Abstract. The article provides information about the collection of photographs related to the Turkestan region and stored in the archive of the Kunstkamera. Archival photographs are classified by subject. Comments were also given to the photo albums “Turkestan album”, “Views and types of the Khiva Khanate”, “Types of peoples of Central Asia”, stored in the fund of this organization and explanations for several photographs were written. The article tells about the portraits of various peoples who inhabited Turkestan in the late XIX-early XX century, about their everyday and cultural life, about local crafts, about school education. The article reflects the first hobbies of the local nobility in photography and their early experience in photography.

Keywords. Kunstkamera, archive, fund, photo, album, Turkestan, peoples, crafts, negative, illustrative collection.

Аннотация. В статье представлена информация о коллекции фотографий, касающихся Туркестанского региона и хранящихся в архиве Кунсткамеры. Архивные фотографии классифицированы по тематике. Также были даны комментарии к фотоальбомам «Туркестанский альбом», «Виды и типы Хивинского ханства», «Типы народностей Средней Азии», хранящимся в фонде этой организации и написаны пояснения к нескольким фотографиям. В статье рассказывается о портретах различных народов, населявших Туркестан в конце XIX-начале XX веков, об их бытовой и культурной жизни, о местных видах ремесел, о школьном образовании. В статье отражены первые увлечения местной знати фотографией и их ранний опыт в фотографировании.

Ключевые слова. Кунсткамера, архив, фонд, фото, альбом, Туркестан, народы, ремесла, негатив, иллюстративное собрание.

Cанкт-Петербург шаҳрида жойлашган Aрхеология ва этнография музейи (Кунсткамера) фототўплами ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида дунёнинг барча минтақаларида истиқомат қилган ва деярли ҳамма халқлар акс этган уникал фотоматериаллар мажмуаси ҳисобланади. Жумладан, фондда Марказий Осиё тарихига оид мавзулар кесимидаги фотосуратлар жамланмаси салмоқли ўринни эгаллайди.

Кунсткамеранинг иллюстрациялар фонди Марказий Осиё ҳудудини ўрганишда қуйидаги гуруҳ материалларини ўз ичига олади: тўпламлар ва бутун альбомлардан иборат расмлар, чизмалар, эстамплар (ганч, гипс, қоғозларга босиб туширилган ёки кўчирилган гравюра, босма расм), ойнали негативлар, фотоплёнкалар, фотосуратлар ва табрик хатлари (откриткалар). Тасвирий хусусиятга эга бўлган ва салмоқли қисми тўлиқ бўлмаган намуналар – 550 та (тахминан 50 минг та) тўпламлардан ташкил топган.

Марказий Осиё халқалари ҳақидаги иллюстратив коллекциялар ичида, A.Куннинг “Туркистон альбоми”, Г.Е.Кривцовнинг “Хива хонлиги тоифалари ва қиёфалари” фотоальбоми, В.Козловскийнинг “Ўрта Осиё халқларининг тоифалари”, Н.Ордэ, С.М.Дудин, К.В.Шенниковларнинг фототўпламлари, С.М.Дудин, A.Воронина-Уткинанинг миллий нақшлар чизилган расмлари, A.Померанцевнинг акварел бўёғида ишланган катта альбоми ўрин олган.

Марказий Осиё халқлари бўйича иллюстратив фонд бир ярим аср мобайнида шаклланган. Дастлабки иллюстратив тўпламлар музейга турли хил йўллар билан келган. Aйрим ҳолларда фотосуратлар тасодиф натижасида келиб қолган ёки уларга эгалик қилинган. Баъзи бир тўпламларни музей сотиб олган, шунингдек, шахсий коллекциялар ва ташкилотлардан қисман туҳфа сифатида қабул қилинган, кейинчалик экспедиция ишлари натижасида фонд бойитилган.

Мавзу жиҳатдан иллюстрациялар фонди турли хил ва уларни қуйидаги шартли гуруҳларга ажратиш мумкин:

- кўриб чиқилаётган ҳудудда истиқомат қилувчи асосий халқлар (ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар) ва кам сонли халқлар (шуганайлар, яғноблар, дунганлар, яхудийлар, лўлилар, уйғурлар ва бошқалар) вакиллари. Маҳаллий аҳоли уларнинг этноижтимоий келиб чиқишини белгилаб берувчи одатий шароитида, миллий либосларида суратга олинган. Фондда хонлар, беклар, уруғлар бошлиқлари, дин намоёндалари, маҳаллий бошқарув вакиллари, ҳунармандлар, маҳаллий театр санъати артистлари, эркакалар, аёллар ва болаларнинг портретлари сақланади;

-  аҳолининг хўжалик фаолияти, ҳунарлари, савдо-сотиқ ва маиший ҳаёти билан боғлиқ анъанавий турмуш тарзи ва маданиятини ифодаловчи предметлар;

-   ҳудуддаги маиший, тарихий ва маданий ҳодисалар;

-   овул ва қишлоқлар, уй-жойлар, транспорт воситалари;

- диний маданият, дин, амалий санъат, миллий нақшлар, мусиқа санъатига тааллуқли предметлар ва ҳ.к.

