Во все времена главной задачей библиотеки как культурно-просветительского и научного учреждения было обслуживание читателей, удовлетворение их запросов и пожеланий. Формирование и обогащение фонда, его хранение и обеспечение безопасности являются сопутствующими обязательствами. Автор статьи подробно, ссылаясь на статистические данные, рассказывает о численности читательской аудитории главной библиотеки республики с первых дней ее образования - в качестве Туркестанской публичной библитеки вплоть до сегодняшнего дня. Хронология заставляет задуматься, насколько огромен был интерес к чтению более полутора веков назад людей разных групп, насколько посещаемы были библиотеки даже в трудные периоды, в частности, в годы войны...

КЕЧА ВА БУГУН Кутубхона – босма ва қўлёзма асар-лардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий ва илмий муассаса ҳисобланиб, мунтазам равишда босма асарларни тўплайди, сақлайди ва тарғиб қилади, ахборот-библиографик ишларни олиб боради. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш кутубхонанинг асосий фаолияти бўлиб, қолган барча фаолиятлар (китоб фондини бутлаш, уни ташкил этиш, тўлдириш ва ҳ.к.) асосий фаолият учун хизмат қилади. Китобхонларга хизмат кўрсатишнинг асосий мақсади уларни ахборот ва адабиётга бўлган талабларини имкони борича тўлиқ қондиришдан иборатдир.

Тарихга назар соладиган бўлсак, бундан 150 йил муқаддам – XIX асрнинг охирги ва XX асрнинг дастлабки йилида Туронзамин халқларининг маданий ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юзага келганини кузатиш мумкин. Тошкентда Туркистон оммавий кутубхонасининг ташкил этилишига киришилди.

Ушбу кутубхона асосан Туркистон ва унга қўшни мамлакатларни ўрганиш билан боғлиқ нашрлар билан тўлдириб борилади. Фонд деярли рус тилида бўлиб, китобхонлар асо-сан рус офицерлари, амалдорлар ва уларнинг оилалари, ўқувчилардан иборат эди.

Дастлабки китобхонлар тўғрисида ( 1870 йил май ойидан 1871 йил сентябргача бўлган даврда)ги маълумот сақланиб қолинган. Кутубхонага 75 киши аъзо бўлган. Шундан 45 нафари офицер, 19 нафари амалдор, бештаси савдогар, икки кишидан ҳарбий котиб ва руҳонийлар, бир нафари талаба эди. 75 китобхон орасида фақат биргина аёл бўлган.

Туркистон Оммавий кутубхонаси фаолияти 1906–1910 йилларда сезиларли равишда жонланади, бу даврда фойдаланувчилар, кутубхонага келиш ва фойдаланишга берилган китоблар сони ҳам кўпаяди.

1916 йилда Туркистон Оммавий кутубхонасидан 1 500 киши фойдаланган, улар кутубхонага 30 минг марта келиб, 38 мингта китоб олган. 1924 йилда китобхонлар 4 460 нафарга етади, қатновлар 740 011 мартани, берилган китоблар 106 860 нусхани ташкил этади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики,  қисқа муддат ичида бу кутубхона маданиятни ривожлантиришнинг қудратли воситасига айланди. Тошкентда олий ўқув юртлари ташкил этилиши муносабати билан кутубхонанинг аҳамияти янада ошади.

Ўқув заллари учта кичкина хонада жойлашгани, бинолар етишмаслиги боис уларга яхши хизмат кўратиш имкони чекланарди. 1929–1930 йилларда ҳукумат маблағлари ёрдамида кутубхона майдони икки бараварга кенгайтирилган, 120 кишига мўлжалланган ўқув зали қурилган. Kутубхонагa зиёлилар, талаба-ёшлар ва ишчилар тобора кўпроқ ташриф буюра бошлайди.

1925-1934 йилларда Ўзбекистон давлат Оммавий китобхонасида қарийб икки баравар (3700 китобхондан 6600 китобхон)га кўпайди, шу жумладан: фан, илм вакиллари – 2270, талабалар – 4108 тани ташкил этди. Китобхонларнинг миллий таркиби ҳам ўзгаради: 1925 йилда ўзбеклар сони 257 та бўлса, 1934 йилда 777 тага етади. 1935 йилда умумий ўқув залига қўшимча тарзда илмий ходимлар шуғулланиши учун алоҳида зал ташкил этилганидан сўнг, ташриф буюрувчилар кунига ўрта ҳисобда 800 кишига ортади.

