Аннотация: Автор статьи пишет о поэтическом мире поэта и мыслителя Алишера Навои, литературном наследии и значительном вкладе в развитие, как узбекской литературы, так и всемирной поэзии  великого поэта,  о важности и необходимости изучения его произведений. Лирика Алишера Навои и любовь к литературе велика и многогранна, включающая в себя около 30 крупных произведений: сборников-стихов, поэм, философских и научных трактатов. Опираясь именно на его творческое наследие, Абдулла Кадири и Айбек написали свои произведения, которые и по сей день  не теряют своей актуальности.   

         Болаликдан Ҳазрат Навоийга муҳаббатим чексиз эди. Унинг китобларини муқаддас китобларни қўлга олгандай меҳр билан олар ва ўқишга, мазмунини англашга уринардим. Бунда, албатта, оиланинг ўрни ҳам катта бўлган. Бувиларимиз отинбиби эдилар, уйимизда Навоий, Фузулий, Машраб кўп ўқиларди. Шундан менга адабиётга ҳавас уйғонган. Ўша пайтларда «Шарқ юлдузи»да Навоий ҳазратларининг ғазалларига шарҳлар бериларди. Битта қолдирмай берилиб ўқиганларим эсимда. Инсонни инсон қиладиган, уни комилликка элтадиган, жамиятнинг ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётининг асоси илмдир, ўқишдир. Ва мана шу жиҳати билан ҳам инсон бошқа махлуқотлардан фарқ қилади. Одам бирор-бир мутахассисликни эгаллаши учун, албатта, ўшанга тааллуқли адабиётлар билан танишади. Лекин инсон ўзлигини англаши, моҳиятига етиши учун бу кифоя қилмайди. У яхши мутахассис бўлиб етишиши мумкин. Аммо унинг маънавиятли, дунёқараши кенг, маънан бой бўлиб вояга етишида бадиий асарларнинг алоҳида ўрни бор. «Ким ўзини англаса, Раббисини англабдир», дейилади ҳадиси шарифда. Ўзини англашнинг энг муҳим воситаларидан бири, бу, шубҳасиз, бадиий асарлардир. Назм бўлсин, наср бўлсин, булардан узоқ одам руҳий камолотга етиша олмайди. Ўз соҳасини пухта билиши мумкин. Аммо маънавияти саёз бўлиб қолаверади. «Олим бўлиш мумкин, одам бўлиш қийин», деган халқимиз иборасида назарда тутилган бир ҳолат юзага келади. Одам бўлишлик одамийлик сифатларига эга бўлишлик, демакдир. Одамийлик сифатлари эса одоб-ахлоқ, ҳалоллик, ватанпарварлик, мардлик, садоқат, иймон-эътиқод бутунлиги… Бу сифатлар кишида тарбия воситасида шаклланади. Тарбиянинг энг самарали йўли болада китобхонлик кўникмасини пайдо қилишдир. Китоб, китобхонлик деганда, асосан, бадиий асарлар назарда тутилади. Чунки адабиёт адаб сўзидан олинган дейишимиз, бир қарашда жўнроқ туйилади. Ваҳоланки, бу – бор гап. Тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам бадиий асар – тарбия воситаси. Хоҳ дидактика, хоҳ юксак бадиият намунаси бўлсин – вазифаси битта – инсоннинг ахлоқини поклаш, руҳияти, маънавиятини юксалтириш, ҳис-туйғулари, дунёқарашини шакллантириш.

Ҳазрат Навоий ижоди туфайли кўпчилик зотлар иймонга кирганлар, маърифатга эга бўлганлар. Мен ҳам Навоийга меҳр қўйиб, уни суйиб, кейин дину иймонни ўрганишга қадам қўйганман. Ҳазрат Навоийнинг «Лисон ут-тайр» асарини еттинчи синфдаёқ ҳайратла ўқиб, унинг маъносини англашга уринганман. Мен ўйлайманки, бугун ёшларимизга Ҳазрат Навоий ижодини тарғиб қилсак, ҳеч қанақа муаммоларга ўрин қолмайди. Уларнинг ёмон иллатларга аралашиб қолишлари ҳақидаги шубҳалар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Қанийди, Навоийни англасак, уни тушунсак ва севсак!

 Ҳазрат Навоий ижодининг ўқ илдизи иймондир. Ҳар байтида бевосита ёки билвосита ўша маъно келаверади. «Айлагил жондин жудо, қилгунча иймондин жудо». Иймон ҳар нарсадан устун қўйиляпти. Чунки иймонсиз жоннинг мазмуни йўқ.

