В статье представлена информации о жизни и творчестве Великого поэта Алишера Навои, чьи произведения актуальны и сегодня. Благодаря произведениям великого поэта у современной молодежи есть возможность приобщиться к истории, культуре и поэзии Востока. Автор предлагает подрастающему поколению глубоко изучать произведения Великого мыслителя Востока Алишера Навои.

Инсон ўз ҳаёт пиллапоялари йўлида кўпдан-кўп ҳодисалар ичида яшайди, яхшилик кўради, ёмонларга рўпара келади,  муаммоларга дуч келади, кутилмаган илтифотлар уни ҳайратга солади... Лекин у ҳар доим бир савол устида бош қотиради: яхши одам бўлиш учун нима қилиш керак? Қандай одамни яхши одам дейиш мумкин? Комил инсон дебчи?!

Айни савол ва муаммолар ҳазрат Алишер Навоийни ҳам кўп безовта қилган, улар устида улуғ мутафаккир жуда жиддий мулоҳазалар юритган.

Энг аввало, инсон бўлиб яратилишнинг ўзи буюк шарафдир. Оламнинг яратилиши ҳам, аслида, инсон учун бўлган эди:

Оламу одам фидонг ўлсунки борсен,

                                           эй ҳабиб,

Сен ғараз инсондин ар, оламдин

                                           инсондур ғараз.

Инсонда фикр айтиш ва эшитиш имкони мавжуд: «Шукру сипос ул қодирғаким, чун адам осойишгоҳидин вужуд оройиши оғоҳлариға жилва берди, инсонни сойир маҳлуқотдин нутқ шарафи била мумтоз қилди» («Ғаройиб ус-сиғар» дебочасидан).

Сайиид Ҳасан Ардашерга ёзилган мактубда, жумладан, шундай мисралар бор эди:

Бир улким, чу сўздиндур инсон шариф,

Чу ҳайвонға сўз йўқтур улдур касиф.

(Инсон сўз туфайли шарафли бўлди, ҳайон сўзлай олмагани учун ифлос, нопок ва касофатли бўлди).

Яралганларнинг орасида ҳурлар, парилар ҳам бор. Аммо уларда ҳам инсонга хос бўлган инсонпарварлик, одамгарчилик мавжуд эмас:

Эй кўнгул, ҳуру парий васфин

                                     эшиттим, гўйиё

Ҳеч қайси одамийлиғда эмас

                                     инсонча хўб.

Шунга қарамасдан, инсоннинг табиати

                                     ниҳоятда мураккаб.

 Уни англаш осон эмас:

Бўлуб сифатингга мазҳар жамиъ

                                                махлуқот,

Алар муфассалу инсонни айладинг

                                                мужмал.

«Мужмал» сўзининг маъноси «тафсилотга муҳтож», «тушуниб бўлмайдиган», «ноаниқ» демакдир.

Модомики, у инсон экан, инсонийликнинг қатор белгилари бўлади. Уларнинг биринчиси эса имондир. «Ҳайрат ул-аброр»да ўқиймиз:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Балки нишони анга имон эрур.

Инсонда бир қатор хусусиятлар, фазилатларнинг бўлиши шарт. Уларсиз уни инсон деб аташ мумкин бўлмай қолади. «Маҳбуб ул-қулуб»да:

Кишида барча ахлоқи ҳамида,

Чу жамъ ўлди қўярлар отин эҳсон.

Бири андин саходур, бир мурувват,

Булар гар йўқтур, инсон эрмас инсон.

Демак, инсонда «ахлоқи хамида», яъни мақтовга сазовор ва муносиб бўлган хулқ-атвор кўринишлари жамланмоғи керак экан. Булар эҳсон, саховат ва мурувватдир. Буларнинг барчаси инсоннинг доимий фазилатлари бўлиши жоиз, дейди буюк мутафаккир.. Акс ҳолда уни инсонлар қаторида санаш ножоиз бўлиб қолади.

Буларнинг барчасига қуйидаги қитъа ўзига хос якун ва хулоса бўлиши мумкин. Адиб унга «Ҳукамо қавлининг таржимаси инсоният бобида» («Ҳакимлар (олимлар, файласуфлар)нинг инсонлар ҳақида айтган сўзлари») дея сарлавҳа қўйган. Унда «яхши одам» тавсифига хизмат қилдиган энг муҳим хислат ва фазилатлар қаторида қуйидагилар кўрсатиб ўтилади.

