Annotation. This article highlights the heroic efforts of the Korean people in developing reading culture and librarianship, despite the severe historical trials of the past century. It analyzes the history and formation stages of the first modern libraries in Korea, the large-scale programs currently being implemented for readers, and the collaborative initiatives between libraries and publishing houses.
Key words: The history of the development of libraries in Korea, reading programs, bookseed, reading month, one city-one book project, book year.
Aннотация. Ушбу мақолада ўтган аср давомида оғир тарихий синовларни бошдан кечирган Корея халқининг мутолаа маданияти ва кутубхоначилик соҳасини ривожлантириш йўлидаги фидокорона саъй-ҳаракатлари ёритилган. Шунингдек, Кореяда илк замонавий кутубхоналарнинг ташкил этилиш тарихи, уларнинг шаклланиш босқичлари, бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли дастурлар ҳамда кутубхона ва нашриётлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари таҳлил қилинган.
Калит сўзлар: Кореяда кутубхоналарнинг ривожланиш тарихи, мутолаа дастурлари, bookseed, мутолаа ойлиги, «Бир шаҳар – бир китоб» лойиҳаси, китоб йили.
Кореяда кутубхоначилик тарихи жуда қадимга бориб тақалса-да, замонавий типдаги кутубхоналар XIX аср охиридаги Жосеон сулоласи ҳамда XX аср бошидаги Корея империяси даврида шакллана бошлади. Ўша пайтда янги давлат қуришни мақсад қилган ислоҳотчи кашшофлар замонавий концепция асосидаги кутубхоналар ташкил этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Аммо япон мустамлакачилиги келиши сабабли улар ўз мақсадига эриша олмадилар ва кутубхоналар кўпроқ мустамлакачилик қуролига айланди. Ниҳоят, 1945 йилда мустамлакачилик тугатилди ва мамлакат озод қилинди, аммо кўп ўтмай Корея уруши бошланди. Бироқ иқтисодиётнинг ўсиши ва демократиянинг кенгайиши билан кутубхоналар либерал демократия остидаги Кореянинг ҳақиқий эгалари бўлган фуқароларнинг қўллаб-қувватлаши орқали муттасил ривожланиб борди.
Кореяда XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб халқ орасида миллат учун қайғурган ватанпарварлар пайдо бўла бошлади. Ғарб цивилизацияси уларга илҳом манбаи бўлиб, улар маърифат учун замонавий маънодаги кутубхоналар қуришга, жамоатчилик ва замонавий халқ сифатида мустақилликка интилди. 1906 йилда Ли Гвансу, Ли Бом-гу ва Юн Чи-ҳо каби маърифатпарвар шахслар кутубхона ташкил этиш бўйича қўмита тузиб, Кореядаги илк кутубхона «Даеҳан кутубхонаси»ни ташкил қилди. Шу тариқа Кореяда илк бор «кутубхона» атамаси қўлланила бошлади. Aйни пайтда яна бир марказ бўлган Пхёнянда ҳам маърифатпарварлик ҳаракати давом этаётган эди. 1906 йилда таниқли жамоат арбоблари Пхёняннинг Жонгно шаҳрида «Даедонг Сеогван» кутубхонасини ташкил этди. Бу Кореяда хусусий сектор томонидан ташкил этилган биринчи замонавий жамоат кутубхонаси эди. Гарчи бу кутубхонанинг номи эскича бўлса-да, у хусусий тарзда бошқарилиб, умумий фойдаланиш учун тақдим этилган эди. Кейинчалик корейс зиёлилари томонидан хусусий жамоат кутубхоналарини ташкил этишга қаратилган бир қанча уринишлар ҳам бўлди, лекин Япония Кореяни мустамлакага айлантириши билан Кореяга кўплаб таъқиқлар қўйилди. Ўша даврда ҳукумат тепасида бўлган Чосон ҳукумати томонидан тасдиқланган газета ва журналларни ҳам нашр қилишга таъқиқ ўрнатди, барча буюмлар мусодара қилинди ва ёқиб юборилди. Бундай зўравонликларга қаршилик ҳаракати кенгайиб, 1919 йил 1-мартдаги мустақиллик ҳаракатидан сўнг, 1920 йил Юн Ик Сон «Гёнгсёнг кутубхонаси»ни ташкил этди. Ўша пайтдаги газеталарда чоп этилган мақолаларга кўра, ушбу кутубхонанинг очилишида «300 нафар ташриф буюрувчи ва минглаб ўқувчилар бор эди». 1921 йилда, Гёнгсёнг кутубхонаси ташкил этилганидан бир йил ўтгач, 32 ёшли Ли Беомсин Сеулнинг Жонгно шаҳрида яна бир кутубхона очди. Унинг эътиборли жиҳати шундаки, кутубхона қошида алоҳида болалар кутубхонаси ҳам ташкил этилиб, у икки йил давомида фаолият кўрсатди. 1945 йил августда Корея 35 йиллик япон мустамлакачилигидан сўнг мустақилликка эришди. Мустақилликка эришгандан сўнг, Корея уч йил давомида AҚШ назорати остида бўлди, кейин эса, 1948 йил август
ойида Корея ҳукумати ташкил этилди.
