Маълумки, ҳар бир замонда инсоният китобга интилиб яшаган, кутубхоналар, қайси кўринишда бўлмасин, доимо маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб хизмат қилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келган. Бугунги кунга келиб кутубхоналар ҳар бир инсонга тенг равишда фойдаланиш имкониятини тақдим этувчи маълумотлар омборига айланган.
Фарғона вилоятида шу кунга қадар вилоят ҳамда 18 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий фонди 1.240.673 нусхадан иборат.

Шундан 1.108.291 - китоблар, 13.635 – журналлар, 4.687 - газеталар, 114.060 - электрон ресурслар ҳисобланади.
Ўзбек тилида нашрлар – 674.183, рус тилида – 550.240, бошқа тилларда – 16.250 нусхани ташкил этади.
Йўналишлар бўйича адабиётлар: ижтимоий-сиёсий -122.217, турли фанларга оид – 442.221, бадиий – 676.235 та.
Туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг фонди 887.288 нашрдан иборат бўлиб, 498.179 таси фойдаланувчилар учун очиқ тақдим этилади.
Кўриб турганимиздек, янги ташкил этилган туман ва шаҳар АКМларининг асосий фонди эски адабиётлардан иборат. Бу ҳолат вилоятдаги барча АКМларда кузатилади. Шу боисдан ҳам янги нашрлар билан бойитиб бориш йўлида ҳаракат қилинмоқда.
Аммо, сир эмаски, китоблар нархи йилдан йилга ўсиб бормоқда. 5 йил илгари 10 минг сўмга нашр этилган китобни бугун ўша нархда сотиб олишнинг иложи йўқ. Буни биргина Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази учун даврий нашрлар обунасига ажратилган маблағда ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, 2012 йилда даврий нашрлар обунаси учун 12 миллион 554 минг сўм ажратилган бўлса, орадан 6 йил ўтиб бу маблағ 8 миллион 150 минг сўмни ташкил этди... Нашрлавр мисолида айтадиган бўлсак, «Халқ сўзи» газетасининг бир йиллик обуна нархи 2012 йилда 109 минг сўмни ташкил этган, 2020 йил учун – 478.320 минг сўмга етди, яъни саккиз йил давомида битта газетанинг йиллик нархи 4,3 баравардан ортиғи билан ошган. Обунага ажратилган маблағ эса ўсиш ўрнига камайиб кетгани натижасида китобхонлар талаб қилган газета ва журналларга обуна бўлишнинг имконияти йўқ. Хатто маҳаллий матбуот нашрларига маблағ етарли бўлмагани сабабли ярим йиллик обуна ташкил этилмоқда. 2012 йилда хорижий матбуот нашрлари 5 номда 5 нусхада, маҳаллий матбуот нашрларига 114 номда 141 нусхада обуна ташкил этилган бўлса, 2020 йилда уч номдаги хорижий матбуотга 3 нусхада обуна бўлинди, Республика бўйича 58 номдаги газета ва журналларга 71 нусхада обуна ташкил этилган.
Албатта, бундай ҳолат ахборот-кутубхона марказлар фондларини ва китобхонлар сўровини қондиришда ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Шундай бўлсада, бугунги рақамлаштириш асрида муаммолар билан тўхталиб қолинмаётир. Фарғона вилояти аҳолисининг ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида АКМ фондлари электрон ресурслар билан кенгайтирилиб борилмоқда.
Жумладан, Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази электрон ресурслари 62.754 тани ташкил этади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давом этаётир. Фойдаланувчилар сўровлари бўйича интернетдан олинган электрон ресурслар ва АКМ фондидан кўп сўраладиган нашрларни рақамлаштириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Қолаверса, АКМлардаги китоб фондини тўлиқ рақамлаштириш борасида ҳам яхши натижаларга эришилмоқда. Шу кунгача 21.924 та китоб, журнал ва газеталар рақамлаштирилди (жадвал) .
Рақамлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари асосида аҳоли, айниқса ёшларга китобхонликни тарғиб қилишда нафақат анъанавий шаклда, балки ахборот технологияларини жалб қилган ҳолда ҳам хизмат кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда. Булар «Fergana bookland», «Электрон кутубхона» лойиҳасидир. «Fergana bookland»дан фойдаланувчилар ўз смартфони орқали кутубхонага келмасдан китобларнинг электрон нусхасини QR-код орқали бепул юклаб олиши мумкин. Бунинг учун QR-сканер штрих-код деб номланган дастур юклаб олинади. «Fergana bookland» QR-код электрон китоблар таблоси Фарғона вилояти тажрибаси сифатида Фарғона халқаро аэропорти, Марғилон темир йўл вокзали, олий ўқув юртлари ҳамда аҳоли гавжум бўлган вилоятнинг 20дан ортиқ бекатларида, ҳудудларда ҳар бир сектор қошида жойлашган маҳалла гузарлари, таълим муассасаларида 600га яқин «Электрон кутубхона» баннерлари ўрнатилди. Мазкур лойиҳа Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, бешта ташаббус бўйича Тошкент вилояти Бўка тумани намунасида ифодаланган.

Ҳар қандай билимнинг юраги, барча фанларнинг ибтидоси, инсоният яратган энг буюк мўъжиза – бу китобдир. Китоб инсонни бахт ва порлоқ келажак сари олға боришга чорлайдиган, эзгуликка ундайдиган содиқ дўстдир. Китоб инсон ақл-заковатининг маҳсули, бебаҳо хазинадир.
Ҳозирги кунда республикамизда китобга бўлган муносабат, китоб ўқишга бўлган талаб давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кўплаб фармону қарорлар бунинг исботидир. Шундай экан, биз китоб ўқишимиз ва китобхонликни тарғиб қилишимиз, китобхонларни кўпроқ кутубхонага жалб этишимиз кундалик вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Шуни ҳам ёдда тутмоғимиз даркорки, қадимдан Ўрта Осиё ҳудудидаги халқлар кутубхоналардан илм олувчи зиё маскани сифатида фойдаланиб келган, шу тариқа кўплаб жаҳонга машҳур олиму фузалолар етишиб чиққан.