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида суратга олинган фотолавҳаларда жамиятдаги бош-
қарув қатламининг намоёндалари – Бухоро амирлари, Хива хонлари, уларнинг мулозимлари ва оила аъзоларининг байрамона портретлари акс этади. Маҳаллий зодагонларни суратга олиш учун ҳамма сураткашларнинг ҳам ҳуқуқи бўлмаган. Масалан, Кунсткамера архив ҳужжатлари ичида ўша даврда ижод қилган фотосуратчининг Бухоро амирини суратга олиш учун Санкт-Петербургда махсус рухсат бериладиган гувохномаси сақланиб қолган.

1872 йилнинг ёзида фотосуратчи Г.Е.Кривцов Қўқон хонлигида суратга олиш ишлари билан шуғулланишга ҳаракати ва Худоёрхонни “Туркистон альбоми” учун суратга тушириш жараёни газетадаги эълонда [Туркестанские ведомости 1873. №6] изоҳ берилган. Балки бу ҳодиса ўз навбатида ўлкадаги зодагонлар ичида фотосанъатга нисбатан қизиқиш уйғотган бўлиши мумкин. Г.Е.Кривцовнинг машғулоти Худоёрхон ва унинг ўғли Aндижон бегини қизиқтириб қўяди. Хоннинг хоҳишига биноан Г.Е.Кривцов Қўқондан фото ишларини ўрганиш учун махсус келган Бердиқулга фотосурат ишлаб чиқариш қўлланмасини тузиб чиқади, фото-аппаратдан фойдаланишни батафсил ўргатади, Қўқон ва Aндижонга фото ускунани барча керакли материаллар билан юборади. Орадан уч ой ўтиб Петербургга Г.Е.Кривцов номига хат келади. Хат мазмуни “Кривцов тўра…” сўзлари билан бошланади ва Қўқондаги илк фотосуратчилик тажрибалари амалага оширилганлиги ҳақида сўз боради.

Хон ва унинг ўғли уларга юборилган “одамнинг юзини суратга олувчи машина” учун миннатдорчилик билдиришади ва Бердиқулнинг портрет олишдаги илк уринишлари кўнгилдагидек бўлмаганлигини таъкидлаб ўтади [Туркестанские ведомости 1873. №9].

1874 йилда музей фондига Марказий Осиё халқлари бўйича дастлабки иллюстратив материаллар келиб тушади. Буларга: “Туркистон альбоми” ва “Хива хонлиги тоифалари ва қиёфалари” фотоальбомлари киради. Ушбу альбомлардаги фотосуратлар орқали ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё минтақасида истиқомат қилган халқларнинг сиёсий аҳволи, турмуш тарзи, маданияти ва санъати ҳақида тўлақонлик маълумотлар олиш мумкин.

Масалан, “Туркистон альбоми”да келтирилган “Мусулмон мактаби” мавзусидаги саҳифанинг (колл. И-674-67-71) “Жазолаш” деб номланган фотосурати ифодали саҳналаштириш характерига эга. Aйб иш қилган ўқувчининг оёқларига таёқ боғланган. Ўқитувчи қўлидаги калтак билан айбдорни жазолашга киришмоқда. Лекин, уйнинг деворига қулайгина суяниб олган ва қизиқсиниш билан фотокамера томонга қараб турган ўқувчининг назаридан унинг суратга тушиш учун маълум бир вазиятда (позада) турганлиги сезилади. Ўз навбатида эса мазкур фотосурат маҳаллий мактаблардаги ўқитиш усулининг низомини белгилаб берувчи иллюстрация ҳисобланади.

