Annotation: This article deals with the problems of copyright protection in library activities. The author analyzed the norms of the current legislation of the Republic of Uzbekistan, as well as the legislation of foreign countries in this direction and issues of law enforcement. Practical recommendations for the protection of copyright in library activities have been developed. In addition, the article describes the conditions for using library activities for persons with disabilities, and also analyzes the essence and content of national and foreign legislation regarding unhindered access to books.
Key words: copyright, library, technical means, World Intellectual Property Organization, legal protection, free access, information and library center.
Аннотация: В данной статье рассматриваются проблемы охраны авторских прав в библиотечной деятельности. Автором проанализированы нормы действующего законодательства Республики Узбекистан, а также законодательство зарубежных стран в данном направлении и вопросы правоприменения. Разработаны практические рекомендации по охране авторских прав в библиотечной деятельности. Кроме того, в статье описаны условия использования библиотечной деятельностью для лиц с ограниченными возможностями, также проанализированы сущность и содержание национального и зарубежного законодательства касательно беспрепятственного доступ к книгам.
Ключевые слова. авторский права, библиотека, техническая средства, Всемирная организация интеллектуальной собственности, правовой защита, свободный доступ, информационно-библиотечный центр.
Аннотация: Мақолада кутубхона фаолиятида муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш муаммолари, Ўзбекистон ҳамда хорижий мамлакатлар қонунчилигида бу йўналишдаги нормалар ва уларнинг амалий ифодаси, кутубхоналар фаолиятида муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар ҳақида сўз боради. Шунингдек, имконияти чекланган шахслар учун кутубхона фаолиятидан фойдаланиш шароитлари, китоблардан эркин фойдаланишга доир миллий ва хорижий қонун ҳужжатларининг мазмуни ҳақида баён этилган.
Калит сўзлар: муаллифлик ҳуқуқи, кутубхона, техник восита, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, ҳуқуқий ҳимоя, эркин фойдаланиш, ахборот-кутубхона маркази.
Интернет ва телекоммуникация тармоқларининг кенг тараққий этиши турли техник воситалар ёрдамида муаллифлик ҳуқуқи объектлари муҳофазасини таъминлаш йўналишдаги амалиётни такомиллаштиришни талаб этмоқда. Зеро, муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган мусиқий ва кино асарлар, фонограммалар, дастурий таъминот маҳсулотлари мамлакатлар ялпи ички маҳсулотида катта кўрсаткичга эга. Масалан, 2009 йилдан 2018 йилга қадар Туркияда муаллифлик ҳуқуқи объектларини улуши ЯИМда 2,61 %дан 2,88 %га қадар бўлган [1]. Ушбу кўрсаткич муаллифлик ҳуқуқи йўналиши ижтимоий соҳа, хусусан соғлиқни сақлаш йўналишларидан кўпроқ эканлигини кўрсатади. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти тадқиқотларига кўра, муаллифлик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган маданий-ижодий соҳа иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатлар иқтисодиётига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасида миллий маданий меросни асраш ва ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва халқаро бозорларни тижорат жиҳатидан эгаллашни воситаси бўлишлиги алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, рақамли муҳит шароитида асарларни ҳуқуқий муҳофазаси янада долзарб аҳамият касб этади.
Муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги энг асосий халқаро ҳужжат бўлган «Адабий ва бадиий асарларнинг муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенцияси» қуйидаги иккита тамойил асосида аъзо мамлакатларга муаллифлик ҳуқуқини тартибга солиш бўйича тавсиялар беради.
Биринчидан, «миллий режим», яъни ушбу конвенцияга аъзо бўлган давлат ҳар бир асар учун конвенцияга аъзо бўлган давлатлар учун бир хилдаги муҳофазани таъминлаш;
Иккинчидан, автоматик муҳофаза, яъни асар рўйхатдан ўтказилиш ёки ўтказилмаслигидан қатьи назар муҳофаза қилинади. Маълумки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, муаллифлик ҳуқуқи объектлари яратилиш факти бўйича муҳофаза қилинади ва асарларни рўйхатдан ўтказиш зарурати мавжуд эмас.
