Annotation: This article is devoted to the results of studies on the localization of “Gavshfindzh” city with left-bank Kyat-qala and the etymology of the term “Gavshfinj” mentioned in the “Mujam al-Buldon” of Yakut al-Hamawi. Studies have shown that the toponym “Gavshfinj” is not currently mentioned in other works except Yakut al-Hamawi. Researchers of the Research and design institute of preservation and protection of cultural heritage, who conducted archaeological researches in these monuments in 1986-1988, for the first time, tried to interpret the medieval name of the left-bank Kyat-qala and compared it with “Gavshfinj”. As well as, the term «Gavshfinj» was comparatively studied on the basis of sources connected with the ancient Iranian language.

 Key words: Yakut al-Hamawi, “Mujam al-Buldan”, “Gavshfinj”, left-bank Kyat-qala, the Middle Ages, localization, etymology.

Аннотация: Данная статья посвящена результатам исследований по локализации города “Гавшфиндж” с левобережным Кятом и этимологии термина “Гавшфиндж”, упомянутого в «Муджам аль-Булдон» Якута аль-Хамави. Исследования показали, что топоним “Гавшфиндж” в настоящее время не упоминается в других произведениях, кроме Якута аль-Хамави. Исследователи из УзНИПИ (Узбекский научно-исследовательский и проектно-изыскательский институт) консервации и реставрации памятников культуры, проводившего археологические исследования на памятнике в 1986–1988 годах, впервые попытались интерпретировать средневековое название левобережного Кята и локализовать его с Гавшфинджем. В статье также приводится сравнительное исследование термина “Гавшфиндж” на основе источников, связанных с древнеиранскими языками.

Ключевые слова: Якут аль-Хамави, “Муджам аль-Бульдан”, “Гавшфиндж”, левобережный Кят, средневековье, локализация, этимология.

Аннотация: Мазкур мақола Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-Булдон» асарида келтирилган «Ғавшфинж» шаҳрининг чап қирғоқ Кат-қалъа билан локализацияси ва «Ғавшфинж» атамасининг этимологияси билан боғлиқ тадқиқотлар натижаларига бағишланган. Олиб борилган изланишлар “Ғавшфинж” топоними ҳозирча Ёқут ал-Ҳамавий асаридан бошқа асарларда кузатилмайди. 1986-1988 йилларда мазкур ёдгорликда археологик тадқиқотлар олиб борган “Маданий ёдгорликларни сақлаш ва муҳофазалаш илмий тадқиқот ва лойиҳалаш институти” нинг  илмий ходимлари Амударё чап қирғоғидаги Кат-қалъанинг ўрта асрлардаги номини илк бор шарҳлашга уриниб уни “Ғавшфинж” шаҳри билан қиёслайдилар. Шунингдек, мақолада “Ғавшфинж” атамаси қадимги эроний тиллар билан боғлиқ манбалар асосида қиёсий тадқиқ қилинган.

Калит сўзлар: Ёқут ал-Ҳамавий, «Муъжам ал-Булдон», “Ғавшфинж”, чап қирғоқ Кат-қалъа, ўрта асрлар, локализация, этимология.

Чап қирғоқ Кат-қалъа Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридан 25 км шимоли-ғарбда Шовот тумани ҳудудида жойлашган. Мазкур ёдгорлик тарихини ўрганишда археологик манбалар билан бирга шаҳар тарихини ёритишда муҳим рол ўйнайдиган ёзма манбаларнинг ҳам аҳамияти каттадир. Чап қирғоқ Кат-қалъага доир аниқ, ишончли ёзма маълумотлар асосан XVII-XIX асрлардаги маҳаллий, Ўрта Осиё ва Эрон тарихчиларининг асарларида ҳамда рус сайёҳлари, элчилари ва ҳарбийларининг эсдаликларида кўп учрайди. Бу даврда қалъадаги интенсив ҳаёт, хонлик тарихидаги йирик беклик марказларидан бири сифатида ёдгорлик номининг манбаларда тез-тез қайд қилиниши табиий, албатта. Бизга маълумки, бу ёдгорликка Кат номининг берилиши эски Кат аҳолисининг бу шаҳарга кўчирилиши билан боғлиқдир (Мунис ва Огаҳий, 93-бет).

Бироқ, ёдгорликнинг маданий қатламлари антик даврдан тортиб мўғуллар давригача бўлган тарихий даврни ҳам қамраб олганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу қалъанинг араблар истилосидан кейинги ривожланган ўрта асрлардаги манбаларини ҳам излаб топиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу унинг қадимий топонимикасини аниқлаш учун жуда муҳимдир. Қалъанинг ўрта аср муаррихлари асарларидаги манзиллар билан локализацияси бўйича ҳали етарли тадқиқотлар олиб борилмаган. Шундай бўлсада ёдгорликни ўрта аср шаҳарларига қиёслашга дастлабки уринишлар бўлган.