1. Тавозуъ.

Тавозуъ яхши, аммо яхшироқдур

Агар даъб этса ани аҳли давлат.

Эрур ҳам афв хўбу хўброқ ул

Ки, зоҳир бўлғай эл топқанда қудрат.

Ато ҳам турфа ишдур турфароқ бил,

Агар йўқтур анинг ёнида миннат.

Ҳаким инсони комил дебтур ани

Ки, бўлғай зотида бу неча хислат.

Тавозуъ ҳаммада бўлиши керак. Тавозуъинг мавжудлиги яхши, олқишланадиган ҳодиса. Аммо унинг «аҳли давлат»да бўлиши, янаям аниқроғи, уларнинг бу ҳислатни ўз одатларига айлантириши («даъб этса») янада яхшироқдир.

Бунинг сабаблари эса «Маҳбуб ул-қулубда» янада кенгроқ шарҳланган.

«Тавозуъ халқни киши муҳаббатиға шефта (ошиқ, мубтало) қилур ва улусни фоил маваддатиға (бажарувчининг меҳрибонлигига) фирифта (мойил, мафтун) қилур. Дўстлуғ гулшанида назорат гуллари очар ва ул гулшандин унс (улфат, яқин дўст) ва улфат базмида турлук гуллар сочар. Мутакаббир душманға мулоямат (юмшоқ табиатлик, мулойимлик) сари йўл кўргузур ва муъжиб (такаббур, худбин) хасм (ёв, душман) хотириға инсоният завқин ўлтурғузар. Такрори ҳаёсиз муддаийни (даъвогар, даъво қилувчи; рақиб) уят сарҳаддиға бошқарур ва теъдод (саноғ)и инсофсиз адув (ёв, душман)ни ямонликдин ўткарур.

Агарчи борча элдин хўбдур ва бари халойиқдин марғуб, аммо сарафроз (баланд мар-табали)лардин хўброқдур ва бениёз (ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган)лардин марғуброқ... Сахо қилмай элни шод қилур ва ато кўргузмай (бирор нарсани совға қилмасдан ҳам) кишини ғамдин озод қилур. Адаб кичик ёшлиғларни улуғлар дуосиға сазовор этар ва ул дуо баракати била умрдин бархурдор. Кичиклар меҳрин улуғлар кўнглиға солур ва ул муҳаббат кўнгулда муаббад (абадий) қолур.      

Ушоғ (кичик)ларни кўзга улуғ қилур, атвори (хатти-ҳаракати, хулқи)дин халқ улуғлиқ билур. Халқ жонибидин беҳурматлиқ эшигин боғлар ва кишини ҳазл ва истихфоф (камситиш, беҳурмат қилиш)дин сахлар... Кичиклар-ғаким, андин мунча бўлғай, улуғларға кўрким, неча мунча бўлғай».

Кечиримлилик ҳам инсонга хос бўлган ажойиб фазилатлар силсиласига мансубдир. Агар бу хислат кучлиларда бўлса, янада «хўброқ» бўлади:

Эрур ҳам афв хўбу хўброқ ул

Ки, зоҳир бўлғай эл топқанда қудрат.

Ниҳоят, ажойиб фаилатлар рўйхатига бошқаларга совға ва инъомлар бериб туриш қўшилади:

Ато ҳам турфа ишдур турфароқ бил,

Агар йўқтур анинг ёнида миннат.

Кўриниб турганидай, бошқаларга берилган совға ва инъомлар миннат қилинмасагина «турфа иш» деб баҳоланади, холос. Акс ҳолда, у яхшилик ва ҳимматни йўққа чиқаради.

Юқорида саналган барча фазилатлар бир кишида мужассам бўлса, у кишини том маъноси билан «инсони комил» деб аташ мумкин бўлади:

Ҳаким инсони комил дебтур ани

Ки, бўлғай зотида бу неча хислат.

Буларнинг барчаси ҳазрат Алишер Навоий асарларида мужассамлашган инсонийлик сабоқларининг битмас-туганмас хазиналаридан айрим лавҳалар, холос. Улардан қанчалик кўпроқ баҳраманд бўлсак, кўнгил ободлиги, руҳларнинг шодмонлиги ҳам шунчалик кўпайиб бораверади. Бу борада китобхонларимизга ғайрат ва иштиёқлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.