Данная статья информирует об истории основания и деятельности информационно-библиотечного центра Андижанской области имени Бабура. Автор уделяеть особое внимание истории возникновения и деятельности сектора «Рукописи и уникальные книги». Рукописи и уникальные издания являются ценным фондом для каждого информационно-библиотечного учреждения.
Глобал тараққиёт, ахборот асри инсонлардан тезкор фикрлашни, янги маълумотларни тез ўзлаштиришни талаб қилади. Давр ўзгаришлари замонга мос равишда иш юритишни тақозо этади. Дунё миқёсидаги умумий тараққиётга мослашиш, жаҳон афкор оммаси билан ҳамоҳанг фикр юритиш – давр талаби. Шунинг баробарида, ҳар бир халқнинг ўзлигини сақлаб қолиш, миллий қадриятларини эъзозлаш, қадрлаш маънавий эҳтиёжга айланмоқда.
Миллий қадриятлар, маданий қарашлардаги эзгу фикрлар бугунги кун учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Миллий қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар, инсон тафаккури, руҳияти, дунёқараши билан боғлиқ қайдлар мумтоз адабий манбаларда ўз ифодасини топган. Ана шу мумтоз маънавий меросни, тарихий-бадиий манбалардаги муайян тажриба асосида юзага келган фикрларни ўрганиш, бугунги кунга татбиқ этиш ҳозирги маданий-маърифий ишларимизнинг бош мақсадидир.

Ноёб адабиётлар ҳар қандай ахборот-ку-тубхона муассасаларининг фахри, ғурури ҳисобланади. Бобур номидаги вилоят ахбо-рот-кутубхона маркази фаолияти тарихида ҳам ноёб адабиётларни йиғиш ва сақлаш бўйича олиб борилган ишлар кутубхона тарихи ва бугунги кунининг муҳим саҳифаларидан биридир. 1907 йилда ташкил этилиб 387 нусха китоб жамғармаси билан иш бошлаган кутубхонанинг нашрлар сони 1917 йилда 6221 нусхани ташкил этди. Кутубхонанинг илк китоб жамғармаси XIX асрда ва XX асрнинг бошларида чоп этилган китоблар, энциклопедиялар, атлас ва альбомларнинг катта қисми бугунги кунда ҳам кутубхона ноёб адабиётлар фондининг асосини ташкил этади. Гётенинг 1889 йил Санкт-Петербургда нашр этилган «Фауст» асари, (инвентарь рақами 3636), Москвада 1910 йилда чоп этилган В. В. Стратоневнинг «Солнце. Астрономическое. Популярное» (инвентарь рақами 7988), 1905 йили Санкт-Петербургда нашр этилган «Большой всемирный настольный атлас», (инвентарь рақами 3644), 1897 йили чоп этилган М. А. Мензбирнинг «Из жизни зверей и птиц» асарлари шулар жумласидандир.
1970 йилларда аҳолидан шарқ қўлёзма ва тошбосма асарларини сотиб олиш учун маблағ ажратилди. Бу ҳақда матбуотда эълон қилиниб, нодир китобларни танлаб олиш учун адабиётшунос мутахассислардан иборат бир гуруҳ зиёлилардан иборат махсус комиссия тузилди ва вилоят кутубхонасида иш бошлади. Тез фурсатда аҳоли қўлидан анчагина китоб сотиб олинди. Жумладан, уларнинг орасида 1910 йилларда ўзбек ва форс тилларида Тошкентда чоп этилган «Жизий девони» алоҳида қимматга эга нашр ҳисобланади. Шунингдек, Жомийнинг «Мулла Жомий» номли тўпламининг 1893 йилда Тошкентда босилган нусхаси, Андижонда 1837 йили қўлда кўчирилган «Тарихи олам ва илму фан» тўплами, Шайх Саъдийнинг 1900 йили Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрида босилган «Гулистон» асари ва ўша ерда 1892 йилда босилган Мирзо Бедилнинг «Куллиёти Бедил» китоби, Алишер Навоийнинг ўзбек тилида 1905 йили Тошкентда босилган «Хамса»си , 1907 йили Бухорода босилган «Маҳбуб-ул қулуб» достони ҳам сотиб олинди.