Бу борада 1986-1988 йилларда мазкур ёдгорликда археологик тадқиқотлар олиб борган «Маданий ёдгорликларни сақлаш ва муҳофазалаш илмий тадқиқот ва лойиҳалаш институти»1 нинг илмий ходимлари Амударё чап қирғоғидаги Кат-қалъанинг ўрта асрлардаги номини илк бор шарҳлашга уринган.

Тадқиқотчилар чап қирғоқ бўйлаб қайд қилинган карвон йўлларини тадқиқ қилар қилар экан, Ҳазораспдан Журжониягача борадиган барча йўллар Рахушмисан (Воянган) орқали ўтганлигини таъкидлайди. Улар манбаларда келтирилган, Ҳазорасп билан Рахушмисан оралиғида жойлашган (айнан, шу оралиқда чап қирғоқ Кат-қалъа ҳам жойлашган) барча географик объектларни таҳлил қиладилар. Уларнинг баъзилари локализация қилинган, баъзилари эса тавсифи бўйича мос келмайди. Бироқ, Ёқут ал-Ҳамавий томонидан ҳеч бир муаллиф асарида қайд этилмаган бир шаҳар ҳақида маълумот келтирилади (Городище Кят ..., 1988. С. 10-11, 40-41).

Қуйида Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-Булдон» асарида келтирилган ушбу шаҳар ҳақидаги маълумотларини келтирамиз: . . . Гаушфиндж – шаҳар, Хоразмда Журжония ва унинг ўртасидаги масофа 20 фарсаҳ. Бу чиройли, аҳолиси кўп шаҳар. Мен у ерда 616 йилда (1219 й) бўлганимда уни шундай ҳолда кўрдим. Бу мамлакатга мўғуллар бостириб киргандан кейин шаҳарнинг аҳволи қандай кечди, менга номаълум (Извлечения из «Китаб му‘джам ал-булдан», 1939. С. 429).

Тадқиқотчилар Ёқут ал-Ҳамавий маршрутини таҳлил қилиб, унинг Гурганждан (Кўҳна Урганч) нари ўтмаганини ва Рахушмисандан у ерга сув йўли билан борганлигини эътиборга олиб, Гаушфиндизни Рахушмисанга яқинроқ ердан излаш кераклигини қайд қиладилар. Муаллифлар Гаушфиндизни айнан, чап қирғоқ Кат-қалъанинг ўзи билан локализация қиладилар. Бундан ташқари, улар, ўз навбатида «Гаушфиндиз» номини таҳлил қилишга ҳам уринганлар: . . . «Маълумки «диз» сўзи қалъа маъносини англатади. Демак, бу ёдгорликнинг топографик тузилишига ишорадир. Афтидан, топонимнинг биринчи қисмини «эски, қадимий» (замонавий «кухен») деб ўқиш мақсадга мувофиқдир, яъни Гаушфиндиз – қадимий қалъа маъносидадир. Бундай номга фақат яқин жойда янги қалъа бўлсагина эга бўлиш мумкин. Бу эса Рахушмисандир» (Городище Кят ... 1988. С. 11). Уларнинг таъкидлашича, чап қирғоқ Кат-қалъа X – XIII асрларда Амударёдан кечув жойини назорат қилишга мўлжалланган.

Лекин шу ерда бир нарсага эътибор бериш керак. «Материалы по истории туркмен и Туркмении» номли VII – XV асрлар араб ва форс манбаларини ўзида жамлаган тўпламдаги нашрда Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-Булдон» асарининг С. М. Богданова-Березовская таржимаси асосида берилган матнда Хоразм шаҳарлари қаторида «Гаушфиндж» номи келтирилади (Извлечения из «Китаб му‘джам ал-булдан», 1939. С. 429). Негадир тадқиқотчилар ушбу манбадан олинган бу номни «Гаушфиндиз» сифатида баён қилиб, юқоридаги мазмундаги маънони, яъни қадимий қалъа сифатида талқин қиладилар. Дастлаб, топонимнинг бу мазмунда таърифланиши асл нусха билан боғлиқ бўлса керак, деган фикрни уйғотган эди.

Ваҳоланки, «Муъжам ал-Булдон» асарининг асл нусхаси асосида чоп қилинган нашрларда бу топоним « غوشفنج » – «Ғавшфинж» сифатида келтирилади. Бу эса ўз навбатида, юқоридаги маънони ифодалаши масаласида нотўғри талқинни юзага келтиради. Ва албатта, асл нусҳа билан солиштирмаган тақдирда кейинги тадқиқотчиларни янглиш фикрга олиб келган бўлар эди.