Айнан асарларни рўйхатдан ўтказилмаслиги ҳам уларни ноқонуний фойдаланишини чеклаш бўйича чораларни кўришда муаммоларни келтириб чиқаради. Хусусан, кутубхоналарда китоблардан фойдаланиш бўйича муаллифлик ҳуқуқи муҳофазаси нуқтаи назаридан ўқувчиларга қулайлик (шароит) масаласи доимий муаммоли масалалардан. Айниқса, бу масала Интернет ва телекоммуникация тармоқларининг янада ривожланиши фонида жиддий тус олади. Шу сабабдан ҳам бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқи бўйича мутахассислар ва кутубхона ходимлари олдида китоблардан бепул ҳамда эркин асосда фойдаланишни муаллифлик ҳуқуқи қоидалари асосида тартибга солиш масаласи турибди. Айниқса бу жараён «электрон кутубхона» яратилиши ва рақамли контентларнинг ривожланиши билан янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Янги ахборот технологияларининг кенг тарқалганлиги, ахборотни юқори тезликда узатилиши ва унинг манбаларига кириш имкониятининг осонлиги адабиёт ва санъат асарларини «муддатидан олдин» ижтимоий мулк сифатида қабул қилинишига олиб келди, аслида эса Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунига кўра, ҳар бир асар муаллифи ёки ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас (такрорлаш, тарқатиш, импорт қилиш, ижарага бериш, эфирга узатиш ёки кабел орқали юбориш, таржима қилиш, ва ҳ.к).
Эътиборлиси, муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгилари (асар ошкор қилинган йил, муаллиф (ҳуқуқ эгаси)нинг ФИШ, © белгиси) рақамли муҳитдаги электрон кўринишдаги асарларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Муаллифлик ҳуқуқига оид мамлакатимиз қонуннинг 63-моддасида асарлардан фойдаланишни рухсат этилмаган ҳаракатлар амалга оширилишининг олдини олувчи ёки уларни чекловчи техника воситаларга рухсат берилган. Шунингдек, унда муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси, ҳуқуқ эгаси билан бир қаторда айнан асарлардан фойдаланишни назорат қилувчи субъектлар ҳам шу каби техник ҳимоя қурилмаларидан фойдаланиши мумкинлигини кўришимиз мумкин. Демак, бу каби назорат қилувчи субъектлар қаторига кутубхоналарни ҳам киритиш мумкин. Кутубхоналар ҳам асарлардан ноқонуний фойдаланишни олдини олишга қаратилган ҳимоя воситаларидан фойдаланишлари мумкин.
Маълумки, кутубхоналар ҳар доим ўз фондларига кириш имкониятларини кенгайтиришга ва шу орқали ўқувчиларини кўпайтиришга интилишади. Ўз навбатида муаллифлар эса ўзларининг асарларидан фойдаланилганлик учун қўшимча тўловлар (гонорар) олишдан манфаатдор бўлишади. Кутубхона бир томондан илм-фанни ривожлантириш нуқтаи назаридан жамият манфаатлари учун ҳаракат қилиши, аҳолини зарур ахборот билан қондириши керак бўлса, иккинчи томондан эса, муаллифларнинг муаллифлик ҳуқуқини таъминлаш бўйича ўз «вазифалари»ни бажаришлари керак.
Албатта, барча давлатларда кутубхона фойдаланувчиларига кутубхона фондидаги мавжуд барча ёзма ва электрон манбалардан фойдаланиш имконияти етарли даражадаги истиснолар билан беради. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни 26-моддасига кўра, ўқувчилар муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз кутубхона фондидаги китоблардан вақтинчалик фақатгина кутубхона ўқув залида фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган асарларнинг нусхаларини ахборот-кутубхона муассасалари томонидан вақтинчалик фойдаланишга муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда беришга йўл қўйилади [2].
Муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчиликка кўра, даромад олишни кўзламаган ҳолда, муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда, лекин асаридан фойдаланилаётган муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган тарзда:
– ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар ва идоравий архивлар томонидан – асарнинг йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган нусхаларини тиклаш, алмаштириш учун, шунингдек ўз фондларидан бу асарларни бирон сабаб билан йўқотган бошқа ахборот-кутубхона муассасаларига, архивларга ва идоравий архивларга асарларнинг нусхаларини бериш учун чоп этилган асарни;
– ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар ва идоравий архивлар томонидан фуқароларнинг ўқув ва тадқиқот мақсадларидаги сўровлари бўйича, шунингдек таълим муассасалари томонидан аудитория машғулотлари учун тўпламларда, газеталар ва бошқа даврий нашрларда чоп этилган айрим мақолалар ва кичик ҳажмли асарларни, чоп этилган ёзма асарлардан (суратли ёки суратсиз) қисқа парчаларни бир нусхада репрографик такрорлаш (кўпайтириш)га йўл қўйилади.
