В статье рассказывается, о том что Гафур Гулям является выдающимся деятелям литературы и культуры в истории Узбекистана, а также о его национальном и духовном наследии, оставленном будущему поколению. Работы Гафура Гуляма имеют большое значение для формирования, развития молодого поколения и воспитания на основе национальных ценностей. Для этого в доме-музее проводятся мероприятия по пропаганде поэзии и прозы, о деятельности и научных работах Гафура Гуляма. В связи с этим с октября 1983 года дом-музей начал принимать посетителей. Дом-музей является мемориальным комплексом и здесь проводятся литературные экспозиции, а также хранятся его любимые книги, уникальные фотографии и рукописи.
Ўзбек адабиётининг ХХ аср тари-хий тараққиётини буюк адиб, шоир, публицист, моҳир таржимон Ғафур Ғулом ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Ғафур Ғулом ўзбек адабиёти ва маданияти шуҳратини оламга таратган адиб бўлиши билан бир қаторда, меҳрибон устоз, фидоий инсон эди. Миллий маънавиятимизнинг шаклланиши ва ўсишида ёш авлодни тарихий, миллий, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик асосида тарбиялашда Ғафур Ғулом асарларининг аҳамияти ниҳоятда катта.
Ўз юртини севган, миллатининг тарихини, аждодлар меросини чуқур ўрганган атоқли адиб Ғафур Ғулом илм, фалсафа, маданиятнинг қадим ўчоғи бўлган кўҳна Шош фарзанди бўлганидан доимо фахрланиб яшади. Адибнинг миллийлик, ўзбекона шукуҳи акс этган ҳар бир асари, ҳар бир шеъри ўзбек бадиий адабиётининг юксак бир ижод намунасидир. Бугунги кунда халқимизнинг бой маданий меросини қайта тиклаш, юксак маънавият, миллийлик ва халқ анъаналарининг мавжуд кўп асрлик сарчашмаларини ривожлантириш, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ғафур Ғулом уй-музейи 1982 йил очилган. Уй-музей Ғафур Ғуломга тегишли ашёлар ва экспонатларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этиш учун ташкил этилган бўлиб, доимий фаолият юритувчи илмий-тарғибот ва илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган нотижорат муассасасидир.
Уй-музей 1983 йилнинг октябрь ойидан бошлаб академик Ғафур Ғуломнинг 1944 – 1966 йилларда яшаб ижод этган уйида зиёратчиларни қабул қила бошлаган. У ўз ичига адабий экспозиция ва мемориал мажмуани олади. Адибнинг уйида унинг севимли китоблари, фойдаланган буюмлари, фотосуратлар, қўлёзма манбалар сақланади. Бу тарихий бино тўлалигача ёдгорлик хоналаридан иборат. Яъни шоирнинг ижодхонаси, дам олиш хонаси, кутубхона, меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонаси ва бу ердаги буюмлар Ғафур Ғулом ҳаётлиги даврида қандай бўлса шу ҳолатда сақланади. Бу уйда Алексей Толстой, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Самад Вургун, К. Симонов, М.Шайхзода, Мирзо Турсунзода, С. Улуғзода, А.Лоҳутий, Файз Аҳмад Файз, Гурбахш ва Навтеж Сингхлар, М.Авезов, С.Муқонов, Ғ.Мусрепов, А.Тўқимбоев, С.Данилов, Г.Севунц, Г.Леонидзе, П.Бровка, Я.Колас, Иван Ле, Н.Тихонов, К.Федин, Б.Кербобоев, С.Айний, Ойбек, А.Қаҳҳор, Уйғун, Зулфия, К.Яшин, Юнус Ражабий, М.Ашрафий, С.Абдулла, Миртемир, С.Юдаков, Ҳабибий, Ш.Рашидов, Чархий, М.Уйғур, А.Ҳидоятов каби буюк шоир ва ёзувчилар, композиторлар меҳмон бўлишган. Мушоиралар ўтказишган, композиторлар эса шоир шеърларига куй басталашган.
