиларни кашф этади. Истеъдодсиз раҳбар ўзидан ҳам истеъдодсизни излайди. Сабаб уни олдида у паст кўринишидан қўрқади, шундай гап бор: «Шиллиққуртлар олдида ёнар қуртлар ўзини юлдуз ҳис қиларкан».
Кўп китоблар чиқарасиз. Ижодингиз самарадорлигининг сири нимада?
Мен узоқ йиллар раҳбар лавозимида ишлаганман. 45 ёшимдан бери эса эркин ижод билан шуғулланиб келаман, ёзувчи учун бу катта бахт. 25 жилддан иборат темурийлар эпопеясини ёздим. Менимча, прозаик одам 55-60 ёшдан кейин ҳақиқатдан пишади, етилади, кўп нарсани бошқача ҳис қилади.
Достоевский айтади-ку: Сен поғонама-поғона боришинг керак. «Бирдан шу кўп нарсани қиламан деган одам ҳеч нарса қилолмай қолиши мумкин».

Миллий кутубхона ҳақидаги хотиралар ва фикрларингиз?
Миллий кутубхонага тез-тез келиб тураман, бу ердаги нодир китоблардан фойдаланаман, тарихий асарлар ёзаётганимда бу қўл келади. Жиззахдаги кутубхонага бордим, ўтиргани жой йўқ, мен буни кўриб ишонасизми, ҳаяжонланиб кетдим, бу катта бахт мен учун.
Мени бир нарса қийнайди, бизда қўшиқ шинавандаларининг 95 фоизи китоб ўқимайди, спорт ишқибозларининг 95 фоизи ҳам китоб ўқимайди ва кўплаб бошқа соҳа вакиллари ҳам китоб ўқимайди. Бу катта фожиа ва улар сафи кенгайиб боряпти.
Китоб ўқиш борасидаги статистикалар буни кўрсатяпти. Ҳиндлар кунига 5 ярим соат ўқиркан ўртача, шунинг учун ҳам ҳозир дунёга «ақлли каллалар» экспорт қиляпти. Туркияда китоб эҳтиёж моллари рўйхатида 37-ўринда, Япония 7-ўринда, биз эса рўйхатда ҳам йўқ эканмиз. Нон, шакар, сарёғ бор, лекин китоб йўқ. Эл бўлиш учун, халқ бўлиш учун, миллат бўлиш учун биринчи галда миллатни кўзи ҳам, қалби ҳам очиқ бўлиши керак. Китоблар аслида миллатнинг зиёсидир.
Суҳбатни ёзувчи
Жавлон Жовлиев тайёрлади
