Annotation: This article provides information about the opening and operation of the memorial complex «Victory» and the museum of «Glory» within it, as well as the large-scale work that is currently being carried out in the complex on the scientific study of the Second World War and the participation of Uzbekistan in it. In particular, the scientific and scientific literature created in cooperation with the scientific staff of the complex and leading scientists conducting research on the subject in recent years in the study of this historical period is described.
Key words: memorial complex «Victory» and the state museum of «Glory», monograph, book, World War II, scientific research.
Аннотация: Мазкур мақолада «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва унинг таркибидаги «Шон-шараф» музейининг очилиши ва фаолияти, бугунги кунда мажмуада Иккинчи жаҳон уруши даври ва унда ўзбекистонликларнинг иштирокини илмий ўрганиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилади. Жумладан, сўнгги йилларда мазкур тарихий даврни ўрганишда мажмуа илмий ходимлари ҳамда мавзу бўйича тадқиқот олиб борувчи етакчи олимлар билан ҳамкорликда яратилган илмий ва илмий-адабиёт тавсифланади.
Калит сўзлар: «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, «Шон-шараф» давлат музейи, монография, китоб, Иккинчи жаҳон уруши, илмий тадқиқотлар.
Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини илмий асосда, ҳаққоний ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур тарихий давр ҳақида яратилган адабиётлар эришилган ғалаба ва унинг катта баҳоси ҳақидаги маълумотларни ўн йиллардан кейин ҳам англаш ва ёш авлодга етказиш имконини беради. Ушбу адабиётлар орқали мазкур тарихий даврнинг қийинчиликларини, ўша оловли йилларнинг нафасини ҳис қиламиз. Айнан сўнгги йилларда яратилган адабиётлар ва илмий изланишлар кўплаб тарихий далил ва мисоллар Ўзбекистон халқи буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшганини яққол тасдиқлайди.
2020 йилда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг очилиши бевосита Ўзбекистонда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар кўлами ва сифатига ижобий таъсир этиб, олимларни янги китоб ва мақолалар ёзишга илҳомлантирди. Давлатимиз раҳбарининг махсус қарор ва фармойишлари асосида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасини ўрганишга бағишланган илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, янги тарихий факт ва маълумотлар асосида кўплаб монография ва китоблар чоп этилмоқда. Натижада тарихий давр тарихига тегишли бўлган юзлаб тарихий факт ва далиллар илмий муомалага киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон ҳалқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағиш-
ланган китоб-альбомни нашр чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармойиши ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимлардаги маърузаларида билдирилган ғоя ва фикрлар асосида 2020 йилда 2020 йили Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон» нашриётида «Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» номли китобальбом ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.



Ушбу хайрли иш яхши анъанага айланган ҳолда, 2021–2024 йилларда «Хотира ва қадрлаш куни» арафасида «Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида» номли иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи китобальбомлар ўзбек ва рус тилларида нашрдан чиқди. Ушбу китоб-альбомлардан республикамиз ва хорижий мамлакатларнинг архив ва музейлар фондларида, уруш қатнашчилари ва уларнинг оилаларида сақланаётган, ҳали кўпчиликка номаълум бўлган ноёб маълумотлар, нодир тарихий фактлар ўрин олди.
Мазкур китоб-альбомларда Ўзбекистон халқининг шонли тарихи, енгилмас иродаси, мардлиги ва матонати, бемисл жасорати ва қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи янги факт ва маълумотлар жамланган. Китоблар «Мангу жасорат намоёни», «Аскар хатлари», «Янги архив ҳужжатлари», «Фронт ортидаги матонат», «Халқимизнинг абадий ёдида», «Миннатдорлик туйғулари» каби бўлимларидан иборат.
«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини ўрганиш бўлими томонидан анъанавий тарзда бир неча ҳамкор ташкилотлар (Ўзбекистон Рес-
публикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти) иштирокида халқаро конференция ўтказиб келиниб, унинг материаллари тўплам тарзида чоп этилмоқда.
Конференция илмий тўпламларида Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши фронтларидаги жасорати, урушда иштирок этган ватандошларимизнинг хотираларини абадийлаштириш, уруш йилларида Ўзбекистон ва Ўзбекистон халқининг фронт ортида кўрсатган жасорати ва фидойилиги, тарихий ҳужжат ва илмий тадқиқотларда йўналишларида олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари ҳамда уруш қатнашчилари авлодларининг хотиралари ўрин олган.
Ушбу тўпламларда Россия, Беларусь, Нидерландия, Исроил каби мамлакатларнинг олимлари ва мутахассисларининг мақолалари ҳам эълон қилинди.
2021 йилдан бошлаб бевосита Мудофаа вазири ғояси асосида «Хотиралардан ўрин олган тарих» китоби «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси «Шон-шараф» давлат музейи ходимлари томонидан нашрга тайёрланиб келинмоқда. Китобда Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши фронтларида кўрсатган жасорати ва матонати ҳамда фронт ортида «Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун» шиори остида қилган мардонавор меҳнати ҳақидаги хотиралар ўрин олган.