Ғафур Ғулом уй-музейи адиб ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар, турли хил ашёлар, тасвирий санъат асарлари ва бошқа экспонатларни намойиш қилувчи экспозиция бўлимидан ташқари, ижодкорнинг илк ижодий маҳсулларининг қўлёзма нусхалари, асарнинг бир нечта нусхалари, турли давр ижодкорлари шахсияти ва ижодий меросига оид қайд ҳамда мақолаларнинг қоралама ёки нашр қилинмаган вариантлари, кўплаб шоир ҳамда ёзувчилар билан бирга олиб борган ёзишмалар ва бошқа ҳужжатлар сақланадиган архив фондига ҳам эга. Шу билан бирга, Ғафур Ғулом уй-музейи қўлёзмалар, литографик китоблар ва даврий нашрлар фондига ҳам эга. Ушбу фондда ҳозирда XVIII–XIX асрларда кўчирилган Саъдийнинг «Гулистон», Абдураҳмон Жомийнинг «Ҳафт авранг», «Баҳористон», Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маъоний», «Хамса» ва Саъдий, Жомий, Фузулий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Қудсий, Огаҳий, Туғрал, Умархон, Муҳйи, Васлий Самарқандий, Ҳувайдо, Юсуф Сарёмийларнинг девонлари ҳам сақланади.
Ғафур Ғулом уй-музейида ҳам бир қанча тадқиқотлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, «Урфон», «Умид», «Ҳаёт» мактабларида ўқитувчи, мудир лавозимларида ҳам ишлаган. Бу ҳақидаги барча маълумотлар жамланиб, манбалар, ҳужжатлар уй-музей ходимлари томонидан сараланиб, алоҳида йилма-йил жойлаштириб, жорий алифбога ўгирилди.
Шунингдек, уй-музейда 2015–2018 йиллардаги «Ғафур Ғуломнинг академик нашрга кирмаган асарлари ҳамда мактубларини нашрга тайёрлаш ва нашр қилдириш» мавзусидаги тадқиқот жараёнида шоир меросида ҳали ўрганилмаган, нашр этилмаган кўплаб қўлёзмалар, ёзишмалар ва таржима асарларга дуч келдик. Адиб уй-музейида тадқиқот давомида архивдаги қўлёзма манбалар, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш жараёнида ўша давр муҳити, ҳаёт тарзини ўзида акс эттирган, бугунги кун учун аҳамиятга молик бўлган бир қанча ҳужжатлар аниқланди. Улар турли ташкилот ва дўстлардан келган хатлар ҳамда адибнинг ўз оила аъзоларига ёзган мактубларидан ташкил топган. Бу манбалар бадиий савияси, тарихий аҳамияти, ўша давр муҳити ҳақида маълумот берувчи ҳужжатлар сифатида аҳамиятга моликдир.
Республикамизда кўзга кўринган ва салмоқли ҳажмдаги меросга эга бўлган уй-музей фондида ва шоир шахсий архивида ўрганилмаган ҳамда тадқиқот ишларини кутаётган манбалар талайгина. Шу мақсадда грант лойиҳа тузилиб, уни амалга оширган тадқиқот қатнашчилари уй-музей фондида иш олиб бориш, шу доирада қўшимча манбаларни топиш, жамлаш, фондни бойитиш, натижалардан амалий фойдаланиш, ёш авлодни тарихий, миллий, умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда болалар ва ёшлар маънавий камолотининг муқобил йўналишларини ишлаб чиқишни бош мақсад қилган. Тадқиқот жараёнида аниқланган ва жамланган манбалардан 400 дан ортиқ қўлёзма ва телеграмма, расмий жўнатмалар ажратиб олинди, мавзуларига кўра улар: араб ёзувидаги мактублар, оилавий мактублар, адабий дўстона мактублар, алоҳида шахслардан келган хатлар, бир гуруҳ шахслардан олинган хатлар, бошқа республикалардан келган хатлар, давлат идораларидан келган расмий хатларга ажратилди.
Шу кунга қадар ўрганилган 400 дан ортиқ мактубларнинг 30 фоизини расмий хатлар ташкил этса, қолган 70 фоизи шоирга турли мавзуларда ёзилган мурожаат хатлардан иборатдир. Қуйида Ғафур Ғуломга ёзилган айрим мактублардан намуналар келтирамиз.
Ғафур Ғуломнинг умр йўлдоши Муҳаррам Ғуломовага Ҳиротдан ёзган мактуби:
«Ҳурматли рафиқам, азизам Муҳаррамхон!
