Ҳозирги кунда мумтоз адабиётимизнинг билимдонлари кўп эмас. Лекин мумтоз адабиётимизнинг хазинасида ҳали очилмаган сирлар кўп. Бугунги кунда юртимизда 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Олис ўтмишимиздан дарак берувчи Ўрхун Энасой битиктошларини оласизми, «Девони луғатиттурк», «Қутадғу билиг» «Ҳиббат-ул ҳақойиқ» номли беназир асарларни мисол қиламизми, буларнинг бари юксак маънавиятли халқ тарихидан дарак беради. Уларни ўрганиш ва ўқувчиларга кенг етказиш соҳа вакилларининг олдида турган катта вазифадир. Президентимиз Ислом Каримов «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги Халқаро конференциянинг очилиш маросимида бу ҳақда шундай дейди: «Ўзи-нинг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлашга, бойитиш ва кўпайтиришга, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга етарлича эътибор қаратмайдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, мустақил фикрлайдиган, ўз қараш ва ёндашувига эга бўлган шахсни камол топтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймайдиган ҳар қандай давлат ва жамият тарих ва тараққиёт йўлидан четда қолиб кетишга маҳкум эканини биз ўзимизга яхши тасаввур қилиб келганмиз ва яхши тасаввур этамиз». Ҳа, бу сўзлар бизнинг олдимизда кўплаб эзгу ишлар турганлигини кўрсатади.

Шу йўлда меҳнат қилиб келаётган, атоқли адабиётшунос олималаримиздан бири филология фанлари доктори, профессор Суйима Ғаниевадир. У узоқ йиллик илмий изланишлари орқали ўзбек ўқувчисига мумтоз адабиётимизнинг буюк вакилларини янада яқинлаштирди, фикрларимизни теранлаштирди. «Илм билан шуғулланиш – игна билан қудуқ қазиш билан баробар» дейди халқимиз. Суйима Ғаниева мумтоз адабиётимиз йўлида худди шундай меҳнат қилди ва адабиётимиз тарғиботига катта ҳисса қўшмоқда. Бу мавзуда 40 дан ортиқ китоб, рисолалар ва 400 дан зиёд мақолалари эълон қилинди. Булар, албатта, ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Йиллар давомида қилинган меҳнат, устозлар дуоси, орттирилган тажрибалар натижасидир. Мумтоз адабиётга меҳр қўйиши ҳақида Суйима опанинг ўзлари шундай хотирлайди: «Адабиётга қизиқиш болалигимдан бошланган десам бироз муболаға қилган бўламан. Тўғри, ёшлигимда хаёлпарастлик одатларим бор эди. Аммо чинакам ихлос талабалик йилларида сезилди. Ўқитувчиларимиз тавсияси билан шеър ёдлаш ва ифодали ўқиш машғулотлари менда шеъриятга, хусусан, мумтоз адабиётга ҳавас уйғотди. Уни ўқиганим сари, англаганим сари ҳайратим, қизиқишим ортаверди ва мени адабиёт бутунлай ўзига ром этиб қўйди» – дея ёшлигини эслайди опа, «Ёшлик» журналида эълон қилинган суҳбатларининг бирида.