Бундан ташқари, хорижий амалиёт ҳамда кутубхоналар фаолиятига оид тавсияларда кутубхона фондидаги ҳужжатлар, хусусан мақолалар, илмий-адабий ва бошқа турдаги асарлар, шунингдек электрон манбалардан нусха кўчириш бўйича рухсат бериш ваколати уларнинг ўзида бўлиб, бунга фақат қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
– ахборот ташувчи мосламалар (қаттиқ дисклар, флеш-портлар, CD-DVD дисклар в.б.,)га фақатгина илмий-ўқув фаолият учун етарли бўлган миқдорда бироқ манбанинг 1/3 қисмидан кўп бўлмаган тарзда нусха кўчириш;
– юқоридаги ахборот ташувчи мосламаларга кутубхона фондидаги китоблардан фақатгина кутубхона библиографи ёки ўқув зали кутубхоначисининг компьютеридан нусха кўчириш;
– китоблардан тўлиқ тартибда нусха кўчириш фақатгина алоҳида ҳолларда, яъни муаллиф (ҳуқуқ эгаси)нинг рухсати билангина йўл қўйилади.
Юқоридаги ҳолатларга қўшимча равишда турли давлатларда турлича қоидалар ишлаб чиқилган. Масалан, АҚШда илмий тадқиқот билан шуғулланаётган «доимий мижозлар (фойдаланувчилар)», архивчилар ҳамда музейлар ва галереяларда ишловчи мутахассислар учун истиснолар назарда тутилган. Бироқ, бу каби қоидалар асосида ишловчи кутубхоналар ҳамма учун очиқ (оммавий) бўлишлиги ҳамда таълим муассасасига тегишли бўлишлиги талаб этилади. Эътиборлиси, доимий асосдаги фойдаланувчилар тегишли декларацияни тўлдириб беришлари лозим саналади [3].
Шу билан бирга, кутубхона фондидаги китоблардан қуйидаги ҳоллардагина эркин тарзда нусха кўчириш мумкин:

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш керакки, кутубхона фаолиятининг тўғри тартибга солиниши бугунги кунда муаллифлик ҳуқуқи нормаларига риоя этиш билан боғлиқ ҳисобланади. Афсуски, мамлакатимизнинг «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонунида муаллифлик ҳуқуқига доир нормалар мавжуд эмас. Қонуннинг ахборот-кутубхона фонди ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қисмида ҳам муаллифлик ҳуқуқи нормаларига риоя этиш бўйича бирон-бир меъёр белгиланмаган [4].
Юқорида таъкидланганидек, китоблардан фойдаланишга имкониятнинг кенглиги илм-фанни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ҳар бир инсон худди озиқ-овқат каби китобга ҳам муҳтожлик сезади. Буни албатта тўлдириш, инсоннинг мазкур ҳаётий эҳтиёжларини қондириш ҳам ҳар бир давлатнинг вазифаси ҳисобланади. Айниқса, фан-технология жадаллик билан ривожланаётган бугунги кунда ўқувчиларнинг замонавий китоб ва маълумотларга бўлган талаблари ошиб бормоқда, бу кўп жиҳатдан моддий имкониятга ҳам боғлиқ саналади.
Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистонда имконияти чекланган шахсларга китоблардан фойдаланишга бўлган шароитларни яратиш бўйича муҳим ишларни амалга оширган. Хусусан, 2018 йил 18 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 739-сон қарори қабул қилинди. Албатта бу каби масала халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кўриб чиқилган бўлиб, бевосита Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг шафеълигида 2013 йил 27 июнда «Кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марракеш шартномаси» қабул қилинди [5]. Ушбу шартнома – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида шакллантирилган инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш тамойилларига асосланган, муаллифлик ҳуқуқи соҳасида инсон ҳуқуқларига аниқ-равшан қаратилган илк шартномадир. У китоблар ва бошқа босма асарлардаги босма маълумотларни идрок этиш имконияти чекланган шахсларнинг турли нашрлардан фойдаланиш доирасини кенгайтиришдаги муаммоларни ҳал этишда муаллифлик ҳуқуқи тизими муҳим аҳамият касб этишини тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги ПҚ–80-сон қарори билан мамлакатимиз ушбу халқаро ҳужжатга қўшилди. Айни пайтда 80 га яқин давлат, жумладан МДҲга аъзо мамлакатлардан Қирғизистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Тожикистон ушбу шартнома иштирокчиси ҳисобланади.