1921–1940 йилларда китобхонларга қандай хизмат кўрсатилгани 1-жадвалда келтириб ўтилган.

Китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида 1933 йил 1 январдан хизмат кўрсатиш бўлими иш бошлайди. Кейинчалик талабларни қабул қилишдан то адабиётларни танлаб олиш ва уларни китобхонларга топширишга қадар бўлган жараёнларни бир бўлимда бирлаштириш мақсадида 1935 йилда китоб сақлаш ва хизмат кўрсатиш бўлимлари ягона хизмат кўрсатиш ва фондлар бўлимига бирлаштирилади.

Иккинчи жаҳон уруши кутубхоналар тар-моғига ҳам таъсир қилмасдан қолмади. Уруш давридаги шарт-шароитлар биринчи йилдаёқ кутубхоналар тармоғининг оммавий тарзда қисқаришига олиб келади. Қишлоқлар, кичик шаҳарлар ва ҳатто вилоят марказларидаги аксарият кутубхоналар ёпилади. Маблағ билан таъминлашнинг камайиши натижасида ишлаб турган кутубхоналарнинг штатлари ҳам қисқартирилади. Ўша йилларда китобхонлар тоифалари ҳам нисбатан анча ўзгарди, илмий ва муҳандис-техник ходимлар сони кўпайди. 1940 йилда улар барча ўқувчиларнинг 17,3 фоизини ташкил қилган бўлса, 1945 йилда бу кўрсаткич 47 фоизга етди. Китобхонлар тоифасининг бундай ўзгариши энг ўқишли китобларнинг мавзусига ҳам таъсир кўрсатди. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий, техник ва тиббий адабиётларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди.

Республиканинг бош кутубхонаси бўлган Ўзбекистон Давлат кутубхонасида (ўша даврдаги номи) Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дастлабки йиллардаёқ китобхонларга хизмат кўрсатиш қулайроқ шароитларда амалга оширила бошлади. Китобхонлар ташрифи ошди, мутолаа учун бериладиган китоблар сони ҳам анчагина кўпайди.

Жумладан, 1946 йилда кутубхонага таш-риф буюрганлар сони 118 450 тага етиб (1945 йилдагидан 58691 тага кўп), уларга 333 946 китоб берилган. Кейинги йилларда кутубхоналарга ташриф буюрувчиларга берилган китоблар ўсишда давом этди. Буни беш йилликлар бўйича умумий кўрсаткичларда кўришимиз мумкин (2-жадвал).

Китобхонларнинг доимий ва ўсувчи тоифаси – олий ва ўрта таълим муассасалари талабалари ҳисобланган. Сон жиҳатидан иккинчи ўринда – олий маълумотли мутахассис (хизматчи)лар, учинчи ўринда – илмий ходимлар тоифасини кўриш мумкин.

1948 йил 22 майда кутубхонанинг беш қа-ватли китоб омборига қўшимча тарзда уч қаватли бино очилди. Янги бино 350 ўринга мўлжалланган умумий ўқув зали, илмий ходимлар учун зал (икки хонадан иборат:  фан докторлари ва номзодлари ҳамда катта илмий ходимлар учун мўлжалланган) ва кундалик даврий нашрлар залидан ташкил топган эди.

Умумий ўқув зали турли соҳа мутахассислари, талабалар, ишчилар, пенсионерлар, уй бекалари ихтиёрига берилди. Бу зал 1946-1950 йилларда ўрта ҳисобда йилига 7169 та, 1968 йилда умумий ўқув заллари 26 825 китобхон (ёки китобхонларнинг 83,1 фоизи)га хизмат кўрсатди.