Бироқ 1950 йил июнида бошланган ва уч йил давом этган Корея уруши мамлакатни сиёсий ҳамда иқтисодий тартибсизликка, ғоявий парокандаликка дучор қилди. 1955 йилда Корея кутубхоналар уюшмасини қайта ташкил этиш бўйича ўтказилган йиғилишда кутубхона тўғрисидаги қонунни қабул қилиш ҳаракати расман тасдиқланди. Саккиз йиллик саъй-ҳаракатлардан сўнг, 1963 йилда «Кутубхона тўғрисида»ги қонун, 1965 йилда эса уни ижро этиш ҳақидаги фармойиш эълон қилинди. Ушбу ҳуқуқий асос Корея кутубхоналари ривожига пойдевор бўлди.
Корея ҳукумати 1993 йилни «Китоб йили» деб эълон қилгач, Маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳамда нашриёт ташкилотлари томонидан китобхонликни кенг тарғиб қилиш ишлари бошлаб юборилди. 1994 йилда эса кутубхоналар фаолияти ва мутолаа маданиятини юксалтиришни назарда тутувчи «Кутубхоналар ва китобхонликни тарғиб қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Натижада 1955 йилдан буён Корея кутубхоналар ассоциацияси (KLA) томонидан ўтказиб келинаётган «Мутолаа ҳафталиги» қонун билан «Мутолаа ойлиги»га айлантирилди. Бу эса тарғибот тадбирларининг аҳамиятини ошириб, китобхонлик фақат кутубхоналар билан чекланиб қолмаслиги ҳақидаги қарашни мустаҳкамлади. Шу тариқа, сентябрь ойи Корея кутубхоналари учун йилнинг муҳим даври – «Мутолаа ойи» сифатида эътироф этилди.


Эндиликда баҳорда «Кутубхона ҳафталиги» ва «Бутунжаҳон китоб куни», кузда эса «Мутолаа ойлиги» муносабати билан кутубхоналар турли маърифий дастурлар орқали фуқароларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Ушбу даврларда кутубхоналарда муаллифлар билан учрашувлар, кўргазмалар, адабий суҳбатлар ва маҳорат дарслари ташкил этиб келинмоқда.
ХХI аср бошланиши билан ахборот-технологиялари барча соҳага ўз таъсирини кўрсатганидек кутубхоналар ҳам бундан мустасно бўлмади. Бинобарин, ҳар бир соҳада ўсишни рағбатлантириш, кутубхоналар ва китобхонликни тарғиб қилиш тадбирлари ўртасида узвий ҳамкорликка ўтиш учун 2007 йил 5 апрелда «Кутубхона тўғрисида»ги қонун ва «Мутолаа маданиятини тарғиб қилиш тўғрисида»ги қонунлари қабул қилинди. Натижада Кореяда китобхонликни тарғиб қилиш тадбирлари кутубхоналар доирасидан ташқарига чиқиб, жамиятнинг барча соҳаларида асосий фаолиятга айланди. Хусусан, бу миллий ва маҳаллий ҳокимият органларига китобхонликни тарғиб қилиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун имконият бўлди.
Бундан ташқари, биринчи марта 1998 йилда AҚШнинг Сиетл шаҳрида ишга туширилган «Бир китоб, бир шаҳар» дастури Кореяга 2003 йилда жорий этилди. «Бир китоб, бир шаҳар» – бу китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш дастури бўлиб, унда бир китоб шаҳарда танлов ва овоз бериш жараёни орқали белгиланиб, барча аҳоли томонидан ўқилади, мунозаралар ўтказилади ва турли хил маданий дастурлардан баҳраманд бўлишади. Дастурларнинг аксарияти маҳаллий оммавий кутубхоналар томонидан ташкил этилган бўлиб, дастлаб дастур икки шаҳарда ўтказилган бўлса, ўшандан буён иштирокчи ҳудудлар сони ортиб, 2022 йилда 107 тага етди. Китоб ўқиш, мутахассислар маърузалари ва саёҳатлардан иборат «Йўлда кутубхона» дастури ҳам кутубхоналар учун катта эътибордир. Ҳозирда «Йўлда кутубхона» дастури кутубхонага асосланган энг машҳур гуманитар китобларни ўқиш дастури сифатида тан олинган. «Bookstart» ҳаракати эса чақалоқларга ва бир ёшга тўлмаганларга бепул расмли китоблар тақдим этувчи компания бўлиб, Буюк Британияда бошланган бу ҳаракат Япониядан кейин Кореяда ҳам татбиқ қилинди. 2003 йилда синов тарзда бошланган ҳаракат кўплаб жамоатчилик, бутун мамлакат бўйлаб кутубхоналар ва соғлиқни сақлаш марказлари учун катта дастур бўлди.