Саломдан сўнг маълум бўлсинким, ҳаммангизни ғоятда соғиндим. Бу ерлар мен учун янги бир мамлакат бўлса ҳам, аммо ўз ёшлик чоғларимга, яъни бундан 50 йил бурунги Ўзбекистонга қайтган бўлдим.
Совет самолётлари бу ерга ҳафтада икки мартаба қатнар экан, бугун биз Ҳиротдамиз. Самолёт Кобулдан учди. У ердан навбатдаги самолёт 30 инчи ноябрда бизнинг мамлакатларга йўл олади. Демак, мени душанба куни 30 инчи ноябрда кутишларингиз мумкин. Ҳиротда Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Гавҳаршодбегим, Мавлоно Жомийларнинг қабрларини зиёрат қилдик. Қолганларини борганда ҳикоят қилиб берурман... Ғафур Ғулом. 25.11.1964 й. Ҳирот».
Ғафур Ғуломнинг қизи Тошхонга ёзган мактуби:
«Қизим Тошхонбекачга
Ҳар қачон сўз ёзмакка тоза қоғоз қидираман,
Шафтоли гул рангида ўнг бетингни тутасан,
Сўл бетингни ҳам тутгин, қофия тўкис чиқсин,
Эй кўнгил, мундан ортиқ дунёдан не кутасан.
Ғафур Ғулом. 6/ XII. 1965 й».
Ғафур Ғуломнинг синглиси Баҳри Ғуломовага тегишли мактуб:
«Ассалому алайкум азизлар!
Кўп вақтлар ўтдики, мен бул темада ёзиш ниятида бўлсам ҳамки, бу иш мен учун бир мушкул иш бўлиб кўринар эди. Қанчалик мен учун қийин бўлмасин, ният қилиб қўйилган нарсани албатта ёзиб қолдириш даркордур.
Акам ҳазрат Мирзо Абдулғафур Мирзо Ғу-лом ўғли 10 июль 1966 нчи йил якшанба куни кечқурун соат 9:40 ларда (беҳуш) оламдан ўтдилар.
3 июлда – яъни шул мудҳиш кундан роса бир ҳафта илгари Ҳазрат сафардан (Одесса-дан) қайтиб келиб мени чақиртириб юбордилар. Мен тахминан соат 2 ларда уйларига бордим. Ва ул (ҳазратни) улуғ инсонни тавоф қилиб сўнг суҳбатлашиб ўтирдим.
Кўринишга қараганда бир оз бетоб кўринар эдилар. Лекин ўзларига хос тетиклик билан мени қарши олиб ҳол-аҳвол сўрадилар.
Суҳбат давомида ҳаммамизнинг юрагимизда доғ қолдирган онамизни ҳам эслаб олиб, менга қараб сен жуда ҳам онамга ўхшайсан, деб қўйдилар.
Бир қанча сўзлашиб ўтиргач, ҳазрат менга қараб турдилар. Ўзларини бироз ёмон, яъни чарчаган сезганларини ифода қилгандай кўрундилар. Ва менга хитоб қилиб: «Азизам, мен тез кунда оламдан ўтсам керак. Менинг сенда катта илтимосим бор», дедиларда: «Мендан сўнг менинг болаларимдан хабар олиб турурсан, уйларим ҳам мен боримдек обод бўлишини хоҳлар эдим», деб кўзларига ёш олдилар.
Мен ҳазратга тасалли бериб, бу хилдаги ҳолатни ул кишини йўлдан чарчаб келганларига йўйдим. Орадан кўп вақт ўтмасдан яна менга қараб: «Сени билиб қўйишинг зарурки, яъни ҳаётимда ҳеч кимни хафа қилганим борми ёки мендан хафа бўлиб турган бирор киши борми ёки йўқми?», деб сўрадилар. Мен яна Ҳазратга тасалли бериб, шу улуғ инсонни бутун қавм-қариндошлар, ёру биродарлар ва бутун халойиқ қаттиқ севишини гапирдим. Ҳазрат жуда хурсанд бўлдилар. 1966 йил».
Юқоридаги мактублар араб ёзувида ёзилган бўлиб, 100 дан ортиқ шу каби манбалар жорий алифбога ўгирилди. Бу каби қўлёзма манбалар шоир табиати билан боғлиқ айрим чизгиларни аниқлашда, даврни характерлашда, тарихий воқеаларни тиклашда асл манба бўлиб хизмат қилади.