Ҳозирги кунгача «Хотиралардан ўрин олган тарих» китобининг учта китоби нашрдан чиқди. Уларда замондошларимизнинг уруш жанггоҳларида мардонавор курашган ота-боболари, авлодлари ҳақидаги эсдаликлари, шунингдек, ёзувчи, олим, журналистлар ва тадқиқотчиларнинг урушда иштирок этган ўзбек ўғлонлари тўғрисида ҳужжатли манбалар асосида ёзилган хотиралари жамланган.
2021 йилда «Шон-шараф» давлат музейи» номли китоб-альбом чоп этилди. Китоб-альбомда «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва музейнинг яратилиш ҳамда очилиш тарихи, музей таркибий қисмлари, экспозициялари ҳақида маълумот берилади.
2022 йилда «Шон-шараф» давлат музейи ходимлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан ҳамкорлиги асосида фронт хатлари тўплами чоп этилди. «Аскар мактублари» деб номланувчи ушбу тўпламга уруш давридаги мактублар ҳамда архив фото суратлари киритилди.
Шунингдек, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи илмий ходимлари ҳамда республикада шу соҳада фаолият юритаётган етакчи олимлар билан ҳамкорликда монографиялар юратилди.
Иккинчи жаҳон уруши, унинг фожиалари деярли барча ўзбек оилаларига кириб борди. Шунинг учун уруш даври ҳақидаги китоблар ҳар бир оиланинг шахсий тарихи билан чамбарчас боғланиб кетган. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан эришилган ғалабанинг 80 йиллиги арафасида бу адабиётларни ўрганиш катта аҳамият касб этади.
Йиллар ўтган сайин саксон йил ва ундан аввал бўлиб ўтган воқеалар иштирокчилари, тирик тарих гувоҳлари орамизда борган сари камайиб бормоқда. Аммо шу кунлар хотираси сақлаб қолиниши керак. Токи, ўсиб келаётган фарзандларимиз доимо ундан куч олсинлар. Юқорида номлари ва уларнинг тавсифи берилган адабиётлар саҳифаларида номлари мардлик ва матонат рамзига айланган қаҳрамонларнинг шонли жанглари ва жасоратлари тасвирланган.
Китобларда тасвирланган воқеалар бизни кўпинча ҳаётнинг маъноси, бурч, ор-номус, виждон ва Ватанга муҳаббат каби олий тушунчалар ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Ўтмиш ҳақидаги билимлар бизга ҳаётда тўғри йўналишларни танлашга ёрдам беради. Пировардида, уруш даври ҳақидаги адабиётлар ўз Ватанини қадрлаш ва ҳимоя қилишга ўргатади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майда имзоланган «Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши // Саидов А.Х. Ғалаба боғи фалсафаси: публицистика. – Тошкент: «ТАСВИР» нашриёт уйи, 2021. – Б. 17.
2. Мирзиёев Ш.М. Аждодларимизнинг мислсиз жасорати ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилсин / «Халқ сўзи» газетаси. 2020 йил 10 май, № 98 (7600). – Б. 1.
3. Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси: китоб-альбом. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, – 2020. – 320 б.; Вклад народа Узбекистанав победу над фашизмом [Альбом]: книга-альбом. – Ташкент: издательство «O‘zbekiston», – 2020. – 320 с.; The contribution of Uzbekistan to the victory over fascism: Kh. Sultanov, responsible for the book-album. – Тashkent: «O‘zbekiston» publishing house, 2020. – 320 p.
4. Иккинчи жаҳон уруши ва Ўзбекис-
тон: Янги тадқиқотлар ва тарихий ҳужжатлар: китоб-альбом. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, – 2021. – 288 б.; Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида [Альбом]: китоб-альбом. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, – 2022. – 352 б.; Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида [Альбом]: китоб-альбом. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, 2023. – 296 б.; Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида [Альбом]: китоб-альбом. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, 2024. – 296 б.
5. Хотираларда жонланган тарих. Илмий мақолалар тўплами. – Тошкент: «Zamin», 2023. – 261 б.; Кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати: тарих, талқин, технология. Илмий мақолалар тўплами. – Тошкент: «Zamin»,. 2023. – 386 б.; Иккинчи жаҳон уруши: янги тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар мавзусидаги илмий-назарий конференция мақолар тўплами. – Тошкент: Zamin nashr, 2024. – 462 б.
6. Хотираларда ўрин олган тарих. – Тошкент: Zamin nashr, 2021. – 442 б.; Хотираларда ўрин олган тарих. – Тошкент: Zamin nashr, 2022. – 338 б.; Хотираларда ўрин олган тарих. – Тошкент: Zamin nashr, 2023. – 724 б.; Хотираларда ўрин олган тарих. – Тошкент: Zamin nashr, 2021. – 436 б.
7. Ўзбекистон Республикаси ШОН-ШАРАФ давлат музейи. – Тошкент: «Zamin nashr», 2021. – 316 б.
8. Аскар мактублари. Тузувчилар: У.Юсупов ва б. – Тошкент: «O‘zbekiston» нашриёти, 2022. – 384 б.
9. Бабаджанов Х.Б. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда озиқ-овқат сиёсатининг амалга оширилиши (монография). – Тошкент: «Akademnashr», 2022. – 128 б.; Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон (монография). Масъул муҳаррирлар: С.Саидолимов, Ҳ.Бобожонов, К.Саъдуллаев. – Тошкент: «Zamin nashr», 2024. – 368 б.



