Abstract. This article presents the theoretical knowledge and practical experience gained during the professional development program «Assessment of Document Condition, Stabilization and Biological Safety of Documents during Storage» held at the Russian State Library. The author participated directly in practical laboratory activities, including the assessment of the biological condition of documents, air sampling using the PU-1B air sampler, laboratory identification of microorganisms, and biological monitoring of library collections. The paper also examines the experience gained through visits to the Library’s conservation and restoration departments, book production facilities, and collection storage areas. Particular attention is given to the application of these international best practices in the preservation of library collections and the improvement of biological safety in information and library institutions of Uzbekistan.
Aннотация. Мазкур мақолада Россия Давлат кутубхонасида ташкил этилган “Ҳужжатларнинг ҳолатини экспертиза қилиш, барқарорлаштириш ва сақлаш жараёнида биологик хавфсизлик” мавзусидаги малака ошириш курсида олинган назарий билимлар ва амалий тажрибалар ёритилган. Муаллиф курс давомида ҳужжатларнинг биологик ҳолатини баҳолаш, PU-1B аспиратори ёрдамида ҳаво намуналарини олиш, микроорганизмларни лаборатория шароитида аниқлаш ҳамда биологик мониторинг усулларини ўрганиш жараёнларида бевосита иштирок этган. Шунингдек, Россия Давлат кутубхонасининг реставрация ва консервация бўлимлари ҳамда фондларни сақлаш тизими билан танишиш натижасида орттирилган тажрибалар таҳлил қилинган. Мақолада ушбу халқаро тажрибаларни Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятида қўллаш имкониятлари ва биологик хавфсизликни таъминлашдаги аҳамияти ёритилган.
Калит сўзлар: биологик хавфсизлик, кутубхона фонди, консервация, ҳужжатларни сақлаш, микробиологик мониторинг, PU-1B аспиратори, замбуруғлар, Россия Давлат кутубхонаси, халқаро малака ошириш, ахборот-кутубхона фаолияти.
Кутубхона фондларини сақлаш жараёнида биологик хавфсизликни аъминлаш нафақат назарий билимларни, балки амалий кўникмаларни ҳам талаб этади. Буни Россия Давлат кутубхонасида ташкил этилган малака ошириш курси давомида бевосита кузатиш ва амалда синаб кўриш имкониятига эга бўлдик. Машғулотларда ҳужжатларнинг биологик ҳолатини баҳолаш, кутубхонадаги ҳаво муҳитидан намуналар олиш, микроорганизмлар колонияларини аниқлаш ва санаш, микроскоп ёрдамида кузатиш каби амалий жараёнларда иштирок этдик. Шунингдек, фондларни сақлаш шароитлари, реставрация ва консервация қилиш ҳамда замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланиш тартиби билан яқиндан танишдик.
Ушбу амалий тажриба кутубхона фондларини биологик зарарланишдан ҳимоя қилиш масаласи оддий санитария-гигиена талабларидан анча кенг тушунча эканини кўрсатди. Ҳужжатларнинг биологик ҳолатини ўз вақтида баҳолаш, зарарланиш хавфини аниқлаш, сақлаш муҳитини мунтазам назорат қилиш ва профилактик чораларни белгилаш фондларнинг узоқ муддат сақланишида муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур тажриба 2026-йил 27–31-июл кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида Россия Давлат кутубхонаси томонидан ташкил этилган, 40 академик соатга мўлжалланган “Ҳужжатларни сақлаш жараёнида ҳолатини экспертиза қилиш, барқарорлаштириш ва биологик хавфсизлик” мавзусидаги халқаро малака ошириш курси доирасида олинди. Курсда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳамда МДҲ давлатларидан ташриф буюрган ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари иштирок этдилар.
Курс дастури ҳужжатларнинг ҳолатини экспертиза қилиш, биологик зарарланиш белгиларини аниқлаш, фондларни сақлаш шароитларини баҳолаш, микробиологик мониторингни ташкил этиш ва замонавий лаборатория усулларидан фойдаланиш каби йўналишларни қамраб олди. Машғулотлар Россия Давлат кутубхонасининг тажрибали мутахассислари ва консервация соҳаси экспертлари томонидан олиб борилиб, назарий маърузалар амалий ва лаборатория машғулотлари билан уйғунлаштирилди.