Тадқиқот жараёнида бир қанча манбаларни тахлил қилишга ҳаракат қилинди. Шу жумладан, Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-Булдон» асарининг Ф.Вустенфелд (F.Wustenfeld) томонидан 1868 йилда Лейпциг шаҳрида чоп қилинган босма шаклдаги асл нусхаси ҳам таҳлил қилинди (Yāqūt, ... 1868. S. 825).2 Зиё Буниётовнинг «Государство Хорезмшахов-Ануштегинидов (1097-1231)» асарида (Буниятов, 1986. С.104)3, туркларнинг «Kâmus-ul’Alâm» Tarih ve Coğrafya Ansıklopedısı»да4 ҳам Ёқут ал-Ҳамавийнинг асаридан келтирилган маълумотлар кўриб чиқилди. Шунингдек, интернет сайтларда эрон ва араб тилларидаги онлайн луғатларда5 ҳам мазкур топоним ўрганилди ва уларда ҳам асосан Ёқут ал-Ҳамавийнинг «Муъжам ал-Булдон» асарига иқтибос берилади. Ушбу манбаларнинг ҳаммасида ўрта асрлардаги Хоразм шаҳри «Ғавшфинж» – (« غوشفنج ») сифатида баён қилинади. Демак, бу топонимни мана шу шаклда ўқимоқ тўғри бўлади.

Ўрта асрлар муаррихларининг маълумоти бўйича бизнинг уринишларимиз тўлиқ муваффақиятли якунланмади. Манбаларда келтирилган, Ҳазорасп билан Рахушмисан оралиғида жойлашган барча географик объектлар таҳлил қилиб кўрилди. Аксарият топонимлар олдинги тадқиқотчилар томонидан деярли тўғри локализация қилинган. Локализация қилинмаган объектларни географик жойлашувини аниқлашга уриниш бесамар бўлди. Бу биринчидан, ўрта аср манбаларида келтирилган масофаларнинг ҳар бир муаллифда турлича баён қилинганлиги билан изоҳланса, иккинчидан уларни солиштириш жараёнида жойлашиш кетма-кетлиги бўйича тавсифи мос келмади ва, учинчидан баъзи топонимларнинг ягоналиги, яъни уларнинг баъзиларини фақат бир муаллиф асарида учратамиз, холос.

Олдинги тадқиқотчилар хулосаларига таянган ҳолда муаллиф ҳам чап қирғоқ Кат-қалъани ўрта асрларда Ёқут ал-Ҳамавий томонидан баён қилинган Ғавшфинж шаҳрига мос келишини тасдиқлайди.

Бироқ бу ягона маълумот билан «Ғавшфинж» номининг чап қирғоқ Кат-қалъа билан боғлиқлигини якуний хулоса тарзида асослаш нотўғри бўлар эди. Ҳали бу борада янги маълумотларни излаш орқали масаланинг ечимини ҳал қилиш лозим бўлади.

Энди ушбу атаманинг мазмунига доир маълумотларга тўхталсак. Бу борада араб-форс тили мутахассислари ва луғатларига таянилган ҳолда юқорида келтирилган манбаларга кўпроқ мурожаат қилинди. Форс ва араб тилидаги китобий луғатлар ва интернет тизимидаги онлайн луғатларда унинг мазмунига доир манбалар таҳлил қилинди.6 Қадимги Ўрта Осиё ва Эрон халқларининг лингвистик тадқиқотларига доир луғатлар, чоп қилинган асарлар ҳам ўрганилди.

«Ғавшфинж» ( غوشفنج ) сўзи таҳлилига эътибор қаратидиган бўлсак, у икки қисмдан иборат эканлиги аён бўлади. Форс тилидаги https://www.vajehyab.com сайтининг Деҳхода онлайн луғатига ҳаволада «Ғавшфинж» (غوشفنج) сўзининг биринчи қисми «ғавш» ( غوش ) бир неча маъноларда келади:

«Ғавш» ( غوش ) – (quš) сўзининг биринчи маъносида ( اسب کتل ) – «асби катал», (اسب یدک) – «асби ядак», ( اسب جنیبت ) – «асби жанибат» сўзлари келтирилиб, безатилган от маъносини билдиради, яъни султонлар, амирлар учун, аниқроғи ҳукмдорлар учун мўлжалланган от маъносида ифодаланади.7

Сўзнинг иккинчи маъноси ҳаданг дарахтининг қаттиқ ёғочи (چوب سخت درخت خدنگ که از آن تیر، دوک، زخمۀ ‌ساز، یا چیز دیگر درست می‌کردند.) маъносида бўлиб, унинг ёғочидан камон ўқлари, белкурак дасталари ясалган.

Деҳхода луғатида бу сўзнинг учинчи маъноси ҳам мавжуд бўлиб, «ғон» زیست‌شناسی)  = غان) сўзи биологик тушунча, яъни ўсимлик тури сифатида келтирилади.8 Бу сўзни қўшимча равишда интернет тизимидан излаб кўрилди ва «ғон» ( غان ) барги тўкиладиган дарахтлар турига кирувчи «қайин» (лат. Bétula) дарахти эканлиги аён бўлди.9

Ғавшфинж ( غوشفنج ) сўзининг иккинчи қисми «финж» ( فنج ) билан боғлиқ қидирувлар натижа бермади. Лекин Деҳхода луғатида «финж» ( فنج ) сўзини излаш жараёнида «анж» ( انج ) сўзига дуч келдик. Деҳхода луғати муаллифининг эслатмасига кўра, «анж» – сўз ясовчи қўшимча (суффикс) бўлиб, қуйидаги номларнинг охирида бўлгани каби қўлланилади: Найнж, Банж, Ғавшфанж, Жиранж, Рованж, Шобранж, Субанж, Риванж, Заранж (Заранг), Заволқанж, Асфаранж, Фушанж (Фушанг), Бушанж.10

Агар Деҳхода луғатига асосланиб, «Ғавшфанж» номининг иккинчи қисми «анж» сўз ясовчи қўшимча бўладиган бўлса, бу ерда ушбу қўшимча худди «истон» маъносидаги бирор макон, жой маъносини ҳам англатиши мумкин.

