Annotation. The article discusses the role and significance of the Union Electronic Catalog (UEC) in the development of Uzbekistan’s information and library system. Introduced in 2014, the UEC integrates library resources into a single digital platform, streamlining information access and improving search and management processes. The paper highlights the outcomes of the system implementation, including professional development through business trips and training courses held since 2018. Technological advancements, process automation, and the enhancement of bibliographic record quality have contributed to increased efficiency in research, education, and international integration.
Аннотация. В статье описывается роль и значение Сводного электронного каталога (СЭК) в развитии информационно-библиотечной системы Узбекистана. СЭК был создан в 2014 году для интеграции библиотечных ресурсов на единой цифровой платформе, что позволило упростить доступ к информации и улучшить процессы ее поиска и управления. Особое внимание уделено результатам внедрения системы, включая повышение профессиональной квалификации сотрудников через командировки и курсы повышения квалификации, которые проводились с 2018 года. Технологическое обновление, автоматизация процессов и повышение качества библиографических записей способствовали увеличению эффективности научных исследований, образовательного процесса и международной интеграции.
Аннотация. Мақолада Ўзбекистон ахборот-кутубхона тизими ривожланишида Йиғма электрон каталог (ЙЭК)нинг аҳамияти ва роли баён қилинган. 2014 йилда ишлаб чиқилган ЙЭК турли кутубхоналар ресурсларини ягона рақамли платформага бирлаштириб, ахборотдан фойдаланиш ҳамда уни бошқариш жараёнларини соддалаштирди. 2018 йилдан буён ташкил этилган хизмат сафарлари ва малака ошириш курслари ходимларнинг билим ва кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Технологик янгиланишлар, жараёнларни автоматлаштириш ва библиографик ёзувларнинг сифатини ошириш таълим, тадқиқот ва халқаро интеграция самарадорлигини яхшилашга ёрдам берди.
Калит сўзлари: Йиғма электрон каталог (ЙЭК), ахборот-кутубхона тизими, библиографик ёзувлар, автоматлаштириш, халқаро интеграция, таълим жараёни, хизмат сафарлари, малака ошириш.
Кутубхоналар жамиятнинг маънавий ва илмий ривожланишида доимо муҳим ўрин тутган илмий ва таълим муассасалари сифатида эътироф этилган. Замонавий ахборот жамияти шароитида эса кутубхоналарнинг аҳамияти ва уларга бўлган талаб янада ошиб, уларнинг олдига янги вазифалар қўймоқда. Айниқса, аниқ, тезкор ва кенг қамровли ахборот манбаларини тақдим этиш кутубхоналарнинг асосий стратегик вазифаларидан бирига айланди.
Ўзбекистонда кутубхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва фойдаланувчилар учун маълумотга кириш имкониятларини яхшилаш мақсадида, Йиғма электрон каталог (кейинги ўринларда – ЙЭК) дастури ишлаб чиқилди. 2014 йилда ЙЭК тизими BePro дастурчилар жамоаси томонидан ишлаб чиқилди ва фаолиятга жорий этилди. ЙЭК турли кутубхоналарда сақланаётган ахборот ресурсларини ягона электрон платформага бирлаштиришга қаратилган. Ушбу платформа фойдаланувчиларга турли кутубхоналар маълумотларига ягона тизим орқали осон ва тезкор кириш имкониятини тақдим этади.
ЙЭКнинг афзаллиги шундаки, у ахборот излаш ва ундан самарали фойдаланиш жараёнларини такомиллаштиради, шунингдек, кутубхона фаолиятини замонавий рақамли технологиялар асосида автоматлаштиришга хизмат қилади. ЙЭК орқали ахборот ресурсларининг кенг қамровлилиги ва уларнинг замонавийлик даражаси таъминланади, бу эса миллий ва халқаро миқёсдаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
ЙЭК тизимининг асосий вазифаси кутубхоналар ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш, фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларига киришини таъминлаш ҳамда кутубхоналарнинг техник самарадорлигини оширишдир. Ушбу тизим қуйидаги функцияларни амалга оширади:
• Ахборот ресурсларини ягона маълумотлар базасига жамлайди
• Фойдаланувчиларга адабиётларни тезкор ва осон излаш имкониятини яратади
• Кутубхоналар фаолиятини автоматлаштириш орқали ахборотни бошқариш жараёнларини самарали ташкил этади.
ЙЭК тизими – кутубхона ахборот ресурсларини ягона платформада бирлаштирувчи инновацион технология бўлиб, таълим, илмий тадқиқотлар ва кенг жамоатчиликнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун самарали восита ҳисобланади. Унинг аҳамияти қуйидаги муҳим жиҳатларда намоён бўлади:
Тизимнинг рақамли қидирув функциялари фойдаланувчиларга адабиётларни тез ва самарали топиш имкониятини беради. Электрон ресурслар билан таъминланган ЙЭК кенг қамровли ахборот манбаларини, жумладан, китоблар, журналлар, диссертациялар ва бошқа турдаги ҳужжатларни тақдим этади.