Курс давомида нафақат биологик хавфсизлик бўйича янги билимларни эгалладик, балки турли ҳудудлардан келган мутахассислар билан тажриба алмашдик, Россия Давлат кутубхонасида фондларни сақлаш ва муҳофаза қилишнинг амалий ташкил этилиши билан танишдик. Олинган тажрибалар кутубхона фондларини сақлашга янгича ёндашиш, биологик хавфларни олдиндан аниқлаш ва халқаро тажрибаларни Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятига мослаштириш учун муҳим асос бўлди.
Мазкур малака ошириш курси давомида ўрганилган асосий лаборатория усуллари ва уларнинг кутубхона фондларини сақлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилади. Амалий машғулотларнинг дастлабки босқичи ҳужжатларнинг биологик ҳолатини баҳолашдан бошланди. Машғулот давомида кутубхона фондида узоқ йиллар сақланаётган китоб ва бошқа ҳужжатларда учраши мумкин бўлган биологик зарарланиш белгилари билан танишдик. Мутахассислар бизга моғор замбуруғлари, бактериялар ва бошқа микроорганизмлар қоғознинг емирилишига қандай таъсир кўрсатишини амалий мисоллар асосида тушунтириб бердилар.
Лабораторияда турли даражада зарарланган ҳужжатлар намуналари кўрсатилди. Биз уларни ташқи ҳолатини кузатиб, моғор доғлари, ранг ўзгариши, ёқимсиз ҳид ҳамда қоғознинг мўртлашиши каби белгиларни аниқлашни ўргандик. Шу билан бирга, биологик зарарланишнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган асосий омиллар – юқори намлик, ҳароратнинг кескин ўзгариши, чанг ва шамоллатиш тизимининг етарли эмаслиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Машғулот давомида ҳужжатларни фақат ташқи кўринишига қараб баҳолаш етарли эмаслиги, зарурат туғилганда лаборатория таҳлиллари орқали микроорганизмларнинг мавжудлигини аниқлаш лозимлиги таъкидланди. Шу сабабли биологик ҳолатни баҳолаш кутубхона фондларини сақлашнинг биринчи ва энг муҳим босқичи ҳисобланиши тушунтирилди.

Мазкур машғулот бизда ҳужжатларни сақлашга нисбатан янгича ёндашувни шакллантирди. Илгари асосан фондларни тоза сақлаш ва ҳароратни назорат қилиш муҳим деб ҳисоблаган бўлсак, эндиликда биологик мониторингни мунтазам олиб бориш ҳам фондларнинг узоқ муддат сақланишида муҳим аҳамият касб этишини англадик.
Амалий машғулотларнинг навбатдаги босқичида кутубхона фондлари сақланаётган хоналардаги ҳаво муҳитининг микробиологик ҳолатини аниқлаш усули билан танишдик. Бунда PU-1B аспиратори қурилмасидан фойдаланилди. Мутахассислар аввало қурилманинг тузилиши, ишлаш принципи ва ундан фойдаланиш тартибини батафсил тушунтириб бердилар.
Шундан сўнг ҳар бир иштирокчи аспиратор ёрдамида ҳаво намуналарини олиш жараёнида бевосита иштирок этди. Қурилмага стерил Петри косачаси ўрнатилиб, белгиланган ҳажмдаги ҳаво махсус озиқлантирувчи муҳит орқали ўтказилди. Ушбу усул ҳаво таркибида мавжуд микроорганизмларни аниқлаш ва уларнинг миқдорини баҳолаш имконини беради.
Машғулот давомида намуна олиш жараёнида қурилмани тўғри жойлаштириш, ҳаво ҳажмини белгилаш ва стерил шароитга қатъий риоя қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Мутахассислар кичик хатолик ҳам таҳлил натижаларига таъсир қилиши мумкинлигини амалий мисоллар орқали тушунтириб бердилар. Олинган намуналар кейинги лаборатория босқичида инкубация қилинди. Маълум вақт ўтгач, Петри косачаларида ҳосил бўлган микроорганизмлар колониялари саналиб, махсус формула ёрдамида 1 м³ ҳаводаги микроорганизмлар миқдори ҳисоблаб чиқилди. Ушбу машғулот биологик мониторингни ташкил этиш жараёнини амалий жиҳатдан ўрганиш ҳамда кутубхона фондлари сақланаётган муҳитнинг санитария ҳолатини баҳолаш бўйича муҳим тажриба бўлди.