Бу сўз ясовчи қўшимча ҳақида якуний хулоса беришдан олдин, бир тадқиқотга эътибор беришимиз керак. Бизга маълумки, Хоразм топонимлари бўйича тадқиқотлар олиб борган профессор З.Дўсимов топонимларни бир неча типга ажратади ва уларнинг тузилишга кўра содда ва қўшма бўлишини ҳам таъкидлаган. Хоразм топонимларининг аксарияти қўшма номли бўлиб, характерига кўра қўшма сўзларга мос келади (Дўсимов, 1985. 102-103 бетлар).

Шу маънода Хоразм топонимлари орасида «анж» билан якунланадиган машҳур шаҳар Гурганж-Урганч мисолида айнан профессор З.Дўсимовнинг олиб борган тадқиқотлари ҳам жуда муҳимдир. Тадқиқотчи Урганч топонимини Хоразм топономияси ривожланиш босқичининг Хоразмий даври «кат» этапига хос деб ҳисоблайди. Ўрта асрлар араб манбаларида Журжония деб талқин қилинган жой туркий аҳоли орасида Гурганж, Гурганч номи билан қайд қилинган. Аммо тарихий нуқтаи назардан топоним анча қадимий ҳисобланади. Топонимнинг вужудга келиши хронологик жиҳатдан хоразмий даврига хос. Унинг кейинги қисми ганч, ганж «кант» компоненти билан алоқадор. Кант ёки канднинг ганжга айланиши ҳақиқатга анча яқиндир. Хоразмий тилининг маълум бир босқичида t ва c товушлари дз (бизнинг з га яқин) ҳолатида бўлган. Сўнгги туркий аҳоли тилида ж га айланган: tc>дз>ж ҳодисаси юз берган. Ўз навбатида А.А.Фрейман ҳам фақат хоразмий тилига хос бўлган з товуши борлигини қайд қилган (Дўсимов, 1985. 27-28 бетлар; Фрейман, 1951. С. 11).

Мана шу таҳлиллар асосида З.Дўсимов кант компонентининг кейинги даврларда ганжга айланишини қонуний, деб ҳисоблайди. Сўз охиридаги ж>ч ҳодисаси соф туркий ҳодиса сифатида қайд қилинади (Дўсимов, 1985. 27 бет).

Демак, юқоридаги фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, «Ғавшфинж» топонимини ҳам қадимий Хоразм топономияси ривож-
ланиш босқичининг Хоразмий даври «кат» этапига хослигини таъкидлаш мумкин. Ушбу топонимдаги «анж» суффиксининг ҳам ганж>кант компонентларига алоқадор бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Шу нуқтаи назардан ёндошиб фикр юритсак, энди фақат «Ғавшфинж» сўзининг биринчи қисмини тўғри талқин қилишга уриниб кўриш керак.

З.Дўсимов тадқиқотларида Хоразм топономиясининг оралиқ даврига хос терминлардан бири сифатида «гавр» сўзи талқин қилинади. Айрим тарихчилар бу номларнинг вужудга келишини араб истилоси ва исломнинг тарқалиши билан боғлайдилар. Мазкур терминнинг маъносини фонетик тузилишига қараб кўпчилик тадқиқотчилар «кофир» сўзи билан боғлайдилар (Дўсимов, 1985. 30 бет). Ушбу термин В.В.Бартольднинг таъкидлашича, «габр» сифатида Эрон, Хоразм ва туркманлар орасида кенг тарқалган. Фақат Хоразм ва Туркманистон ҳудудида исломдан олдин барпо этилган қалъалар «гаврлар» ёки «говурлар» қалъаси деб айтилган. В.В.Бартольднинг фикрича бу сўз «кофир» маъносида эмас, балки зардуштийларнинг сиғинадиган жойи «меҳроб, оташкада» маъносини билдирган (Дўсимов, 1985. 30-31 бетлар; Бартольд, 1963. С. 211). Гёттинген университети профессори Д.Н.Маккензининг «Паҳлавий тилининг қисқача луғати»да «gabr» сўзи бўшлиқ, ўйилган жой, чуқур маъноларида келади (MacKenzie, 1986. P. 34).

Археологик адабиётларда Хоразм воҳасидаги бир нечта ёдгорликлар ва Марвнинг антик давр қисми Говур-қалъа номи билан қайд этилган (Толстов, 1948. С. 25; Толстов, 1948. С. 31; Труды ЮТАКЭ, 1969).

