This article is searching about stamped paper completely which is used in diplomatic manuscripts in the late XIX and early XX centuries. Stamped paper, its types, stamp contexts and its data are searched by using paleographic styles.

В статье автор пишет об использовании штемпельной бумаги, производимой в Среднеазиатском регионе в середине девятнадцатого века в основном в Каганском ханстве. Бумага была предназначена в основном для письменного обращения в дипломатических миссиях разных государств. Бумажную фабрику можно разделить на две группы: для штемпельной печати и печати водяных знаков. При изучении многих документов Государственного архива можно видеть, что большинство из них печатались на бумажных фабриках, которые действовали в провинциях Российской империи. Кроме этого по стилистике, отраженной на бумаге можно было определить тип и качество бумаги. Таким образом, покупатель или клиент идентифицировал тип бумаги и после этого приобретал бумагу в соответствии с его марками.

ўрта Осиё минтақасида ХIХ аср охири ‒ ХХ аср бошларида, асосан, Қўқон баъзи ҳолларда Тошкентда тайёрланган қоғозлардан фойдаланилган. Шу билан бирга, ушбу даврда расмий идоравий ҳамда ҳукуматлараро мактубларнинг катта қисми Россия фабрикаларида тайёрланган  қоғозларда олиб борилган эди. Жумладан, Туркистон генерал-губернаторлиги, Хива хонлиги ва хусусан, Бухоро амирлигининг деярли барча соҳа ва идоралари ўз фаолиятини фабрикаларда тайёрланган қоғозларда олиб борганлар. Бу ҳолни қуйидагича баҳолаш мумкин:

1. Бу даврда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги қоғоз тайёрлаш устахоналарида ёзув қоғозини тайёрлаш иши деярли тўхтаб қолган эди;

2. ХIХ асрда ташкил этилган Қўқон ва Тошкентдаги қоғоз ишлаб чиқариш корхоналари эса қоғозга бўлган эҳтиёжни қондира олмаганди. Бу қоғозлар шаҳар бозорларига кириб келган фабрика қоғозлари билан сифат жиҳатдан рақобатлашсада, аммо сон ва нарх жиҳатдан рақобатлаша олмас эди;

3. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда қоғозга бўлган эҳтиёжнинг ортишини Туркистон генерал-губернаторлиги тизимидаги расмий муассасалар, турли фирма ва ширкатлар фаолияти ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари доирасида олиб борилган идоравий ёзишмаларнинг кўпайиши билан ҳам баҳолаш мумкин;

4. Ушбу даврда Россия фабрикаларида тайёрланган қоғозлар Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги девонхоналарида маҳаллий, шу билан бирга, ҳукуматлараро ёзишмаларни олиб бориш учун асосий ёзув қуролига айланган эди. Бу ҳам, ўз навбатида, ушбу давлатларда фабрика қоғозларига бўлган талабнинг ортишига олиб келади.

ХIХ аср охири ‒ ХХ аср бошларида Ўрта Осиё, қолаверса, унга чегарадош давлатлар тарихига оид муҳим маълумотлар, асосан, Россия фабрика қоғозларида ёзилганлигини кузатишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган Бухоро қўшбегиси девонхона ҳужжатлари, Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонаси ҳамда Туркистон генерал-губернаторлиги ҳузуридаги дипломатик амалдор фондларидаги мавжуд ёзма манбалар ва уларнинг таҳлили  Бухоро амирлиги ва Россия империяси маъмурлари ўртасидаги ёзишмалари, асосан, фабрика қоғозларида олиб борилганини кўрсатди.

Фабрика қоғозларини штемпел ҳамда филигранли қоғозларга ажратган ҳолда икки гуруҳга бўлиб ўрганиш мумкин. Фабрика қоғозлари орасида  ўзига хос фабрика тамғаси ‒ штемпел акси туширилган қоғозлар кўп учрайди. Уларнинг аксарияти Россия империяси губернияларида фаолият юритган қоғоз фабрикаларининг штемпелларидир.

Россия империясидаги фабрикаларда тайёрланган қоғозларни махсус штемпеллаш 1817 йил император Александр I буйруғи билан бошланди. Унга биноан, қоғозларга «Императорская Петергофская бумажная фабрика» сўзларидан иборат тамға босила бошланди [1.12].