Шу тарзда сотиб олинган китоблар ҳисоби вилоят кутубхонасига олиниб, тартиб берилиб, махсус «Қўлёзмалар фонди» ташкил қилинди. Бобур номидаги вилоят кутубхонасида 610 нусхадаги китоб фондига эга бўлган «Қўлёзма ва нодир китоблар» шўъбаси ташкил этилиб, собиқ кутубхоначи, шарқ тиллари билимдони бўлган Мақсудов Вали Мақсудович ушбу шўъбага мудир қилиб тайинланди. «Маориф ишлари билимдони» унвони соҳиби бўлган Вали Мақсудов кутубхоначилик иш фаолиятини 1917 йилда Андижон шаҳар халқ таълими қошидаги кутубхонада бўлим мудирлигидан бошлаган ва кейинги йилларда «Матбаачи», «Қизил қуёш», «Ёшлар саҳифаси», «Қизил йўл» газеталарига муҳаррирлик қилган. Вилоятнинг ҳозирги «Андижоннома» газетасининг ҳам биринчи муҳаррири эди.
Устоз 1968 – 1981 йилларда «Қўлёзма ва нодир китоблар» шўъбага етакчилик қилди. Бу йиллар давомида шўъбада ўзбек мумтоз адабиёти ва тарихига оид, жумладан, «Чор китоб», «Қофиё», «Тавсири Таборак» каби нодир адабиётлар тўпланди. Шўъба жамғармаси Абу Наср Фаробий, Замахшарий каби шарқнинг машҳур олимлари дурдоналари билан бойитилди. Ўзбек ва араб ёзувларининг чуқур билимдони бўлган Вали Мақсудович араб ёзувидаги нодир китобларни қайта ишлаш бўйича доимий иш олиб борди.
Ўша пайтларда нодир китоблар фондидаги барча адабиётларнинг мазмунини ёритувчи изоҳлар ёзилди. Шу билан бирга, асарлар ҳақида чиққан газета ва журнал мақолалари ҳам тўпланиб борилди. Нодир адабиётлар фондида тўпланган барча қўлёзма ва босма асарларнинг мукаммал библиографияси тузилди. Ўтган асрнинг 70 йилларида бошланган бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.
Бугунги кунга келиб марказда ноёб адабиётларнинг электрон нусхаларини яратиш ишлари бошланди. Ҳозирда 387 номдаги ноёб адабиётларнинг электрон нусхалари яратилиб, фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Шу билан биргаликда, олинган тажрибаларга таянган ҳолда, аҳолида мавжуд бўлган араб, форс, тожик ва бошқа тиллардаги ноёб адабиётларни йиғиш ва уларни консервация ва реставрация қилиш бўйича бир қатор муҳим ишлар йўлга қўйилди. Ҳозирда аҳолидан йиғилган 28 номдаги эски ноёб қўлёзма ва тош босма адабиётлар нодир адабиётлар фондидан жой эгаллади. Ундан ташқари «АКМда нодир ва алоҳида қимматли нашрларни эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш» бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тузилди. Режага асосан жамғармадаги мавжуд ноёб ва алоҳида қимматли нашрларни чуқур ўрганиш, саралаш ҳамда алоҳида жойларда белгиланган меъёрлар асосида сақлаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Бугунги кунда марказ мутахассислари томонидан халқимизнинг маданий-тарихий меросига оид ноёб нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан ахборот-ресурс маркази фондини янада бойитиш мақсадида вилоятимизнинг ўлкашунослик музейи, адабиёт ва санъат музейи хазинасидан ўрин олган ноёб нашрлар фонди ўрганилмоқда. Бу нашрлар юртимизнинг бебаҳо хазиналаридан биридир. Уларнинг ҳам келажакда электрон нусхаларини яратиш ва кенг халқ оммасига тақдим этиш олдимизга қўйилган муҳим вазифаларимиздан биридир.