Кутубхонада нафақат катталарга, балки кичик ёшдагиларга ҳам хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат кутубхонаси (номи бир неча марта ўзгарган) болалар ва ўсмирларга хизмат кўрсатувчи кутубхоналар тизимида муҳим ўрин эгаллади. Кутубхонада 1970 йилда 14-21 ёшгача бўлган ўғил-қизларга, яъни мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, талабаларга хизмат кўрсатувчи «Ўсмирлар» бўлими очилди. Бу ерда ёшларга кутубхона-библиография хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича Маданият ишлари вазирлиги услубий маркази тегишли манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритди. Жумладан, марказ фаолиятига ёшлар муаммоларига оид илмий-ахборот ишларини амалга ошириш; ёшлар учун тавсия библиографик қўлланмалар тайёрлаш ва нашр этиш; ёшлар мутолааси бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш; ёшлар кутубхоналар тармоғи, катталар кутубхоналари қошидаги китоб бериш кафедралари учун методик тавсияномалар ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Бўлимнинг махсус ўқув зали ва ёрдамчи китоб фонди турли фан соҳаларига оид 32 мингдан ортиқ адабиётлардан ташкил топган. Ёшлар бўлимининг китобхонларга хизмат кўрсатишдаги роли йилдан-йилга ошиб боради. Йиллар давомида дарсликлар, маълумотномалар, энциклопедиялар, бошқа турли хил адабиётлар билан тўлдириб борилган. Ёшлар бўлими адабиётлари билим соҳалари бўйича тизимли (КБК) тартибда жойлаштирилган бўлиб, фонд янги адабиётлар билан узлуксиз равишда тўлдириб борилган.

2002 йил 12 апрелда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси «Миллий» мақомини олди. Ўша йили Ёшлар ахборот-ресурс маркази бўлими ташкил этилди. Асосий вазифаларини фойдаланувчиларни энг янги ахборотлар билан тез ва сифатли таъминлашга, ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва билим даражасини оширишга, уларни маданият, фан ва маориф соҳасида эришилган ютуқлар билан ошно этишга йўналтирилганди.

Кутубхона тарихидаги кейинги босқич   2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – «Маъри-фат маркази»нинг бунёд этилиши бўлди.

2012 йилда Ёшлар ахборот-ресурс маркази ва хизмат кўрсатиш бўлими бирлашиб, Ўқув заллари хизмати ташкил этилди. Хизмат тасарруфида 13 та ўқув зали бўлиб, ҳар бири очиқ фондлар билан таъминланган. Ҳар йили Миллий кутубхонанинг ўқув залларига 550 мингдан ортиқ китобхон ташриф буюради,  қарийб 2 миллион нусха китоб берилади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутуб-хонаси фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратиб бормоқда. 800 ўринли ўқув залларига ахборот-кутубхона фаолиятини юқори даражада олиб боришга мўлжалланган замонавий асбоб-ускуналар ва техник воситалар ўрнатилган, WiFi зоналари йўлга қўйилган. Бундай шароитлар китобхонларнинг ташрифини йилдан йилга ошиб боришига, ёшларимизни кўпроқ кутубхонага жалб қилиш имкониятини бермоқда. Уларнинг талабидан келиб чиқиб, жойлар ҳам кенгайтирилмоқда. 

Масалан, 2012 йилда кутубхона бир вақтнинг ўзида 800 та фойдаланувчини қабул қилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1000 дан зиёддир. «Ўзбекистон», «Адолат», «Истиқбол», «Жаҳон», «Тафаккур» ўқув залларида ташкил қилинган очиқ фондлар энг қулай шароитлардан биридир.  Фойдаланувчи китоб жавонлари оралаб ўзига зарур бўлган китобларни бемалол қидириши ва буюртма бериши, янги олинган китоблар билан яқиндан танишиши мумкин.

Кейинги йилларда китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга устувор аҳамият берилмоқда. Ривожланган давлатлар каби Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ўқув залларида ҳам ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминали юқори технологияли RFID – идентификаторлар билан ишлайди. Хизмат кўрсатиш 3М терминали фондга кириш зоналарида кутубхона материалларини қабул қилиш/қайтариш тўғрисида мустақил рўйхатдан ўтказишни таъминлайди. Катта сенсорли экран ва фойдаланувчилар учун қулай интерфейс ўз-ўзидан рўйхатдан ўтишни тез ва аниқ амалга оширади.

Ҳозирги ахборот асрида турли восита-лардан турфа хил хабарлар олиш мумкин. Аммо китоб мутолааси билан ҳам шуғулланиш жуда зарур ҳисобланади. Китобхонлик кишидан муайян кўникмадан ташқари, зеҳнлиликни ҳам талаб қилади. Шундай экан, китоб ўқиш киши онги ва фикрлаш қобилиятини ўстиради. Китоб бор экан, китобхон бор экан, кутубхоналар доимо барҳаётдир.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи, 2-қисм. – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008. – 308 б.

2. Қосимова О. Ўзбекистонда кутубхоначилик иши тарихи. – Тошкент: Ўқитувчи, 1977. – 156 б.