У нафақат мумтоз асарларни тадқиқ қилди. Балки бутун дунёга танитишга, уларнинг бой сирсиноатини кенг ёйишга бел боғлади. Ҳали халқимизга маълум бўлмаган қатор нодир асарларни излаб топди ва таржима қилди. Алишер Навоийнинг серқирра ижодини бутун дунёга танилишида ўзининг юксак хизматларини аямади. Туну кун меҳнат қилиб, қатор мумтоз намуналарни рус ва бошқа тилларга таржима қилди. «1961 йил Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарининг илмий-танқидий матни (араб ёзувида) каттагина сўзбоши билан нашр этилди. Шунда Москва, Санкт-Петергбург, Эрон, Афғонистон, Туркия олимлари бу китобга жуда катта қизиқиш билдирди ва иложи бўлса, юборишимизни сўрадилар. Бу каби эътирофлардан кейин менда шу асарни рус тилига таржима қилиш орзуси пайдо бўлди. Санкт-Петергбурглик олим, илмий устозим Александр Николаевич Болдиревга бу ҳақда хат ёздим. Устоз бундан беҳад хурсанд бўлди ва оқ фотиҳа бердилар. Мен зудлик билан ишга киришдим ва қисқа фурсатларда таржимани якунладим. Бу таржима 1970 йилда Алишер Навоийнинг рус тилидаги 10 жилдлигининг 9-жилдида нашр қилинди» – дея таъкидлайди Суйима Ғаниева.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигининг 26 йиллиги» муносабати билан тадбир ташкил қилинди. Унда Суйима Ғаниева сўзга чиқар экан, йиғилган ёшларни тилни эъзозлашга, севишга чақирди. Навоийни ўқишга, унга яқинлашишга ундади. Унда чексиз хазина борлиги, хусусан, Ҳазрат Навоийнинг тилимиз тараққиёти йўлида қилган хизматини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Азиз биродарлар, Алишер Навоий деганда кўпчиликнинг кўз олдига, биринчи навбатда, буюк шоир тимсоли келади. Навоий ижодига бағишланган рисола ва мақолаларнинг кўпчилиги унинг бадиий мероси ва маҳорати масалаларига бағишланган. Лекин уларнинг ҳаммасида Ҳазратнинг бугунги мавзуга алоқадор жиҳати бор эканлигини рад этиб бўлмайди. Негаки, Алишер Навоийни илм аҳли ва жамоатчилик ўзбек адабий тилининг асосчиси деб билади. Бу адолатли ва ҳаққоний баҳодир. Зеро Навоий илк асарларидан тортиб ижодининг сўнгги палласигача ёзганчизганларида она тилимиз бойлигини жаҳонга кўз-кўз қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Буни давр ва замон тақозо этарди. Сиз билан биз биламизки, Навоий даврида араб тили – илм тили, форс тили – назм тили, туркий тил, яъни ўзбек тили ҳарбийлар ишлатадиган тил деган тушунча мавжуд эди. Алишер Навоий ўз асарларида ушбу тенденцияга бутунлай барҳам берди. Бунинг учун ўша пайтда адабиётда мавжуд бўлган барча жанрларда ўлмас асар битди. Ҳатто халқ орасида, халқ оғзаки ижодиётида амалда бўлган мақол, матал, иборалардан кенг кўламда фойдаланди. Буни шоир ижодиётидан сайлаб олиниб, нашр этилган ҳикматлардан билиш мумкин. Масалан, «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами» ёки «Ҳунарни асрабон нетгумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир?». Бир сўз билан айтганда, Навоий ардоқлаган ва юксак мақомга кўтарган тилни асраб-авайлашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир, азиз ёшлар». 

Унинг умр йўли илм билан, китоб билан ўтди. Китоб туфайли ўсди, китоб туфайли буюкларга эргашди. Шу важдан устоз олимамиз ҳам халқимиз томонидан суйилди, эъзозланди. Суйима Ғаниева ижоди ва қилган меҳнатлари – давлатимиз эътиборида. Бу йил етук олимамиз «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвон билан тақдирланди. Бу мукофот Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигини нишонлаш олдидан берилганлиги олима қувончига қувонч қўшганлиги аниқ. Бу мукофот билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва барча китобхонлар номидан чин қалбдан муборакбод этамиз. Сўзимиз охирини Суйима Ғаниеванинг бугунги обод кунимиз ҳақида тўлқинланиб айтган сўзлари билан тугатишни жоиз кўрдик. Зеро барчамизга бахт ва шукроналик ёр бўлсин. «Бугун биз – олима аёлларнинг камтарона хизматлари Президентимиз томонидан юксак қадрланаётганидан куч-ғайратимиз ошиб бормоқда. Бугун бизнинг барча илму интилишларимиз озод юртимизни янада обод этишга қаратилган. Ободлик эса, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, кўнгилдан бошланади. Бугунги улуғвор ўзгаришларнинг барчаси ана шундай эзгу ниятлар самараси эканлиги – аниқ».                   

Жавлон Жовлиев тайёрлади