Аннотатция: Ушбу мақолада Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошидаги ахборот-кутубхона марказлари ҳолати ва кутубхоналарнинг замон талаби билан мослашганлиги, хусусан фойдаланувчиларни кутубхоналарга жалб қилиш йўллари муаллиф тажрибалари асосида баён қилинган. Ўзбекистон Республикаси кутубхоналар статистик маълумоти ва Фарғона вилоятида Данғара, Бағдод, Олтинсой, Ўзбекистон, Ёзёвон каби ахборот-кутубхона марказлари кўрсаткичлари таққосланган. Шунингдек, туман(шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида китоб фонди ҳамда даврий нашрларнинг келиб тушишидаги муаммолар ва бартараф этишнинг йўли, фонларни бойитиш бўйича қилиниши керак бўлган чоралар келтирилган. Замонавий кутубхоначи қандай бўлиш керак, китоб танлашда китобхон доираси ва хоҳиш истакларини инобат олиш, турли жанр ва мавзуларни акс эттириш кутубхона аудиториясининг эҳтиёжларини самарали қондиришда кутубхоначидан айнан қайси жиҳатлар талаб этилиши кўрсатилган.
Калит сўзлари: ахборот-кутубхона маркази, тадбир,китобхон, таҳлил, китоб.
Abstract: This article describes the state of information and library centers at the National Library of Uzbekistan, as well as their adaptation to the modern requirements of the time. In particular, the authors' experience is used to highlight ways of attracting users to libraries. A comparative analysis of the statistical data of libraries of the Republic of Uzbekistan and the indicators of information and library centers in such districts of the Fergana region as Dangara, Baghdad, Altinsay, Uzbekistan and Yazyavan is given. It also considers the existing problems in the replenishment of the book fund and the receipt of periodicals in the district (city) information and library centers, as well as ways to solve them and measures to enrich the funds. The qualities that a modern librarian should possess are highlighted: taking into account the reader audience and its preferences when choosing books, the need to reflect various genres and topics to effectively meet the needs of the library. It indicates what aspects and professional qualities are expected of a librarian in modern conditions.
Key words: information and library center, event, reader, analysis, book.
Аннотатция: В данной статье изложено состояние информационно-библиотечных центров при Национальной библиотеке Узбекистана, а также их адаптация к современным требованиям времени. В частности, на основе авторского опыта освещаются пути привлечения пользователей в библиотеки. Приводится сравнительный анализ статистических данных библиотек Республики Узбекистан и показателей информационно-библиотечных центров в таких районах Ферганской области, как Дангара, Богдад, Алтынсай, Узбекистан и Язъяван. Также рассматриваются существующие проблемы в пополнении книжного фонда и поступлении периодических изданий в районные (городские) информационно-библиотечные центры, а также предлагаются пути их решения и меры по обогащению фондов. Освещены качества, которыми должен обладать современный библиотекарь: учет читательской аудитории и её предпочтений при выборе книг, необходимость отражения различных жанров и тематики для эффективного удовлетворения потребностей библиотеки. Указывается, какие именно аспекты и профессиональные качества ожидаются от библиотекаря в современных условиях.