Ғафур Ғулом уй-музейининг шоир шахсий архивида сақланиб келаётган адибнинг ўзаро ёзишмаларидан, унга келган мактублардан шуни англаш мумкинки, шоирнинг мухлислари, дўстлари, шогирдлари чуқур ҳурмат қилган ҳолда унга ўз муаммолари ва дардларини эркин баён эта олишган ва адибдан маслаҳатлар сўрашган. Шунингдек, адиб ҳеч бир мактубни беэътибор қолдирмаган. Ғафур Ғуломнинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, адибнинг ўзи ҳам бағрикенг ва халқлар дўстлигини ниҳоятда ҳурмат қилган шахс эканлигини ва бу тушунчалар умрининг мазмунини ташкил этганини англаб етамиз.
Айрим мактублардан Ғафур Ғуломнинг қардош республикаларда яшаётган миллатимиз вакиллари билан ҳам самимий муносабатда бўлиб, фан-таълим, маданият соҳасида улар билан фикр алмашиб, кези келганда ўз ёрдамини аямаганини англаймиз. Жумладан, адибнинг тожик, қозоқ, рус, украин, татар, озарбайжон адабиёти вакиллари билан ёзишган адабий мактублари ҳам талайгина. Улар ҳоҳ оддий халқ вакили томонидан, ҳоҳ бирор таниқли адиб томонидан ёзилган бўлсин, барчасида ўз дардини айта олган инсоннинг адибга бўлган ҳурмати ва ишончи акс этади. Масалан, Тожикистондан 1-сонли ўрта мактабнинг ўзбек синфи жамоасидан жўнатилган хатда улуғ шоирга самимий саломлар йўлланиб, янги йил билан табриклашган. Ва ўқувчилар Ғафур Ғуломдан ўзбек синфлари учун дарсликлар, бадиий китоблар, шоирнинг ўз асарларидан ҳамда Навоийнинг «Хамса»сидан жўнатишини сўрашган. Мактуб сўнггида «Ҳукумат қўлида таълим-тарбия олаётган «Ота-онасиз болалар мактаби» ўқувчиларидан, 5-9 синфлар. 02.01.1951 йил деб ёзилган».
Манбалардан, хотиралардан адибнинг ҳар йили ўз ҳисобидан республикамиз ва қўшни республикаларда яшаётган ўзбек болалари учун китоблар сотиб олиб, совғалар қилганини ўқишимиз мумкин.
Яна бир Ғафур Ғуломга жўнатилган рус ва татар тилида (Москва шаҳри, бульвар Измаилов), Рафаэл Такташ томонидан ёзилган мактубда муаллиф ўзбек адиблари ижоди тўғрисида диплом иши тайёрлашни мақсад этганлигини, ўз ижодий ишлари, илмий изланишларини айнан Ўзбекистонда давом эттиришни истаётганини, аммо бунга рухсат ололмаётганини билдирган. Бу борада Ғафур Ғуломдан ёрдам сўраган. Матн охирида:
«Рассом сифатида бутун Ўзбекистон менга яқинроқ, қадрлироқ ва тушунарлироқ. Сиздан бошқа кимга ҳам мурожаат қилишим мумкин? Сиз ахир ўзбек халқининг энг яхши инсонларидан бирисиз-ку... Сиз мен учун қадрли Ғафур амаки, отамнинг дўстисиз... 1950 йил».
Шунингдек, Туркманистон Республикаси Небет-Даг шаҳридан ҳарбий йигит Бердиев Мирали, Тошҳовуз шаҳридан Ишганов Бибижондан, Украин ёзувчиси Иван Ледан (Киев), Садриддин Айнийдан (Тожикистон, Ленинобод), Абулқосим Лоҳутийдан, «Литературный газета» (Москва), «Шолом алейхум» газеталар таҳририятидан жўнатилган хатларда ҳам шу каби самимий сўзларни кузатамиз.
Ғафур Ғулом ёзишмаларини бирма-бир кўздан кечирар эканмиз, улар асосида унинг ҳаёт солномасини тузиш мумкин. Чунки адиб уй-музейида сақланган хатларнинг ҳар бири замирида адиб ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бирон воқеа ёки унинг портретини тўлдирувчи чизгилар ётганини кўриш мумкин.