Ҳаво намуналари олингандан сўнг Петри косачалари белгиланган ҳароратда инкубация қилинди. Маълум вақт ўтгач, озиқлантирувчи муҳит юзасида микроорганизмлар колониялари ҳосил бўлди. Амалий машғулот давомида ушбу колонияларни кузатиш ва уларни санаш ишлари бажарилди.
Ҳар бир Петри косачасидаги колониялар сони алоҳида ҳисобланди. Мутахассислар колонияларни тўғри санаш усуллари, уларнинг шакли, ранги ва ўлчамига қараб дастлабки баҳо бериш тартибини тушунтириб бердилар. Ушбу кузатувлар ҳаво таркибидаги биологик ифлосланиш даражасини аниқлашда муҳим босқич ҳисобланади.
Колониялар сони аниқлангандан сўнг лаборатория машғулотининг кейинги босқичида 1 м³ ҳаводаги микроорганизмлар миқдорини (CFU/m³) ҳисоблаш ишлари амалга оширилди. Ҳисоблаш махсус формула асосида бажарилди ва ҳар бир иштирокчи ўз намунаси бўйича натижаларни мустақил ҳисоблаб чиқди. Ушбу амалий машғулот назарий билимларни мустаҳкамлаш билан бирга, лаборатория таҳлиллари натижаларини тўғри баҳолаш кўникмасини ҳам шакллантирди.
Машғулот давомида олинган натижалар меъёрий кўрсаткичлар билан таққосланди ва ҳаво муҳитининг биологик ҳолати юзасидан хулосалар чиқарилди. Бу жараён биологик мониторингнинг кутубхона фондларини сақлашдаги аҳамиятини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради.
Мазкур тажриба шуни кўрсатдики, кутубхона муҳитида микробиологик мониторингни мунтазам ташкил этиш биологик зарарланишни эрта аниқлаш ва унинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бундай назорат фонд-
ларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш ҳамда кутубхона шароитида санитария ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Лаборатория машғулотларининг навбатдаги босқичида микроскоп ёрдамида ҳаво намуналаридан олинган микроорганизмлар кузатилди. Ушбу машғулотнинг асосий мақсади Петри косачаларида ўсган колонияларнинг тузилишини ўрганиш ҳамда уларни микроскоп орқали таҳлил қилишдан иборат эди.
Машғулот давомида мутахассислар микроскоп билан ишлаш тартибини амалий тарзда кўрсатиб бердилар. Шундан сўнг биз тайёрланган препаратларни микроскоп остида кузатдик. Микроорганизмларнинг ташқи тузилиши, спораларининг жойлашуви ва ўзига хос белгилари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу орқали лаборатория шароитида микроорганизмларни аниқлашнинг дастлабки босқичлари билан танишдик.
Айниқса, моғор замбуруғларининг микроскоп остидаги кўриниши катта қизиқиш уйғотди. Назарий машғулотларда ўрганилган маълумотларни амалда кўриш биологик хавфсизликнинг аҳамиятини янада чуқурроқ англашимизга ёрдам берди. Мутахассислар айрим замбуруғ турлари қоғоз таркибидаги селлюлозани емириб, ҳужжатларнинг сақланиш муддатини қисқартириши мумкинлигини мисоллар билан тушунтириб бердилар.
Микроскопик кузатувлар натижасида биологик зарарланишни эрта аниқлаш кутубхона фондларини сақлашда муҳим босқич эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Бундай таҳлиллар зарарланиш даражасини баҳолаш, профилактик чораларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда ҳужжатларни реставрация қилиш бўйича тўғри қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Россия Давлат кутубхонасида қўлланилаётган ушбу лаборатория усули биологик мониторингнинг замонавий ва самарали йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур тажриба кутубхона фондларини илмий асосда сақлаш ва уларнинг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлашда микробиологик таҳлилларнинг муҳим ўрин тутишини яққол намойиш этди.
Малака ошириш курсининг энг эсда қоларли қисмларидан бири Россия Давлат кутубхонасининг нашриёт, реставрация ва консервация ишлари олиб бориладиган ишлаб чиқариш мажмуасига уюштирилган экскурсия бўлди. Ушбу бўлимда китоб яратиш ва уни узоқ муддат сақлаш билан боғлиқ барча жараёнлар бир жойда ташкил этилгани бизда катта таассурот қолдирди.
