Green Square (Яшил хиёбон) кутубхонаси ва майдони – бу Green Star (Яшил юлдуз) жамоат биноларида энг яхши жаҳон натижаларига эришишга йўналтира олишининг ёрқин намунасидир. Чуқур ер қаъридан ташқаригача ёруғлик таъминловчи қирқдан зиёд лампа, боғ ичидаги атриум ва мутолаа бурчакларидан иборат Green Square шаҳри маркази остидаги бу антиқа кутубхона, шубҳасиз, шовқиндан кочиб келадиган ва билим орттирадиган ажойиб макондир.

Атрофга назар ташлар эканмиз, Green Square ҳудудидаги бу манзил шу кунгача маълум бўлган бошқа кутубхоналарга ухшамаслигини яққол англаймиз.
Сиднейнинг ички жанубида, бир вақтлар унинг саноат маркази ҳисобланган манзил бўйича жойлашган кутубхона шаҳарнинг узоқ вақтдан бери тўлиқ фойдаланилмаётган ҳудудларини янгилаш бўйича амбициоз режасининг марказий қисмини ташкил этади. Бинонинг ўзи ва атроф майдон Green Square шаҳрини ўта замонавийлаштириш йирик лойиҳасининг қайсидир маънода марвариди ҳам дейиш мумкин. Ушбу ҳудуд эндиликда Биконсфилд ва Зетланд бўйлаб чўзилиб, қисман Розбери, Искандария ва Ватерлоони кесиб ўтиши Ер шарининг жанубий қисмида шаҳарларни янгилаш бўйича энг катта лойиҳа сифатида тан олинганидан далолат беради.

Stewart Hollenstein Architecture томонидан ишлаб чиқилган кутубхона дизайн жиҳатдан ҳайратлантиради ва бир вақтнинг ўзида чалғитади ҳам, аниқроғи, бироз алдамчи туюлади, чунки ер сатҳидан фақат унинг бир шакли кўринади. Аммо лойиҳада китобсеварлар жамоаси ҳамда атроф-муҳит манфаатлари уйғунлашгани ва айнан ушбу икки омил кўзда тутилган беш юлдузлидан ҳам устунроқ - Green Star - Public Building as Built таснифида олти юлдузли даражасига кўтариб, бу борада биринчи кутубхона сифатида эътироф этилиши, эҳтимол, янада ҳайратланарлидир.

Бунёд этилганидан икки йил ўтар-ўтмас, ушбу лойиҳа режалаштирилиши, очиқ майдонлар фойдали ихчамлаштирилиб, китобхонлар ҳамжамиятининг кенг даврасига манфаатли қулайликлар ярата олгани, шубҳасиз, келажакда бутун Сидней қандай бўлишини тассаввур этишга ундайди.
Ҳа, мақтов учун амалий ишлар кўп, бироқ саралаб олинган уч муҳим ташаббус алоҳида эътиборга лойиқдир.
- Биринчидан, бу кутубхона асосан ерости бўшлиғида жойлашгани билан эътиборни тортади.
Кутубхона ва яшил майдондан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш учун таклиф этилган бўш жой чекланган бўлсада, лойиҳа шунақа антиқа уддаланганки, кутубхонанинг асосий шакли ер остига «жойлаштирилиб», мўлжалланган яшил майдон унинг устида, яъни ер сатҳидан ўрин олган.
Асли шундайки, юқоридан кутубхонанинг фақат уч қисми - пирамида шаклида ойнавон кириш йўлаги, ўқиш, мусиқа заллари ва жамоат жойларидан иборат олти қаватли кичик минора ҳамда гўё чўқиб қолган тассаввур уйғотувчи доирасимон шаклидаги боғни кўриш мумкин.

Кутубхонани еростига жойлаштириш режаси Stewart Hollenstein Architecture профессионал жамоанинг ўзига хос ноёб дизайн ғоясининг ажралмас қисми эди. Мутахассислар фикри билан айтганда, албатта , лойиҳадан тортиб, амалий ишларга қадар қийинчиликлар юзага келган, чунки ботқоқлик ўрнида 2,4 км узунликдаги дренаж - сув, намлик сузиб чиқмаслигини олдини олиш тизимини яратиш лозим эди. Табиий ёруғлиқ ва ҳаво билан таъминлашда кутубхонанинг ички ховлисидан фойдаланилиб, юқорига «интилган» 49 та шаффоф қудуқҳамда камхарж электр қувватли махсус шамоллатиш тизими ўрнатилди.
Айтиш жоизки, ёруғликка тўлдирилган ушбу бўшлиқ майдон шундай афзалликларга эгаки, бу ерда ёз мавсумида салқинлик, қишда иссиқлик мунтазам таъминланиб туради.
2. Green Square - Яшил хиёбон ҳудуди қамровидаги шаҳарни янгилаш ишлари, ўз навбатида, барқарор ривожланиш борасидаги ташаббусларни бутун туман миқёсида татбиқ этишга имконият очиб берди.
Кутубхона ва яшил майдон – шаҳар марказидаги икки муҳим жамоат манзили ҳисобланади. Шу ерга яқин бўлган темир йўл вокзали, айни пайтда қурилиши давом этаётган яшил дам олиш маскани ва бироз фурсатлар ўтгач очилиши кутилаётган катта сузиш ҳавзаси Green Square шаҳри марказини янгилашда кенг майдонни эгаллаган ҳудуддир. Деярли бўшлиқдан бошланган бундай лойиҳада иштирок этиш фурсати архитектура-қурилиш жамоаларига камдан-кам яратилади, яъниким ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди.

