Мен китобхон оилада катта бўлганман. Албатта, бу келажагимга, ижодимга катта таъсир ўтказган. Отам санъаткор бўлишлари билан бирга, китобни севадиган, уни эъзозлайдиган, зиёли инсонларга меҳр қўйган одам эди. У киши бизга ўзининг қийинчиликка тўла, оғир йилларда кечган кунлари ҳақида гапириб берар, биз эса бир қизиқ китоб ўқиётгандай тинглардик. Отамнинг ҳаётидан, кўрган кунларидан сабоқ чиқаришга, онам айтган ўгитларни бажаришга ҳаракат қилардик.
Отам – Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров китобсевар, кўплаб машаққатларни бошидан ўтказган одам эди. Ўша пайтларда отам халқимизнинг нодир китоблари, фольклор анъаналари билан атрофлича танишишган эдилар.
Менда ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари катта таассурот қолдирган. Ундаги миллий, ўзбекона ифодалар, меҳр-муҳаббат, гўзалликка йўғрилган муносабатлар қалбимда ширин туйғулар барқ уришига сабабчи бўлган. «Ўткан кунлар» романидан чин севишни, муҳаббат учун курашишни, унинг қадрига етишни, ватанни севишни ўрганганман, мард ва жасур инсон доим ҳақ бўлишини англаганман.
Бирор нарсадан кўнглим бузилса ёки жуда севинсам, қўлимга китоб оламан. Китоб билан сирлашаман. Шунинг учун китобларда бир наво ҳис қиламан. Кутубхонани эса бир мусиқий симфония деб биламан. Бетакрор, қайтарилмас, соғинчли симфониядир кутубхона!
Ботир акамнинг ўзи бир сирли олам эди... У кўп китоб ўқирди. Ўзбекча, русча асарларни берилиб, таъсирланиб мутолаа қиларди ва таассуротлари билан ўртоқлашарди. Унинг дўстлари орасида кўплаб шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, адабиётшунослар борлиги акамнинг самимий инсонлиги ва санъатига бўлган юксак интилиши натижаси бўлса керак. Мен доим акамга ҳавас қилганман. Умуман, оилада кимдир китоб ўқиса, ўша хонадонда тарбия топаётган бола ҳам китобга меҳр қўяди. Шунинг учун ота-онам, акаларим ортидан бориб мен ҳам кўп китоб ўқийдиган, шеърлар ёдлайдиган, ҳатто уларга ўзимча мусиқа басталаб, аста-секин қўшиқ куйлайдиган бўлганман.
Акам, Ботир Зокиров чинакам санъаткор, бетакрор овоз эгаси ва самимий инсон эди. Унинг санъатга бўлган эътиқодини сўз билан айтиш қийин. Мен акамдан кўп нарсани ўргандим. Лекин санъаткор юрагини унинг ўзидан бўлак тўлақонли тушуниладиган инсон бўлмаса керак. Мен акамнинг қўшиқлари бутун дунёга машҳур бўлишида унинг қалби, овози билан бирга, китоблар орқали доим яшнаб турган юксак тафаккури ҳам сабаб бўлган деб биламан. Чунки ақлли, китоб ўқиган инсонгина янгилик қилишга, инсонларнинг ортидан эргаштиришга қодир бўлади. У тиним билмай ижод қиларди. Ўзини ўйламасди. Акам ҳақида ёзилган «Юрак бўронлари» китобини ўқиш орқали ҳам бунга амин бўламиз. Унда шундай жумлалар бор: «Саҳрога илк бора чиққан йўловчига ҳамиша қийин. Ё у азоб-уқубатлар билан йўл очади, ё ҳудудсиз саҳро қўйнида номнишонсиз йитиб кетади. Ботир Зокиров ҳам 60 йилларда бечора йўловчининг аҳволига тушиб қолди. Бир томондан санъатдан йироқ кимсалар ғашига тегса, иккинчи томондан ўпка хасталиги ҳадеганда хуруж қилавериб унинг тинкамадорини қуритарди. Лекин у касалга таслим бўлишни истамади. Ажал билан олишгандек касаллик билан олишаверди. Шу боис гоҳ Москва касалхоналарида, гоҳ Қрим санаторияларида тез-тез ётиб даволанишга мажбур эди. Даволаниш баъзан ойлаб, йиллаб чўзиларди. Бундай пайтларда у кўпроқ картиналар чизиш билан машғул бўларди. Унинг ўша даврларда чизган «Москва манзаралари», «Қрим манзаралари» деб номланган туркум асарларини кўрсангиз, ҳаётга ташна қалбнинг бетакрор рангларидан завқланасиз. Ботир Зокиров қўшиқда сўз, оҳанг танлаганидек, картинада оҳори тўкилмаган рангларни танларди. Хасталик азобини тортиб юрган кезларида чизган турли картиналарида кўпроқ қора бўёқ ажралиб туради. Лекин у қора бўёқни тушкунлик аломати эмас, балки ҳаётга муҳаббат тарзида талқин этади. Масалан, бир картинасида қалин дарахтзор оралаб кетаётган кишини тасвирлайди. Дарахтлар қора, одам қора. Лекин олисда яшил, қизғиш ранглар қоришмаси кўзга ташланади. Ўша ёруғ ранглар қора одамни ўзига чорлаяпти…
У Кремл касалхонасида ётганида ўша пайтда Москвада яшаган таниқли ўзбек композитори Икром Акбаров билан яқиндан танишди. Бу танишув Ботир Зокиров ижодида ўзига хос ёрқин саҳифалар очди. Бу саҳифалардан икки санъаткорнинг ўзбек эстрадасига асос солган ўлмас миллий қўшиқлари абадий ўрин олди». Ҳа, кўряпсизми, ҳақиқий санъаткор ҳар қандай пайтда санъат учун ёниб яшайди, охирги кучини ҳам, охирги сўзини ҳам, охирги меҳрини ҳам санъатга бағишлайди. Акамнинг кундалигида у бетоб ётган ва барчамизга азобли бўлган кунлар қуйидагича акс этган: «Операциядан кейинги тўртинчи кун. Яхши ва ёмон. Ёмон ва яхши. Ширин ва аччиқ. Азоб ва ёқимли… Доимо хонам тўла дўстлар. Яхши! «Албатта, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, албатта!» дея билдирилаётган самимий тилаклар. Асло тоқат қилиб бўлмайдиган оғриқлар хуруж қилганда эса, илк бор саҳнага чиққан кунни хотирлаш кўнгилга таскин-тасалли беради».
Мен қаерга бормай китоб сотиб олишга, ўзимнинг шахсий китобларимни бойитишга ҳаракат қиламан. Уларнинг сеҳри мени доим ўзига чорлаб туради. Шунинг натижасида уйимизда катта кутубхона ҳам барпо бўляпти. Мен бундан бахтиёрман.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси... Мен бу ерга қачон келмай кўнглим ёришиб, қалбим қувнаб кетади. Китоблар менга бир олам, ҳар ўқилмаган китоб эса сирли бир куйдай туюлади. Мен Миллий кутубхонада ўтказилган кўплаб маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиб келмоқдаман. Бу ерда ёшлар билан учрашиб, уларга оз бўлсада, ўз тажрибамизда ўтказган хулосаларимизни, фикрларимизни айта олган бўлсам, мен бундан бахтиёрман. Чунки келажак китоб ўқийдиган ёшлар қўлида!
Кутубхоналар мен учун юқорида айтганимдай, сирли симфониялар, ҳали ҳеч ким тингламаган наволар, ниятим бу симфониялар доим юртимиз қалбида янграйверсин.
Жавлон Жовлиев тайёрлади