Экскурсия давомида турли хил зичлик ва таркибга эга қоғозларни тайёрлаш, уларни буюртма асосида ишлаб чиқариш, китоб блокларини шакллантириш, муқовалаш, кесиш, елимлаш ҳамда тайёр маҳсулот ҳолига келтириш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш цехларида ҳар бир босқич махсус ускуналар ёрдамида амалга оширилиши намойиш этилди.
Шунингдек, вақтли матбуот нашрларини сақлаш жараёни ҳам алоҳида қизиқиш уйғотди. Газета ва журналлар маълум давр оралиғида йиғилиб, махсус ускуналар ёрдамида тикилиб, қаттиқ муқовага жойлаштирилиши ҳамда китоб кўринишига келтирилишини кузатдик. Бу усул уларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш ва фойдаланувчиларга қулай шаклда тақдим этиш имконини беради.
Амалий машғулотлар давомида биз ҳам айрим жараёнларда бевосита иштирок этдик. Хусусан, махсус ускуналар ёрдамида крафт картондан архив қутисини тайёрлаш жараёнини мустақил бажардик. Ушбу таж-
риба кутубхона фондларини механик таъсирлардан ҳимоя қилишда махсус сақлаш воситаларининг нақадар муҳим эканлигини амалий жиҳатдан англашимизга ёрдам берди.
Курс доирасида Россия Давлат кутубхонасининг асосий китоб сақлаш фондларига ҳам экскурсия ташкил этилди. Фондларнинг сақлаш шароитлари, замонавий техник жиҳозланиши ҳамда ҳужжатларни узоқ муддат асрашга қаратилган ёндашувлар билан яқиндан танишдик. Айниқса, ҳар бир жараённинг илмий асосда ташкил этилгани ва замонавий ускуналардан кенг фойдаланилиши кутубхона фондларини сақлаш бўйича янги билим ва тажрибаларни эгаллашимизга хизмат қилди.
Курс якунида Россия Давлат кутубхонасидан 5 йил муддатга амал қилувчи аъзолик гувоҳномаси топширилди. Ушбу аъзолик бизга кутубхона ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиши билан бирга, халқаро кутубхоналар билан касбий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Россия Давлат кутубхонасида ўтказилган малака ошириш курси давомида ўрганилган назарий билимлар ва амалий тажрибалар Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Курс давомида биологик хавфсизликни таъминлаш фақат зарарланган ҳужжатларни тиклаш билан чекланмаслиги, энг аввало профилактик чораларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шу сабабли кутубхоналарда фонд сақланаётган хоналарнинг ҳарорат ва намлик кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиш, санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳамда биологик мониторингни йўлга қўйиш зарур.
Амалий машғулотларда ўрганган усуллар шуни кўрсатдики, ҳаво муҳитининг микробиологик ҳолатини даврий текшириб бориш фондларни сақлаш сифатини оширишга хизмат қилади. Албатта, барча кутубхоналарда махсус лабораториялар мавжуд эмас. Бироқ мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, сақлаш хоналарини мунтазам назорат қилиш, биологик зарарланиш аломатларини эрта аниқлаш ва зарур ҳолларда мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш орқали ҳам самарали натижаларга эришиш мумкин.
Мазкур халқаро тажриба биз учун яна бир муҳим жиҳатни кўрсатди. Кутубхона фондларини сақлаш фақат консерватор ёки реставраторларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир кутубхона мутахассисининг кундалик фаолиятида эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишдир. Фондларнинг ҳолатини доимий кузатиш, сақлаш шароитларини яхшилаш ва ходимларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш биологик хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Олинган билим ва амалий тажрибаларни Сурхондарё вилоят ахборот-кутубхона маркази фаолиятида ҳам босқичма-босқич қўллаш режалаштирилмоқда. Хусусан, фондларни сақлаш шароитларини мунтазам таҳлил қилиш, биологик хавфсизлик бўйича ходимларнинг билимини ошириш ҳамда халқаро тажрибаларни ўрганиш орқали фондларни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш мумкин. Бу эса ноёб ва қимматли ҳужжатларнинг узоқ муддат сақланишини таъминлаш билан бирга, келажак авлодларга бутун ҳолда етказишга хизмат қилади.
