Оилада нимага кўп эътибор бўлса, болалар ҳам шу томонга қараб бўйлай бошлайди. Қовун қовундан ранг олади, дейишади-ку! Кун бўйи балиқ ташвишида яшаган балиқчининг болалари келажакда қайси касб эгаси бўлмасин, балиқ ва сув дунёси ҳақида сизу биздан яхшироқ билимга эга бўлади. Китобни севган оилада эса китобнинг ўрни беқиёс, мўътабар ва азиздир.

Қайси бола отасига ўхшашни, унингдек барчага сўзи ўтишини, кучли бўлишни истамайди. Яхши ўғил отага эргашади-да! Катта арава қаерга бошласа, кичиги ҳам шу томонга эргашади. Шунинг учун мен боланинг китобга меҳри тушишида ота-онанинг таъсири жуда катта деб биламан. Ахир, бир ўйлаб кўринг, ота-она ҳурматлаган нарсага бола беэътибор қолиши мумкинми?

Бизнинг оила ҳам зиёли, ўқимишли, китоб-севар ўзбек хонадонларидан бири эди. Отам ҳам, онам ҳам китобларни севар, шунинг учун акаларим ҳам, опаларим ҳам китобни қўлдан қўйишмасди. Улар китоб ўқиш билан бирга кечаси билан бир-бирларига шеър айтиб, ажиб мушоира қилиб чиқишарди. Ўша тунларни ҳозир эсласам, кўнглимга болаликнинг покиза, ширин, ёқимли ифори бўйлайди. Ширин хотираларга бораман. Опам, акам шеър ўқир мен уларни завқ билан тинглар, уларга ҳавасим келарди. Шунинг учун мен ҳам эрта, ҳали тилим узун, сўзларга тузуккина чопмай туриб шеър ёдлай бошладим ва уни яқинларимга шошилганча ўқиб берардим. Шеъриятга, адабиётга ҳавасим ошиб борди.

Уйимизда ҳамма шеър ёзарди. Шунинг учун мен ҳам эрта шеърлар машқ қила бошладим. Уни ота-онамга ўқиб берар, улар ҳам чексиз шодланишар, менинг кўнглимни шод қилиб мақташарди.

Кейин мактаб – илк таълим масканига қадам қўйдим. У ерда ҳам китоб ўқиганим қўл келди. Дарсларни тез ўзлаштирар, шеърларни равон ёд олиб айтиб берардим. Шунинг учун синфдошларим, устозларим мени айри ҳурмат, эъзоз билан тилга ола бошлашди. Айниқса, 2 синфда ўқиётганимда туман газетасида илк шеърим («Мусича» деб номланганди) босилиб чиққач, мактабу қишлоқда анчагина танилиб қолдим. Ҳа, у пайтлар шоирлик, шеърият бир ширин ҳавас эди.

Аммо мен ўша пайт шеърият учун нафақат ёшликни, балки бутун умрни бағишлаш керак эканликни билмасдим. Шеърият мен учун завқ, бахт эди. Қалбимдаги митти ҳавас ва орзулар учун кўп китоб ўқидим, шеър ёд олдим. Ҳақиқий шеъриятни англашга уриндим. Кутубхоналар менинг энг яқин масканимга айланди. Шунинг учун ўзимни китобсевар бола бўлганман деб айта оламан.

Мактабда ўқиб юрганимда ҳам, ундан кейинги таълим масканларида ҳам Бобурнинг «Бобурнома» мемуар асарини қўлдан қўймадим. Уни ўқиётганимда гўё шоҳ Бобур мени саройига қабул қилиб суҳбатига чорлагандай, унинг сўзларини тинглагандай бўлардим. Бу китоб мени ўзига маҳлиё қилиб, ипсиз боғлаганди. Бунга сабаб асарнинг табиий, реал воқеликлар асосига қурилганлиги бўлса, иккинчидан, китобда ҳам шеърият, ҳам наср, ҳам қувонч, ҳам дард, ҳам шодлик, ҳам ўкинч торлари бирдек чертиларди. Мен бу китобдан мардлик, улуғворлик ҳақида илк тушунчаларни ўзимга сингдирганман. Бу китоб, менимча, қадимий китобларимиз ичида энг кўп тилга таржима қилинган ҳамда энг машҳур асар сифатида баҳоланади. Бу асар бежиз кўплаб халқларнинг мактаб дарсликларига кирмаган. Бу асарни ҳар қандай ўзбек фарзанди ўқиб-ўрганиши керак деб ўйлайман.