Расмий ҳукуматлараро мактубларни тадқиқ қилиш натижасида ушбу даврда Бухоро амирлиги ва Туркистон генерал-губернаторлиги девонхоналари Сергеева, Кувшинова, Способина, Способина и Ко, Говард, П.Ф. Окуловск И.С. Панченко, В.Вотовин, Мирков, Ржевск, Кюммене каби фабрика ва акционерлик жамиятларига тегишли штемпелларга эга қоғозлардан фойдалангани аниқланди.

Штемпелли қоғоз тури ва у ишлаб чиқарилган фабрика номи ҳамда ҳудуди билан боғлиқ маълумотлар таҳлили қуйидагиларни кўрсатади:

1.Дипломатик ёзишмаларда фойдаланилган қоғозларнинг чап тепа қисмида ўртача 20х20 мм ҳамда 15х15 мм катталикдаги штемпеллар босилган;

2. Ёзишмаларда фойдаланилган штем-пелларни уч асосий гуруҳга ажратиш мумкин:

а) Фабрика эгаси ёки номи ҳамда ёзув қоғозининг навини англатувчи белгили штемпеллар; б) Фабрика номи, махсус эмблемаси ва қоғоз навини англатувчи белгили штемпеллар; в) Фақат қоғоз навини англатувчи белгили штемпеллар;

Ёзишмаларда фойдаланилган штемпелли қоғозлар орасида фабрика номи, қоғоз нави каби белгилар билан бирга фабриканинг махсус эмблема тасвирли шпемпеллари ҳам мавжуд. Шунингдек, фақат қоғоз навини англатувчи №4, №5 ва №6 каби штемпелланган қоғозлар ҳам мавжуд.

Қоғозларда ўз аксини топган штемпеллар қоғоз қайси ҳудудда тайёрланганлиги ҳамда унинг навини аниқлашга ёрдам беради. Штемпеллардаги маълумотлардан қоғоз навини аниқлашда ва унинг нархини белгилашда ҳам фойдаланилган. Яъни, харидор шахс ёки буюртмачи муассаса сотиб олинган қоғоз навини унинг штемпелдаги белгиларига қараб  фарқлаган. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, штемпел расмий идора бланкларини тўғри расмийлаштиришга хизмат қилган. Буни расмий бланкларда олиб борилган дипломатик ёзишмаларни ташқи таҳлил этиш жараёнида, ундаги ёзувларнинг штемпелларга нисбатан тўғри жойлашганлигини кузатишимиз мумкин.

Бухоро амирлиги ва Россия империяси ўртасида олиб борилган ёзишмалар асосан раcмий идоравий бланкларда олиб борилган. Бунда штемпел реквизитга эга бланкнинг чап тепа қисмида жойлашади.

Штемпелнинг мактуб матнига қараб ёзилиш ҳолатларини аниқлаш натижасида тадқиқ этилаётган ёзма манбанинг ташқи белгилари, тарихий ҳужжатнинг тўғри ташқи таҳлилини амалга ошириш ва манбанинг ёзилишида қоғозлардан фойдаланиш амалиётига қай даражада риоя қилинганлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Яна шуниси аҳамиятлики, ҳукуматлараро мактубларнинг палеографик - ташқи ва ички таҳлили ХIХ асрнинг иккинчи ярми - ХХ аср бошларида фабрика қоғозларида ёзилган шарқ қўлёзмаларини ўрганишга ҳам кўмаклашади.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Клепиков С.А. Филиграни и штемпели на бумаге русского и иностранного произ-водства XVII‒XXвв.–Москва: Изд-во Все-союзной Книжной палаты, 1959. – C.12.
  2. ЎзРМДА(Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви) И-126-фонд, 2-рўйхат, 324-йиғмажилд, 78-варақ;
  3. ЎзРМДА И-126-фонд, 1-рўйхат, 249-йиғ-мажилд, 1-варақ, И-126-фонд, 2-рўйхат, 875-йиғмажилд, 2-варақ, И-126-фонд, 2-рўйхат, 874-йиғмажилд, 16-варақ, И-126-фонд, 2-рўйхат, 861-йиғмажилд, 2-варақ.