Болалар ўз-ўзидан китобга муҳаббат қўйиб қолмайди. Шунингдек, ўз-ўзидан китобхон ҳам бўлиб қолмайди. Китобхонлик китобга қизиқишдан, қизиқтиришдан бошланади. Бунда ота-онанинг ўрни катта. Одам нени севса, нимага қизиқса, интилса, шунга яқинлашиб боради. Ўша соҳа унга кенг йўл очади, улкан парвозларга чорлайди. Бунинг учун, аввало, нимага интилиш кераклигини аниқ ва равшан билиб олиши керак. Шунга қараб ўзи қизиққан соҳага оид китобларни ўқиши, ҳар қандай машаққатни енгиши лозим.
Отам оддий ишчи, аммо қалби зиёга тўла, маърифатли инсон эди. Узоқ қиш кунлари танча атрофида тизилиб турган биз – болаларга китоб ўқиб берар, мағзини соатлаб тушунтирарди. Айниқса, «Минг бир кеча» ҳикояларини ўқиётгандаги ҳаяжонлари ҳеч қачон кўз олдимдан кетмайди. Отам ҳар бир сўзни авайлаб, бизга тушунарли бўлиши учун равон ўқиб берарди. Айрим болаларга ножоиз бўлган жойларини ташлаб, зарур қисмларини қайта-қайта ўқиб бизни китобга қизиқтирардилар. Отам ҳақиқий китобхон эди ва болаларини ҳам китобхон қилди.
Биринчи мустақил ўқиган китобим Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон»и эди. Уни ўқиб, қаттиқ таъсирланганман ва келбатли, бақувват, арслонюрак қаҳрамонлар менинг орзуимдаги инсонларга айланган.
Ўша пайтларда Шолоховнинг «Тихий Дон» асарини тавсия қилишди. Мен рус тилида ҳам яхши ёзар ва ўқирдим. Бу китобни ҳам завқ билан ўқиб чиқдим. Китобнинг варақлари титилиб, эскириб кетганди, аммо завқи қалбимда ҳамон ям-яшил бўлиб яшнаб турибди.
Урушдан кейинги оғир йиллар, мактабдан мактабга кўчишга тўғри келди. Аммо қайси мактабга бормай, ўша мактабнинг кутубхонаси бой, устозлари ҳам меҳрибон, заковатли, виждонли одамлар эди. Машҳур маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний асос солган 40 сонли мактабда ўқиганман. У ердаги устозлар улуғ анъаналарни муқаддас билиб, уларни давом эттириб келаётган зотлар эди. Мен мактабда аниқ ҳамда гуманитар фанларни мустаҳкам эгалладим. Бунинг натижасида мактабни тугатиб, бир кун ҳам тайёргарлик кўрмай институтга ўз кучим билан ўқишга ки-риб кетганман. Бу мактабда қандай яхши таълим берилганидан далолат беради.
Ҳужжатларимни топширишимга ҳам дадам сабабчи бўлган. Мен оилавий шароитимиз яхши бўлмагани учун ишлаб, уйдагиларга қарашмоқчи эдим. Отам кўнмаган, «Ўқи, мен бутун умр ишлаб ким бўлдим? Ҳали ишлашга улгурасан, билим ол» – деб қўймадилар. Отамнинг ўгитларидан чиқмай, ўқидим, интилдим ва кам бўлмадим.
Институтда ўқиб юрганимда кутубхона менинг энг яхши кўрган масканим эди. Бир куни имтиҳонларга тайёргарлик кўриб ўтирганимда кўзим араб ёзувида ёзилган чиройли муқовали китобга тушди. Болалигимда отамнинг шу ёзувдаги китоблари кўп бўлгани учун унга қизиқиб қолдим. Аммо эртага математикадан имтиҳоним бор эди. Шунинг учун эртаси куни келиб шу китобни топдим. Қарасам, эски ўзбек ёзувидаги китоб экан. Ўқишга киришдим. Сўзларни кўчириб ёзиб, машқ қилдим. Тили ҳам ўзбекча. Севиниб бориб, холамга китобни ўқиб бердим. Холам хурсанд бўлиб дуо қилдилар, саводинг чиқибди, деб алқадилар.
Эски ўзбек ёзувини ўрганиш билан қониқмадим. Олдимга араб тилини ўрганиш мақсадини қўйдим ва туну кун меҳнат қилдим, мустақил ўргандим. Мана, бугун тарихчи бўлишимда шу тилларни ўрганганим сабаб бўлди.