Шу маънода «Ғавш» сўзини «ғов», «гов» сўзлари билан таққослаб кўриб, буқа, сигир маъноларига яқинлиги ёки боғликлиги масаласини ҳам ўрганиб кўриш керак. Хоразм ҳудудида «ғов», «гов» сўзлари билан боғлиқ кўплаб топонимлар ва гидронимларни учратамиз. Бу ҳам маълум маънода масалага ойдинлик киритиши мумкин.

«Ғавш» ҳақида гапирганда ўзбек адабий тилининг хоразм шевасидаги «ғовуш» ёки «ғувуш» сўзини ҳам эътиборга олиш лозим. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «ғовуш» жўхорининг кўк пояси, моллар учун экилган жўхори маъносида ифодаланган (Ўзбек тилининг ..., 2008. 452-бет). Профессор З.Дўсимовнинг монографиясида «Ғавушйер» атамаси фитотопоним сифатида ҳам келтирилган (Дўсимов, 1985. 99 бет).

Профессор Д.Н.Маккензининг «Паҳлавий тилининг қисқача луғати»да «găw» сўзини ҳам учратамиз. Ушбу сўз ўрта форс тилида «буқа», «сигир» маъноларини англатиш билан бирга астрономик тушунча сифатида юлдуз туркуми ва буржнинг номини ҳам билдиради (MacKenzie, 1986. P. 35). Шунингдек, ушбу луғатда «Gõš» сўзи ҳам мавжуд бўлиб, календарнинг 14 кунини ифодалайди (MacKenzie, 1986. P. 37).11 Зардуштийлик календарининг ҳар 14 куни авесто илоҳи «Gǝuš Tašnõ», яъни яратувчи ҳўкиз кунига бағишланган (Смирнова, 1971. С. 100).

Муғ тоғидан топилган сўғд ҳужжатларда ҳам ойнинг 14 куни гушроч (γԝšrԝĉ), авесто илоҳи «Gǝuš Tašnõ», яъни яратувчи ҳўкизга бағишланган кун сифатида қайд қилинган. Беруни маълумотларида бу сўз араб транскрипцияси билан сўғдийчада ( غوش ) тарзида, қадимги хоразмийчада ( غوشت ) тарзида келтирилади. Бу ерда А.А.Фрейманнинг таъкидлашича, сўз охиридаги «т» ундоши авесто илохи «Gǝuš Tašnõ»даги иккинчи қисмининг биринчи ҳарфини акс эттирса керак (Смирнова, 1971. С. 100; Фрейман, 1936. С. 146-147). Шунингдек, тадқиқотчи О.И.Смирнова ўз мақоласида Ўрта Осиёда исломгача бўлган сиғиниш жойларининг топонимларини ўрганар экан, Саъмоний ва Ёқут томонидан келтирилган Бухоро яқинидаги қишлоқ «Вагитисин» ( ﭬﻐﻳﻂﻳﺳﻳن ), «Вагийтавсин» ( ﭬﻐﻳﻂﻮﺳﻳن) атамаларига эътибор қаратади. Манбаларни таҳлил қила туриб, Саъмоний ва Ёқут келтирган бу топоним аслида сўғдийча «Багн Гỹшттỹшн» ( بغن غوشطوشن ) (βγn γԝštԝšn) атамасининг қисқартирилган шакли бўлса керак, деган фикрни илгари суради. Топонимнинг охиридаги «тỹшн» қисми авесто илоҳи «Gǝuš Tašnõ»даги иккинчи қисмига мос келади. Бу жой номида Яратувчи Ҳўкиз шарафига барпо этилган ибодатхона маъносини кўради, яъни шу номдаги қишлоқда қачонлардир Яратувчи Ҳўкиз шарафига қурилган ибодатхона мавжуд бўлган (Смирнова, 1971. С. 100).

«Ғов» сўзи билан боғлиқ маълумотларни Г.П.Снесарев тадқиқотларида ҳам учратиш мумкин. Хива шаҳрининг шимолида «Ғовук» кўли жойлашган. Кўл номи ҳам эроний тиллардаги «ғов» сўзидан олинган бўлиб, ҳўкиз (сигир) маъносини англатади. Сўз охиридаги хоразмий тилининг сифат ясовчи суффикс «ik» билан Г.П.Снесарев кўл номини «ҳўкиз (сигир) кўли», «ҳўкиз томонидан бунёд қилинган», деб таржима қилишга ҳаракат қилади (Снесарев, 1969. С. 315).