Корея кутубхоналари мунтазам равишда турли хил ўқиш дастурларини амалга оширадилар. Буни ҳукумат ҳар йили ўтказадиган «Миллий оммавий кутубхоналар статистикаси сўрови»да кўриш мумкин. 2020 йилда COVID-19 пандемияси кутубхоналар учун тўлиқ хизмат кўрсатишни қийинлаштирганда, дастурлар ва иштирокчилар сони сезиларли даражада камайди. Шунга қарамай, 2021 йилда, пандемия ҳолати яхшилана бошлаганида, дастурлар сони яна кўпая бошлади ва кутубхоналар энди турли хил дастурларни таклиф қилмоқдалар.
Корея кутубхоналари китобхонлик фаолиятини мунтазам равишда олиб боради, лекин уларда алоҳида ҳолатлар ёки китоблар билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлганда интенсив ўқиш дастурлари ҳам ўтказилади. Корея кутубхоналар ассоциацияси (KLA) томонидан ҳар йили 12-18 апрель кунлари ўтказиладиган Кутубхона ҳафталиги бунга энг яхши мисолдир. Кутубхоналарнинг қадр-қиммати ва зарурлигини тарғиб қилиш ҳамда миллий китобхонликка замин яратиш мақсадида 1964 йилда бошланган Кутубхона ҳафталиги 60 йилдан бери Кореяда вакиллик кутубхона тадбири сифатида ташкил этилиб келинмоқда. 2022 йилда «Кутубхона тўғрисида»ги қонун қайта кўриб чиқилиши муносабати билан Корея ҳукумати 2023 йилдан буён Корея Президенти ҳузуридаги Кутубхона ва ахборот сиёсати қўмитаси ва Корея кутубхоналари ассоциацияси билан ҳамкорликда ушбу тадбирни ташкил этади. Тадбир ҳафталиги давомида бутун мамлакат бўйлаб жамоат кутубхоналарида фуқароларни китобхонлик фаоллигини оширишга қаратилган турли дастурлар ўтказилади. Ҳар бир кутубхонанинг ўзига хос шароитларига мослаштирилган ушбу дастурлар ўқиш викториналари, китобларга шарҳлар ёзиш, болалар китоблари учун расмлар чизиш, асл китоб иллюстрацияси кўргазмалари, муаллифларнинг таклиф этилган маърузалари, кам таъминланган оилалар учун ўқиш дастурларини ўз ичига олади.
2023 йилдан бошлаб, хусусан, кутубхоналар ҳафталигининг илк куни – 12 апрель қонун билан «Кутубхона куни» деб белгиланди. Яна бир муҳим сана: 23 апрель – «Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни»дир. Давлат ва мактаб кутубхоналари ҳам шу муносабат билан турли китобхонлик дастурларини ташкил қилади. Кутубхона ҳафталиги ва «Бутунжаҳон китоб куни» бир-бирига яқин саналарда нишонланиши сабабли, сўнгги пайтларда бу икки тадбирни янада бойроқ дастурлар тайёрлаш учун бирлаштириш тенденцияси кузатилмоқда.
Корея кутубхоналари китобхонликни аҳоли орасида тарғиб қилиш бўйича иш олиб бормоқда. Кутубхоналарнинг китобхонликни тарғиб қилиш бўйича турли дастурлари нашриётлар билан яқин ҳамкорликни талаб қилади. 2018 йилда бошланган «Китоб йили» кутубхоналар ва нашриёт саноати ҳамкорлигининг яна бир яхши намунасидир. Кутубхоналар, нашриётлар, китоб дўконлари, адабий ва оммавий ахборот воситалари жамоалари ва бошқалар билан бирлашиб, тадбирни режалаштириш ва тарғиб қилиш учун ташкилий қўмита тузадилар. Мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳар йили муайян бир ёш гуруҳи мақсадли аудитория сифатида танлаб олинди. Жумладан, 2020 йилда ўсмирлар, 2021 йилда кексалар (60 ёшдан юқори), 2022 йилда ёшлар, 2023 йилда эса 40-50 ёшдагилар учун мўлжалланган энг сара асарлар саралаб олинди. Шунингдек, мутолаа учун зарур бўлган адабиётлар муаллифлари, китобхонликка оид нашрлар ҳамда асарларга муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган кутубхона ва нашриётлар ўртасида мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун, «Bookseed» деб номланган платформа оригинал санъат кўргазмалари орқали муаллифлар, ноширлар ва кутубхоналар (кутубхоначилар)ни боғлайди.