Тадқиқот жараёнларида ЙЭК муҳим ёрдамчи ҳисобланади. Тизим илмий тадқиқотлар учун зарур бўлган адабиётларга тезкор киришни таъминлайди. Шунингдек, тадқиқотчилар турли манбаларни таққослаш ёки таҳлил қилиш орқали ўз тадқиқотларининг самарадорлигини ошириш имкониятига эга бўладилар. Тизим библиографик маълумотларни автоматик равишда жамлаш орқали тадқиқот жараёнини соддалаштиради.
Таълим жараёнида ЙЭК ўқув жараёнини интерактив қилишга хизмат қилади. Талабалар ва ўқитувчилар зарур адабиётлар ва ўқув материалларига тез ва осон кириш имкониятига эга бўладилар. Электрон нашрлар ўқув жараёнининг сифатини оширишда муҳим роль ўйнайди.
ЙЭК тизими ахборот-кутубхона муассасаларида рақамли технологияларни жорий қилишда етакчи ўрин тутади. Автоматлаштирилган жараёнлар орқали маълумотларни қайта ишлаш тезлашади, бу эса иш самарадорлигини оширади. Фойдаланувчиларга интернет орқали маълумот излаш ёки адабиётларга буюртма бериш имконияти берилади. Бундан ташқари, тизим маълумотларни рақамлаштириш орқали уларни жаҳон ахборот тармоқларига интеграция қилиш имконини яратади. Яна бир муҳим жиҳати унинг иқтисодий самарадорлигидир. Тизим маълумотларни такрорланишини камайтиради, бу эса ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини яратади. Маълумотларнинг марказлашган ҳолда сақланиши кутубхоналар ўртасида маълумот алмашиш жараёнини осонлаштиради, бу эса харажатларни тежашга ёрдам беради.
Халқаро интеграцияни қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон кутубхоналари халқаро ахборот базаларига уланиб, дунё миқёсидаги маълумотларга кириш имкониятини яратади. Шунингдек, халқаро илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, тадқиқотларни халқаро стандартларга мувофиқ олиб бориш имкони ошади.
Ахборотга бўлган эҳтиёжни кенгайтириш ва жамиятнинг барча қатламлари учун инклюзив ахборот муҳитини яратишга хизмат қилади. У миллий ахборот сиёсатини такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг ахборот тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Ушбу тизим жаҳон маданий меросини сақлаш ва кенг оммага тарқатиш имконини ҳам беради. ЙЭК нафақат миллий, балки халқаро даражада ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантирувчи инновацион технология сифатида эътироф этилмоқда.
ЙЭК тизими орқали Ўзбекистондаги бир қатор кутубхоналарнинг анъанавий картотекалар рақамлаштирилди. Бу жараён китоблар, журналлар ва электрон манбаларни электрон форматга ўтказишни ўз ичига олди. Турли кутубхоналардаги маълумотларни ягона маълумотлар базасига жамлаш ва уни мунтазам янгилаш тизимли равишда йўлга қўйилди.
Ҳудудлардаги кутубхоналар ўртасида ахборот алмашинуви самарали ташкил қилинди ва барча кутубхоналар ўртасида умумий ахборот манбасига кириш имконияти таъминланди, бу эса маълумотларни тақдим этишдаги такрорланишни камайтирди.
2014–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларидаги экспорт ва импорт жараёнлари муҳим ўзгаришларга учради. Бу даврда кутобхоналардаги библиографик ёзувлар ҳажми ва тури, шунингдек, импорт ва экспорт билан боғлиқ ишлаш жараёнлари сезиларли равишда ривожланди (1-расм).
2014–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларида библиографик ёзувларни экспорт қилиш жараёнлари кутубхоначи мутахассислар библиографик ёзувларни ўзлаштиришда иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
2016–2017 йилларда ахборот-кутубхона муассасаларининг импорт ҳажми юқори бўлган. Бу даврда кўплаб ёзувлар, ўқув материаллари ва илм-фанга оид манбалар импорт қилинган. 2018 йилларда импорт жараёнидан ҳосил бўлган дублет ёзувларни камайтириш, тизимда ягона библиографик ёзувга эришиш мақсадида иморт жараёни камайган. 2019 йилдан импорт кўрсаткичлари сезиларли равишда ошди, бу кутубхона ресурсларини тўлдиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг натижаси бўлди.
Асосий ва вақтинчалик базаларда яратилган библиографик ёзувлар таҳлили 2014–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларида асосий ва вақтинчалик базаларда яратилган библиографик ёзувлар сонида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Ушбу жараёнлар ахборот алмашинуви ва ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди (2-расм).