Хоразм воҳасида ўрта аср муаррихлари томонидан келтирилган яна бир гидроним мавжуд. Бу Амударёнинг ўнг соҳилидаги «Говхўра» ( گاوحوره ) каналидир. Ал-Истахрийнинг таъкидлашича, Говхўра сўзи форс-тожикча сўз бўлиб, у «сигир еми», деган маънони беради (Извлечения из «Китаб месалик ал-мемалик» ..., 1939. С. 179). Говхўра канали ҳақида Ёқут асарида ҳам маълумот келтирилади ва юқоридаги маънога мос келади. Асарни таҳлилида Говхўра сўзи (غاوخواره) шаклида ёзилиши қайд этилади (Извлечения из «Китаб му‘джам ал-булдан» ..., 1939. С. 431). Лекин Я.Ғ.Ғуломов бу сўзни таҳлил қилар экан, «Гов» олд қўшимча сифатида қадимий канал, дарё шаҳобчаси номи билан боғлиқ бўлиб, бу қўшимча «шаҳобча» деган тушунчани ҳам бериши мумкинлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, бу сўзнинг «ўкуз» (ҳўкиз) термини билан ассоциация қилиниши эҳтимолини кўрсатади. Бу сўз Ўрта Осиёнинг қадимги халқларида «тармоқ» ёки «дарё»ни англатган. Демак. агар Говхўра номида «Гов» сўзи «Ўкуз» сўзига эквивалент бўлиб, ирмоқни англатган бўлса, у ҳолда «Гов» ва «Ўкуз» сўзларининг буқа ёки сигир билан алоқадорлигидан қатъий назар Говхўра «Ўкуз» сўзига эга бўлган томонларнинг номи билан боғлиқ бўлган ирмокларнинг номини англатган, деб қарамоқ лозимлигини уқтиради. Говхўра сўзида «Гов» (ирмоқ) сўзи бор дейишимиз анча тўғри бўлади. Бу ерда «Гов» сўзи (Х(в)ор) деган пункт ёки вилоят билан боғлиқ бўлса керак, деб таъкидлайди. Бу ерда Хоразм сўзининг биринчи қисми арабча транскрипциясидаги «Хвар» ( حوار ) билан боғлашга уринади (Ғуломов, 1959. 144 бет).

Шундай қилиб, Ғавшфинж атамасининг таҳлили давомида қўлга киритилган маълумотлар, бу топонимнинг биринчи қисми «Ғавш» сўзида ҳам «Ғов», яъни «ҳўкиз» билан алоқадор маънони қайд қилишга имкон беради. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу топонимни тавсифлашда тадқиқотчи О.И.Смирнова томонидан таъкидланган Бухоро яқинидаги «Багн Гỹшттỹшн» ( بغن غوشطوشن ) «Яратувчи Ҳўкиз» шарафига барпо этилган ибодатхона мазмунига яқин маънони излаш муҳим бўлса керак. Афтидан, бу жойда ҳам Ҳўкиз сиймосига эътиқод қилинадиган муқаддас маскан – ибодатхона бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки ёдгорликдаги тарихий ҳаёт босқичларининг катта қисми зардуштийлик динининг воҳада етакчилик қилган даврига мос келади ва албатта, ушбу диннинг етакчи персонажларидан бири сифатида деҳқончилик воҳасининг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида катта аҳамият касб этган.

Шарқ халқларининг кўплаб қадимий диний эътиқодлари ва маданиятида ҳўкиз сиймоси доим марказий ўринни эгаллайди. Айниқса, сунъий суғориш тизимига асосланган деҳқончилик жамиятларида катта аҳамиятга эга бўлиб, ҳосилдорлик ва сувга бўлган эътиқод билан боғлиқдир (Мамбетуллаев, 1984. С. 31-34; Мамбетуллаев, 1986. С. 43-45). Эрон ва Ўрта Осиёда ҳўкиз муқаддас ҳайвон сифатида маздачилик эътиқодидан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Авесто матнларида у ҳақда кўплаб эслатилади (Толстов, 1948. С. 294-295, 299-303; Снесарев, 1960. С.199). Авестода биринчи туғилган ҳўкиз Ҳадайаш (Гопатшоҳ) сиймоси майдонга чиқади. Гопатшоҳ Эронвежда, Хванирас мамлакатидан. Оёғидан танасининг ярмигача ҳўкиз, тана ярмидан бошигача одам қиёфасидадир, қайсики ҳар доим дарё бўйида ўтириб худога ичимлик назр қилган. Қадимий Гава атамасининг ҳўкиз билан боғланиши ҳам бежиз эмас (Тревер, 1940. С. 73, 75). Юқорида таъкидланганидек, зардуштийлик календарида ҳар ойнинг 14 куни авесто илоҳи «Gǝuš Tašnõ», яъни яратувчи ҳўкиз шарафига бағишланган (Смирнова, 1971. С. 100). Хоразмдаги тарихий-этнографик тадқиқотларда сув ва ҳосилдорлик билан алоқадор маросимларни кўздан кечириб, ҳўкизни қурбонлик қилиш жараёнларига дуч келамиз. Баҳорда Амударё сатҳи бирор бир нохушликдан ёки кам сувликдан хабар берадиган бўлса, магистрал каналларнинг бошида (соқасида) ўзига хос удумлар, маросимлар ўтказилган. Туямўйин яқинидаги Оролча авлиё, деган жойда ана шундай маросимлар ўтказилганлиги қайд қилинади. Бу пайтга келиб қазув даври тугаган ва унда иштирок этган аҳоли вакиллари ҳамда Хоразмнинг кўплаб жойларидан одамлар бундай воқеаларда иштирок этишга ҳаракат қилган. Ўз навбатида бу ўзига хос байрам тадбирига айланиб кетган. Тадбир бошида хонликнинг аслзодалари – руҳонийлар, мироблар ва бошқа амалдорлар турган. Баъзида хоннинг ўзи ҳам иштирок этган. Хон томонидан юборилган қурбонлик – «ҳўкиз» сув бўйига олиб келинган ва бўғзига пичоқ тортилиб, бутун гавдаси билан сувга инъом қилинган. Барча худога «Сувли бўлсин!», «Ҳосилдор бўлсин!», «Серобчилик бўлсин!», – дея илтижо қилишган. Ушбу маросим Амударёга бағишлаб жамоавий қурбонлик келтириш бўлиб, мавсумда сувнинг сероб ва ҳосилнинг мўл-кўл бўлишини таъминлаши лозим эди. Жуда қадимий бўлган бу маросимлар Амударё илоҳаси Анахитага бағишланганлиги ҳақида Авесто матнларида ҳам бир неча бор эслатилган (Ғуломов, 1959. 250 бет; Снесарев, 1973. С. 116). Археологик ва этнографик материаллар ҳўкиз сиймосининг сув билан, ўсимлик ва мўл-кўлчилик билан узвий боғлиқ бўлган эътиқодий мажмуаларнинг кенг тарқалганлигини кўрсатади (Мамбетуллаев, 1984. С. 31-34). Зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да ҳўкиз ва сигирнинг руҳига бағишланган ҳамда уларни улуғловчи матнларни тез-тез учратишимиз мумкин. Зардуштийликда ҳўкиз сиймосининг тотемистик моҳияти аниқ гавдаланади. Бунинг учун биринчи инсон Гайомарт сиймосига ҳавола қилишнинг ўзи ҳам кифоя. Гайомарт – Гавомард, яъни бу сўзнинг ўзи ҳам ҳўкиз-одам маъносини англатиши зардуштийлик оламида ҳўкиз тимсолидаги сиймога юксак эътиқод бўлганлигини кўрсатади (Снесарев, 1969. С. 311-313).