Ушбу халқаро шартноманинг афзаллик жиҳатлари қуйидагиларда кўринади:
– босма ахборотни идрок этишда жисмоний имкониятлари чекланган шахслар дуч келаётган муаммолардан хабардорлик даражасини ошириш;
– таълимнинг оммабоплик миқёсини кенгайтириш. Имконияти чекланган шахсларнинг муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва кенгайтириш, таълим олишда уларнинг босма ахборотларни тўлиқроқ идрок этишига шароит яратиш;
– имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий интеграциялашувини ҳамда маданий ҳаётдаги иштирокини янада чуқурлаштириш. Умумий билим ва ахборот манбааларидан тенг равишда фойдаланиш имконияти нафақат аҳолининг, мазкур қатламини ўқитиш, балки, бу қатламнинг ижтимоий интеграциялашуви ва маданий ҳаётдаги иштироки учун ҳам жуда аҳамиятлидир;
– камбағалликни камайтириш ва миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиш. Шахснинг профессионал жиҳатдан ривожланиши кўп жиҳатдан унинг таълим даражасига боғлиқ бўлади.
Таъкидлаш керакки, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни 26-моддасида асарлардан муаллифнинг исми-шарифини кўрсатган ҳолда эркин фойдаланишга доир бир қатор ҳолатлар санаб ўтилган. Айни ушбу таснифлар қаторида даромад олишни кўзламаган ҳолда кўзи ожизлар учун қабариқ нуқтали ҳарфлар ёки бошқа усуллар билан чоп этилган асарларни (хусусан, Брайл алифбоси асосида) такрорлаш, яъни нусха кўпайтиришга рухсат берилган.
Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг бевосита тижоратлашув жараёнларида, шунингдек амалиётда кенг фойдаланилиши натижасида эндиликда «муаллифлик ҳуқуқи бўйича мутахассис», «муаллифлик ҳуқуқи бўйича менеджер» каби лавозимлар қаторига «муаллифлик ҳуқуқи бўйича кутубхоначи» деган лавозимни ҳам қўшиш мумкин. Шу билан бирга, кутубхоначиларни ҳам айнан муаллифлик ҳуқуқи бўйича ҳуқуқий билимларини ҳам ошириш лозим. Хусусан, бу борада ҳам кўплаб мамлакатларда кутубхоначилар учун иш фаолиятида қўлланиладиган йўриқномалар ишлаб чиқилган. Бизнингча ҳам кутутбхоналарда фаолият кўрсатувчи мутахассислар қуйидаги асосий қоидаларни билиши лозим:

Умуман олганда, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар муҳофазасини таъминлаш бўйича аниқ ўйланган ва мустаҳкам давлат сиёсатини ишлаб чиқиш талаб этилади [6].
Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш бўйича тажрибаси, ҳамда бугунги кунда телекоммуникация тармоғи орқали содир этилаётган муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳолатлари кенг учраётганлиги, бу йўналишдаги амалдаги жиноят қонунчилигимизда назарда тутилган нормаларни қайтадан кўриб чиқиш ва уни жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, мувофиқлаштириш талаб этилади. Хусусан, Жиноят кодексида муаллифликнинг ўзлаштирилгани учун ҳамда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг бузилганлиги учун алоҳида моддаларни киритиш лозим. [7].
Юқоридагиларга кўра, кутубхона фаолиятида муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш нафақат биз учун балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам долзарб аҳамият касб этади. Амалиётда бу йўналишда бугунги кунда жуда кўплаб муаммоларга дуч келишимиз мумкин. Фикримизча, биринчи навбатда кутубхонадаги асарларга нисбатан техник ҳимоя воситаларини таъминлаш муҳим саналади. Шунга кўра, нафақат кутутбхона фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган органлар, балки бошқа хорижий мамлакатлар «кутубхоначилари» олдида муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчиликни амалий жиҳатдан такомиллаштириш, хусусан ахборот ресурслари ва китобларга нисбатан ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчилигини такомиллаштириш вазифаси турибди.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Study on the Economic Contribution of Copyright Industries in Turkey. WIPO. June 2014. https://www.wipo.int/export/sites/www/copyright/en/performance/pdf/econ_contribution_cr_tr.pdf
2. Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни. Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.08.2021 й., 03/21/709/0808-сон. https://lex.uz/acts/1022944
3. https://www.copyrightuser.org/educate/intermediaries/libraries/
4. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги қонуни. Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон. https://lex.uz/docs/1769736
5. Марракешский договор об облегчении доступа слепых и лиц с нарушениями зрения или иными ограниченными способностями воспринимать печатную информацию к опубликованным произведениям. https://www.wipo.int/treaties/ru/ip/marrakesh/index.html
6. Юлдашов А., Чориев М. Договорно-правовые отношения в области авторского права и ответственности за нарушение авторского права: национальный и зарубежный опыт //Общество и инновации. – 2020. – Т. 1. – №. 1/s. – С. 511-522.
7. Юлдашов А. Интеллектуал мулк бўйича миллий стратегияларнинг аҳамияти ва бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг бу борада тутган ўрни //юрист ахборотномаси. – 2020. – Т. 1. – №. 2. – С. 53-59.\