Ўзбекистон Миллий Кутубхонасининг хорижий базаларидан[1] тўлақонли фойдаланишни бошлаганимга кўп бўлмади. Очиғи аввал бу базалар борлигини билсам-да, лекин ҳозиргидек ҳар куни чиқаётган жаҳон мамлакатлари газета ва журналларида чоп этиладиган мақолаларни кузатишга интилмас эдим. Балки Миллий кутубхона ходимаси бўлганлигим учун “оққан сувни қадри йўқ”қабилида иш тутгандирман, бироқ бугун хато қилганимни англаб етдим. Яқинда PressReader базасидаги “Build public libraries to educate our people”- “Халқимизнинг таълими учун оммавий кутубхоналар қуринг” сарлавҳаси остида нашр қилинган мақоладаги бир маълумот мени ҳам муаллиф каби ҳайратга солди. “-Жаҳон банкининг сўнгги тадқиқотларига кўра Филиппин мамлакатида 10 ёшли филиппинлик болаларнинг 90 фоизи оддий матнни ўқий олмайди ва тушунмайди. Бу Филиппин учун даҳшатли янгилик” – дейди муаллиф. Шунингдек, мақолада бундай шароитда самарали ечим фақатгина мамлакатнинг ҳар бир шаҳарида оммавий кутубхоналарни очиш ва тўғри материаллардан фойдаланиш орқали китобхонлик одатини ва маданиятини тарғиб қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Ҳар бир шаҳарда болалар ва катталар учун қулай бўлган, яхши ишлайдиган оммавий кутубхона бўлса, таълимни давлат мактабларидан ташқарида ҳам ошириш мумкинлиги ҳақида таъкидлаб ўтади. Муаллиф ривожланган давлатларда таҳсил олган пайтлари, асосан, билимни эркин, очиқ ва замонавий кутубхоналардан олганини мисоллар билан келтиради.[2] Агар буни бизнинг мамлакатимизда аҳолини (айниқса ёшларни) китобхонликка тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таққосласак, биз анча юқори поғонадамиз. Кутубхоналар мактабларда ўқиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилиб, ҳар қандай йўналиш бўйича билимларни ошириш учун маълумотлардан фойдаланиш имкониятини беради. Шу муносабат билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда кутубхона ишини ривожлантириш, аҳолини кутубхона хизматлари билан қамраб олишни кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Мен талабалик пайтларимда (2007-2011 йилларга тўғри келган) фақатгина университет кутубхонаси, Миллий кутубхона ва “British Council” кутубхоналари борлигини билардим. У пайтларда ҳозиргидек ҳар бир туман (шаҳар)ларда кутубхоналар йўқ эди. Бугунги кунда ҳатто маҳалла кутубхоналари билан биргаликда шахсий кутубхоналарга ҳам кенг йўл очилмоқда ва бунёд бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 13,1 мингта ахборот-кутубхона муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Улардан энг кўпи Самарқандда – 1,5 мингта, Қашқадарёда – 1,4 мингта, шунингдек, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларининг ҳар бирида 1,1 мингтадан жойлашган.
2020 йилдан буён Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимида 200 та ахборот-кутубхона марказлари фаолият олиб бормоқда[3]. Булар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва 12 вилоят ахборот-кутубхона марказлари ва 186 туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларидир. Бу Республикамизнинг ҳар бир вилоят ва туманларида Филиппинлик муаллиф истаганидек оммавий кутубхоналар мавжуд деганидир. Тизимдаги туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари аҳолининг билимга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли бажариб келмоқдами? Кутубхоналарнинг аҳоли салоҳиятига, маънавиятига, интеллектига хизмат қилиши ҳақидаги чорлов кутубхоналаримизда қай даражада акс этмоқда?
Сўнгги беш йил мобайнида (2020-2025-йиллар) туман(шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг 53 таси ахборот-кутубхона фаолиятига мослаштирилган биноларда бўлиб, шундан 30 таси янги бинолар билан таъминланган, ҳатто баъзиларида имконияти чекланган фойдаланувчилар учун ҳам шароитлар мавжуд. Қолган 156 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ўз биносига эга эмас, ижара биноларда фаолият олиб бораётган бўлса ҳам маҳаллий аҳоли учун хизмат қилиб келмоқда.
Биргина Фарғона вилоятининг ўзида шароити яхши бўлган Данғара, Бағдод, Олтинсой, Ўзбекистон, Ёзёвон туман ахборот-кутубхона марказларининг фаолият кўрсаткичида, шароити яхши бўлмаган туман ахборот-кутубхоналари билан солиштирганда сезиларли фарқ қилади. 2024 йилда Данғара тумани ахборот-кутубхона марказига ташрифлар сони 70 155 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич шароити яхши бўлмаган Риштон, Сўх туман ахборот-кутубхона марказларига бўлган китобхонлар ташрифига нисбатан 3-6 бараварга кўп эканлигини кўришимиз мумкин. Ахборот-кутубхона ресурсларининг берилишида ҳам катта тафовутлар мавжуд.[4] Бундай мисолларни ҳар бир вилоят бўйича келтириб ўтишимиз мумкин. Бугунги китобхон нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ҳар бир китобни севувчи китобхон тинч, қулай ва ўзига хос бир муҳитда, замонавий бинода мутоалаа қилишни хоҳлайди ва шундай жойга интилади. Замонавий шароит – китобхонларни жалб қилишни биринчи йўли. Мисол учун узоқ чекка ҳудудлардан бирида жойлашган Сўх тумани аҳолисининг маънавиятини юксалтиришда самарасиз усуллар ва илм олишда қулай шароитларни йўқлиги охир оқибат маҳаллий аҳолининг телевизор қаршисидан кетмай қолишига сабабчи бўлади. Айниқса, бу ўсиб келаётган ёш авлод учун аянчли ҳолатдир.