Кўпгина Корея кутубхоналари Кореяда нашр этилган китобларни сотиб олади, аммо университет кутубхоналари электрон материаллар учун турли академик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган материалларни сотиб олиш учун бюджетнинг, тахминан, 70 фоизини ва китоб харидлари учун бюджетнинг 24 фоизини сарфлайди. Кореянинг «Кутубхона қонуни»га кўра, кутубхоналар китоблар чоп этилганда маълум миқдордаги китобларни Корея Миллий кутубхонасига, баъзи ҳолларда эса кутубхоналар китобларни Миллий Aссамблея кутубхонасига топширишлари керак. Кореянинг кутубхона ва ахборот сиёсати бўйича Президент қўмитаси (http://www.clip.go.kr) Кутубхона тўғрисидаги қонунга мувофиқ Кореянинг кутубхона сиёсатини амалга оширади ва унга раҳбарлик қилади. Қўмита таркибига кутубхоналар соҳасида ишлайдиган фуқаролик экспертлари ва ҳукумат вазирлари киради. Улар миллий кутубхона сиёсатидаги асосий тафсилотларни ўрнатадилар, кўриб чиқадилар ва мослаштирадилар.
Корея кутубхоналари янги давр талабларига мослашмоқда. Пандемиядан кейинги тўртинчи саноат инқилоби ва янги стандартлар даври бошланиши билан, Корея кутубхоналари электрон ресурслар, жумладан, электрон ва аудиокитоблар кўламини кенгайтирмоқда. Шунингдек, онлайн ва офлайн мутолаа дастурларини бирлаштирган ҳолда аҳолига янада кенгроқ хизматлар кўрсатилмоқда. Сўнгги пайтларда кутубхоналар ҳам «метаверсе» тизими (Метаборлиқ – сиз билан бир хил жисмоний маконда бўлмаган инсонлар билан биргаликда ўрганиш ва кашф қилишингиз мумкин бўлган виртуал маконлар йиғиндиси) каби технологиялардан фойдаланган ҳолда илғор хизматларни тақдим этиш бўйича фаол ишламоқда. Бошқа томондан, Кореяда демографик инқироз туфайли болалар ва ўсмирлар сонининг камайиши мактаб ҳамда университет кутубхоналари фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Хулоса ўрнида, тарихда катта қийинчиликларга дуч келса-да, ўз маданиятини сақлаб қолган корейс халқи қисқа муддат ичида катта ўзгаришларни амалга оширди. Мутолаа, кутубхоналарнинг ривожланиши учун саъй-ҳаракатдан тўхтамай, дунёга ўз феноменини кўрсатди.
Бугунги ахборот асрида катта маълумотлар (Big Data), сунъий интеллект ва интернет каби илғор технологиялар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Мазкур ўзгаришлар кутубхоналарнинг жамиятдаги ролини ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда. Хусусан, Корея кутубхоналарининг фаолият тамойиллари маълумотларни шунчаки йиғиш ва сақлашдан, уларни амалий татбиқ этиш ва қайта ишлашга йўналтирилмоқда. Шу сабабли, замонавий кутубхоналар ахборот технологиялари соҳасидаги шиддатли ислоҳотларга тезкорлик билан мослашишлари талаб этилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Lee Pong-soon and Um Young-ai. Libraries and Librarianship in Korea. Greenwood Press, 1994.
2. Lee Yeon-ok. History of the Public Library Movement in Korea. Korean Library Association, 2002.
3. Chang Durk-hyun. Knowledge, culture, and identity: American influence on the development of the library and information science in South Korea since 1945.
4. Park Sang-kyun. The Man who knows only Library Science doesn’t know even Library Science. Korea Digital Library Forum, 2004.
5. Ji Sook Jang. Research on the Basic Collection Development for Children’s Libraries. Seoul:National Library for Children and Young Adults, 2008.
6. Sook Hyeun Lee .Korean National Strategy for Library Development and Reading Promotion for Children and Young Adults, 2011 http://conference.ifla.org/ifla77
7. Lee Yong-Hun. Korean Libraries’ Various Book-reading Activities
and Cooperation Efforts with the Publishing Industry, 2023
8. http://www.libraryonroad.kr/ 도서관 길위의 인문학 : 검색결과 | 드림워즈
9. https://bookyear.or.kr/
10. https://www.bookseed.kr/
