Автор статьи рассуждает о деятельности книжных фондов, об открытых фондах, где пользователь при поиске одной книги по тематике может найти другую книгу, что естественно экономит время при поиске необходимой литературы. Открытый фонд – это для читателей очень удобно и очень просто. В читальных залах открытые фонды выполняют также справочную функцию. Чтобы удовлетворить потребности читателей созданы все необходимые условия в Национальной библиотеке Узбекистана.

Ёшларда китобга муҳаббат уйғотиш, уларнинг китобхонлик даражасини оширишда кутубхоналарнинг роли катта. Маънавият ва маърифат ўчоғи бўлган кутубхоналар ўсиб келаётган ёш авлод маънавий дунёсини бойитишга, китобга бўлган меҳр-муҳаббатининг ошишига хизмат қилади.

Китоб мутолаасини ошириш ва китобхонликни тарғиб қилиш учун кутубхоналар очиқ фондларни ташкил этиши зарур. Очиқ фонд нима? Очиқ фонд бу  – бир китобни қидириш давомида шу мавзуга оид бўлган бошқа китобларни топиш имкониятидир. Китобхонлар очиқ фонддаги китобларни ўқув залларига бемалол, эркин кирган ҳолда, ҳар бир китобни ўқиб кўриши ва жойига қўйиши, яна хоҳишига қараб бошқа китобларни эркин танлашдир. Китобхон учун вақтининг тежалиши муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли кутубхонадага очиқ фондга ташриф буюрган китобхон учун каталоглардан фойдаланиш ва талабларни тўлдиришига ҳожат қолмайди. Бундан ташқари, буюртмага навбатларда туриш ёки буюртма тайёр бўлишини кутишнинг ҳам кераги йўқ.

Кутубхонадаги ҳар бир мутахассис очиқ фонд шароитидаги ўқув залларида маслаҳатчи тарзида ҳам хизмат қилади. Чунки кутубхонага биринчи бор ташриф буюрган китобхон очиқ фонддан китоб мутолааси учун қандай китоблар ва қайси турдаги адабиётлар мавжудлигини билмасликлари мумкин. Китобхонларга бу борада ўқув залларидаги мутахассислар бирламчи тушунтириш ишларини олиб борган ҳолда, ёрдам берадилар.

Очиқ фонд китобхонларнинг талабларини тўлиқ қаноатлантириш учун барча зарур шароитларни яратади. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланиб боради. Очиқ фонддан китобхонлар томонидан қайси китоблар кўпроқ сўралишини, қайси адабиётларга эҳтиёж борлигини, ўқув залларидаги мутахассислар китоб формулярига китобхонларнинг билет рақамини, китоб олинган санани ёзиб бориши орқали китоб айланмасини кузатиб (мониторинг қилиб) боришлари мумкин. Бу эса, китобхонлар томонидан қайси адабиётларга талаб кучли эканлигини аниқлаш ва очиқ фондни турли адабиётлар билан бойитиш имкониятини яратади.

Юртимиздаги йирик кутубхоналардан бири бўлган Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг китоб фонди йилдан-йилга янги адабиётлар билан бойитиб борилмоқда. Шунга қарамай, кутубхона ўзининг имконятларидан келиб чиқиб, китобхонлар ва китобсеварлар учун қулай шароит яратган ҳолда, китобларнинг очиқ фондини ташкил этган. Фонд катталигини ҳисобга оладиган бўлсак, китобларнинг ҳаммасини очиқ фондга жойлаштиришнинг имкони йўқ. Лекин шунга қарамай «Ўзбекистон», «Адолат», «Навоий», «Истиқбол», «Тафаккур», «Ижод», «Жаҳон» ўқиш залларида ташкил қилинган очиқ фондлар китобхонлар учун хизмат қилмоқда.