Асосий база ахборот-кутубхона муассасаларида тўлиқ рўйхатга олинган, тўғри ва узлуксиз маълумотларни сақлаш учун хизмат қилади. Йиллар давомида асосий базада яратилган библиографик ёзувлар қуйидаги сабаблар билан ўсди:
Асосий базага ёзувларни киритиш жараёни автоматлаштирилган тизимлар орқали соддалаштирилгани туфайли, жараён маълумотларни сифатли сақлашга ва қайта ишлашга имконият яратди. База кўп ҳолларда китобхонлар талабига мувофиқ янгиланиб борган.

Вақтинчалик база тезкор ахборот алмашиш ва маълумотларни ишлов бериш жараёнида фойдаланилади. Бу база маълумотларни вақтинчалик сақлаш ва кейинчалик асосий базага ўтказиш учун ишлатилади.
Кутубхоначи мутахассислар вақтинчалик базадан маълумотларни дастлабки сақлаш ва таҳлил қилиш учун фойдаланади. Бу ресурсларни тезкор фойдаланувчилар ихтиёрига тақдим этиш имконини беради. Вақтинчалик база орқали киритилган ёзувлар асосий базага ўтказишдан олдин таҳлил қилиниб, керакли тузатишлар киритилади. Асосий ва вақтинчалик базаларда яратилган библиографик ёзувлар ахборот-кутубхона муассасаларида маълумотлар базасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Асосий база узлуксиз маълумотларни сақлаш учун хизмат қилса, вақтинчалик база маълумотларни тезкор қайта ишлаш ва вақтни тежашда катта аҳамият касб этади. Ушбу жараёнлар ахборот ресурсларининг самарали бошқарилиши ва китобхонларга юқори сифатли хизмат кўрсатишга ёрдам беради.
2014 йилдан Республика йиғма электрон каталог маркази (РЙЭКМ) томонидан Ўзбекистон ҳудудида ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида хизмат сафарлари ташкил этилди. Бу ташаббус Йиғма электрон каталог (ЙЭК) тизимини амалга ошириш жараёнини кенгайтириш, ахборот ресурсларининг сифатини ошириш ва фойдаланувчилар учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган.

Хизмат сафарлари давомида РЙЭКМ мутахассислари вилоят, туман ахборот-кутубхона марказларига ташриф буюриб, ЙЭК тизимида ишлаш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган ўқув машғулотларини ўтказди. Сафарлар давомида каталоглаштириш жараёнларини автоматлаштириш, дуб-лет ёзувларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш технологиялари, шунингдек, маълумотларни форматлаштириш стандартлари ўргатилди. Бу фаолият фақатгина кутубхоначи мутахассисларнинг билим даражасини ошириш билан чекланмай, умумий тизим самарадорлигини яхшилашда ҳам муҳим роль ўйнади.
Хизмат сафарлари орқали ахборот-кутубхона муассасаларида мавжуд ахборот ресурслари баҳоланди ва уларни ягона маълумотлар базасига интеграция қилиш жараёни амалга оширилди. Сафарлар давомида мутахассислар мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ресурсларни самарали бошқариш бўйича таклифлар берди. Бу жараён ахборот-кутубхона муассасаларининг технологик инфратузилмасини яхшилашга, уларнинг иш жараёнини замонавий талабларга мослаштиришга ёрдам берди.
Хизмат сафарлари давомида бошланган саъй-ҳаракатлар ахборот ресурсларнинг умумий сифати ва сиғимини оширишда катта натижаларга олиб келди. Турли ҳудудларда ахборот-кутубхона марказлари ўртасида самарали ҳамкорлик механизми яратилди. ЙЭК тизимига киритилган маълумотлар сифати таҳлил қилиниб, дублет ёзувларни бартараф этиш жараёни такомиллаштирилди. Бу ўзгаришлар ахборот алмашинувининг тезкорлигини таъминлаб, кутубхона фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
2014 йилдан амалга оширилган хизмат сафарлари натижасида РЙЭКМ фаолияти нафақат ахборот-кутубхона муассасаларида иш жараёнини такомиллаштиришга, балки фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ушбу ташаббуслар ахборот-кутубхона соҳасидаги миллий ва халқаро интеграцияни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб, Ўзбекистоннинг ахборот жамиятини шакллантиришда етакчи аҳамият касб этди.
Республика йиғма электрон каталог маркази томонидан 2018 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларидаги Йиғма электрон каталог сектори мутахассислари учун малака ошириш курслари доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Ушбу курсларнинг асосий мақсади, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ЙЭК тизимида иш жараёнини яхшилаш ҳамда ахборот-кутубхона муассасалари ўртасида ягона иш меъёрларини жорий қилишдир. 2018–2024 йиллар давомида амалга оширилган малака ошириш дастурлари бир қатор муҳим натижаларни беради.