Навоийнинг яна бир улуғ кучи руҳий тарбиядир. Инсонга руҳий тарбия, онгга қувват, ирода ва сабр берадиган руҳий кучдир. Қалбнинг асосий озиғидир. Тасаввуф уламоларимиз айтганларидек, қалбни тозаламай туриб, бирон нарсага эришиб бўлмайди. Қалбсиз топилган нарсада маъни бўлмайди. Инсоннинг қалби ислоҳ бўлсагина, бутун жисми тоза бўлади, покланади. Ҳазрат Навоий қалб ислоҳотчисидир.

    Ойбекнинг «Навоий» романида Навоий ҳазратларининг гап-сўзларида, олиб борган ишларида нақшбандия тариқати таъсири яширин тарзда (очиқ айтиб бўлмаган) эҳтиёткорлик билан сингдириб юборилган. Ҳазрат Навоийнинг «Каҳфи фано ичра алар бўлса гум, Мен ҳам ўлай робиуҳум калбуҳум…», деган байтларини олайлик. Унда келишича, эътиқодсиз кишилардан қочиб, бир неча ёш йигит Каҳф ғорига беркинишади. Ўша ерда уч юз йил қолиб кетишади. Уларнинг орасида бир ит ҳам бўлади. Навоий мажозий маънода Каҳф ғорига агар Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийлар кириб кетишса, мен ҳам уларнинг садоқатли ити бўлиб эргашардим ва хизматларида бўлардим, деяптилар. «Хамса» достонларими, «Маҳбуб ул-қулуб»ми, «Лисон ут-тайр»ми, қай бир асарини олманг, уларнинг моҳиятига етишимиз учун қалбимиз уйғоқ бўлиши лозим.

«Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш». Ёр ишқида тун билан кун бирлигини кўриш мумкин. Ёрнинг табассуми, унинг жилоси қалбнинг яратганга бўлган муҳаббатини ифодалайди. Ҳазрати Лутфий айтганларки, «Мен орзу қилган бахтни унга бу ёшида берибдилар». Ҳазратнинг ишқни англаганини қаранг! Истеъдодни англасак қанийди!

Шеърда азалий ҳикмат бор. Сеҳр, бу яхши маънодаги сеҳр. Яъни таъсир бор, демоқчилар. Қачон таъсир қилади, агар у қалбдан чиқса. Ўзи, адабиёт – қалб иши. Уламоларимиз айтадики, адабиёт қачон адабиёт бўлади? У инсон қалбига нур олиб кирса. Кейинги пайтларда сариқ матбуот, сариқ адабиёт деган тушунчалар пайдо бўлди. Бу йўналишдаги «асар»лар қалбни нурлантириш у ёқда турсин, аксинча, фасодга тўлдиради. Уларнинг бадиияти ҳақида гапирмай ҳам қўяқолайлик. Бундай ёзишмаларнинг назарда тутган сеҳрли сўзга, умуман соф маънодаги адабиётга мутлақо алоқаси йўқ. Энг зарарли, хавотирли жиҳати шундаки, етарли малакага эга бўлмаган китобхоннинг, айниқса, ёшларнинг фикрини ўтмаслаштиради, адабиёт борасида нотўғри қарашлар пайдо қилади, сўз деган буюк неъмат қадрини тушириб юборади.

Мумтоз асарларимизни олиб қаранг, Навоийни олайлик, Лутфий, Фузулий, Бобур, Машраб, Огаҳийларни олайлик. Сўзнинг қудратини, таъсир кучини нақадар юксакларга кўтаришган. Шу сабабли ҳам, улар мумтоз, шу сабабли ҳам, асрлар оша яшаб келяпти.

Навоий асарларида лирик қаҳрамон тушунчаси бор. Мен унинг барча асарларидаги лирик қаҳрамон Навоийнинг ўзи, барча асарларида ўзининг дардлари, ўзининг ишқи, ўзининг орзу-армонларини куйлаган деб ўйлайман. «Мени мен истаган суҳбатига аржуманд этмас, мани истар кишини кўнглим писанд этмас»...Қаранг, Навоий кимларга интилгани-ю, аммо кўпинча кимлар орасида юргани ҳақида мушоҳада юритмоқда.

Навоий китобларини кўп чиқаряпмиз, лекин уни тушунтириб бериш керак. Уни қандай таъсир қилишини ҳам ўйлайлик. У болаларимиз қалбини юмшатиши керак. Мен айрим ўзига тўқ, давлатманд кишиларни китобдан бебаҳра ўтиб боришаётганидан ачинаман. Масалан, Ҳазрат Навоийнинг бир байтини тушуниш завқини ҳис этиш, бу – катта бахт. Бу инсон ўз юртдошимиз эканлигидан фахрланамиз. Ва мана шу фахр бизни тарбиялайди. Ўз тарихимизга, Ватанимиз, халқимизга меҳримиз янада ортади. Китобнинг буюк тарбиячи эканлигига амин бўламиз.