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

Бартольд В.В. Сочинения. Т.II, часть 1. Изд-во «Восточной литретуры». М., 1963. 1020 с.

Буниятов З.Б. «Государство Хорезмшахов-Ануштегинидов (1097-1231)». Издательство «Наука». М., 1986. 247 с.

Городище Кят в Шаватском районе Хорезмской области. Книга III. Проект зон охраны городища Кят. Архив департамента культурного наследия, Х-9629/С-16, Ташкент, 1988. 64 с.

Ғуломов Я.Ғ. Хоразмнинг суғорилиш тарихи. ЎзССР ФА нашриёти. Т., 1959. 324 б.

Дўсимов З. Хоразм топонимлари. Ўзбекистон ССР «ФАН» нашриёти. Тошкент. 1985. 104 б.

Извлечения из «Китаб месалик ал-мемалик» ал-Истахри. Перевод С.Волина // Материалы по истории туркмен и Туркмении (МИТТ), Арабские и персидские источники. VII-XV вв. Труды института востоковедения. Т.1. Изд-во АН СССР, М – Л, 1939. С. 179.

Извлечения из «Китаб му‘джам ал-булдан» Якута, по изданию F.Wustenfeld’a (Jacuts geographisches Wörterbuch) пер. С.М.Богдановой-Березовской. // Материалы по истории туркмен и Туркмении (МИТТ), Арабские и персидские источники. VII-XV вв. Труды института востоковедения. Т.1. Изд-во АН СССР, М – Л, 1939. С. 429.

Мамбетуллаев М. Топрак-кала Шаватская (раскопки 1979-1980 гг.). // Археология Приаралья. Вып.III. Изд-во «ФАН», Т., 1986. С. 43-45.

Мамбетуллаев М. Хумбузтепа – керамический центр южного Хорезма. // Археология Приаралья. Вып.II. Изд-во «ФАН», Т., 1984. С. 31-34.

Мунис ва Огаҳий. Фирдавс ул-Иқбол (Бахту саодат жаннати). «Янги аср авлоди». Тошкент, 2010. 520 б.

Смирнова О.И. Места домусульманских культов в Средней Азии (по материалам топонимики). // Страны и народы Востока. Вып. X. Изд-во «Наука». М., 1971. С.100.

Снесарев Г.П. Обряд жертвоприношения воде у узбеков Хорезма, генетически связанный с древним культом плодородия. – МХЭ, вып.4. Изд-во АН СССР. М., 1960. С. 199.

Снесарев Г.П. Реликты домусульманских верований и обрядов у узбеков Хорезма. Изд-во «Наука». М., 1969. 336 с.

Толстов С.П. Древний Хорезм. Издание МГУ, М., 1948. 353 с + 88 с. табл.

Толстов С.П. По следам древнехорезмииской цивилизации. Изд-во АН СССР. М.-Л. 1948. 326 с.

Тревер К.В. Гопатшах – пастух-царь. ТОВЭ, т.2. Л., 1940. С. 73, 75.

Труды ЮТАКЭ. Т. XIV, Изд-во «Ылым». Ашхабад, 1969. 283 с.