1989 йил. Юртимизда миллий уйғониш даври кечаётган, ошкоралик, қайта қуриш, миллий уйғониш ҳаракати жадаллик билан ўсаётган бир пайт эди. Ўша пайтлар тўғри сўзни айтиш ва бу сўзда дадил туриш жасорат эди, санъат эди. Яхши эслайман, ўша йиллар «Ёш куч» журналида шеърларим босилди. Мен шеърларимни ўқувчилар қандай қабул қилганлигини ўйлар, улар қалбига етиб борадиган арзирли сўз айтолдимми, дея мулоҳаза юритардим. Бахтни қарангки, ўша шеърларим учун таҳририятга бир қоп мактуб келган экан. Ишониш қийин, аммо бу мен учун қанча шодлик бўлса, шунча масъулият эканлигини ҳам англаб, ҳис қилиб турардим. Ўша мактубларни ўқиётган ёш шоир ҳиссиётларию қувончини мен ҳозир сўз билан айтишим қийин. Бу мен учун катта йўлдаги илк, омадли, дадил ташланган қадам эди. Шундан бери шу халқ, шу ватан, шу она юрт учун меҳнат қилиб, ижод қилиб келмоқдаман.

Бир фикрни оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларимда, ижодий учрашувларимда кўп бора таъкидлайман, бу – қарздорлик, ватан, миллат, шу она халқ олдидаги қарздорлик. Менимча, ҳар бир ижодкорнинг қалбида шу савол бўлса керак? Ўша она ватанга нима бера олдик? Кимки онани севса, оилани азиз билса, ўша одам ватанни ҳам мўътабар билади, унга хизмат қила олади. Мен ҳам янги-янги ижод маҳсуллари, пухта асарлар устида тинимсиз ишламоқдаман. Яқиндагина «Йўл» номли 10 қисмдан иборат кино сценарийни ёзиб тугалладим. Кейин, шуни айтишим керакки, ҳаммамизнинг ватан олдида қарзимиз бор экан, албатта, болалар олдида ҳам қарзимиз бор. Улар учун ижод қилиш, уларга маъқул келадиган асарлар яратиш ҳар бир ижодкорнинг орзуси бўлиши керак. Мен шу пайтгача болалар даврасига тушиб қолгудек бўлсам, устозларимизнинг болалар ҳақидаги шеърларидан ўқирдим. Ниҳоят шу йилда, қизалоғим Кумушой баҳонаси билан болаларга мўлжалланган «Эркатой» деб, аталган мўъжаз китобчани ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилдим. Ниятим катталар доираси қатори болаларбоп китоблар сони ва сифатини ҳам ошириш режамда йўқ эмас.

Китоб муқаддас! У азиз яратиқ. Аммо ҳамма қўлига қалам олган одам ёзувчи бўлиб қолмаганидай, ҳар қандай жамланган қоғозлар мажмуаси китоб бўла олмайди. Аммо бугунги кунда биз савияси, маъниси, салмоғига қарамай, ҳамма китоб шаклидаги қораламаларни «китоб» деб чоп этмоқдамиз. Уларнинг ичида ўта савиясиз, адабиётга ҳеч алоқаси бўлмаган «ёзиқ»лар ёшлар қўлига «китоб» сифатида тутқазилмоқда. Бу эса китобнинг ёшлар тафаккурида бироз бўлса-да қадрсизлантиришга олиб келмасмикан деб қўрқаман. Бунга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун чинакам истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг китобларини кўпроқ ва хўброқ чоп этиш керак. Шундагина «адашиб қолиш» ёки бекорчилигидан китоб чоп эттиришдан тийилган бўлармиди?! Устоз шоир Ғафур Ғуломнинг «Истеъдодларга ёрдам беришимиз керак, талантсизлар ўзи ёриб чиқаверади» деган машҳур ибораси бор. Қаранг, шу бир оғиз лутфда истеъдод соҳиби нақадар ардоқлангану истеъдодсиз одамнинг сурбетлиги қанчалик фош этилган. Чиндан ҳам, истеъдодли одамни юзага чиқариш бирмунча мушкул. Чунки улар ўз ҳаддини биладиган, давраларда ийманиброқ турадиган тоифа. Ҳадеганда мана мен деб ёнингизга келавермайди ҳам. Аммо устозлар бир жойда «йилт» этган учқун кўрса, шуни дарҳол илғашга, ўша митти шуълани алангага айлантиришга ўзларини масъул сезиши керак.

Ниятим – кўнглимизни китобнинг зиёси доим ёритиб турсин. Ҳар бир уйнинг ўз китоби, ўз кутубхонаси бўлсин! Шундагина уйларимиз файзли, кўнглимиз ёруғ, фарзандларимиз келажагини эса ҳавас қиларли бўлади.

Жавлон Жовлиев тайёрлади