Лойиҳадаги ташаббуслар оддийлиги шундаки, одамлар яхши яшаши ва дам олиши учун қулайликлар яратилади. Чунончи, атроф сайилгоҳ кўринишига эга, 12 км велосайир йўлакчаси, 40 та очиқ яшил майдонча, манзарали дарахт ва гулларга бурканган равон кўчалар каттаю кичикнинг кайфиятига фақат ва фақат ижобий таъсир этади, албатта.
Шу қаторда айрим ташаббуслар бироз мураккаблиқ туғдириши мумкин. Жумладан, ёмғир сувларини тўплаш ва оқизиб юбориш шаҳар тизими (Австралияда энг йириқ коммунал тизимлардан бири ҳисобланади) ҳамда қуёш батареяларига жамланган қувватдан бирга фойдаланиш имкониятини берувчи Яшил хиёбон қамровидаги жамоат биноларига уланадиган кичик тармоқ ўзига хос мураккаб лойиҳадир. Амалий ишлар натижаси эса кутилгандан ҳам аълодир. Маълум бўлишича, шу тарзда, яъни оддий ва мураккаб ташаббусларни уйғунлаштириш орқали Яшил хиёбон ҳудуди бўйлаб режалаштирилган кенг миқёсдаги лойиҳа ҳам Green Star – Communities таснифи бўйича олти юлдузли мақомга лойиқ деб топилган.

3. Лойиҳа амалда фақат китобхон эҳтиёжига хизмат қилмаётир
Green Square қурилиши марказида жойлаштирилган кутубхона ва яшил майдон шу атрофда ўзига хос тарзда жипслашадиган жамоалар учун асосий лангар вазифасини ўтайди десак, муболага бўлмайди. Дарвоқе, кутубхона фақат китоблар макони эмас. Бу манзилда даврий матбуот, компакт дискларнинг катта тўпламлари жамланган, ўйингоҳлар ташкил этиш учун ижара асосида мажмуа дастгоҳлариларидан фойдаланиш, бемалол Wi-Fi тармоғига уланиш, қизиққан машғулотлар билан банд бўлиш, ҳаттоки бутун бошли мусиқа хонасини ижарага олиб, рояль ва бошқа чолғу асбобларида машқ қилиш мумкин.

Ушбу лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – Янги Жанубий Уэльс вакиллари учун кутубхонага бепул аъзо бўлишдан тортиб, турли қобилият соҳибларию турфа миллат эгаларига, каттаю кичикка бирдай хизмат кўрсатиш орқали Яшил хиёбон аҳолиси ўртасида ҳамжиҳатликка эришилаётганидир.
Дарҳақиқат, кутубхона ва Яшил майдон Сиднейнинг энг замонавий ва энг қизиқарли маконларидан бирига шўнғиб, мутолаа қилишга ва ўқиш учун бетакрор манзилга айланаётир.
Австралия шаҳарларини янгилаш борасидаги йириқ лойиҳаларни ўз ичига қамраган Яшил хиёбон келажакда демографик жиҳатдан анча ўзгариши кутилмоқда. 2030 йилга келиб ушбу яшил макон манзилларида 61 мингдан зиёд киши оила даврасида доимий қўним топади. Масофаси бўйича ишбилармонлар шаҳри деб ном олган Сиднейдан атиги 3,5 км фарқ қиладиган Яшил хиёбоннинг ўзига эса, юқорида таъкидланганидек, бир пайтлар катта саноат маркази хисобланган ҳудуддан янги ҳаёт оқимидаги шаҳарга айланиб бормоқда.

Бугунги кунда ботқоқлик устида барпо этилган кутубхона жаҳон миқёсида энг илғор лойиҳа сифатида эътироф этилиб, соҳанинг Architectural Review юксак мукофотига сазовор бўлгани, мутахассислар наздида шаҳарсозлик қурилишида катта бурилиш ясаб, бунёдкорлар хизматини ўзига хос қаҳрамонлик даражасига кўтаргани ҳам, шубҳасиз, фақат ва фақат ҳайратлантиради.