Малака ошириш курслари давомида ЙЭК тизими билан ишлаш бўйича мутахассисларнинг билими ва кўникмалари сезиларли даражада яхшиланди. Улар даврий нашрлар ва библиографик ёзувларни тизимга киритиш, дублет ёзувларни аниқлаш ва уларни ўчириш жараёнларини самарали бошқариш кўникмасини ривожлантирдилар. Бу ўзгаришлар ахборот ресурслари сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам берди.
Шунингдек, АКМ ва ТАКМлар ўртасида ахборот алмашиш жараёни стандартлаштирилди ва мувофиқлаштирилди. Бу ахборот ресурсларини ягона тизим асосида бошқаришни осонлаштирди. Вилоят ва туман АКМлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашиш жараёнлари сезиларли даражада яхшилангани курслар натижасида эришилган энг муҳим ютуқлардан биридир.
Йиғма электрон каталог тизимида ишлаш самарадорлиги ошди. Мутахассислар электрон каталоглаштириш ва маълумотларни форматлаштириш бўйича амалий билимларга эга бўлиб, уларни амалиётда қўллаш имкониятига эришдилар. Туман ва шаҳар АКМлари билан иш жараёнида назорат ва мувофиқлаштириш кучайтирилди, бу эса умумий иш сифатини оширишга олиб келди.
Малака ошириш курсларида технологик инновациялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар электрон ресурсларни тезкор киритиш ва таҳлил қилиш учун автоматлаштирилган воситалардан самарали фойдаланишни ўргандилар. catalog.unicat.uz платформасида иш жараёнларини оптималлаштириш орқали вақт ва ресурсларни тежашга эришилди. Бу ўзгаришлар ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг рақамли трансформациясини таъминлади.
Шундай қилиб, 2018–2024 йиллар давомида малака ошириш курслари ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Ахборот ресурсларининг самарали бошқарилиши, технологияларнинг жорий қилиниши ва ходимларнинг малакасини ошириш орқали Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳаси янги босқичга кўтарилди. Бу саъй-ҳаракатлар миллий ва халқаро даражада ахборот алмашиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб, Республика йиғма электрон каталог маркази томонидан ташкил этилган ЙЭК тизими Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳасида инновацион ечим сифатида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу тизим кутубхоналар ўртасидаги ахборот алмашувини таъминлаш, маълумотларни марказлаштириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятини яратди. ЙЭК тизими фойдаланувчиларга турли кутубхоналар ахборот ресурсларига ягона платформа орқали тезкор кириш имкониятини тақдим этиш орқали ахборот излаш жараёнини анча осонлаштирди.
2014 йилдан РЙЭКМ томонидан Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган хизмат сафарлари ва малака ошириш курслари тизим самарадорлигини янада оширишга ёрдам берди. Хизмат сафарлари давомида ахборот-кутубхона муассасаларида ЙЭК тизимига киритиш жараёнлари баҳоланди, мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар берилди. Малака ошириш курслари орқали АКМ ходимлари дублет ёзувларни аниқлаш ва ўчириш, маълумотларни форматлаштириш, электрон ресурсларни тизимга киритиш каби кўникмаларни ривожлантиришди. Бу жараёнлар ходимларнинг касбий малакасини ошириш ва уларнинг иш самарадорлигини яхшилашга катта ҳисса қўшди.
Ахборот-кутубхона муассасалари ўртасида ягона иш стандартларини жорий қилиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим восита сифатида фаолият кўрсатмоқда. Вилоят ва туман АКМлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларининг мустаҳкамланиши натижасида ахборот ресурслари бир жойда жамланиб, улардан фойдаланиш имкониятлари кенгайди. Ресурсларнинг сифатли бошқарилиши ва ахборот алмашинувининг тезкорлиги тизимнинг асосий ютуқларидан бўлиб, ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолиятига янги туртки берди.
ЙЭК тизими таълим ва тадқиқот жараёнларига ҳам катта таъсир кўрсатди. Фойдаланувчилар учун кенг қамровли ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилди, бу эса илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш ва ўқув жараёнини интерактивлигини оширишга хизмат қилди. Ахборот ресурсларининг рақамлаштирилиши ва автоматлаштирилган жараёнларнинг жорий қилиниши тизимдан кенг миқёсида фойдаланишни таъминлади.
Йиғма электрон каталог тизими Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолиятини яхшилаш, ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ахборот алмашинувини юқори даражага кўтариш орқали ахборот жамияти ривожланишига қўшилган муҳим ҳиссадир. РЙЭКМнинг бу соҳадаги стратегик ташаббуслари миллий ва халқаро даражада ахборот-кутубхона соҳасида янги имкониятлар эшигини очди.