Кутубхона фондларини сақлашда биологик хавфсизликни таъминлаш маданий меросни асрашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Россия Давлат кутубхонасида ташкил этилган малака ошириш курси доирасида биологик мониторинг, ҳужжатларнинг ҳолатини экспертиза қилиш, лаборатория таҳлиллари ҳамда замонавий консервация усуллари бўйича назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғун ҳолда ўрганилди. Бу эса кутубхона фондларини илмий асосда сақлаш бўйича касбий билим ва кўникмаларимизни сезиларли даражада бойитди.

Курс давомида лаборатория машғулотларида бевосита иштирок этиш, ПУ-1Б распиратори ёрдамида ҳаво намуналарини олиш, микроорганизмларни микроскоп остида кузатиш, реставрация ва китоб тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш ҳамда Россия Давлат кутубхонасининг фондларига экскурсия қилиш биз учун қимматли амалий тажриба бўлди. Айниқса, кутубхона фондларини сақлашнинг ҳар бир босқичи замонавий технологиялар ва илмий ёндашув асосида ташкил этилгани катта таассурот қолдирди.
Мазкур халқаро малака ошириш курсида олинган билим ва тажрибалар Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларида фондларни сақлаш сифатини янада такомиллаштириш, биологик хавфсизлик бўйича замонавий ёндашувларни босқичма-босқич жорий этиш ҳамда мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий амалиёт билан уйғунлаштириш кутубхоналаримизда ноёб ва қимматли ҳужжатларни келажак авлодларга бутун ҳолда етказиш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Зеро, ҳар бир асраб қолинган ҳужжат – халқимизнинг илмий, тарихий ва маданий хотирасини ўзида мужассам этган бебаҳо манбадир. Уларни ишончли сақлаш ва келажак авлодларга бутун ҳолда етказиш эса ахборот-кутубхона муассасаларининг муҳим вазифаларидан биридир. Шу боис фондларни биологик хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган замонавий ёндашувларни изчил жорий этиш нафақат ҳужжатларнинг узоқ муддат сақланишини, балки миллий маданий меросимизнинг узлуксиз авлодларга етиб боришини таъминлайди. Бу эса бугунги кунда фондларни сақлашга масъул ҳар бир мутахассисдан юқори даражадаги билим, эътибор ва касбий масъулиятни талаб этади. Фондларни асрашга қаратилган ҳар бир профилактик чора келажак учун сақланаётган бебаҳо манбаларнинг ишончли ҳимоясига қўшилган муҳим ҳиссадир.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Мироненко М. А., Добрусина С. А. Консервация и реставрация библиотечных фондов. – Москва : Пашков дом, 2018. – 312 с.
2. Добрусина С. А. Биологическая безопасность документов в процессе хранения : учебно-методическое пособие. – Москва : Российская государственная биб-
лиотека, 2023. – 156 с.
3. Федеральный закон Российской Федерации от 29.12.1994 № 78-ФЗ «О библиотечном деле».
4. ГОСТ Р 7.0.103–2018. Библиотечно-информационное обслуживание. Термины и определения. – Москва : Стандартинформ, 2018.
5. ГОСТ Р 7.0.100–2018. Библиографическая запись. Библиографическое описание. Общие требования и правила составления. – Москва : Стандартинформ, 2018.
6. IFLA. IFLA Principles for the Care and Handling of Library Material. – Hague : International Federation of Library Associations and Institutions, 2010.
7. IFLA. Preservation and Conservation (PAC) Programme. – Hague : IFLA.
8. Российская государственная биб-
лиотека. Материалы программы повышения квалификации «Экспертиза сос-
тояния, стабилизация и биологическая безопасность документов в процессе хранения». – Москва : РГБ, 2026.
9. O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 7-iyundagi **PQ–4354-son «Aholiga axborot-kutubxona xizmati ko‘rsatishni yanada takomillashtirish to‘g‘risida»**gi qarori.
10. O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 15-yanvardagi **PQ–9-son «2026–2030-yillarda aholining kitobxonlik madaniyatini rivojlantirish va qo‘llab-quvvatlash milliy dasturini tasdiqlash to‘g‘risida»**gi qarori.