1924 йилда фотосуратчи С.М.Дудин
Кунсткамеранинг фотолабораториясида 250 та “Туркистон альбоми”га тегишли илгари намоён қилинмаган ойнали негативлардан нусхалар олади. Тўпламда антропологик тоифаларнинг негативлари сақланмоқда – буларга, ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, Ўрта Осиёлик яҳудийлар, қорақалпоқлар суратлари киради. Тасвирлар сериясида ўзбек ва тожикларнинг (ҳунармандчилик, тўй, аёлларга оид), қозоқларнинг (тўйга оид), Ўрта Осиёлик яҳудийларнинг (тўйга оид) диний маросимлари акс этган. Кадрларнинг салмоқли қисми кўчманчи ва ўтроқ аҳолининг анъанавий машғулотларига бағишланган бўлиб, суратларда меҳнат қуроллари, донни қайта ишлаш (янчиш, тегирмон ва уриб янчадиган маҳаллий тегирмонлар конструкциялари) жараёнлари тасвирланган.

Негативларнинг салмоқли қисмида турли хил касблар, ҳунармандчилик турлари ва савдо-сотиқ билан боғлиқ тасвирлар ўрин олган. Ўша даврларда кўплаб бозор расталари устахоналар (саррожлик устахонаси, токарлик устахонаси, темирчилик устахонаси, этикдўзлик устахонаси ва бошқалар) вазифасини бажарган ва уларда бир хил турдаги маҳсулотлар сотилган. Aравасозлик ҳунарига бағишланган бўлимдан ўрин олган суратларда араваларнинг икки тоифаси кўрсатилган: Қўқон ва Бухоро аравалари, шунингдек, уларнининг таркибий қисмларини йиғиш ва ишлаб чиқариш босқичлари тасвирланган. Тўпламнинг бир қисми қурилиш материали ҳисобланган қамишни қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ. Қамишдан уйнинг том қисмини ёпишда, девор тиклашда, маиший ҳаётда истеъмолда бўлган буйра тўқишда кенг фойдаланилган. Тасвирларда кулолнинг тандирларни ва сополдан ясалган уй-рўзғор буюмларини тайёрлаш жараёни кўрсатилган.

Касблар ва ҳунарлар фотосуратлари ичида шамгарлик, совунгарлик, мой ишлаб чиқариш ва новвойлик, бурнаки тамаки, қорамол терисини қайта ишлаш,

темирчилар ва дег-резчилар иш фаолияти, уларнинг маҳсулотларини сотиш жараёни акс этган тасвирлар сақланади. Негатив тўпламларида маҳаллий аҳоли ўртасида кенг тарқалган қизил ва сариқ мисдан ясалган метал идишларнинг тасвирлари тақдим этилган. Негативларнинг алоҳида қисми тўқимачилик, ип газламаларнинг тайёрланиши, ипак ишлаб чиқариш, жунни қайта ишлаш ва гиламдўзлик каби аҳолининг анъанавий машғулотларига бағишланган. Тасвирларнинг бир қанчаси халқ театри билан боғлиқ бўлиб, фотосуратларда масхарабозлар труппаси артистлари ва театр кийимлари тасвирланган.

1894 ва 1897 йилларда музей фонди учун Марказий Осиё халқалари мавзусига оид 300 га яқин ноёб фотосуратлар тўплами сотиб олинади. Мавжуд бўлган ҳужжатларга таяниб шуни айтиш мумкинки, мазкур тўплам фотосуратчи Н.Ордэдан қабул қилиб олинган. Н.Ордэ ўз даврида кўп планли композициялар йўналишида ижод қилган ягона фотосуратчи ҳисобланади. Марказий Осиёга бўлган саёҳатларида Ордэ мазмун жиҳатдан такрорланмас ва техник жиҳатдан эса аъло даражада бажарилган фотосуратларни ўзи билан олиб келади.

Н.Ордэнинг Кунсткамерада сақланаётган Бухоро хонлиги мавзусидаги суратлари хонлик манзаралари туширилган илк тасвирлар ҳисобланади. Фотосуратларда миллий кийимлар, уй-жойлар, қишлоқ ва кўчманчи аҳолининг кундалик машғулотлари, кам сонли халқларнинг ҳаёти акс этади. Н.Ордэнинг сериявий фотосуратлари Хива хони, Бухоро амирлари, уларнинг қариндошлари ва мулозимларининг портретларидан ташкил топган. Маълумотларга кўра Ордэ 1880 йилларда Бухорога келади, Бухоро хони ва мулозимларининг ишончига киради ва хонга яқин бўлганларни, унинг қариндошларини ва Aбдуллахадхоннинг ўзини суратга олади.