Ўзбек тилининг изоғли луғати. V жилд. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2008. 592 б.

Фрейман А.А. Датированные согдийские документы с горы Муг в Таджикистане. // «Доклады группы востоковедения на сессии Академии наук СССР 20 марта 1935 г.». («Труды ИВАН СССР», т. XVII). Изд-во АН СССР, М.—Л., 1936. С. 146-147.

Фрейман А.А. Хорезмийский язык. Изд-во АН СССР. М.-Л., 1951. С. 119.

MacKenzie D.N. A concise Pahlavi dictionary. LONDON. OXFORD UNIVERSITY PRESS. NEW YORK. TORONTO. 1986. 236 p.

Yāqūt Ibn-ʿAbdallāh ar-Rūmī/Wüstenfeld, Ferdinand, 1808-1899 [Herausgeber]: Jacut’s Geographisches Wörterbuch aus den Handschriften zu Berlin, St. Petersburg und Paris auf Kosten der deutschen morgenländischen Gesellschaft. Dritter band. Verlag: in Commission bei F. A. Brockhaus. Leipzig 1868. 936 s.


1.  УзНИПИ (Узбекский научно-исследовательский и проектно-изыскательский институт) консервации и реставрации памятников культуры

2.  Permalink (Доимий интернет ҳавола): https://mdz-nbn-resolving.de/urn:nbn:de:bvb:12-bsb10249441-8;

(غوشفنج بفتح أوله وسكون ثانيه وشین معاجمة ساكنة أيضا وفاء مكسورة ونون ساكنة ثم جيم ، مدينة بينها وبين جرجانية خوارزم نحو العشرين فرسخا، وهي مدينة جيدة عامرة عهدي بها كذلك في سنة 616، ثم دخل التتر تلك البلاد ولا أدري ما حدث بعدي....)

3.  З.Б. Буниётов Ёқут ал-Ҳамавийнинг 1906 йилда Коҳирада чоп этилган асаридан фойдаланган.

4.  Kâmus-ul’Alâm” Tarih ve Coğrafya Ansıklopedısı”. Osmanlica ansiklopedi kamus alemde غوشفينج maddesi. Sayfa:106, https://www.osmanlicasozlukler.com/osmanlica-sozluk-madde-16384.html. (турк тилидаги варианти)

(غوشفينج/ خوارزمده یعنی شمدیکی خیوه خانلغنده جرجانیهدن ۲۰ فرسخلق ماسافه ده معمور و کوزل بر قصبه اولدیغنی, و ۶۱۶ تاریخنده (کندیسی بوحالده کوروب تاتارلرگ دخولندن صکره نه حال کسب ایتدیکنی بیله مدیکنی یاقوت حموی «معجم» نده بیان ایدیور.

5.  https://islamic-content.com/location/8061, (араб тилидаги варианти)

(غوشفنج بفتح أوله وسكون ثانيه وشین معاجمة ساكنة أيضا وفاء مكسورة ونون ساكنة ثم جيم ، مدينة بينها وبين جرجانية خوارزم نحو العشرين (فرسخا، وهي مدينة جيدة عامرة عهدي بها كذلك في سنة 616، ثم دخل التتر تلك البلاد ولا أدري ما حدث بعدي....;

https://www.vajehyab.com/dehkhoda/ غوشفنج; (форс тилидаги варианти)

(غوشفنج لغت‌نامه دهخدا

غوشفنج . [ غ َ ف ِ ] (اِخ ) یاقوت گوید: شهری است در بیست فرسخی جرجانیه ٔ خوارزم ، و بسال 616 هَ . ق . که من آنجا را دیدم زیبا و آبادان بود، پس از آن تاتار بدانجا آمد و نمیدانم چگونه شد. (از معجم البلدان ). شهری است از خوارزم در خیوه ٔ کنونی . (از قاموس الاعلام ترکی ).

https://islamic-content.com/location/8061; https://www.vajehyab.com/dehkhoda

6.  https://islamic-content.com/location/8061; https://www.vajehyab.com/dehkhoda

7.  Мазкур сўзларнинг таржимасида ва маъносини изоҳлашда Хоразм Маъмун академиясининг араб тили филологияси бўйича мутахассиси Лочинбек Абдукаримов ёрдам берган.

8.  https://www.vajehyab.com/ ?q=غوش

9.  https://www.fardanews.com/fa/news/852086/۱۰-فایده%E2%80%8C-روغن-درخت-غان

10.  https://www.vajehyab.com/dehkhoda/ انج-2(انج لغت‌نامه دهخدا انج . [ اَ ] (پساوند) انگ . مزید مؤخر امکنه است چنانکه در اسامی زیر: ناینج ، بنج ، غوشفنج ، جیرنج ، راونج ، شابرنج ، سوبنج ، ریونج ، زرنج (زرنگ )، زوالقنج ، اسفرنج ، فوشنج (فوشنگ )، بوشنج . (از یادداشت مؤلف ).)

11.  https://pahlavica.org/search/reference/view/4/ 4/676f0047-686c-443e-9628-6c164fbf89f9/ﻙﻓﺪﻍ