Кейинги жуда ҳам оғриқли жиҳат, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига янги нашрдан чиққан, омма орасида муҳокамаларга сабабчи бўлган ва замонавий тилда айтилганда трендда бўлган адабиётларнинг ўз вақтида етиб бормаслигидир. Масалан, жорий йилнинг январь, февраль ойларида хитойлик ёзувчи Юй Хуанинг “Яшамоқ” асари жуда оммалашди. Шахсан ўзим ҳам ушбу китоб ҳақидаги тавсиялардан уни тезроқ ўқишга интилдим ва кутубхонада бор-йўқлиги ҳақида суриштирдим. Афсуски, кутубхона томонидан буюртма берилганлиги лекин ҳали кутубхонага етиб келмаганлиги сабабли, asaxiy.uz[5] орқали сотиб олишга мажбур бўлдим. Кутубхона фондида замонавий китоблар ва даврий нашрларнинг етарли эмаслиги китобхонларни кутубхонага жалб қилишда бир тўсиқ бўлишини яна бир бор англадим. Янги нашрларнинг кутубхонага тезкорлик билан етказиш – китобхонларни жалб қилишнинг иккинчи йўли. Деярли 80% туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари обуна бўлган журнал ва газеталарнинг сонлари муддати ўтиб кетганидан кейин кутубхоналарга етиб келиши ҳақида шикоят қилишади. Аслида китобларни етказишда курьерлик қилувчи компаниялар билан шартнома орқали иш олиб борилса, муаммонинг ечими сифатида қаралиши мумкин. Ўзбекистонда ҳозир бу соҳа кенг тарқалмоқда, масалан, Eastline Express, куръерлик хизматининг Ўзбекистон бўйлаб етказиб бериш хизмати маҳсулотнинг ҳажмига боғлиқ, 500 кг 32 000 сўмдан бошланиб, ҳар бир қўшимча килога 5000 сўм қўшилиб бораверади.
Ахборот-кутубхона марказларида китобхон талаби бўйича изланишлар олиб борадиган, уларнинг талабини ўрганадиган ва ўз устида ишлайдиган малакали кадрлар танқислиги мавжуд. Айниқса, ахборот-ресурсларни сотиб олишда маблағга таянган ҳолда сифатга эмас сонга қараб фондини бойитадиган кутубхоналаримиз ҳам талайгина. Адабиётларнинг тўғри танланиши - китобхонларни жалб қилишнинг учинчи йўли. Сусткашлик билан қадам ташлаётган кутубхоначилардан фарқли ўлароқ, жонбозлик билан ҳаракат қилаётган фидойи кутубхоначилармиз ҳам йўқ эмас. Масалан, Хоразм вилояти Хазорасп тумани ахборот-кутубхона маркази 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” доирасида 300 миллион маблағ, Бухоро вилояти Вобкент туман (104 млн.), Қоракўл туман (79 млн.) ахборот-кутубхона марказлари фондни бойитишда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилишига эришган. Кутубхонада китоб танлаш ва сотиб олиш муҳим жараён бўлиб, кутубхоначидан китоблар бўйича билим талаб қилади. Сабаби, китобнинг фойдаланувчилар учун долзарблиги, ранг-баранглиги ва фойдаланиш учун очиқлиги муҳим ҳисобланади. Жараён китобларни турли мезонлар, жумладан, жамият эҳтиёжлари ва манфаатлари, кутубхона бюджети, материаллар сифати ва ишончлилиги асосида синчковлик билан баҳолашни ва танлашни ўз ичига олади. Кутубхоначилар оммабоп, кўп сўраладиган китоблар билан таълим, тадқиқот ёки маданий мақсадларга хизмат қилувчи китоблар ўртасида мувозанатни сақлашлари керак. Ёшга мослик, нуқтаи назарлар хилма-хиллиги, турли жанр ва мавзуларни акс эттириш кутубхона аудиториясининг эҳтиёжларини самарали қондиришга ҳисса қўшади. Бу эса кутубхоначилардан илмий салоҳиятни талаб этади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш, аҳолининг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида кутубхоналар, хусусан, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини кенгайтириш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2020 йилдан буён 200 дан ортиқ ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритаётгани, уларнинг бир қисми янги биноларда жойлашгани, қолганлари эса ижарада бўлса-да, хизмат кўрсатаётгани — юртимизда ҳар бир ҳудудда жамоатчилик учун кутубхоналар очиш истагининг яққол ифодасидир.