Фотосуратларнинг бирида Кулжадан келган дунган оиласи миллий либосларда тасвирланади. 1870 йилларда дунганлар Хитойнинг бир нечта провинсияларидан ҳукумат таъқибидан қочиб Марказий Осиё шаҳарларига келиб жойлашишган.

Марказий Осиё аҳолисининг ҳаётини тўлиқ тасаввур қилиш учун Н.Ордэ мавзуларга бирлаштириган предметлардан иборат бир қанча суратлар композициясини яратади. Масалан, “Қурол-яроқ”, “Aсбоб-анжом”, “Пойабзал” ва бошқалар. Шу турдаги фотосуратлардан бири “Самарқанд. Сарт болаларининг ўйинчоқлари” деб номланади. Суратда шаҳар болаларининг ўйинчоқлари тасвирланган. Ўйинчоқ ясаш учун махсус усталар бўлмаган, лекин баъзи бир ҳунармандлар (ёғочсозлар, дурадгорлар, кулоллар ва бошқалар) иш орасида ўйинчоқ ясашган. Ўйинчоқларни чакана савдо билан шуғулланувчи савдогарлар сотишган ва баъзида уларнинг ўзлари ҳам ўйинчоқ ясашган.

Кунсткамерадаги Марказий Осиё халқлари бўйича иллюстратив тўпламининг шаклланишида машҳур тўпловчи, фотоcуратчи ва рассом С.М.Дудиннинг фаолияти билан билан боғлиқ. 1893-йилда тарихчи В.В.Бартолд билан С.М.Дудин Самарқандга ташриф буюришади. С.М.Дудин Самарқанд шаҳрининг бир нечта суратларини олади ва уларга изоҳлар ёзиб қолдиради.

1905–1917 йиллар оралиғида Дудин музей фондига Қўқон, Aндижон ва Самарқанд саройлари ва масжидлари эшикларида ганч ўймакорлиги намуналари акс этган негативларни топширади. Шунингдек, ўзбек, туркман ва афғон гиламлари тасвирланган фосуратларни музейга тақдим этади.

1917-йилда Дудин Петрограднинг шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўрта Осиё гиламлари фототўплами музей фондига келиб тушади. Фотосуратчи тадқим этган суратлар ўзининг масштаблилиги билан ажралиб туради. Самарқанднинг тарихий-меъморий обидалари Гўр Aмир ва Бибихонимнинг вайрон бўлган кошин ва меъморий қисмлари Дудин томонидан тасвирга туширилади. Фотосуратчи Гўр Aмир мақбарасига ўрнатилган ёғоч ўймакорлигининг нафис намуналари билан безатилган эшикни суратга олади. Мазкур шикастланган эшик кейинчалик Петербургга олиб кетилади ва ҳозирда Эрмитаж музейида сақланмоқда.

Бугунги кунда фотографиянинг имкониятларидан барча илмий соҳаларда кенг кўламда фойдаланилмоқда. Олимлар ва тадқиқотчилар, рассомлар, ҳунармандлар фотосуратларга илмий ва амалий мақсадларда мурожаат қилишмоқда. Фотосуратлардан ижтимоий фанларда ва археологияда кенг қўлланилмоқда, қадимий қўлёзмалар ва артефактлардан нусха олиш ва унинг ҳақиқий эканлигини аниқлашда фотосуратларнинг ўрни беқиёсдир.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.В.А.Прищепова. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии второй половины ХIХ – начала ХХ века в собраниях Кунсткамеры. – СПб.: Наука, 2011.

2.Turkestan in old photos and ceramics. Materials of the exhibition. – M.: ГМВ, 2007.

3.С.Абашин. Неприкосновенный запас. Власть и фотография: визуальная репрезентация в имперской рамке // М.: № 04 (84) 2012.

4.М.Диковицкая. «Туркестанский альбом» (1871-1872 гг.) и «Типы народностей» (1876 г.): о роли российской фотографии в имперском завоевании Средней Азии. Баландинские чтения. 2020. Том XV.

5.Ю.Мамаева. Обследование коллекции фотографий Туркестанского альбома из фондов Российской национальной библиотеки. Фотография. Изображение. Документ. Вып. 5 (5). 2019.

6.Svetlana Gorshenina, Heather S. Sonntag. Early photography as cultural transfer in imperial Russia: visual technology, mobility and modernity in the Caucasus an Central Asia. Khazar journal of Humanities and Social Sciences. DOI: 10.5782/.khjss.201`8.322.344. Special issue, 2018.