Китобга қизиққан инсоннинг йўли нурли бўлиб, яхши китоблар ҳам чиқиб қолаверади. Буни қарангки, уйдан автобусга чиқадиган бекат қошида ҳам, мен тушадиган институт олдидаги бекатда ҳам китоб дўконлари бор эди. Мен ҳар куни ўқишга кетаётганимда ҳам, келаётганимда ҳам китоб дўконларига, албатта, кириб ўтардим. Ҳатто, ўқишга кечиксам ҳам! Шундай пайтлар бўладики, инсон китобга қизиқиб қолиб ҳамма нарсани унутади. Бир куни, якшанба куни кечаси билан китоб ўқиб чиқдим. Тонг-саҳар китобни тугатиб тураман десам, бошим айланиб укам ётган бешикнинг устига ағанаб кетганман. Худо бир асраб укамга ҳеч нима қилмаган.
Ҳожимуллаев деган қримтатар домламиз бир куни доскага «Коши теоремаси» деб сарлавҳа қўйди. Ҳожимуллаевдан «Коши деганингиз Жамшид Кошиймасми?» деб сўрадим. Домла хушламайгина «Эй, бу бошқа», деб жавоб берди. Мен ҳайрон бўлдим: «Справочник»да «ўзбек» дейилгану?!» Шу-шу, мен Хоразмий, Фарғоний, Коший, Улуғбеклар билан қизиқиб, аниқ фанлар тарихига шўнғиб кетдим. Ўша олимлар ижодини ўрганиш менга тарих эшигини очди. Аввалига математик, кейин тарихчига айланганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Ҳозир мен математика фанлари номзоди (1970), тарих фанлари докториман (1986).
Баъзи тарихчиларнинг ўз тарихини чин дилдан севмаслиги дилимни ўртайди. Мана, ҳозирги кунда қадимги, ўрта аср тарихини биладиганлар жуда кам. Йўқ, десак ҳам бўлади. Яқинда бир тарихчи билан суҳбатлашиб қолдим. У менга: «Геродотнинг «Тарих» китобини ўқимаганман, тўғри келмаганда» – деб хотиржам гапираяпти. Қандай қилиб, тарихчи бўла туриб, юртинг ҳақида битилган қадимий китобни ўқимаслик мумкин?! Рус тилида бўлса, нима қилибди? Мен бирор асарни ўқиш керак бўлса, чилчут тилида бўлса ҳам ўқийман.
Мен Амир Темур ҳаётини кўп ўргандим. Аммо Темур қолдирган меросни эъзозлаш фақат темуршуносларнигина иши эмас. Амир Темур бизнинг ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этган, улуғ, буюк инсондир. Унга ҳар доим садоқатда бўлишимиз керак. Амир Темурни фақат давлат мутасаддилари ёки тарихчилар эмас мактаб ўқувчилари ҳам эъзозлашни ўзининг бурчи, вазифаси деб билиши керак. Тарих келажакнинг нурли, чароғон бўлиши, адашмаслик учун жуда муҳим. Фарзандларимизга тарихни асрашни ўргатайлик. Тарих барчамизники. Бўлинишдан миллат кўп нарса йўқотади. Барчамиз бирлашсаккина мамлакатимиз ривожланади. Мен тарихга шундай қарайманки, ҳар қандай пайтни тарих сифатида ўрганиш керак. Ҳаммаси бизнинг тарих!
Ҳозирги ёшлар телевизордаги юзаки ахборотни олишмоқда. Бу жуда ачинарли. Илм юксалмайди, телевизорда бирор нарса ҳақида чуқур маълумот берилмайди. Китоб билим, тарих учун яшаб келади. Китоб ҳеч бир сунъ-ий воситасиз инсонга юксак таъсир қилади.
Илгари биз китобларга навбат турардик. Айрим қизиқарли китобларни «фалончининг қўлида» дейишар эди. Мен кутиб турардим, туриб ўқиларди, уч-тўрт киши бўлиб ўқиларди.
Ҳозирги замонда ахборот жуда кўп. Болалар катталарга нисбатан кўп нарсани эрта билаяпти, иккинчи томондан, китобдан маҳрум бўлиб бораяпти. Бугун биз замонавий йўллар билан болаларга китобни тарғибот қилаверайлик, бунда ота-она ўзига масъулиятни олса, катта натижа беришига ишонаман. Ўйлайманки, китобдан узоқлашиш, ўзликдан, тарихдан узоқлашишдир.
Жавлон Жовлиев ёзиб олди