Бироқ, мавжуд ҳолатнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, кутубхона инфратузилмаси, моддий-техник базаси ва ресурслар тақсимотидаги номутаносибликлар китобхонлар фаоллигига сезиларли таъсир ўтказмоқда. Масалан, замонавий биноларда фаолият юритаётган кутубхоналар (Данғара, Бағдод каби) билан шароити суст (Риштон, Сўх каби) кутубхоналар орасидаги ташриф ва фойдаланиш кўрсаткичлари ўртасида бир неча баравар тафовут мавжуд.
Китобхонларни кутубхонага жалб қилишда замонавий ва қулай кутубхона муҳити, китоб ва ресурсларнинг долзарблиги ҳамда тезкорлик билан таъминланиши, кутубхоначи салоҳияти, мутолаага йўналтиришдаги фаоллиги ҳал қилувчи омиллар сифатида аҳамиятга эга.
Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш орқали кутубхоналар нафақат ахборот манбаи, балки ижтимоий-маънавий марказ, маданият маскани сифатида фаолият юритиб, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг маънавий тарбияси ва билим даражасини ошришга улкан ҳисса қўшиши мумкин. Зеро, китоб – жамият тараққиётининг асоси, кутубхона эса унинг юрагидир.
КУТУБХОНА, КИТОБ ҳамда менинг касбим фаолиятим ўзаро чамбарчас ва чуқур боғланган. Ҳар учала элемент бир-бирини тўлдирадиган муҳим ролларни бажаради. Кутубхона фақатгина китобларни сақлаш жойи эмас, балки китоблар ва кутубхоначи ўртасидаги боғланиш нуқтасидир. Келгусида ахборот-кутубхона марказларининг самарадорлигини ошириш учун нафақат моддий-техник базасини яхшилаш, балки кутубхона хизматларини рақамлаштириш ҳам устувор йўналиш бўлиши керак. Бугунги кунда дунё кутубхоналари электрон каталоглар, онлайн банд (брон)қилиш, аудиокитоблар, интерактив таълим платформалари орқали китобхонга янада яқинлашмоқда. Шу жиҳатдан олиб қараганда, туман (шаҳар) кутубхоналарининг ахборот ресурсларини рақамли форматга ўтказиш ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини тезкор ахборот билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кутубхона фаолиятини рақамлаштириш аҳоли орасида фойдаланувчилар сонини камида 30–40 фоизга оширади. Бу эса, айниқса, ёшлар ўртасида кутубхонага қизиқишни кучайтириш имконини беради.
Шу билан бирга, кутубхоналарда амалга ошириладиган маданий-маърифий лойиҳалар, танловлар, учрашувлар, жамоатчиликни ўзига жалб қиладиган тадбирлар сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Китобхонлик кечалари, ёшлар клублари, муаллифлар билан учрашувлар, болалар учун ижодий маҳорат дарслари – буларнинг барчаси кутубхонанинг жонли маданий майдонга айланишига хизмат қилади. Ҳар бир туманда шундай доимий фаол муҳит яратишга эришилса, кутубхонага ташриф кўрсаткичлари табиий равишда ошади. Чунки китобхонлик – бу фақат китоб ўқиш эмас, балки жамоа, муҳит ва руҳлантирувчи иқлим ҳамдир.
Кутубхоналар инфратузилмасини яхшилаш, замонавий адабиётларни тез етказиш, кадрлар салоҳиятини ошириш билан бирга, рақамлаштириш ва маданий фаолликни кенгайтириш орқали туман (шаҳар) ахборот- кутубхона марказларини ҳақиқий маърифат масканларига айлантириш мумкин.
2. Pressreader, Arnel Casanova “Build public libraries to educate our people” – The Manila Times, 2025, 8 april
3. O'zbekiston Respublikasi Prezidentinig “O‘zbekiston Respublikasi aholisiga axborot-kutubxona xizmati ko‘rsatishni yanada takomillashtirish to‘g‘risida” PQ-4354 sonli qarori, 4- bandi- Toshkent, 2019 yil, 7-iyul
4. O‘zbekiston Milliy Kutubxonasi tizimidagi Axborot-kutubxona markazlarining 2024-yil yakuniy tahliliy hisobotlari
5. Asaxiy Books onlayn do‘koni