Кутубхонада очиқ фондлари мавжуд бўлган ўқув заллари ҳақида қисқача маълумот:

2 қаватдаги «Ўзбекистон» ўқиш залида ўзбек ва рус тилларидаги мамлакатимиз тарихи ва ўзбек миллий адабиётини акс эттирувчи нашрлар ҳамда фольклор, тилшунослик ва адабиётшуносликка оид адабиётлар жамланган. Фойдаланувчилар очиқ фонддан мустақил равишда фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, залда Миллий кутубхонада тайёрланган ва нашр этилган ўлкашунослик қўлланмалари, ўзбек ва рус тилларидаги вақтли матбуот нашрлари, ахборот-кутубхона ва библиографияга оид адабиётлар мавжуд.

«Алишер Навоий» зали кутубхонанинг янги зали ҳисобланади. Зал кенг китобхонлар оммасига хизмат кўрсатади. Адабий мерос-лар залида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид адабиётлар ҳамда мумтоз адабиётимиз намоёндаларининг асарлари ўрин олган. Шунингдек, ўқиш зал республикамизда чоп этилган вақтли матбуот нашрлари билан бойитиб борилади. Ўзбек классик адабиётини мутолаа қилишни хоҳловчи китобхонлар ушбу залдаги очиқ фонддан кенг фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, «Адолат» ўқиш залида ҳуқуқга оид адабиётлар ва даврий нашрлар ўрин олган.

3 қаватдаги «Истиқбол» залида (14 мингдан ортиқ китоблар ўрин олган) ёрдамчи фонд очиқ тарзда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатади. Фойдаланувчи ўзини қизиқтирган мавзу бўйича фонддан китобларни мустақил равишда танлаб олиши ва фойдаланиши мумкин.

«Тафаккур» ўқиш зали китобхонлар фойдаланиши учун очиқ ҳолда, ўзбек ва рус тилларидаги турли янги адабиётлар билан бойитилмоқда. Шунингдек, ўқиш залидан энциклопедиялар (соҳаларга оид), луғатлар ҳам очиқ фондда жамланган бўлиб, Республикамиз ва хорижда (Россияда) чоп этилган вақтли матбуот нашрлари ўрин олган.

«Ижод» мусиқий адабиётлар зали ихтисослаштирилган заллардан бўлиб, мусиқа санъати билан қизиқувчи фойдаланувчиларга хизмат кўрсатади. Залда мусиқий нашрлар: ноталар, грампластинкалар, аудиодисклар билан биргаликда санъатнинг турли жабҳалари: кино, театр, балет, тасвирий санъат ва архитектурага оид нашрлар ҳам мавжуд.

4 қаватдаги «Жаҳон» ўқиш зали кутубхона очилган кундан то бугунги кунгача шаклланиб келган бой хорижий адабиётларга эга. Ушбу ўқиш залидаги адабиётларнинг 60 фоизини инглиз, 30 фоизини бошқа тиллар ва 10 фоизини шарқ, африка ва бошқа тиллардаги нашрлар ташкил этади. Шунингдек, китобхонлар томонидан энг кўп сўраладиган нашрлар: энциклопедиялар, луғатлар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, бадиий адабиёт ва ўлкашунослик бўйича нашрлардан очиқ фойдаланишни ташкил этган.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда китобсеварлар томонидан китобларнинг электрон шаклига ҳам эҳтиёж кўпайиб бормоқда. Электрон шаклдаги китоблардан фойдаланиш ҳам очиқ фонднинг турларидан ҳисобланади. Бу эса китобхонлар учун энг қулай ва замонавий усуллардан биридир. Фойдаланувчиларни нафақат китобларнинг электрон шаклига бўлган қизиқишини, балки анъанавий китобларга бўлган мутолаа маданиятини ошириш ва китоб тарғиботини жонлантиришда маънавият масканлари бўлган кутубхоналарда «Китобхонлик куни» ва «Мутолаа байрами» доираси турли мавзуга ҳамда янги адабиётларга доир китоб кўргазмаларини, китоб тақдимотларини ташкил этиш, ижодкорлар билан, маданият ва санъат арбоблари билан учрашувлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказишилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ёшларни адабиётимиз ва тарихимизни чуқур ўрганиб, умуминсоний ва миллий қадриятимизни эъзозлайдиган билимли, одобли ва маънавий етук инсонлар қилиб тарбиялаш ва китобга ошно қилиш бугунги куннинг асосий вазифасидир.